36. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қабр олдида йиғлаётган бир аёлнинг ёнидан ўтиб қолиб: «Аллоҳга тақво қил ва сабр эт», дедилар. Аёл у зотни танимай: «Бор, мендан нари тур! Менинг мусибатим сенга етмаган-да!» деди. Шунда унга: «Бу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам‑ку!» дейилди. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшиклари олдига келди, бироқ у зотнинг ҳузурларида эшик оғаларини топмади. Сўнг: «Мен сизни танимабман», деди. Шунда у зот: «Албатта, сабр биринчи зарбададир», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Муслимнинг ривоятларида: «У хотин бир гўдак боласига йиғлаётган эди», деб келтирилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Йиғлаётган мусибатзадаларни Аллоҳдан қўрқишга ва сабр қилишга чақириш кераклиги.
2. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг камтарликлари. Аёл у кишига нисбатан қўполлик қилса ҳам ҳеч нарса демаганлар.
3. Улуғларни танимай беодоблик қилиб қўйганларга хатоларини тушунтириб қўйиш кераклиги.
4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг содда ҳаёт кечирганлари, ҳатто эшиклари олдида эшик оғаси ҳам бўлмагани.
5. Сабрни мусибат етган биринчи лаҳзадан бошлаб қилиш кераклиги. Сабрсизликни, тоқатсизликни қилиб олиб, кейин сабрга ўтдим, дейиш сабр ҳисобланмайди. Аллоҳ ирода қилган сабр мусибат етиши билан сабр қилиш, рози ва таслим бўлишдир. Ана ўшандоқ қилганлар Аллоҳнинг розилиги, улкан савоблар ва олий даражаларга эришадилар.
36 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: مَرَّ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ بِامْرَأَةٍ تَبْكِي عِنْدَ قَبْرٍ فَقَالَ: «اتَّقِي اللهَ وَاصْبِرِي» فَقَالَتْ: إِلَيْكَ عَنِّي، فَإِنَّكَ لَمْ تُصَبْ بِمُصِيبَتِي!! وَلَمْ تَعْرِفْهُ، فَقِيلَ لَهَا: إِنَّهُ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، فَأَتَتْ بَابَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، فَلَمْ تَجِدْ عِنْدَهُ بَوَّابِينَ، فَقَالَتْ: لَمْ أَعْرِفْكَ، فَقَالَ: «إِنَّمَا الصَّبْرُ عِنْدَ الصَّدْمَةِ الأُولَى» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 1283، م 926/15].
وَفِي رِوَايَةٍ لِمُسْلِمٍ: «تَبْكِي عَلَى صَبِيٍّ لَهَا». [م 926/15].