244. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Золим ёки мазлум бўлсин, биродарингга ёрдам бер», деганларида, бир киши: «Эй Аллоҳнинг расули, мазлумга-ку ёрдам бераман, золимга қандай қилиб ёрдам бераман?» деди. Шунда у зот: «Зулмдан уни тўхтатсанг ёки манъ қилсанг, ана ўша ёрдамдир», дедилар.
Имом Бухорий ривояти.
Шарҳ: Баъзи кишилар зоҳирда золимларга ҳеч нарса бўлмай, ўйнаб-кулиб юрганларини кўрганда турли хаёлларга бориши мумкин. Баъзилар, фалончилар шунча золимлик қилса ҳам, уларга ҳеч нарса бўлмайди-я, Аллоҳнинг иқоби золимларга келадиган бўлса, ўшаларга келиши керак эди, каби фикрларни хаёлидан ўтказиши мумкин.
Аллоҳ таоло: «Сен ҳаргиз, Аллоҳ золимлар қилаётган нарсадан ғофил, деб гумон қилма. Фақатгина уларни кўзлар қотиб қоладиган кунгача қўйиб қўядир, холос. Улар бошларини кўтарган ҳолда югурурлар. Кўзлари ўзларига қайтмас. Кўнгиллари эса, бўм-бўш бўлур», деган.
Бу ояти карималар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиш билан бошланмоқда. У зотни Аллоҳ таолони ғофил деб гумон қилмасликка чорланмоқда. Албатта, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон Аллоҳ таоло ғофил деб гумон қилмайдилар. Лекин баъзи кишилар зоҳирда золимларга ҳеч нарса бўлмай, ўйнаб-кулиб юрганларини кўрганда турли хаёлларга бориши мумкин. Баъзилар, фалончилар шунча золимлик қилса ҳам, уларга ҳеч нарса бўлмайди-я, Аллоҳнинг иқоби золимларга келадиган бўлса, ўшаларга келиши керак эди, каби фикрларни хаёлидан ўтказиши мумкин. Ана шундай гумонларни рад қилиш учун Аллоҳ таоло: «Сен ҳаргиз, Аллоҳ золимлар қилаётган нарсадан ғофил, деб гумон қилма», демоқда.
Балки, У зот золимларнинг ҳамма қилаётган ишларини жуда ҳам яхши билади. У зотнинг фаришталари золимлар қилган ишларнинг заррачаси бўлса ҳам ёзиб, ҳисоб-китоб қилиб турибди. Золимларга гуноҳ қилган пайтдаёқ азоб келмаслиги Аллоҳ уларнинг амалидан ғофил қолганини англатмайди, балки атайлаб азобни ортга сурганини билдиради. «Фақатгина уларни кўзлар қотиб қоладиган кунгача қўйиб қўядир, холос».
«Кўзлар қотиб қоладиган кун» деганда қиёмат куни тушунилади. Ўша кундаги даҳшатдан, қўрқинчдан одамларнинг кўзлари қотиб, юмилмайдиган, қимирламайдиган бўлиб қолади.
Золимларга ўша куни азоб-уқубат келади. Бу дунёдаги заррача ёмонликлари учун ҳам жазо оладилар. Улар қиёмат кунининг даҳшатидан, у кунда бериладиган азобдан қўрқиб, қочишга жой топа олмаган қушчага ўхшаб типирчилаб қоладилар.
«Улар бошларини кўтарган ҳолда югурурлар».
Яқин атрофдан нажот йўқлигига ишонгач, бошларини кўтариб узоқларга қарайдилар ва тезроқ бирорта бошпана топиш мақсадида у ён-бу ён югурадилар. «Кўзлари ўзларига қайтмас».
Даҳшатдан қотиб қолган. Фақат атрофларидаги даҳшатли нарсалардан узилмайди. Ўзларига қайтмайди.
«Кўнгиллари эса, бўм-бўш бўлур».
Қўрқув туфайли бўм-бўш бўлиб қолган кўнгилларига бирон нарса сиғмайди.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зулм қиёмат кунининг зулматларидир», дедилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Араб тилида бирор нарсани ўз ўрнидан бошқа ерга қўйишга зулм дейилади. Истилоҳда эса бировга ноҳақдан ёмонлик қилиш зулм дейилади. Бировга унинг ўз айбига яраша таъзир бериш жазо ҳисобланади. Аммо ўша таъзирни ҳаддан ошириб юбориш зулм бўлади. Беайб одамга ёмонлик қилиш эса бошдан оёқ ҳаммаси зулм бўлади.
Исломда бировга зулм қилиш қаттиқ қораланади. Балки ушбу мавзуъ сарлавҳасида келганидек, зулм ёмонликларнинг энг каттаси ҳисобланади.
Исломда золимларга қарши қаттиқ чоралар кўрилади. Бу ҳадиси шарифда ҳам золимларнинг қиёмат кунга ҳолларидан бири ҳақида сўз кетмоқда. Бу дунёда золим бўлган одам у дунёда зулмотларда қолиши турган гап экан. Бу эса катта бахтсизликдир. Аллоҳ таоло Ўзи асрасин.
244 - وَعَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «انْصُرْ أَخَاكَ ظَالِماً أَوْ مَظْلُوماً» فَقَالَ رَجُلٌ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ أَنْصُرُهُ إِذَا كَانَ مَظلُوماً، أَرَأَيْتَ إِنْ كَانَ ظَالِماً كَيْفَ أَنْصُرُهُ؟! قَالَ: «تَحْجُزُهُ - أَوْ تَمْنَعُهُ - مِنَ الظُّلْمِ، فَإِنَّ ذَلِكَ نَصْرُهُ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ. [6952].