27-КИТОБ
27-боб Мусулмонларнинг ҳурматларини улуғлаш ва уларнинг ҳақларини баён этиш ҳамда уларга раҳм-шафқат қилиш баёнида
27- بَابُ تَعْظِيمِ حُرُمَاتِ الْمُسْلِمِينَ، وَبَيَانِ حُقُوقِهِمْ وَالشَّفَقَةِ عَلَيهِمْ وَرَحْمَتِهِمْ
(27)
27-BOB

 27-боб. Мусулмонларнинг ҳурматларини улуғлаш ва уларнинг ҳақларини баён этиш ҳамда уларга раҳм-шафқат қилиш баёнида

 

Аллоҳ таоло: «Ким Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳурмат (риоя) қилса, бас, бу Парвардигори наздида ўзи учун яхшидир» (Ҳаж сураси, 30-оят), «Ким Аллоҳ қонунларини ҳурмат қилса, бас, албатта (бу ҳурмат) дилларнинг тақводорлиги сабабли бўлур» (Ҳаж сураси, 32-оят), «Мўминлар учун қанотингизни паст тутинг (яъни, мудом камтар-тавозуъли бўлинг)» (Ҳижр сураси, 88-оят), «Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак, гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни, ўлдиришдан бош тортса), демак, гўё барча одамларга ҳаёт берибди» (Моида сураси, 32-оят), деб айтган.

27- بَابُ تَعْظِيمِ حُرُمَاتِ الْمُسْلِمِينَ، وَبَيَانِ حُقُوقِهِمْ وَالشَّفَقَةِ عَلَيهِمْ وَرَحْمَتِهِمْ

 

قَالَ اللهُ تَعَالَى: {وَمَنْ يُعَظِّمْ حُرُمَاتِ اللهِ فَهُوَ خَيْرٌ لَهُ عِنْدَ رَبِّهِ}.

وَقَالَ تَعَالَى: {وَمَنْ يُعَظِّمْ شَعَائِرَ اللهِ فَإِنَّهَا مِنْ تَقْوَى القُلُوبِ}.

وَقَالَ تَعَالَى: {وَاخْفِضْ جَنَاحَكَ لِلْمُؤْمِنِينَ}.

وَقَالَ تَعَالَى: {مَنْ قَتَلَ نَفْساً بِغَيرِ نَفْسٍ أَوْ فَسَادٍ فِي الأَرْضِ فَكَأَنَّمَا قَتَلَ النَّاسَ جَمِيعاً وَمَنْ أَحْيَاهَا فَكَأَنَّمَا أَحْيَا النَّاسَ جَمِيعاً}.


(27)

229. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин мўмин учун бир бино кабидир, бири бирини тутиб туради», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бу ҳадисда бино деворлари бир-бирига мустаҳкам ёпишгани каби, мўминлар ҳам бир-бирларига маҳкам боғланмоқлари лозим эканлиги уқдирилмоқда. Бинони ташкил этган унсурлар орасида тош, темир каби нарсалар бўлганидек, қум ва шиша каби нозик нарсалар ҳам мавжуд. Лекин барчаси биргалиқда бинони маҳқам тутиб турибди. Инсонлар, ана шу бино каби жипслашган, бир-бирини суяган бўлишлари керак. Кучлилари доим заифларни суяб турмоғи, улар билан елкадош, ҳамнафас бўлмоғи лозим. Чунки мустаҳкам бўлмаган бинонинг йиқилиши муқаррар, бундан Аллоҳнинг ўзи асрасин.

Ушбу ҳадис мўминларни жамоа бўлиб яшашга, ўзаро ҳамжиҳатликда умр кечиришга ташвиқ этмоқда. Зеро, инсон ёлғиз ҳаёт кечириши имконсиз. Масалан, бир бурда нонни тайёрлаш, пишириш учун нақадар кўп асбоб-ускуна ва меҳнатга эҳтиёж сезилиши барчага аён. Демак, инсонлар зарар эмас, фойда келтирувчи, хом эмас, пишган бўлиши, ноқис эмас, комил бўлиши лозимдирки, Ислом жамияти кундан-кунга ривожлансин ва юксалсин. Аксинча, ҳар ким ўзи билан ўзи овора бўлиб, заифу мискинларга нисбатан меҳр-муҳаббат бўлмаса, Ҳақ таоло ундан асло рози бўлмайди. Ана шу вақтда фарёду фиғонлар бошланади. Исёнлар, норозилик чиқишлари ва бошқа фалокатлар рўй беришининг сабабчилари мусулмонликни даъво қилувчи, аслида Исломдан бехабар бўлган шўрлик гуруҳлардирки, улар аҳли Исломнинг бошига бало бўлурлар.

Мусулмонларнинг таназзулига энг катта сабаб – мусулмонларнинг ҳақиқий мусулмон бўлмай, илм ва давлатларига мағрурланиб, фақирлару заифларнинг ҳақларига риоя қилмасдан, уларга исломий ва инсоний муомалада бўлмасликларидир. Шу боисдан ҳам улар охират саодатларидан маҳрум бўлгайлар.

229 - وَعَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «الْمُؤْمِنُ لِلْمُؤْمِنِ كَالْبُنْيَانِ يَشُدُّ بَعْضُهُ بَعْضاً». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 2446، م 2585].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

230. У кишидан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким масжидларимиз ёки бозорларимиздан камон ўқлари билан ўтса, тиғларини кафти билан ушлаб олсин, зеро, у сабабидан мусулмонлардан бирортасига озор етмасин», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Масжид, бозор каби жамоат жойларида кишиларга озор берадиган, уларга жароҳат етказадиган қилич, пичоқ, найза ва ўқ-ёй каби нарсаларни олиб ўтадиган одамлар эҳтиёт бўлишлари, бирор кишига озор етказиб қўймасликлари лозим.

230 - وَعَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ مَرَّ فِي شَيْءٍ مِنْ مَسَاجِدِنَا، أَوْ أَسْوَاقِنَا وَمَعَهُ نَبْلٌ فَلْيُمْسِكْ، أَوْ لِيَقْبِضْ عَلَى نِصَالِهَا بِكَفِّهِ أَنْ يُصِيبَ أَحَداً مِنَ الْمُسْلِمِينَ مِنْهَا بِشَيْءٍ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 7075، م 2615/124].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

231. Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Мўминлар ўзаро раҳм қилишлари, дўстликлари ва меҳрибончиликларида худди бир танадек – унинг бир аъзоси бемор бўлса, бошқа аъзолари ҳам бедор бўлиб, иссиғи чиқиб, у билан бирга дард чекади».

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Шу сабабли ҳам ушбу бирликни муҳофаза қилиш учун ислом бир мусулмонни бошқа мусулмонда ҳақлари борлигини белгилаб қўйди.

Ана шу ҳақлардан бири беморни зиёрат қилиш ҳаққи ҳисобланади. Бемор бўлган мусулмоннинг бошқа мусулмонлар устидан ҳаққи бор экан. У ҳам бўлса, беморни зиёрат қилиб, кўнгил сўраб, ҳаққига дуо қилиб кетишлари экан.

Инсон бемор бўлганда мадорсизлик сезади ва руҳан бўшашади. Унга умидсизлик оралайди. Ўлим шарпаси гўё уни ютиб юборгудай кўз олдида намоён бўлади. Касаллик саломатлигини адо қилганини ҳис қилади. Бемор эса мана шундай ҳолатда ўзига тасалли берадиган  бир инсонни, дуо қиладиган зиёратчини ва шифо топишига умид уйғотадиган биродарни қидиради…

Лекин баъзи пайтлар беморларни зиёрат қилишликнинг имкони йўқлигидан, фақатгина алоқа воситалари ёрдамида уларнинг аҳволларидан тез-тез хабар олиб, қўлдан келгунча оғирликларини енгиллаштириш пайида бўлишимиз,  савоб умиди билан биродаримизнинг биздаги ҳаққини адо этмоғимиз, кўнгил сўраб, ҳар доим ҳаққига дуо қилишимиз керак бўлади.

Шунингдек, бунда бемор ва беморликни кўрганда соғликни қийматини янада билиб, ўзидаги соғлик неъмати учун Аллоҳга шукр қилишлик бор.

Зеро, бу ҳақ  беморни кўнглини кўтариб, унга тасалли бериш,  шифо топиш ва ҳаётга бўлган ишончини ошириш ҳамда мана шундай машаққатли дамда у билан бирга эканини намоён қилиш каби юксак мақсадларни амалга ошириш учун машруъ қилинган. Бу ҳақни адо этувчиларга жаннатда юксак даражалар ваъда қилинган.

Имом Термизий Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки, бир мусулмон ўзининг мусулмон биродарини касалини кўргани борса, жаннат мевалари ичида бўлади», дедилар», дейилган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким яхшилаб таҳорат қилиб, савоб умидида мусулмон бемор биродарини кўргани борса, дўзахдан етмиш куз масофасига узоқлаштирилади», дедилар.

«Эй, Абу Ҳамза, куз нимадир?» дейилди.

«Йил», деди.

Абу Довуд ривоят қилган.

 

Мусулмонни  бошқа мусулмонда бўлган  ҳақларидан яна бири ғам-аламларини аритиш.

Инсон ҳаётда соғлигида, молида, фарзандида ўзига тақдир қилган мусибатларга йўлиқади. Шунда у мусибатларини енгиллаштирадиган кўмакдошга муҳтож бўлади. Мусулмон киши ҳаёти давомида турли-туман қийинчилик, ғам ва бало-мусибатларни бошидан кечиради.

Баъзи кишилар молиявий жиҳатдан қийналган, ейиш-ичиш, даволаниш каби асосий эҳтиёжларини қондириш учун биродарларининг ёрдамига муҳтож. Ана шундай оғир дамларда мўминлар бир-бирларини қўллаб-қувватлашлари, қийналган биродарларига саховат қўлини чўзишлари, ҳеч бўлмаса унга қарзи ҳасана беришлари лозим.

231 - وَعَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَثَلُ الْمُؤْمِنِينَ فِي تَوَادِّهِمْ وَتَرَاحُمِهِمْ وَتَعَاطُفِهِمْ مَثَلُ الْجَسَدِ؛ إِذَا اشْتَكَى مِنْهُ عُضْوٌ تَدَاعَى لَهُ سَائِرُ الْجَسَدِ بِالسَّهْرِ وَالْحُمَّى». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 6011، م 2586].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

232. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ибн Алийни ўпдилар. Ҳузурларида Ақраъ ибн Ҳобис бор эди. Ақраъ: «Менинг ўнта болам бор, лекин бирортасини ҳам ўпмаганман», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қарадилар-да, «Раҳм қилмаганга раҳм қилинмайди», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган бу гапларнинг маъноси – ким бандага раҳм қилмаса, Аллоҳ таоло унга ҳам раҳм қилмайди, деганидир.

Бандаларга раҳм қилишнинг энг олий намунаси ёш болаларга раҳм қилишдир. Чунки улар раҳм-шафқатга энг муҳтож тоифадирлар.

Шундай бўлганидан кейин, ҳар бир ота-она ўз боласига меҳрибон бўлиши, уларга раҳм-шафқатли бўлиши лозим.

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу бир кишини шаҳар ҳокими этиб тайинламоқчи бўлди. Котиб фармонни ёзаётганда бир гўдак кириб халифанинг тиззаларига чиқиб, ўтириб олди. Халифа болакайни ўпиб, эркалади. Ҳокимликка тайинланаётган киши буни кўриб: “Бу гўдак ўз ўғлингизми?” – деб сўради. “Йўқ, бу бир камбағалнинг фарзанди. Ота-онаси вафот этган. Болани ўз тарбиямга олганман”, – деди ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу. У киши халифанинг мулойим қалбли, шафқат, марҳаматли эканига ажабланиб: “Менинг кўп фарзандим бор. Мен ўз болаларимни ҳам эркалаб, ўпмайман. Болаларим мени кўришганда зириллаб туришади. Ота шундай бўлиши керак эмасми?” деди.

Халифа бу гапни эшитиб, ёзилган фармонни йиртиб ташлади: “Бу одамни ҳоким этиб тайинлашни истамайман. Ўз фарзандларига тошкўнгил бўлган одам халққа қандай манфаат етказиши мумкин?!” – деди.

Бола психологияси мутахассислари ҳам гўдак ҳаётининг илк даврида ота-онаси кўрсатган меҳр-эътибор инсон руҳиятининг тўғри шаклланишига замин яратишини айтишади. Айниқса, етти ёшгача болалар учун ота-онасининг фикри, муҳаббати етакчи ҳисобланади. Шу боис ҳам болада соғлом руҳий ҳолат шаклланиши учун ҳаётининг илк йилларида ота-онасининг меҳри, эркалашини ҳис қилиши муҳим аҳамият касб этади. Зеро, меҳр олган меҳр беради.

232 - وَعَنْ أَبِي هُريْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَبَّلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ الْحَسَنَ ابْنَ عَلِيٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا وَعِنْدَهُ الأَقْرعُ بْنُ حَابِسٍ، فَقَالَ الأَقْرَعُ: إِنَّ لِي عَشَرَةً مِنَ الْوَلَدِ مَا قَبَّلْتُ مِنْهُمْ أَحَدًا!! فَنَظَرَ إِلَيْهِ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: «مَنْ لَا يَرْحَمْ لَا يُرْحَمْ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 5997، م 2318].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

233. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир неча аъробийлар келиб, «Сизлар болаларингизни ўпасизларми?» дейишди. (Расулуллоҳ ва саҳобалар) «Ҳа», дейишди. Улар: «Лекин биз ўпмаймиз, Аллоҳга қасам», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ сизлардан меҳрни олиб қўйган бўлса, мен нима ҳам қила олардим», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Демак, жажжи болаларни ўпиш кишининг қалбида раҳмат борлигининг аломати экан. Аксинча, ёш болаларни ўпмаслик қалбда раҳматнинг йўқлиги аломати экан.

Бола боқиш иши машаққатли экани ҳамда бола доимо меҳрга ва раҳм-шафқатга муҳтож бўлгани учун ҳам Исломда болага раҳмли бўлиш катта савобли иш даражасига кўтарилган. Ҳар бир ота-она бу улкан ҳақиқатни зинҳор унутмаслиги даркор.

233 - وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَدِمَ نَاسٌ مِنَ الأَعْرَابِ عَلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَقَالُوا: أَتُقَبِّلُونَ صِبْيَانَكُمْ؟ فَقَالُوا: «نَعَمْ» قَالُوا: لَكِنَّا واللهِ مَا نُقَبِّلُ!! فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «أَوَ أَمْلِكُ إِنْ كَانَ اللهُ نَزعَ مِنْكُمُ الرَّحْمَةَ؟!». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 5998، م 2317].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

234. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким одамларга раҳм қилмаса, Аллоҳ азза ва жалла ҳам унга раҳм қилмайди», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Уламолар: «Бу раҳмдиллик умумий бўлиб, ёш болалар ва улардан бошқаларни ҳам ўз ичига олади», деб айтишган.

Ҳофиз Муҳаммад Маъмар айтдилар. Ким одамларга раҳм-шафқат кўрсатмаса, демак Аллоҳ халойиққа улашган раҳматдан бенасиба экан. Чунки у кимса қуйидаги ҳадисдан келган насибадан маҳрум қилинган экан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам­нинг:

«Аллоҳ раҳматни юз қисмга бўлди. Тўқсон тўққиз қисмини ўз ҳузурида тутиб қолди. Ерга бир қисмини нозил қилди. Махлуқотлар ўша қисмдан бир-бирларига раҳм қиладилар. Ҳаттоки от боласига зарар етказишдан қўрқиб туёғини ундан кўтаради», деяётганларини эшитдим».

Икки шайх ривоят қилганлар.

Бу ҳадиси шарифдан Аллоҳ таолонинг раҳмати қанчалар кенг эканини билиб оламиз.

Ер юзидаги махлуқотларга назар соладиган бўлсак, бир-бирига раҳм қилиш уларнинг хилқатларида борлигини кўрамиз. Ҳаттоки кўринган нарсага даҳшат соладиган йиртқич ҳайвонлар ҳам ўз боласига ўта раҳмли бўлишлари ҳеч кимга сир эмас.

Бу ҳолат ҳар бир махлуқда бор. Бундан истисно бўлган бирор махлуқ йўқ. Бу раҳмни уларга Аллоҳ таоло бермаса, қаердан ҳам олар эдилар. Аммо дунёни тўлдириб турган бу раҳмлилик Аллоҳ таолонинг раҳматининг юздан бири, холос.

Ўша раҳматнинг қолган тўқсон тўққиз қисми Аллоҳ таолонинг ҳузуридадир.

Аллоҳ таолонинг раҳмати ҳақида Қуръони Каримда бир қанча оятлар келган. Аллоҳ таоло: «У Ўз зиммасига раҳматни ёзган», деган («Анъ­ом» сураси, 12-оят).

Аслида, ягона Аллоҳ Холиқ, Молик ва Ҳоким сифатида нима қилса, ҳаққи бор эди. Аммо Ўз фазли ила Ўзига Ўзи раҳмлиликни, меҳру шафқатни ёзиб қўйган.

Аллоҳ таоло Роҳман ва Роҳиймдир, Ўз махлуқотлари билан қиладиган муомаласи ана шу қоида –  раҳм-шафқат ва мурувват асосида бўлиши лозимлигини ирода этган. Ҳатто бандаларга етган баъзи мусибатлар ҳам, оқибати ўйланса, раҳм ва шафқатдандир.

Умуман, исломий тасаввурда Аллоҳ таолонинг оламларга қиладиган барча муомаласи раҳм-шафқат асосидадир.

Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ таоло махлуқотларни яратганида Арши устидаги китобга «Раҳматим ғазабимдан ғолибдир», деб ёзиб қўйган», деганлар».

Ушбу асосий қоидадан келиб чиқиб, Исломда раҳм-шафқат масаласига кенг қаралади. Дунёдаги барча мавжудотларга раҳм-шафқат қилиш, улар орасида ўзаро меҳрибонлик бўлиши лозимлигига алоҳида эътибор берилади.

Имом Термизий Амр ибн Оснинг ўғилларидан қилган ривоятда Набий алайҳиссалом:

«Раҳмлиларга Аллоҳ таоло раҳм қилади. Ердагиларга раҳм қилинг. Сизга осмондаги Зот раҳм қилади», деганлар.

Буюк имомлар – Бухорий, Муслим ва Термизийлар Жарийр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом:

«Одамларга раҳм қилмайдиган одамга Аллоҳ таоло раҳм қилмайди», деганлар.

Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Раҳмдиллик фақат бадбахтнинг қалбидангина суғуриб олинади», деганлар.

Демак, раҳмдиллик саодатмандлик аломати бўлса, раҳмсизлик бадбахтлик аломатидир.

Ислом инсонларга раҳм-шафқат кўрсатиш ҳудудидан чиқиб, бутун мавжудотга раҳм қилиш шиорини олға суради. Мусулмон инсон борлиқдаги барча нарсаларга раҳмли бўлиши зарурлигини таъкидлайди.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом:

«Бир чумоли Аллоҳнинг Пайғамбарларидан бирини чақиб олганида, амр қилиб, чумолининг уясини куйдирган экан. Шунда Аллоҳ таоло ўша Пайғамбарга ваҳий юбориб:

«Бир чумоли сени чаққани учун тасбеҳ айтиб турган умматлардан бирини куйдирдингми?!» деган экан», дедилар.

Бу мавзуда қанча гапирсак, оз. Фиқҳ китобларимизда ҳайвонларни соғувчилар тирноқларини олишлари лозимлиги, соғилаётган ҳайвоннинг елинига зарар етказмаслик кераклиги, ҳайвонларни қийнаб, уларга оғир юк юклаш, оч қолдириш мумкин эмаслиги ва шунга ўхшаш таълимотлар ипидан-игнасигача баён қилинган. Бу ҳам Ислом раҳм-шафқат дини эканига далилдир.

234 - وَعَنْ جَرِيرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ لَا يَرْحَمِ النَّاسَ لَا يَرْحَمْهُ اللهُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 7376، م 2319].


Улашиш
|
|
Нусха олиш
235. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз одамларга намоз ўқиб берса, енгил қилсин. Чунки уларнинг орасида заиф, касал ва кексалар бор. Бирортангиз ўзи намоз ўқиганида эса хоҳлаганича чўзаверсин», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Бошқа бир ривоятда «Уларнинг ичида ҳожатмандлари бордир» бўлиб келган.

 

Шарҳ: Демак, имом одамларга малол келадиган даражада намозни чўзиб юбормаслиги керак. Имом намозни чўзиб юборгани учун жамоатга боришни тарк қилган кишини эшитиб, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ундан эмас, имомдан қаттиқ аччиқлари чиққанлари бошқа ҳадисларда келтирилган.

Имом намозга ўтар экан, қавм ичидаги энг заиф, ёши катта, бемор ва шошилиб турган кишиларга ҳам аҳамият бериши керак. Намозни енгил ўқиш керак. Аммо бу енгиллик намознинг амалларини чала қилиш ҳисобига бўлмаслиги керак.

Ушбу маъноларни имомликка ўтувчи ҳар бир киши доимо ёдида тутмоғи лозим.

Киши ёлғиз ўзи намоз ўқиганида уни хоҳлаганича чўзиши мумкин. Шунингдек, маълум кишиларга имомлик қилса, улар намознинг узун бўлишига рози эканликларини билса, шунда намозни чўзиб ўқиш жоиз.

 

235 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا صَلَّى أَحَدُكُمْ للنَّاسِ فَلْيُخَفِّفْ؛ فَإِنَّ فِيهِمُ الضَّعِيفَ وَالسَّقِيمَ وَالْكَبِيرَ، وَإِذَا صَلَّى أَحَدُكُمْ لِنَفْسِهِ فَلْيُطَوِّلْ مَا شَاءَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 703، م 467].

وَفِي رِوَايَةٍ: «وَذَا الْحَاجَةِ». [خ 702، م 467/185].


Улашиш
|
|
Нусха олиш
236. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар шуни қилса, уларга фарз бўлиб қолишидан қўрққанларидан ўзлари яхши кўрган бир амални ҳам тарк этардилар.

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида Ислом ҳукмлари жорий бўлиб турар, аммо ҳали ҳаммаси жорий бўлиб тугамаган эди.

Қолаверса, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида шариат ҳукмлари давомли равишда тўлдириб борилар эди. Бугун бир ҳукм жорий қилинса, эртага бошқаси ва ҳоказо. Ҳукмларнинг жорий бўлишига баъзи одамларнинг саволлари, гоҳида қилган ишлари, гоҳида яна бошқа нарсалар сабаб бўлар эди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан тунда жамоат бўлиб намоз ўқишни давом эттираверсалар, ушбу намоз сизларга фарз бўлди, деб амри илоҳий тушиб қолишидан, кейин эса одамлар бу намозни ўқий олмай, гуноҳкор бўлишларидан қўрққанлар.

236 - وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: إِنْ كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ لَيَدَعُ الْعَمَلَ ، وَهُوَ يُحِبُّ أَنَ يَعْمَلَ بِهِ؛ خَشْيَةَ أَنْ يَعْمَلَ بِهِ النَّاسُ فَيُفْرَضَ عَلَيْهِمْ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 1128، م 718].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

237. У кишидан ривоят қилинади:

«Набий Рaсулуллoҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улaргa (саҳобаларга) раҳм қилиб, узлуксиз рўза тутишдaн қaйтaрдилaр. Шундa улaр: «Ўзингиз узлуксиз рўза тутaсиз-ку», дейишди. У зот: «Мeн сизлaрнинг ҳолатингиздагидек эмaсмaн. Мeни Роббим едириб-ичиради», дeдилaр».

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Ифторлик қилмасдан узлуксиз рўза тутиш қораланган. Бунга кўпгина ҳадислар далолат қилади.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

Расулуллоҳ с.а.в.: «Кимки узлуксиз рўза тутса, умуман рўза тутмабди», деганлар.

Имом Бухорий ва Муслим ривояти.

Абдуллоҳ ибн Иёз ривоят қилади: «Башир ибн Ҳасосийнинг хотини Лайло ҳикоя қилганини эшитдим: «Кунларнинг бирида мен икки кун кетма-кет рўза тутгим келди ва Башир менга бундай қилишни ман қилиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтарар ва: «Насоролар шундай қиладилар. Сиз эса Аллоҳ сизга буюрганидек рўза тутинглар: «Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар!» (Бақара сураси,  187-оят). Қачонки кеча бўлганида рўза тутманглар», деб айтганлар», деди.

Бироқ кимдир шундай рўза тутишни истаса ва ўзида бунга куч хис қилса, бундай ҳолда у суткада ҳеч бўлмаса бир маротаба субҳдан олдин ифторлик қилсин.

Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитган эканлар: «Узлуксиз рўза тутманглар. Кимки шундай қилишни истаса, кейинги куннинг субҳидан аввал ифторлик қилсин»

Имом Бухорий ривояти.


237 - وَعَنْهَا رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: نَهَاهُمُ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ عَن الْوِصَالِ رَحْمةً لهُمْ، فَقَالُوا: إِنَّكَ تُوَاصِلُ؟ قَالَ: «إِنِّي لَسْتُ كَهَيْئَتِكُمْ، إِنِّي يُطْعِمُنِي رَبِّي وَيَسْقِينِي». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

وَمَعْنَاهُ: يَجْعَلُ فيَّ قُوَّةَ مَنْ أَكَلَ وَشَرِبَ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш

238. Абу Қатода Ҳорис ибн Рибъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен намозни узун ўқимоқчи бўлиб тураман-да, кейин гўдак йиғисини эшитиб, онасига машаққат туғдириб қўйгим келмай, намозимни енгил қиламан», дедилар».

Имом Бухорий ривояти.

 

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда имом намозни енгил ўқиши зарур эканлиги ҳақида сўз бормоқда. У ҳам бўлса, намоз ўқиётган оналарнинг болалари йиғлаб қолиб, уларнинг намозига путур етиши, болалари қийналишидир. Бунда Исломнинг оналар ва болалар ҳаққини нақадар улуғлаши кўриниб турибди.

Умуман олганда, намозни пухта ва енгил ўқиш муҳим эканлиги маълум. Бу ҳақда биз ўрганган ҳадислардан бошқа ҳадислар ҳам кўп. Улардан битта мисол келтирайлик:

«Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозни ўқиб бўлиб, сўнгра ўз қавми, Бани Саламага бориб имомлик қилар эди. Бир кеча уларга хуфтонга имомликка ўтиб Бақара сурасини ўқиди. ҳазм ибн Убай ибн Каъб намоздан чиқиб кетди. Буни Муоз розияллоҳу анҳуга айтганларида, уни мунофиқ, деб атади.

Бу хабар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга етди. У зот Муозга «Сен фитначимисан!» деб уч марта айтдилар ва унга «Вас-самааи ват-ториқи», «Ваш-шамси», «Ваз-зуҳа» ёки «Саббиҳисма Роббика» ва «ҳал атака»ни ўқишни буюрдилар».

238 - وَعَنْ أَبِي قَتَادَةَ الْحَارِثِ بْنِ رِبْعِي رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إِنِّي لأَقُومُ إِلَى الصَّلَاةِ، وَأُرِيدُ أَنْ أُطَوِّلَ فِيهَا، فَأَسْمَعُ بُكَاءَ الصَّبِيِّ، فَأَتَجَوَّزُ فِي صَلَاتِي كَرَاهِيَةَ أَنْ أَشُقَّ عَلَى أُمِّهِ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ. [707].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

239. Жундуб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бомдод намозини ўқиса, у Аллоҳнинг кафолатидадир. Аллоҳ сизларни Ўз кафолатидаги бирор нарса юзасидан талаб қилмасин. У Зот кимни Ўз кафолатидаги бирор нарса юзасидан талаб қилса, уни топади, сўнгра жаҳаннам оловига юзтубан йиқитади», дедилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Барча фарз намозлар қатъий талаб қилинган бўлса­да, бу ҳадисда бомдод намози янада алоҳида аҳамиятга эга экани таъкидланмоқда. Бошқа ривоятларда бу ерда бомдодни жамоат билан адо этиш назарда тутилгани айтилган. Ким шундай қилса, у Аллоҳнинг кафолатида, омонлигида бўлади. Бу ҳадисдан мақсад мусулмон кишини намоз ўқиганини қони ҳам моли ҳам жони ҳам Аллоҳнинг ҳимоясида эканлигини баён қилишдир. Бомдодга чиқишни қайдлаш билан холис мусулмонни ирода қилинган. Чунки иймони мустаҳкам холис мўмингина бомдодга чиқа олади.

239 - وَعَنْ جُنْدُبِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ صَلَّى صَلَاةَ الصُّبْحِ فَهُوَ فِي ذِمَّةِ اللهِ، فَلَا يَطْلُبَنَّكُمُ اللهُ مِنْ ذِمَّتِهِ بِشَيْءٍ؛ فَإِنَّهُ مَنْ يَطْلُبْهُ مِنْ ذِمَّتِهِ بِشَيْءٍ يُدْرِكْهُ، ثُمَّ يَكُبَّهُ عَلَى وَجْهِهِ فِي نَارِ جَهَنَّمَ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [657/262].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

240. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди, уни ташлаб ҳам қўймайди. Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким мусулмондан бир ташвишни аритса, Аллоҳ ундан қиёмат кунининг ташвишларидан бирини аритади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ қиёмат кунида унинг айбини беркитади», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда кишиларга зулм қилишни ҳаромлигини баён қилиш билан бирга бир қанча қилиниши лозим ишларни ва уларга бериладиган укофотларни ҳам зикр қилинган.

1- Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. У унга зулм ҳам қилмайди ва ташлаб ҳам қўймайди.

Мусулмонга зулм қилиш ҳаромдир. Мусулмон одам бошқа бир мусулмонга зулм қилса ўз биродарига зулм қилган бўлади. Зеро мусулмон мусулмонга нафақат зулм қилмаслиги, балки уни ёрдамсиз ташлаб қўймаслиги ҳам лозим. У баъзи бир сабабларга кўра зулмга учраганда ҳам биродари ундан зулмни кўтаришга ҳаракат қилмоғи керак.

2- Ким ўз биродарининг ҳожатини чиқарса, Аллоҳ унинг ҳожатини чиқаради. Мусулмон шахс зулм бўлмаган чоғида ҳам бировларнинг ҳожатини чиқаришга ҳаракат қилади. Чунки унинг эътиқоди бўйича бировларнинг ҳожатини чиқарган одамнинг ҳожатини Аллоҳ таолонинг Ўзи чиқаради.

3- Ким бир мусулмонни ғамдан фориғ қилса, Аллоҳ ундан қиёмат кунининг ғамларидан бир ғамни фориғ қилади.

Мусулмон одам ўзининг мусулмон биродаридан турли ғамларни аритиш учун иложи борича ҳаракат қилади. Чунки унинг эътиқоди бўйича бировларнинг ғамини аритган одамнинг ғамини Аллоҳ таолонинг Ўзи аритади.

4- Ким мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ қиёмат куни унинг айбини беркитади. Мусулмон одам ўзининг мусулмон биродарининг турли айбларни беркитиш учун иложи борича ҳаракат қилади. Чунки унинг эътиқоди бўйича бировларнинг айбини беркитган одамнинг айбини Аллоҳ таолонинг Ўзи беркитади.

240 - وَعَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الْمُسْلِمُ أَخُو المُسْلِمِ؛ لَا يَظْلِمُهُ وَلَا يُسْلِمُهُ، مَنْ كَانَ فِي حَاجَةِ أَخِيْهِ كَانَ اللهُ فِي حَاجَتِهِ، وَمَنْ فَرَّجَ عَنْ مُسْلِمٍ كُرْبَةً فَرَّجَ اللهُ عَنْهُ بِهَا كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ يَوْمِ الْقِيامَةِ، وَمَنْ سَتَرَ مُسْلِماً سَتَرهُ اللهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 2442، م 2580].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

241. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга хиёнат қилмайди, уни алдамайди ва ёрдамсиз қўймайди. Ҳар бир мусулмоннинг бошқа бир мусулмон обрўсига, молига, қонига тажовуз қилиши ҳаромдир. Тақво бу ерда (яъни, қалбда). Мусулмон биродарини ҳақир ҳисобламоғи кишининг ёмон шахс эканлигига кифоя қилади», дедилар.

Имом Термизий ривояти.

 

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларини қуйидаги оят ҳам қувватлайди: 

“Албатта, мўминлар оға-инидирлар” (Ҳужурот сураси, 10-оят).

Мўмин-мўминнинг иниси экан, у биродарига хиёнат қилмаслиги, воқеликдаги ишнинг хилофини хабар бермаслиги, уни ёлғонга чиқармасдан айтган гапни қабул қилиши, ёрдамсиз ташлаб кетмай бошига мусибат тушган вақтда унинг ёнида бўлиб, унга ёрдам бериши лозим.

Ҳадиснинг давомида мусулмоннинг ҳар нарсаси, яъни обрўси, моли, қони бошқа мусулмонга ҳаром экани баён қилинмоқда. Ушбу ҳадисдаги “тақво бу жойдадир” дейилишига келсак, бундан кейин келадиган имом Муслимдан қилинган ривоятда “қалбларига уч маротаба ишора қилдилар” деган қўшимчаси ҳам келтирилган.

Ҳа, инсоннинг зоҳирига қараб хулоса чиқарилмаслик лозим. Баъзан бир мусулмон иккинчи бир мусулмонга нисбатан ёмон муомала қилади, уни ғийбат қилишга киришади, обрўсини тўкади. Агар ўша кимсага “Нима учун сен мусулмонни пастга уриб ҳақорат қиляпсан?” деб насиҳат қилинса, у: “чунки у иймонсиз, мунофиқ одам”, дейди. Ана шу ғийбатчи кимса у одамни тақвосиз, иймонсиз эканини зоҳирига қараб белгилагани учун унга шундай муомалада бўлмоқда. Ҳолбуки, иймон ва тақво қалбда бўлади. Шундай экан, кишини зоҳирига қараб ҳукм қилинмайди.

Ҳадис охирида очиқ-равшан айтилмоқдаки, бир мусулмон ўз биродарини паст санаса, ўша ҳақир санаган кишининг ўзи ёмон одам эканига далолат қилади.

241 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «الْمُسْلِمُ أَخُو الْمُسْلِمِ؛ لَا يَخُونُهُ وَلَا يَكْذِبُهُ وَلَا يَخْذُلُهُ، كُلُّ الْمُسْلِمِ عَلَى الْمُسْلِمِ حَرَامٌ: عِرْضُهُ وَمَالُهُ وَدَمُهُ، التَّقْوَى هَاهُنَا، بِحَسْبِ امْرِىءٍ مِنَ الشَّرِّ أَنْ يَحْقِرَ أَخَاهُ الْمُسْلِمَ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ. [1927].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

242. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ҳасад қилманглар, нажш қилманглар, бир-бирингизни ёмон кўрманглар, адоват қилманглар, бирингиз бирингизнинг савдоси устига савдо қилмасин. Биродар бўлинглар, Аллоҳнинг бандалари! Мусулмон мусулмоннинг биродаридир – унга зулм қилмайди, уни ёрдамсиз қолдирмайди, уни ҳақир санамайди. – Сўнг у зот кўксларига ишора қилиб, уч марта «Тақво мана бу ердадир», дедилар. – Мусулмон биродарини ҳақир санаш кишининг ёмонлигига кифоя қилади. Мусулмоннинг ҳамма нарсаси – қони, моли ва шаъни мусулмонга ҳаромдир».

Имом Муслим ривояти.

 Шарҳ: «Нажш» сўзи луғатда «қўзғатиш», «авраш», «шишириб кўрсатиш» деган маъноларни билдириб, макр-ҳийла йўли билан бировнинг моддий ёки маънавий мулкини ўзлаштириб олишни англатади. Савдода эса «нажш» деб бошқаларни қизиқтириш учун молни баланд баҳога савдолашишга айтилади. Бунда харидор бўлиб кўринаётган шахс сотувчи билан келишиб олган бўлади. Молни мақтаб, баланд нархга савдолашади. Уларнинг қизғин савдосини кўрган бошқа кишилар ҳам молни ўша нархга сотиб ола бошлайдилар. Бундай иш қатъиян мумкин эмас, бу тарзда топилган маблағ ҳаром бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломий биродарлик фақат баландпарвоз сўзларда қолиб кетишини истамаганлар. Бинобарин, юқоридагидек кўрсатмалари билан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ҳаётий ҳақиқатга айлантирдилар. Ислом илгари сурган ушбу улуғ ғоянинг ҳаётийлиги ва ҳимояси учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ йўлланмалар бердилар. Токи Исломий биродарлик воқеликда ўзининг ажойиб таъсирлари билан намоён бўлсин! Токи у хаёлий бир орзу бўлиб қолмасин! Шу боис ҳам имом Нававий мазкур ҳадисни жуда фойдали ва сермазмун деб мақтаган эдилар.

Ибн Ҳажар Ҳайтамий айтадилар:

“Ушбу ҳадис беҳад фойдали ҳамда буюк асос ва мақсадларга ишора қилувчи ривоятдир. У ўзининг мазмун-моҳияти билан барча Ислом аҳкомлари ва одоб-ахлоқини қай бир кўринишда ифода этиб турибди”.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар:

1. Ҳасад қилманглар.

а) Ҳасаднинг луғавий ва шаръий таърифи:

Бир кишида бор бўлган неъмат ундан кетиб, ўзига ёки бошқа бировга ўтишини орзу қилмоқ ҳасаддир.

Бу ярамас хулқ инсон табиатида бор нарса. Чунки инсон ўзидек бир кишининг фазилатда ундан ўтиб кетишини истамайди.

б) Ҳасаднинг ҳукми

Олимлар ҳасадни ҳаром дейишади. Унинг ҳаромлигига Китобу Суннатдан бир қанча далиллар келтириш мумкин:

“Аҳли китобларнинг кўпчилиги сизларни иймонли бўлганингиздан кейин, уларнинг ўзларига ҳам ҳақиқат очиқ равшан бўлганидан сўнг ҳасад қилганлари сабабли куфрга қайтаришни истайди”. (Бақара сураси, 109-оят).

“Ёки одамларга Аллоҳ ўз фазлу карамидан берган нарсага ҳасад қиляптиларми?!” (Нисо сураси, 54-оят).

Зубайр ибн Аввом разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизлардан илгариги умматлар касали – ҳасад ва ўзаро нафрат-адоват орангизга суқилиб кирди. Нафрат-адоват қирувчидир. У сочни эмас, динни қиради. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, то бир-бирларингизни яхши кўрмас экансизлар, мўмин бўлмайсизлар. Сизларга бир нарсани ўргатайми? Агар уни қилсангизлар, ўзаро меҳр-муҳаббатли бўласизлар: Саломни ўртангизда кенг ёйингиз!” (Аҳмад ва Термизий ривоятлари).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Ҳасаддан сақланинглар. Зеро, ҳасад худди олов ёғочни - ёки ўт-ўланни, дедилар - ямлаганидек яхши амалларни ейди”. (Абу Довуд ривоятлари).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

- Ўтган умматлар касали ҳали менинг умматимга ҳам тегади.

- Ё Расулуллоҳ, уларнинг касали нима эди? - сўрашди саҳобалар.

- Кибр-ҳаво, ношукрлик, мол-дунё тўплаш мусобақаси, ўзаро адоват-ҳасад... Кейин зулм-бузғунчилик бўлади, сўнг алғов-далғов. (Ҳоким ва бошқалар ривояти).

в) Ҳасад нима сабабдан ҳаром қилинган?

Ҳасад - Аллоҳ таолога эътироз ва Унга қайсарлик қилишдир. Ҳасадгўй Аллоҳнинг ишини барбод этишга, фазлу марҳаматини йўққа чиқаришга уринади.

Абу Таййиб бундай деган:

Ер юзида энг золим ҳасадгўй бўлур,

Неъматга кўмилганни кўролмай ўлур.

Ҳасадгўйнинг золимлиги шунда кўринадики, аслида у ўзига яхши кўрган нарсани биродарига ҳам соғиниши керак эди. Аниқки у ўзига берилган неъмат йўқ бўлишини хоҳламайди. Аммо у биродаридаги неъмат йўқ бўлишини орзу қилиб, унинг ҳаққини поймол этди.

Ҳасадгўй учун байрам йўқ. У беҳуда нарса учун хафа бўлади, ҳаром йўл билан ўзини азоблайди. Бировни кўролмаслик пасткаш кимсаларга хос хулқдир.

г) Ҳасадгўйлар уч қисмга бўлинади:

Биринчи қисм: Улар бировга тиллари ёки қўллари билан зулм қилиб, унга берилган неъматни йўқотиш пайида юрадилар. Айримлари бировнинг молига ҳасад қилиб, уни ўзиники қилиб олишга уринади. Энг ярамас, энг жирканч тоифаси эса бировнинг молини ўзиники қилиб олишга уринмайди. Унинг бутун ҳаракати бировга берилган неъматнинг заволига қаратилади.

Иккинчи қисм: Улар гарчи бировга ҳасад қилсалар-да, асло ҳасадларидан келиб чиқиб ҳаракат қилмайдилар. На тил ва на қўл билан ҳасад қилаётган кишиларига зарар-зулм етказмайдилар. Ҳасан Басрийдан қилинган бир ривоятда бундай ҳасад учун киши гуноҳкор бўлмайди, дейилган. Бироқ у ривоят заиф йўллар билан етиб келган. Бу турдаги ҳасад икки хил бўлиши мумкин:

а) Агар киши ҳасадига мағлуб бўлиб, ундан сира қутула олмаса, бундай ҳаракатсиз ҳасади сабабли гуноҳкор бўлмайди.

б) Агар кимса биродарига берилган неъматнинг заволини кўриб, роҳатланса, у худди маъсиятга қаттиқ аҳд қилувчи кабидир. Ҳасаднинг бу тури учун азоб бўлиши ёки бўлмаслиги хусусида уламолар ихтилоф қилганлар. Айни ҳасад кишини тил билан бировга озор беришга олиб бориши мумкин. Ана унда ҳасадгўй сўзсиз гуноҳга ботади. Баъзан киши ўзи ҳасад қилаётган биродарининг даражасига етишиш учун олға ташланади.

“Ҳаёти дунёни истайдиган кимсалар: “Эҳ, қани эди бизлар учун ҳам Қорунга ато этилган молу давлат бўлса эди...” дедилар”. (Қасас сураси, 79-оят).

Ҳасад қилинаётган даража Охиратга тегишли бўлса, бу яхши ҳавасдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ йўлида шаҳид бўлишни орзу қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Фақат икки нарсага ҳасад (яъни ҳавас) қилса бўлади: Аллоҳ таоло бировга мол-давлат берса ва у кеча-кундуз молидан инфоқ-эҳсон қилса. Аллоҳ таоло бировга Қуръон ато этса ва ҳалиги киши кечаю кундуз Қуръон билан қоим бўлса!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Учинчи қисм: Улар қалбларида ҳасад пайдо бўлганини сезишлари билан уни йўқотишга киришадилар. Бундай киши биродарига қўлидан келганича яхшилик қилади, унинг ҳақига дуода бўлади ва фазилатини ёяди. Қалбида уйғонган ҳасадни кетказишга интилади, охири ундаги ҳасад ўрнини “шу мусулмон мендан яхшироқ ва афзалроқ экан”, деган маънодаги меҳр-муҳаббат эгаллаб олади. Албатта, бу иймоннинг олий даражалари намунасидир. Ўзи учун яхши кўрган неъматни биродарига ҳам астойдил соғинадиган комил иймонли зотларгина ана шундай йўл тутадилар.

 

2. Бировга зарар бериш мақсадида молнинг баҳосини ошириш ножоизлиги.

Бир киши мол сотиб олишга рағбати йўқ бўлса‑да бозорда овозни баланд қўйиб, мол баҳосини оширади. Масалан, ўзини харидор қилиб кўрсатади-да, мол баҳосини кўтариб савдолашади. Бу иш сотувчи билан келишиб олиб қилинса ҳам, сотувчи бехабар бўлса ҳам, барибир қатъий ҳаром ҳисобланади. Чунки айни услуб алдов ва ғирромликдан бошқа нарса эмас. Исломда ҳар иккиси қайтарилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким бизни алдаса, у биздан эмас”.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бировга зарар бермоқ ниятида мол нархини сунъий равишда оширишни ман қилганлар”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Ибн Абу Авфо бундай иш қилувчини рибо молини еювчи хоин деб атаганлар.

Ибн Абдулбар айтадилар: “Агар киши шариат ҳукмини билиб туриб шу ишга қўл урса, билиттифоқ гуноҳкордир”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ман этган бу қаллоблик “нажаш” деб аталади. Бу сўзни юқорида айтиб ўтилган савдо муомаласидан кенгроқ маънода шарҳлаш ҳам мумкин. Чунки “нажаш”нинг яна бир луғавий маъноси макр‑ҳийла ва авраш йўли билан бирон нарсани қўзғаш демакдир. Шу маъно эътиборга олинса, ҳадиснинг мазмуни қуйидагича бўлади: бир‑бирингизга алдов, ўзаро муомалада ҳийла ишлатмангиз, айёрлик қилмангиз, озор етказмангиз.

Аллоҳ таоло бундай деган: “Ёмон макр-ҳийла фақат ўз эгаларини ўраб ҳалок қилур”. (Фотир сураси, 43-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Макр ва алдов дўзахдадир!”

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мусулмонга зарар етказишга уринган ёки унга нисбатан макр-ҳийла ишлатган кимса малъундир!” (Термизий ривоятлари).

Хуллас, алдов ва хиёнат аралашган барча муомалалар Исломда қайтарилган. Молнинг айбини беркитиш, яхши нарса билан ёмон нарсани аралаштириб сотиш ва ҳоказо ғирромликлар ман этилган.

Фақат душманга қарши жангда ҳийла қилиш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Уруш ҳийладир!”

 

3. Ўзаро нафрат-адоватда бўлмангиз.

Мусулмонлар ҳавои нафсларига бўйсуниб биродарларига нафрат ёки истеҳзо назари билан боқмасинлар. Фақат Аллоҳ учун бир кимсадан нафратланиш, уни ёмон кўриш мумкин. Мўминлар ҳеч вақт ўзларининг диндош биродарларидан нафратланмайдилар. “Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир!” (Ҳужурот сураси, 10-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, то мўмин бўлмас экансизлар, жаннатга кирмайсизлар. Бир-бирингизни яхши кўрмагунингизгача, мўмин бўлмайсизлар”.

Адоват-нафрат икки тарафдан ёки бир тарафдан зоҳир этилади. Аллоҳ таоло учун кимдандир нафратланиш вожиб ёки мандуб амал. Аллоҳдан ўзгани деб бировни ёмон кўриш эса ҳаромдир. “Эй мўминлар, менинг душманим ва сизларнинг душманларингизни дўст тутмангиз!” (Мумтаҳана сураси, 1-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким Аллоҳ учун яхши кўриб, Аллоҳ учун ёмон кўрса ва бериши ҳам, бермаслиги ҳам Аллоҳ учун бўлса, иймонини комил қилибди”. (Абу Довуд ривоятлари).

Мўмин ҳамиша ўзини-ўзи тергаб турмоғи лозим. Унинг яхши ёки ёмон кўриши ҳавои нафси таъсирида бўлмаслиги керак. Чунки унда мўмин Аллоҳ учун эмас, бошқа нарса учун кимнидир ёмон кўради ва бу нафрат Исломда ҳаром саналади.

Одамлар ўртасига низо-адоват уруғини сочувчи ҳар қандай нарса ҳаромдир. Бинобарин, Аллоҳ таоло мўминларга ароқ ичишни ва қимор ўйнашини ҳаром қилди. “Ичкилик, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос. Энди тўхтарсизлар!” (Моида сураси, 91-оят).

Бировлар орасига низо-адоват солиш учун туҳмат-бўҳтон гапларни ташиб юриш ҳаром. Икки киши ўртасини ислоҳ қилиш учун ҳатто ёлғон сўзлашга шариат рухсат беради. Бинобарин, доимо ислоҳга ва бирдамликка тарғиб қилинади. “Уларнинг кўп махфий суҳбатларидан - агар садақа беришга ё бирон яхшилик қилишга ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлмасалар, - ҳеч қандай фойда йўқдир”. (Нисо сураси, 114-оят).

Аҳиллик, ўзаро тотувлик шарафли неъмат бўлгани боис Аллоҳ таоло мўминларга ҳақли равишда қуйидагича миннат қилди:

“Аллоҳнинг сизларга берган нематини эсланг: Бир-бирларингизга душман бўлган пайтларингизда дилларингизни ошно қилиб қўйди ва сизлар Унинг неъмати сабаб биродарларга айландингиз”. (Оли Имрон сураси, 103-оят); “У сизни Ўз ёрдами ва мўминлар билан қувватлантирган ва уларнинг дилларини бирлаштирган Зотдир. Агар ердаги бор нарсани сарфласангиз ҳам, уларнинг дилларини бирлаштира олмаган бўлур эдингиз, лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди”. (Анфол сураси, 63-оят).

 

4. Бир-бирларингиздан юз ўгириб, ўртадаги алоқани узмангиз!

Дунёвий нарсалар сабабли биродардан юз ўгирмоқ ҳаромдир. Қуйидаги ҳадисда ҳам айнан ушбу маъно таъкидланган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Биродари билан уч кундан ортиқ аразлашиб, бир-бирига йўлиққанда униси у ёққа, буниси бу ёққа бурилиб кетиш мусулмонга ҳалол эмас. Уларнинг биринчи бўлиб салом бергани энг яхшисидир”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Биродари билан бир йил аразлашиб, алоқани узган кимса бамисоли унинг қонини тўккан кабидир”. (Абу Довуд ривоятлари).

Бироқ бирон диний масала туфайли Аллоҳ йўлида уч кундан ортиқ ҳам ҳажр қилмоқ мумкин. Имом Аҳмад юқоридаги фатвога Табук ғазотидан узрсиз қолиб кетган уч саҳобийнинг мусулмонлардан ажратиб қўйилганини далил қилиб келтирганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу уч саҳобийга танбеҳ бериб ва мунофиқ бўлиб чиқишларидан хавфсираб эллик кун уларни бошқалардан ажратиб қўйдилар. Ҳеч ким улар билан гаплашмади, муомала қилмади. Залолат манбаларига чақирувчи ва улкан бидъатларни қилиб юрувчи кимсаларни ҳам бошқалардан ажратиб қўймоқ мумкин. Хаттобий одоб бериш мақсадида ота фарзанди билан, эр хотини билан маълум вақт алоқани узиб қўйишига рухсат берганлар. Бу масалада ҳатто уч кундан ортиқ ҳажр қилмоқ жоиз дейилган. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларини бир ой четлаб қўйганлар.

 

5. Ҳеч бирингиз бошқа бировнинг савдоси устидан савдо қилмангиз!

Бу ҳақда кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мўмин кишига биродари савдоси устидан савдо қилиш ҳалол эмас”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Яъни, энди бирон нарса сотиб олган кишига “Молини қайтиб бер! Сенга худди шу пулга бундан яхшироғини сотаман” ёки “Арзон бераман!”, деб ўртадаги савдони бузиш мумкин эмас. Сотувчига “Сотган молингни қайтиб ол! Мен қимматроққа сотиб оламан!” деб савдони аксинча бузиш ҳам билиттифоқ ҳаром...

Хуллас, сотувчи ёки харидорни йўлдан уриб, савдо устига савдо қилмоқ ҳаромдир.

Имом Нававий айтадилар: “Савдо-сотиқда бундай йўл тутмоқ гуноҳ ва қайтарилган ишдир”. Бироқ кимдир ана шу ножоиз ишга қўл уриб, сотса ёки олса, Шофеий, Абу Ҳанифа ва бошқа фақиҳлар наздида савдо битими кучга киради. Довуд Зоҳирий сўзига кўра савдо битими эътиборга олинмайди. Имом Моликдан бундай савдо ўтади ва ўтмайди, деган маънодаги икки хил ривоят келган.

Юқоридаги сўзлар савдо амалга ошгандан кейинги ҳолатга тегишли эди. Аммо икки киши ўзаро савдолашиб, гапни бир жойга қўйганларидан кейин ҳали олди‑берди қилмаган бўлсалар‑у, бошқа биров четдан келиб, сотувчига “Молингни мен қимматроққа сотиб оламан” деб ёки харидорга “Сенга бундан яхшироқ молни арзонроққа сотаман”, деб, уларни айнитиши ҳам ҳаромдир. Бу борада сотувчи ёки олувчининг мўмин ё кофир бўлишининг фарқи йўқ. Чунки бу аҳд ва зиммага вафо қилиш масаласидир.

Юқоридаги ҳолатларда бировларга зарар ва озор етказилгани боис ҳаром ҳукми берилган. Аммо ким ошди савдоси жоиздир. Чунки у ҳали ҳеч ким билан келишиб қўймаган ҳолда қимматроқ пул таклиф қилган кишига молни сотишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир нарсани сотмоқчи бўлиб: “Ким кўпроқ тўлайди?” деганлар.

6. “Эй Аллоҳнинг қуллари, ўзаро биродар бўлингиз!”

Яъни, оға-инилардек, ҳасад-адоват қилмасдан, бир-бирингизнинг савдонгизни бузмасдан, ўртадаги борди-келдини узмасдан ҳамиша очиқ юз ва тоза қалб билан яхши ишларда биродарингизга ёрдамчи бўлиб, ўзаро меҳр-муҳаббат ва дўстона лутф билан муомала қилингиз. Унутмангки, сизлар Аллоҳнинг қулларисиз! Хожасига содиқ қуллар Унинг амрини асло ерда қолдирмайдилар. Парвардигорингиз сизларни дин йўлида оға-инилардек ўзаро баҳамжиҳат бўлишга буюрди. Аллоҳ таолонинг ушбу амрини амалга оширмоқ учун қалблар бир-бирига ошно ва сафлар жипс бўлиши шарт.

“У сизни ўз ёрдами ва мўминлар билан қувватлантирган ва уларнинг дилларини бирлаштирган Зотдир!” (Анфол сураси, 63-оят).

Биродарига салом бермоқ, акса уриб “алҳамду лиллаҳ” деганида “ярҳамукаллоҳу ва яшфийк” деб жавоб айтмоқ, касал бўлса, бориб кўрмоқ, чақирганида бормоқ, вафот этса жанозасида қатнашмоқ каби мусулмоннинг мусулмон устидаги ҳақларига риоя этиш орқали ҳам мўминларнинг бирдамлиги янада мустаҳкамланади.

Бир-бирларига ҳадялар қилиб, қўл сиқишиб кўришадиган мусулмонлар ўртасида меҳр-муҳаббат кучаяди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Бир-бирингизга ҳадялар беринглар. Чунки ҳадя қалбдаги кекни кетказади”. (Термизий ривоятлари).

Бир-бирингизга ҳадялар қилиб туринглар, ўзаро меҳр-муҳаббатли бўласизлар”. Умар ибн Абдулазиздан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда айтилади: “Бир-бирингиз билан қўл бериб кўришинглар, чунки у нафрат-адоватни йўқотади. Ўзаро ҳадя алмашиб туринглар!»

Ҳасан Басрий айтадилар: “Қўл бериб кўришмоқ ўртадаги меҳр-муҳаббатни зиёда қилади”.

 

7. Мусулмонниг биродари қаршисидаги вазифалари.

Мусулмон киши Исломдаги биродарлари билан муомала қилганида, ҳамиша ўзаро ҳамжиҳатлик ва меҳр-муҳаббат ришталарини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор бермоғи лозим. “Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир. Бас, сизлар икки оға-инингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар”. (Ҳужурот сураси, 10-оят).

Мўминлар бирдамлигига путур етказадиган ва ўрталарига совуқлик туширадиган хатти-ҳаракатлардан йироқ юрмоқ лозим. Хусусан, қуйидаги тўрт нарсадан ҳазир бўлмоқ керак. Зулм, ночор ташлаб қўйиш, алдаш ва алдоқчига чиқариш ҳамда менсимаслик. Ҳар биримиз ўзимизга яхши кўрган неъматни биродаримизга ҳам соғинмас эканмиз, иймони ва Исломи комил зотлар сафига қўшила олмаймиз. Биродарига зиён-заҳмат етмаслиги учун тиришмоқ ҳам комил иймонли инсон хислати сирасига киради. Мана шунда ҳамма нарса жой-жойига тушади.

Исломдаги гўзал ахлоқнинг нафи нафақат мусулмонларга, балки бутун инсониятга тегади. Шу боис, шариат ҳеч кимга зулм-зўровонлик қилишга ёки бировни четга суриб қўйиб, уни пастга уришга рухсат бермайди. Кофирлар шахс эътибори билан эмас, куфрлари сабабли айрим жазо-тақиқларга дучор бўладилар.

а) Зулм ҳаромдир.

Шариат изнисиз бир инсоннинг моли, жони, дини ёки ор-номусига зарар етказмоқ мутлақо мумкин эмас. Чунки айни зулм сабабли Исломий биродарликка путур етади. Ўртадаги аҳиллик дарз кетади. “Аллоҳ таоло айтади:

“Эй бандаларим! Мен зулмни Ўзимга ҳаром қилдим ва уни сизларнинг ўртангизда ҳам ҳаром этдим. Бас, бир-бирингизга зулм етказмангиз”. (Ҳадиси қудсий).

б) Мусулмонни ёрдамсиз ташлаб қўймоқ ҳаромдир.

Ёрдамга муҳтож мусулмонни четга суриб қўймоқ, қодир бўла туриб унга ёрдам қўлини чўзмаслик Исломда қатъий ҳаромдир. “Агар улар дин йўлида сизлардан ёрдам сўрасалар, ёрдам қилиш зиммангиздадир”. (Анфол сураси, 72-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мусулмон киши бошқа бир мусулмоннинг ҳақ-ҳурмати топталаётган, ор-номуси тўкилаётган пайтда биродарига ёрдам бермаса, Аллоҳ таоло уни ёрдамга муҳтож пайтида ёрдамсиз қолдиради”. (Абу Довуд ривоятлари).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қаршисида бир мўминнинг хорланаётганини кўриб, унга ёрдам беришга қодир бўла туриб ёрдам қўлини чўзмаган кимсани, Аллоҳ таоло Қиёмат куни бутун халойиқ кўз ўнгида хор қилади”. (Аҳмад ривоятлари).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Биродари йўқлигида унга ёрдам қилган кишига Аллоҳ таоло дунёю Охиратда ёрдам қилади”. (Баззор ривоятлари).

Биродарини ёрдамсиз қолдириш дунёвий ва диний кўринишда бўлиши мумкин. Мазлум биродарига ёрдам бермаслик ёки унга зулм ўтказаётган золимни тўхтатмаслик дунёвий ишларда биродарини ташлаб қўйиш ҳисобланади. Биродарига панд-насиҳат қилиб уни гуноҳ-маъсият йўлидан қайтармаслик эса диний ишларда ташлаб қўйиш дейилади.

в) Мусулмонни алдаш ёки уни алдоқчига чиқармоқ - ҳаром

Мусулмон киши биродарининг ҳаққини адо этиб унга рост сўзламоғи, биродари гапирганида тасдиқламоғи лозим. Мусулмон кишини алдамоқ Исломий омонатга халал етказади. Хусусан, қаршингизда турган кишини ростгўй деб тасдиқлаб турган бўлсангиз... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сенга ишониб турган биродарингга ёлғон сўзлашинг улкан хиёнатдир”. (Аҳмад ривоятлари).

Ўртадаги совуқликни кўтариш ёки мол-жонни сақлаш учун эмас, ҳеч қандай шаръий узрсиз ёлғон гапирмоқ алдов ва хиёнатдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Агар банда бир оғиз ёлғон сўзласа, у қилган ишнинг бадбўйлигидан қочиб фаришта бир мил узоқлашади”. (Термизий ривоятлари).

г) Мусулмонга менсимай қараш - ҳаром

Мусулмон киши ҳеч қачон биродарини пастга уриб, унга юқоридан туриб муомала қилмайди. Чунки Аллоҳ таоло уни азиз-мукаррам қилиб яратган. Хитоб этиб шариат ҳукмига мукаллаф этган. Мусулмон қадр-қимматини тушириб, унга кибр билан муносабатда бўлмоқ Аллоҳ рубубияти чегарасига тажовуз саналади. Бу эса гуноҳи азимдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Кишининг мусулмон биродарини пастга уриши унинг ёмонлигига кифоядир”.

Бировларга менсимай юқоридан қараш кибрнинг мевасидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳаққа рози бўлмаслик ва бировларни назар-писанд қилмаслик кибрдир!” (Муслим ривоятлари);

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳақни тан олмаслик ва одамларнинг устидан кулиш кибрдир”. (Аҳмад ривоятлари).

Мутакаббир ўзини доно ва бекаму кўст инсон деб ҳисоблайди. Унинг назарида атрофдагилар нўноқ, ношуд одамлар. Шу боис кибр-ҳаволи кимсалар бошқалар устидан кулиб, мазах қилиб гапирадилар.

Бу ёмон сифат бандани жаннатдан йироқлаштириб, дўзахга олиб боради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қалбида зарра мисқолида кибр бўлган банда жаннатга кирмайди”. (Муслим ривоятлари);

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизларга жаннат аҳлининг хабарини берайинми?! Улар заиф, камсуқум инсонлардир. Агар Аллоҳ номига қасам ичсалар, Аллоҳ уни оқлайди. Сизларга дўзах аҳлининг хабарини берайинми?! Улар қўпол, баднафс ва гердайган кимсалардир”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

8. Инсонлар фақат тақво билан бир-бирларидан ортиқдирлар.

Шариат буйруқларига тўлиқ бўйсуниш, гуноҳ-маъсиятлардан тийилиш билан Аллоҳнинг азобидан қочиш тақводандир. Инсон Парвардигори наздида шахси ёки мол-давлати билан эмас, фақат тақвоси ва тоат-ибодати билангина мукаррам бўлади. Шундай ночор, камсуқум инсонлар борки, улар зулмга асосланган ҳокимияти, сохта обрў-эътиборлари ёхуд ҳаром мол-дунёлари учун кўкларга кўтарилган тубан кимсалардан қадр-қимматда юқори турадилар. Жоҳиллар эътиборида ҳақир саналсалар-да, бундай зотлар ўз тақволари билан Аллоҳ таоло наздида азиз ва мукаррамдирлар. Зеро, инсонларнинг Пок Парвардигор ҳузуридаги мартабалари ҳусн-чирой, насл-насаб, шакл-шамойил, мол-давлат ёки териларининг ранги билан эмас, тақво ва солиҳ амаллари билан бир-бирлариникидан фарқланади.

“Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлиларингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ Билгувчи ва Огоҳдир”. (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар:

- Энг мукаррам инсон ким?

- Аллоҳ таолодан энг кўп тақво қиладиган банда! - деб жавоб бердилар у зот.

Тақво қалбда бўлади. “Ким Аллоҳнинг қонунларини ҳурмат қилса, бас, албатта бу дилларнинг тақводорлиги сабабли бўлур”. (Ҳаж сураси, 32-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ таоло сизларнинг жуссаларингизга ёки кўринишларингизга қарамайди. У қалбларингизга назар солади”. (Муслим ривоятлари).

Демак, бир банданинг қай даражада тақводорлиги ҳам ёлғиз Аллоҳга аён. Аллоҳнинг кузатувчанлигини ҳис қилиш зоҳирий амаллар таъсирида эмас, қалбдаги Аллоҳ қўрқуви билан ҳосил бўлади. Аллоҳ таоло инсоннинг қалбига назар солади, яъни бандасига қалбидаги яхшилик ёки ёмонликка яраша жазо-мукофот беради. Қанча-қанча бадавлат, бообрў, келишган одамлар борки, қалблари ҳувиллаб ётибди. Ҳеч нарсаси йўқ, хокисор инсонлар борки, қалблари тақво билан лиммо-лим. Шунинг учун ҳам бировни камситмоқ улкан гуноҳ саналади. Чунки бу нотўғри мезонда чин тақво четда қолиб, “хас-хашаклар” тош босади.

9. Мусулмоннинг ҳақ-ҳурмати.

Мусулмоннинг моли, қони ва обрў-эътибори дахлсиздир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажларида, қурбонлик, арафа ва ташриқ кунларининг иккинчисида улкан жамоат олдида шу нарсани таъкидлаганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Бир-бирингизнинг молингиз, қонингиз ва обрўйингиз сизларга худди мана шу кунингиз, мана шу шаҳрингиз мана шу ойингиз ҳурмати каби ҳаромдир!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Булар осуда Ислом жамиятининг муҳташам биносига пойдевор бўлувчи умуминсоний ҳақ-ҳуқуқлардир. Ушбу покиза муҳитда мусулмон мол-мулки ва обрў-эътиборидан бехавотир яшайди. Ҳеч ким унинг мулкига тажовуз ёки ўғрилик қилмайди. Ҳақ-ҳуқуқини поймол этиб, уни пастга урмайди. Мўминларни тўкис ҳимоя этмоқ учун Аллоҳнинг шариатида тажовузкорларга қасос, ўғрининг қўлини кесиш, зинокорни тошбўрон қилиш ёки дарралаш белгилаб қўйилган.

Ислом мукаррам инсонни ҳатто қўрқитиш, хавотирга солишни ҳам ман этади. Бир саҳобий биродарининг арқонини олиб қўйиб, қўрқитди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мусулмонни қўрқитмоқ мусулмон учун ҳалол эмас!” (Абу Довуд ривоятлари).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳеч бирингиз на ҳазиллашиб ва на жиддий равишда биродарининг битта чўпини олмасин”. (Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).[1]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Икки киши учинчисига эшиттирмасдан суҳбатлашмасин. Бу нарса уни хафа қилади”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Яна бир ривоятда “Бу нарса мўминга озор етказади. Аллоҳ мўминнинг озорланишини ёмон кўради”, - дейилган.

10. Ҳадис яна қуйидагиларни ифодалайди.

·        Ислом нафақат ақида ва ибодат, балки у ахлоқ ва муомала ҳамдир.

·        Ислом шариатида ярамас хулқлар ҳалок қилувчи гуноҳ саналади.

·        Аллоҳ таоло бандаларини ният ва амал деган нозик мезон асосида тортиб кўради ва шунга кўра ҳукм чиқаради.

·        Аллоҳдан қўрқув қалбда бўлади.

 


[1] Ўғирлаш учун олмагани - ҳазиллашгани, чўчитиш учун олиб қўйгани - жиддийлиги.

 


242 - وَعَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «لَا تَحَاسَدُوا، وَلَا تَنَاجَشُوا، وَلَا تَبَاغَضُوا، وَلَا تَدَابَرُوا، وَلَا يَبِعْ بَعْضُكُمْ عَلَى بَيْعِ بَعْضٍ، وَكُونُوا عِبَادَ اللهِ إِخْوَاناً. الْمُسْلِمُ أَخُو الْمُسْلِمِ: لَا يَظْلِمُهُ وَلَا يَخْذُلُهُ وَلَا يَحْقِرُهُ. التَّقْوَى هَاهُنَا - وَيُشِيرُ إِلَى صَدْرِهِ ثَلَاثَ مرَّاتٍ - بِحَسْبِ امْرِيءٍ مِنَ الشَّرِّ أَنْ يَحْقِرَ أَخَاهُ الْمُسْلِمَ، كُلُّ الْمُسْلِمِ عَلَى الْمُسْلِمِ حَرَامٌ: دَمُهُ وَمَالُهُ وَعِرْضُهُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [2564].

«النَّجَشُ» أَنْ يَزِيدَ فِي ثَمَنِ سِلْعَةٍ يُنَادَى عَلَيْهَا فِي السُّوقِ وَنحْوِهِ، وَلَا رَغْبَةَ لَهُ فِي شِرَائِهَا، بَلْ يقْصِدُ أَنْ يَغُرَّ غَيْرَهُ، وَهَذَا حَرَامٌ. «وَالتَّدَابُرُ»: أَنْ يُعْرِضَ عَنِ الإِنْسَانِ وَيَهْجُرَهُ وَيَجْعَلَهُ كَالشَّيءِ الَّذِي وَرَاءَ الظَّهْرِ وَالدُّبُرِ.

 

Улашиш
|
|
Нусха олиш

243. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бирингиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродарига ҳам раво кўрмагунича мўмин бўла олмайди», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Имом Нававий “Саҳиҳи Муслим” шарҳида ёзадилар: “Ўз замонида Мағрибда моликийлар имоми саналган Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абу Зайд бундай деган эди: “Барча хайрли одоблар ушбу тўрт ҳадис асосида таркиб топган:

1. “Аллоҳ ва Охират кунига иймон келтирган киши яхши нарсани гапирсин ёки сукут сақласин”;

2. “Кишининг ўзи учун муҳим бўлмаган нарсаларни тарк этиши унинг Исломининг гўзаллигидандир”;

3. “Ғазаб қилма!”;

4. “Сизларнинг бирингиз то ўзига яхши кўрган нарсани биродарига ҳам яхши кўрмагунига қадар иймонли бўлмайди”.

Эҳтимол, шунинг учун имоми Нававий мазкур тўрт ҳадисни “Арбаийн” сафига киритгандирлар.

Хурдоний ушбу ҳадисни Ислом асосларидан бири сифатида таъкидлаганлар.

 

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

 

1. Мусулмон жамиятнинг бирдамлиги ва ундаги ўзаро тинч-тотувлик.

Ислом ҳамиша инсонларнинг ўзаро дўст-аҳил яшашларини истайди. Ҳар бир шахс жамият манфаати ва саодати йўлида жон куйдирмоғи лозим. Ўшанда адолат қарор топади, кўнгиллар хотиржамлик туяди ва биродарлик ришталари мустаҳкамланиб, аҳиллик кучаяди. Бироқ ҳар бир шахс ўзи учун хоҳлаётган тинчлик, саодат ва бошқа яхши неъматларни биродарига ҳам чин дилдан тиламаса, бундай аҳил-иноқ жамият вужудга келмайди. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзи учун хоҳлаган яхшиликни биродарига ҳам соғинишни иймон таркибига киритдилар.

 

2. Комил иймон.

Аллоҳ таоло рубубиятини тан олиш ва фаришталарга, илоҳий китобларга, Пайғамбарларга, Охират кунига ҳамда қазо-қадарга иймон келтириш каби рукнларга эътиқод қилиш билан иймоннинг асли қарор топади. Иймоннинг асли собит бўлиши учун бундан бошқа нарсаларнинг ҳожати йўқ. Юқоридаги ҳадисда эса Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга қуйидаги ҳақиқатни баён қилиб бердилар: Киши худбинлик, ҳасад ва адовату нафрат каби иллатлардан холи бўлмас экан, унинг қалбида иймон мустаҳкам қарор топмайди. Комил иймон эгаси бўлмоқ учун инсон ўзига хоҳлаган соғлик, тинчлик, яхши ҳаёт кечириш, Аллоҳнинг розилигига эришишдек улуғ неъматларни биродарига ҳам соғинмоғи лозим.

Комил мусулмон табиатида қуйидаги олий сифатлар ўз ўрнини топади:

Ўзи учун хоҳлайдиган хайрли-ҳалол нарсаларни ва тоат-ибодат амалларини биродарига ҳам соғиниш. Ўзининг бошига тушишини истамаган ёмонлик ва маъсиятдан биродарларининг ҳам омон юришини тиламоқ. Муоз разияллоҳу анҳу дейдилар: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан энг афзал иймон ҳақида сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар: “Ўзинг учун яхши кўрган нарсани бошқа одамларга ҳам исташинг ва ўзингга хоҳламаган нарсани ўзгаларга ҳам хоҳламаслигинг!” (Аҳмад ривоятлари).

Биродарининг дини ва амалида бирон нуқсон кўрганда уни ўнглашга ҳаракат қилмоқ.

Ўзи учун бировлардан инсоф-адолат талаб қилганидек, биродарига нисбатан ҳам ҳамиша адолатли бўлиб, унинг ҳақ-ҳуқуқларини тўла адо этиш. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Кимда-ким дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилишини хоҳласа, Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган ҳолида дунёдан ўтсин ва ўзига нисбатан қандай муомалани яхши кўрса, одамларга ҳам шундай муомалада бўлсин”. (Муслим ривоятлари).

 

3. Мусулмондаги олийҳимматлик ва инсонийлик.

Комил иймон эгасининг яхшилик тилашию ёмонликдан сақланишни исташи нафақат мусулмонларга нисбатан бўлади. Балки у ғайридинларга ҳам яхшиликни, хусусан иймон яхшилигини тилайди. Кофир-фосиқ кимсанинг бузуқликлардан тийилиб, иймон неъматидан баҳраманд бўлишини истайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ўзингга яхши кўрган нарсани ўзгалар учун ҳам яхши кўр - мусулмон бўласан”. (Термизий ривоятлари).

Шу боис, кофирга ҳидоят тилаб дуо қилиш мустаҳаб саналади.

 

4. Хайрли амалларда биродарлар билан мусобақалашмоқ иймон камолидандир.

Ухровий фазилатларда бошқалардан ўзиб кетишга ҳаракат қилиш ва шу неъматни Парвардигордан сўраб илтижо қилиш айб ёхуд ҳасад дейилмайди. Аксинча, бу иймон комиллигининг аломатидандир. “Бас, мусобақалашувчи кишилар мана шу неъматлар йўлида мусобақалашсинлар”. (Мутаффифийн сураси, 26-оят).

 

5. Покиза ва фозил жамият иймон самарасидир.

Ҳадиси шарифда ҳар бир муслим ўз биродарига яхшилик соғинмоғи таъкидланган. Мазкур олий сифат мўминнинг чин иймон соҳиби ва чиройли мусулмон эканини билдиради. Сиз ўзингизга яхши кўрган хайрли нарсаларнинг бировларга ҳам бўлишини хоҳласангиз, сизга ҳам бошқалар худди шундай муносабатда бўла бошлайдилар. Пировардида, ўзаро аҳил-иноқ жамият вужудга келади. Бундай соғлом муҳитда ҳаёт ўз изига тушиб, зулм-адоват барҳам топади. Хусусан, ҳар бир шахс кўпчилик манфаатини ўйлаб ҳаракат қилса, эл-улус қувончини ўз бахтидек кўриб, унинг ғамидан оромини йўқотса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таърифлагандек ҳолат юзага келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мўминларни ўзаро меҳр-муҳаббатда бир танадек эканларини кўрасиз. Агар танада бирон аъзо касалланса, ундаги бошқа аъзолар бедорлик ва иситма билан унга ҳамдард бўлишади”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Мана шундай соф муҳитли жамият Аллоҳ таоло инояти ила иззату мукаррамликка етишади. Охиратда эса уларни ажру савоб ва хайрли мукофотлар қарши олади.

 

6. Иймонсиз жамият худбинлик ва ички низолар уясига айланади.

Қалблар иймондан холи бўлган кун ўзаро муҳаббат ҳам барҳам топади. Кўнгилларга ҳасад, худбинлик ва ёвузлик ин қуради. Одамлар икки оёқли бўриларга айланади. Ҳаёт издан чиқади. Зулм-зўравонлик тантана қилади. Ички адоватлар ва бир-бирини кўролмаслик одат тусига киради. Бундай тубан ҳолатга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримаси мос тушади: “Улар жонсиз ўликлардир. Ва улар қачон қайта тирилишларини ҳам сеза олмайдилар”. (Наҳл сураси, 21-оят).

 

7. Ҳадис яна қуйидагиларни ифодалайди.

Инсонларни ўзаро аҳил-иноқ қилиш билан улар аҳволини ўнглаш Ислом дини қаттиқ эътибор берадиган муҳим амаллар сирасидандир.

Ҳасад билан комил иймон ҳеч қачон бирлашмайди. Ҳасадчи ўзгаларнинг ундан ўзиб кетишини ёхуд тенглашишини асло истамайди. Бундай қалби касал кимсалар ўзлари етиша олмайдиган хайр-яхшиликнинг бошқаларга насиб этишини ёмон кўрадилар. Ҳасадчи бўлишдан Аллоҳнинг ўзи асрасин!

243 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى يُحِبَّ لأَخِيهِ مَا يُحِبُّ لِنَفْسِهِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 13، م 45].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

 244. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Золим ёки мазлум бўлсин, биродарингга ёрдам бер», деганларида, бир киши: «Эй Аллоҳнинг расули, мазлумга-ку ёрдам бераман, золимга қандай қилиб ёрдам берамандеди. Шунда у зот: «Зулмдан уни тўхтатсанг ёки манъ қилсанг, ана ўша ёрдамдир», дедилар.

Имом Бухорий ривояти.

 

Шарҳ: Баъзи кишилар зоҳирда золимларга ҳеч нарса бўлмай, ўйнаб-кулиб юрганларини кўрганда турли хаёлларга бориши мумкин. Баъзилар, фалончилар шунча золимлик қилса ҳам, уларга ҳеч нарса бўлмайди-я, Аллоҳнинг иқоби золимларга келадиган бўлса, ўшаларга келиши керак эди, каби фикрларни хаёлидан ўтказиши мумкин.

Аллоҳ таоло: «Сен ҳаргиз, Аллоҳ золимлар қилаётган нарсадан ғофил, деб гумон қилма. Фақатгина уларни кўзлар қотиб қоладиган кунгача қўйиб қўядир, холос. Улар бошларини кўтарган ҳолда югурурлар. Кўзлари ўзларига қайтмас. Кўнгиллари эса, бўм-бўш бўлур», деган.

Бу ояти карималар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиш билан бошланмоқда. У зотни Аллоҳ таолони ғофил деб гумон қилмасликка чорланмоқда. Албатта, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон Аллоҳ таоло ғофил деб гумон қилмайдилар. Лекин баъзи кишилар зоҳирда золимларга ҳеч нарса бўлмай, ўйнаб-кулиб юрганларини кўрганда турли хаёлларга бориши мумкин. Баъзилар, фалончилар шунча золимлик қилса ҳам, уларга ҳеч нарса бўлмайди-я, Аллоҳнинг иқоби золимларга келадиган бўлса, ўшаларга келиши керак эди, каби фикрларни хаёлидан ўтказиши мумкин. Ана шундай гумонларни рад қилиш учун Аллоҳ таоло: «Сен ҳаргиз, Аллоҳ золимлар қилаётган нарсадан ғофил, деб гумон қилма», демоқда.
Балки, У зот золимларнинг ҳамма қилаётган ишларини жуда ҳам яхши билади. У зотнинг фаришталари золимлар қилган ишларнинг заррачаси бўлса ҳам ёзиб, ҳисоб-китоб қилиб турибди. Золимларга гуноҳ қилган пайтдаёқ азоб келмаслиги Аллоҳ уларнинг амалидан ғофил қолганини англатмайди, балки атайлаб азобни ортга сурганини билдиради. «Фақатгина уларни кўзлар қотиб қоладиган кунгача қўйиб қўядир, холос».

«Кўзлар қотиб қоладиган кун» деганда қиёмат куни тушунилади. Ўша кундаги даҳшатдан, қўрқинчдан одамларнинг кўзлари қотиб, юмилмайдиган, қимирламайдиган бўлиб қолади.

Золимларга ўша куни азоб-уқубат келади. Бу дунёдаги заррача ёмонликлари учун ҳам жазо оладилар. Улар қиёмат кунининг даҳшатидан, у кунда бериладиган азобдан қўрқиб, қочишга жой топа олмаган қушчага ўхшаб типирчилаб қоладилар.

«Улар бошларини кўтарган ҳолда югурурлар».

Яқин атрофдан нажот йўқлигига ишонгач, бошларини кўтариб узоқларга қарайдилар ва тезроқ бирорта бошпана топиш мақсадида у ён-бу ён югурадилар. «Кўзлари ўзларига қайтмас».

Даҳшатдан қотиб қолган. Фақат атрофларидаги даҳшатли нарсалардан узилмайди. Ўзларига қайтмайди.

«Кўнгиллари эса, бўм-бўш бўлур».

Қўрқув туфайли бўм-бўш бўлиб қолган кўнгилларига бирон нарса сиғмайди.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зулм қиёмат кунининг зулматларидир», дедилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.

Араб тилида бирор нарсани ўз ўрнидан бошқа ерга қўйишга зулм дейилади. Истилоҳда эса бировга ноҳақдан ёмонлик қилиш зулм дейилади. Бировга унинг ўз айбига яраша таъзир бериш жазо ҳисобланади. Аммо ўша таъзирни ҳаддан ошириб юбориш зулм бўлади. Беайб одамга ёмонлик қилиш эса бошдан оёқ ҳаммаси зулм бўлади.

Исломда бировга зулм қилиш қаттиқ қораланади. Балки ушбу мавзуъ сарлавҳасида келганидек, зулм ёмонликларнинг энг каттаси ҳисобланади.
Исломда золимларга қарши қаттиқ чоралар кўрилади. Бу ҳадиси шарифда ҳам золимларнинг қиёмат кунга ҳолларидан бири ҳақида сўз кетмоқда. Бу дунёда золим бўлган одам у дунёда зулмотларда қолиши турган гап экан. Бу эса катта бахтсизликдир. Аллоҳ таоло Ўзи асрасин.

244 - وَعَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «انْصُرْ أَخَاكَ ظَالِماً أَوْ مَظْلُوماً» فَقَالَ رَجُلٌ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ أَنْصُرُهُ إِذَا كَانَ مَظلُوماً، أَرَأَيْتَ إِنْ كَانَ ظَالِماً كَيْفَ أَنْصُرُهُ؟! قَالَ: «تَحْجُزُهُ - أَوْ تَمْنَعُهُ - مِنَ الظُّلْمِ، فَإِنَّ ذَلِكَ نَصْرُهُ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ. [6952].


Улашиш
|
|
Нусха олиш
245. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи бештадир: саломга алик олиш, беморни кўргани бориш, жанозага қатнашиш, айтилган жойга бориш ва акса урганга ташмит қилиш (яъни, акса уриб «Алҳамдулиллаҳ», деса, «Ярҳамукаллоҳ», деб жавоб бериш)», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

 

Имом Муслимнинг ривоятларида қуйидагича келтирилади:

«Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи олтитадир. Уни учратганингда салом бергин. Сени таклиф қилса, боргин. Маслаҳат сўраса, маслаҳат қилгин. Акса уриб, Аллоҳга ҳамд айтса, ташмит айтгин. Бемор бўлиб қолса, кўргани боргин. Вафот этса, (жанозасига) қатнашгин».

 

 

Шарҳ:  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо яхши ва фойдали нарсаларга амр қилганлар.

1. «Саломга алик олиш».

Салом бериш суннат, алик олиш вожиб, дейилгани ҳам шу сабабдан. Чунки саломга алик олинмаса, орада адоват, уруш-жанжал ва мусулмонлар ўртасида турли келишмовчиликлар чиқади.

2. «Бемор кўриш».

Бу ҳам мусулмон кишининг дин қардоши олдидаги бурчи. Бу иш дуо ва яхши тилакларга сабаб бўлиши, савоб олишга восита бўлиши билан бирга, ўзаро муҳаббат ва ижтимоий алоқаларни мустаҳкамланишига ҳамда яна бошқа кўпгина яхшиликларга сабаб бўлади.

Демак, бемор бўлган мусулмоннинг бошқа мусулмонлар устидан ҳаққи бор. У ҳам бўлса, улар келиб беморни зиёрат қилиб, кўнгил сўраб, ҳаққига дуо қилиб кетишлари экан.

Ушбу ҳадиси шариф ҳукми бўйича бемор бўлган мусулмон ҳақида хабар эшитган бошқа мусулмонлар уни бориб кўришлари бемор олдида бурчлари ҳисобланар экан. Шунинг учун ҳам қайси бир дин қардошимизнинг бемор бўлганини эшитсак, уни кўргани боришга шошилишимиз керак. Ўша биродаримизнинг биздаги ҳаққини адо этмоғимиз уни бориб кўриб, кўнгил сўраб, ҳаққига дуо қилишимиз билан бўлади.

3. «Жанозага қатнашиш».

Яъни, биров ўлганда жанозасида қатнашиб, намозини ўқиб, дафнида иштирок қилиш. Бу иш билан инсон мусулмон биродарининг ўзида бўлган ҳаққини адо этади. Ўлим ўзига яраша оғир мусибат. Ўлган мусулмонни ҳурмат-эҳтиром билан жойига қўйиш тирик мусулмонларга фарзи кифоя. ҳар кимнинг бошида ҳам ўлим бор. Ким бошқа кишиларнинг ўлимида ҳурмат-эҳтиром кўрсатса, ўзи ҳам бошқалардан ҳурмат-эҳтиром кўради.

Шунингдек, ўлганнинг яқин кишилари, қариндош-уруғларининг ҳурмати, эътибори ҳам бор. Қайғули пайтда кўрсатилган одамгарчилик ижтимоий алоқаларни яхшиланишига сабаб ҳам бўлади. Қолаверса, жанозада иштирок этган инсон ўзи учун кўпгина ваъз-насиҳатлар, ибратлар олади. У ўлимни эслайди, ўзини ўнглаб юриш кераклигини ёдга олади.

4. «Чақириққа жавоб бериш».

Яъни, шариатга мувофиқ зиёфат, тўй ва маросимларга чақирилганда бориш. Бу ҳам ўзаро дўстлик, муҳаббат ва алоқаларни мустаҳкамланишига сабаб бўладиган иш.

5. «Акса урганга соғлик тилаш».

Бу ҳам мусулмонлик бурчи. Ўзаро алоқаларни яхшилаш омилларидан бири.

Ташмит – акса уриб Алҳамдулиллаҳ деб айтган кишига қарата «Йарҳамукаллоҳ» – «Аллоҳ сенга раҳм қилсин» дейиш. Бунда мусулмон одам айнан мазкур жумлани ишлатиши керак. «Соғ бўлинг», «Саломат бўлинг» ёки шунга ўхшаш бошқа иборалар унинг ўрнига ўтмайди.

Имом Муслимнинг ривоятларида бу бешта нарсага олтинчиси, яъни «Маслаҳат сўраса, маслаҳат қилгин» сўзи зиёда қилинган.

Насиҳат қилишнинг ҳам ўзига хос одоблари бор. Насиҳат қилиш одоблари ҳақида фикр юритишдан олдин, “насиҳат нима” деган саволга жавоб бериб ўтсак.

«Насиҳат» сўзи «самимий маслаҳат», «ўгит», «хайрихоҳлик»  деган маъноларни  англатади.

Бир инсоннинг бошқа инсонга холис ниятда маслаҳат бериши, уни ёмонликдан қайтариб, яхшиликка чорлаши насиҳат дейилади.
Ҳар бир инсон насиҳат сўраб келган кишига холис насиҳат бериши лозимдир. Зеро, насиҳат қилиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг биродаридаги ҳақларидан биридир.

 

245 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «حَقُّ الْمُسْلِمِ عَلَى الْمُسْلِمِ خَمْسٌ: رَدُّ السَّلَامِ، وَعِيَادَةُ الْمَرِيضِ، وَاتِّبَاعُ الْجَنَائِزِ، وَإِجَابَةُ الدَّعْوَةِ، وَتَشْمِيتُ العَاطِسِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 1240، م 2162].

 وَفِي رِوَايَةٍ لِمُسْلِمٍ: «حَقُّ الْمُسْلِمِ سِتٌّ: إِذَا لَقِيْتَهُ فَسَلِّمْ عَلَيْهِ، وَإِذَا دَعَاكَ فَأَجِبْهُ، وَإِذَا اسْتَنْصَحَكَ فَانْصَحْ لَهُ، وَإِذَا عَطَسَ فَحَمِدَ اللهَ فَشَمِّتْهُ. وَإِذَا مَرِضَ فَعُدْهُ، وَإِذَا مَاتَ فَاتَّبِعْهُ». [2162/5].

 

Улашиш
|
|
Нусха олиш

246. Абу Умора Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни етти нарсага буюриб, етти нарсадан қайтардилар: беморни бориб кўришга, жанозага қатнашишга, акса урганга соғлик тилашга, қасамни бажаришга, мазлумга ёрдам беришга, таклифни қабул қилишга ва саломни кенг ёйишга буюрдилар. У зот бизни тилла узуклардан ёки тилладан узук қилишдан, кумуш идишда ичишдан, туянинг маёсиридан, қассийдан, ипак, истаброқ ва дебож кийишдан қайтардилар».

Муттафақун алайҳ.

Бошқа бир ривоятда аввалги етти нарса қаторига «Йўқолган нарсани топганда билдириш» жумласи ҳам қўшилган.

Шарҳ: Маёсир – эгар устига тўшаладиган ипак тўшак;

Қассий – каноп ва ипакни аралаштириб тўқилган мато. Мисрдаги Қасс қишлоғига нисбат берилган;

Истаброқ – қалин ипак;

Дебож – юпқа ипак.

Баъзилар буларни тоза ипак эмас деб ўйлаб қолишлари мумкинлиги учун ҳадисда алоҳида‑алоҳида таъкидланмоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо яхши ва фойдали нарсаларга амр қилиб, ёмон ва зарарли нарсалардан қайтарганлар.

Ушбу ҳадиси шарифдаги амр қилинган нарсаларни ҳам, наҳйи қилинган нарсаларни ҳам бирма-бир ўрганиб чиқсак, ушбу ҳолатни кўрамиз. Аввало, амр қилинган нарсалар ривоят қилинади:

1. «Бемор кўриш».

Бу ҳам мусулмон кишининг дин қардоши олдидаги бурчи. Бу иш дуо ва яхши тилакларга сабаб бўлиши, савоб олишга восита бўлиши билан бирга, ўзаро муҳаббат ва ижтимоий алоқаларни мустаҳкамланишига ҳамда яна бошқа кўпгина яхшиликларга сабаб бўлади.

2. «Жанозага эргашиш».

Яъни, биров ўлганда жанозасида қатнашиб, намозини ўқиб, дафнида иштирок қилиш. Бу иш билан инсон мусулмон биродарининг ўзида бўлган ҳаққини адо этади. Ўлим ўзига яраша оғир мусибат. Ўлган мусулмонни ҳурмат-эҳтиром билан жойига қўйиш тирик мусулмонларга фарзи кифоя. ҳар кимнинг бошида ҳам ўлим бор. Ким бошқа кишиларнинг ўлимида ҳурмат-эҳтиром кўрсатса, ўзи ҳам бошқалардан ҳурмат-эҳтиром кўради.

Шунингдек, ўлганнинг яқин кишилари, қариндош-уруғларининг ҳурмати, эътибори ҳам бор. Қайғули пайтда кўрсатилган одамгарчилик ижтимоий алоқаларни яхшиланишига сабаб ҳам бўлади. Қолаверса, жанозада иштирок этган инсон ўзи учун кўпгина ваъз-насиҳатлар, ибратлар олади. У ўлимни эслайди, ўзини ўнглаб юриш кераклигини ёдга олади.

ҳозирги ўрганаётган фаслимиз эътиборидан биз учун ҳадиснинг айнан шу бўлими алоҳида эътиборга молик. Бошқа зикр қилинган нарсалар ўз фаслида келади.

3. «Акса урганга соғлик тилаш».

Бу ҳам мусулмонлик бурчи. Ўзаро алоқаларни яхшилаш омилларидан бири.

4. «Қасамни амалга ошириш».

Яъни, биров бир нарса хусусида қасам ичиб қўйган. Бошқа бир мусулмоннинг ўша қасамни амалга оширишда ёрдам беришига имкони бор. У қасам ичган одамга ёрдам бериши лозим.

5. «Мазлумга ёрдам бериш».

Зулм Ислом дини наздида мункар ва ҳаром иш. Ер юзида зулм қолмаслиги керак. Мусулмонлар доимо зулмга қарши курашмоқлари керак. Жумладан, мазлумга ёрдам бермоқлари лозим. ҳар ким имконига қараб, кимдир гап-сўз билан, кимдир амал билан мазлумдан зулмни кўтаришга уриниши керак.

6. «Чақириққа жавоб бериш».

Яъни, шариатга мувофиқ зиёфат, тўй ва маросимларга чақирилганда бориш. Бу ҳам ўзаро дўстлик, муҳаббат ва алоқаларни мустаҳкамланишига сабаб бўладиган иш.

7. «Саломга алик олиш».

Салом бериш суннат, алик олиш вожиб, дейилгани ҳам шу сабабдан. Чунки саломга алик олинмаса, орада адоват, уруш-жанжал ва мусулмонлар ўртасида турли келишмовчиликлар чиқади.

 

Энди қайтарилган нарсалар ҳақида:

1. «Тилла узук».

Мусулмон эркакларга тилло узук ва бошқа тақинчоқлар тақиш, ишлатиш ҳаром. Чунки бу нарсалар эркаклик хусусиятини йўқотишга, ортиқча фахр ва зебу зийнатга сабаб бўлади.

2. «Кумуш идишлар».

Эркак бўлсин, аёл бўлсин, мусулмон одамга кумуш идиш ишлатиш ҳаром. Тилло идиш эса, ҳаромлиги турган гап. Чунки бу нарсаларни таом учун ишлатишда ортиқча зеб-зийнат, фахр, бошқаларнинг кўнглини синдириш каби кўпгина Ислом дини қарши бўлган омиллар бор.

3-4-5-6-7. Ипак, дебож – юпқа ипак, қассий – ёмон ипак, истаброқ – қалин ипак ва ипак тўқима».

Бу нарсалар ҳам мусулмон эркакларга ҳаром. 

 

246 - وَعَنْ أَبي عُمَارَةَ الْبَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: أَمَرَنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ بِسَبْعٍ، وَنَهَانَا بِسَبْعٍ: أَمَرَنَا بِعِيَادَةِ الْمَرِيضِ، وَاتِّبَاعِ الْجَنَازَةِ، وَتَشْمِيتِ الْعَاطِسِ، وَإِبْرَارِ الْمُقْسِمِ، وَنَصْرِ الْمَظْلُومِ، وَإِجَابَةِ الدَّاعِي، وَإِفْشَاءِ السَّلَامِ، وَنَهَانَا عَنْ خَوَاتِيمَ أَوْ تَختُّمٍ بالذَّهَبِ، وَعَنْ شُرْبٍ بِالفِضَّةِ، وَعَنِ الْمَيَاثِرِ الحُمْرِ، وَعَنِ الْقَسِّيِّ، وَعَنْ لُبْسِ الحَرِيرِ وَالإِسْتَبْرَقِ وَالدِّيبَاجِ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 5635، م 2066].

وَفِي رِوَايَةٍ: وَإِنْشَادِ الضَّالَّةِ فِي السَّبْعِ الأُوَلِ.

وَ«الْمَيَاثِرِ» بيَاءٍ مُثَنَّاةٍ مِنْ تَحْتُ قبْلَ الأَلِفِ، وَثَاءٍ مُثَلَّثَةٍ بَعْدَهَا، وَهِيَ: جَمْعُ مِيْثَرَةٍ، وَهِيَ: شَيْءٌ يُتَّخَذُ مِنْ حَرِيرٍ، وَيُحْشَى قُطْناً أَوْ غَيْرَهُ، وَيُجْعَلُ فِي السَّرْجِ وَكُورِ الْبَعِيرِ يَجْلِسُ عَلَيْهِ الرَّاكِبُ «وَالقَسِيُّ» بِفَتْحِ القَافِ وَكَسْرِ السِّيْنِ الْمُهْمَلَةِ الْمُشَدَّدَةِ: وَهِيَ: ثِيَابٌ تُنْسَجُ مِنْ حَرِيرٍ وَكَتَّانٍ مُخْتَلِطَيْنِ. «وَإِنْشَادُ الضَّالَّةِ»: تَعْرِيفُهَا.


Улашиш
|
|
Нусха олиш