240. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди, уни ташлаб ҳам қўймайди. Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким мусулмондан бир ташвишни аритса, Аллоҳ ундан қиёмат кунининг ташвишларидан бирини аритади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ қиёмат кунида унинг айбини беркитади», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда кишиларга зулм қилишни ҳаромлигини баён қилиш билан бирга бир қанча қилиниши лозим ишларни ва уларга бериладиган укофотларни ҳам зикр қилинган.
1- Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. У унга зулм ҳам қилмайди ва ташлаб ҳам қўймайди.
Мусулмонга зулм қилиш ҳаромдир. Мусулмон одам бошқа бир мусулмонга зулм қилса ўз биродарига зулм қилган бўлади. Зеро мусулмон мусулмонга нафақат зулм қилмаслиги, балки уни ёрдамсиз ташлаб қўймаслиги ҳам лозим. У баъзи бир сабабларга кўра зулмга учраганда ҳам биродари ундан зулмни кўтаришга ҳаракат қилмоғи керак.
2- Ким ўз биродарининг ҳожатини чиқарса, Аллоҳ унинг ҳожатини чиқаради. Мусулмон шахс зулм бўлмаган чоғида ҳам бировларнинг ҳожатини чиқаришга ҳаракат қилади. Чунки унинг эътиқоди бўйича бировларнинг ҳожатини чиқарган одамнинг ҳожатини Аллоҳ таолонинг Ўзи чиқаради.
3- Ким бир мусулмонни ғамдан фориғ қилса, Аллоҳ ундан қиёмат кунининг ғамларидан бир ғамни фориғ қилади.
Мусулмон одам ўзининг мусулмон биродаридан турли ғамларни аритиш учун иложи борича ҳаракат қилади. Чунки унинг эътиқоди бўйича бировларнинг ғамини аритган одамнинг ғамини Аллоҳ таолонинг Ўзи аритади.
4- Ким мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ қиёмат куни унинг айбини беркитади. Мусулмон одам ўзининг мусулмон биродарининг турли айбларни беркитиш учун иложи борича ҳаракат қилади. Чунки унинг эътиқоди бўйича бировларнинг айбини беркитган одамнинг айбини Аллоҳ таолонинг Ўзи беркитади.
240 - وَعَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الْمُسْلِمُ أَخُو المُسْلِمِ؛ لَا يَظْلِمُهُ وَلَا يُسْلِمُهُ، مَنْ كَانَ فِي حَاجَةِ أَخِيْهِ كَانَ اللهُ فِي حَاجَتِهِ، وَمَنْ فَرَّجَ عَنْ مُسْلِمٍ كُرْبَةً فَرَّجَ اللهُ عَنْهُ بِهَا كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ يَوْمِ الْقِيامَةِ، وَمَنْ سَتَرَ مُسْلِماً سَتَرهُ اللهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 2442، م 2580].