235-ҳадис
235. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз одамларга намоз ўқиб берса, енгил қилсин. Чунки уларнинг орасида заиф, касал ва кексалар бор. Бирортангиз ўзи намоз ўқиганида эса хоҳлаганича чўзаверсин», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Бошқа бир ривоятда «Уларнинг ичида ҳожатмандлари бордир» бўлиб келган.

 

Шарҳ: Демак, имом одамларга малол келадиган даражада намозни чўзиб юбормаслиги керак. Имом намозни чўзиб юборгани учун жамоатга боришни тарк қилган кишини эшитиб, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ундан эмас, имомдан қаттиқ аччиқлари чиққанлари бошқа ҳадисларда келтирилган.

Имом намозга ўтар экан, қавм ичидаги энг заиф, ёши катта, бемор ва шошилиб турган кишиларга ҳам аҳамият бериши керак. Намозни енгил ўқиш керак. Аммо бу енгиллик намознинг амалларини чала қилиш ҳисобига бўлмаслиги керак.

Ушбу маъноларни имомликка ўтувчи ҳар бир киши доимо ёдида тутмоғи лозим.

Киши ёлғиз ўзи намоз ўқиганида уни хоҳлаганича чўзиши мумкин. Шунингдек, маълум кишиларга имомлик қилса, улар намознинг узун бўлишига рози эканликларини билса, шунда намозни чўзиб ўқиш жоиз.

 

235 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا صَلَّى أَحَدُكُمْ للنَّاسِ فَلْيُخَفِّفْ؛ فَإِنَّ فِيهِمُ الضَّعِيفَ وَالسَّقِيمَ وَالْكَبِيرَ، وَإِذَا صَلَّى أَحَدُكُمْ لِنَفْسِهِ فَلْيُطَوِّلْ مَا شَاءَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 703، م 467].

وَفِي رِوَايَةٍ: «وَذَا الْحَاجَةِ». [خ 702، م 467/185].


Улашиш
|
|
Нусха олиш