231. Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Мўминлар ўзаро раҳм қилишлари, дўстликлари ва меҳрибончиликларида худди бир танадек – унинг бир аъзоси бемор бўлса, бошқа аъзолари ҳам бедор бўлиб, иссиғи чиқиб, у билан бирга дард чекади».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Шу сабабли ҳам ушбу бирликни муҳофаза қилиш учун ислом бир мусулмонни бошқа мусулмонда ҳақлари борлигини белгилаб қўйди.
Ана шу ҳақлардан бири беморни зиёрат қилиш ҳаққи ҳисобланади. Бемор бўлган мусулмоннинг бошқа мусулмонлар устидан ҳаққи бор экан. У ҳам бўлса, беморни зиёрат қилиб, кўнгил сўраб, ҳаққига дуо қилиб кетишлари экан.
Инсон бемор бўлганда мадорсизлик сезади ва руҳан бўшашади. Унга умидсизлик оралайди. Ўлим шарпаси гўё уни ютиб юборгудай кўз олдида намоён бўлади. Касаллик саломатлигини адо қилганини ҳис қилади. Бемор эса мана шундай ҳолатда ўзига тасалли берадиган бир инсонни, дуо қиладиган зиёратчини ва шифо топишига умид уйғотадиган биродарни қидиради…
Лекин баъзи пайтлар беморларни зиёрат қилишликнинг имкони йўқлигидан, фақатгина алоқа воситалари ёрдамида уларнинг аҳволларидан тез-тез хабар олиб, қўлдан келгунча оғирликларини енгиллаштириш пайида бўлишимиз, савоб умиди билан биродаримизнинг биздаги ҳаққини адо этмоғимиз, кўнгил сўраб, ҳар доим ҳаққига дуо қилишимиз керак бўлади.
Шунингдек, бунда бемор ва беморликни кўрганда соғликни қийматини янада билиб, ўзидаги соғлик неъмати учун Аллоҳга шукр қилишлик бор.
Зеро, бу ҳақ беморни кўнглини кўтариб, унга тасалли бериш, шифо топиш ва ҳаётга бўлган ишончини ошириш ҳамда мана шундай машаққатли дамда у билан бирга эканини намоён қилиш каби юксак мақсадларни амалга ошириш учун машруъ қилинган. Бу ҳақни адо этувчиларга жаннатда юксак даражалар ваъда қилинган.
Имом Термизий Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки, бир мусулмон ўзининг мусулмон биродарини касалини кўргани борса, жаннат мевалари ичида бўлади», дедилар», дейилган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким яхшилаб таҳорат қилиб, савоб умидида мусулмон бемор биродарини кўргани борса, дўзахдан етмиш куз масофасига узоқлаштирилади», дедилар.
«Эй, Абу Ҳамза, куз нимадир?» дейилди.
«Йил», деди.
Абу Довуд ривоят қилган.
Мусулмонни бошқа мусулмонда бўлган ҳақларидан яна бири ғам-аламларини аритиш.
Инсон ҳаётда соғлигида, молида, фарзандида ўзига тақдир қилган мусибатларга йўлиқади. Шунда у мусибатларини енгиллаштирадиган кўмакдошга муҳтож бўлади. Мусулмон киши ҳаёти давомида турли-туман қийинчилик, ғам ва бало-мусибатларни бошидан кечиради.
Баъзи кишилар молиявий жиҳатдан қийналган, ейиш-ичиш, даволаниш каби асосий эҳтиёжларини қондириш учун биродарларининг ёрдамига муҳтож. Ана шундай оғир дамларда мўминлар бир-бирларини қўллаб-қувватлашлари, қийналган биродарларига саховат қўлини чўзишлари, ҳеч бўлмаса унга қарзи ҳасана беришлари лозим.
231 - وَعَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَثَلُ الْمُؤْمِنِينَ فِي تَوَادِّهِمْ وَتَرَاحُمِهِمْ وَتَعَاطُفِهِمْ مَثَلُ الْجَسَدِ؛ إِذَا اشْتَكَى مِنْهُ عُضْوٌ تَدَاعَى لَهُ سَائِرُ الْجَسَدِ بِالسَّهْرِ وَالْحُمَّى». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 6011، م 2586].