238. Абу Қатода Ҳорис ибн Рибъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен намозни узун ўқимоқчи бўлиб тураман-да, кейин гўдак йиғисини эшитиб, онасига машаққат туғдириб қўйгим келмай, намозимни енгил қиламан», дедилар».
Имом Бухорий ривояти.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда имом намозни енгил ўқиши зарур эканлиги ҳақида сўз бормоқда. У ҳам бўлса, намоз ўқиётган оналарнинг болалари йиғлаб қолиб, уларнинг намозига путур етиши, болалари қийналишидир. Бунда Исломнинг оналар ва болалар ҳаққини нақадар улуғлаши кўриниб турибди.
Умуман олганда, намозни пухта ва енгил ўқиш муҳим эканлиги маълум. Бу ҳақда биз ўрганган ҳадислардан бошқа ҳадислар ҳам кўп. Улардан битта мисол келтирайлик:
«Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозни ўқиб бўлиб, сўнгра ўз қавми, Бани Саламага бориб имомлик қилар эди. Бир кеча уларга хуфтонга имомликка ўтиб Бақара сурасини ўқиди. ҳазм ибн Убай ибн Каъб намоздан чиқиб кетди. Буни Муоз розияллоҳу анҳуга айтганларида, уни мунофиқ, деб атади.
Бу хабар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга етди. У зот Муозга «Сен фитначимисан!» деб уч марта айтдилар ва унга «Вас-самааи ват-ториқи», «Ваш-шамси», «Ваз-зуҳа» ёки «Саббиҳисма Роббика» ва «ҳал атака»ни ўқишни буюрдилар».
238 - وَعَنْ أَبِي قَتَادَةَ الْحَارِثِ بْنِ رِبْعِي رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إِنِّي لأَقُومُ إِلَى الصَّلَاةِ، وَأُرِيدُ أَنْ أُطَوِّلَ فِيهَا، فَأَسْمَعُ بُكَاءَ الصَّبِيِّ، فَأَتَجَوَّزُ فِي صَلَاتِي كَرَاهِيَةَ أَنْ أَشُقَّ عَلَى أُمِّهِ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ. [707].