39-ҳадис

39. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, Аллоҳ: «Бандамни икки суюклиси билан синовга солсам-у, у сабр қилса, икковининг эвазига унга жаннат бераман», дейди», деяётганларини эшитдим. У зот (икки суюлидан) икки кўзни назарда тутган эдилар».

Имом Бухорий ривоятлари. [5653].

 

Шарҳ: Сабр ­– балога шукр қилиб, Аллоҳнинг қазои қадарига рози бўлишдир. Аллоҳ таоло бир бандани кўзини кўр қилиб, балога гирифтор қилиши ундан ғазабланганига белги эмас. Балки кўзи очиқ бўлса, бирор муаммога дуч бўлишини олди олиниши учун ёки олдинги гуноҳлари каффорот бўлиши учун ёки амали билан етиша олмайдиган ажрни қўлга киритиш учун балога дучор қилади.

Ҳофиз Абу Яъло Мусилий Анас ибн Моликдан ривоят қиладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар. Аллоҳ таоло: «Агар бандамни икки суюклисини олсам, яъни икки кўзини кўр қилсам, унга жаннатдан бошқа нарсага рози бўлмайман», деган. Шунда мен: «Эй Аллоҳнинг расули, агар битта кўзини бўлсачи?» десам, у зот: «Гарчи битта бўлса ҳам», дедилар.

Ибн Ҳиббон саҳиҳларида Ирбоз ибн Сориядан ривоят қиладилар:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббиларидан ривоят қиладилар: Аллоҳ: «Агар бандамдан қизғонадиган икки суюклисини тортиб олсам, агар у (шу ҳолида ҳам) Менга ҳамд айтса, унинг учун жаннатдан бошқа савобга рози бўлмайман.

Улуғ зотлардан кўзи ожиз бўлиб қолганлар рўйхати:

Шуъайб алайҳиссалом, Яъқуб алайҳиссалом, Аббос ибн Абдулмутталиб, ўғиллари Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдулмуттолиб ибн Ҳошим, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс, Абдуллоҳ ибн Умар. Абдуллоҳ ибн Умар таҳоратда кўзни ичига сув олавергач кўзлари кўр бўлиб қолган. Абу Бакр Сиддиқнинг оталари Абу Қуҳофа, Абу Суфён ибн Ҳорис, Абдуллоҳ ибн Арқам, Амр ибн Умму Мактум, Каъб ибн Молик, Ҳассон ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Абу Авфо, Мутъим ибн Адий, Жубайр ибн Мутъим, Қатода ибн Нўъмон, Абу Суфён ибн Сохр ибн Ҳарб, Ақил ибн Абу Толиб, Абу Асийд ас-Соъидий, Муғийра ибн Миқсам, Муғийра ибн Шўъба, Саъд ибн Абу Ваққос, Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг фарзанди Алий ибн Зайд, Абу Ҳилол ар-Росибий, Алий ибн Муҳриз, Аҳнаф ибн Қайс, Ашъас ибн Қайс, Саъд ибн Усмон ибн Аффон, Утба ибн Суфён, Толҳа ат-Толаҳат, Қобийса ибн Зуайб ва яна бир қанча забардаст уламолар ва умматни кўзга кўринган кишилари. Биз ҳозир тасалли бўлиши учун улардан баъзиларини зикр қилдик холос.

Абдуллоҳ ибн Зайд хурмо устидалиги пайтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўлимлари хабари етди. Шунда у киши: «Аллоҳим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қараган икки кўзимни олгин», деб дуо қилган эди, у кишининг кўзи кўр бўлиб қолди.

Абу Муовия ал-Асваднинг кўзи кўр бўлиб қолган эди, у киши: «Эй Робб! Қуръонга назар солиб ўқишга нисбатан муҳаббатимни биласан, у билан менинг ўртамни тўсиб қўйдинг», деб айтди. У киши қачон Қуръонни қўлига олса, кўзи кўрар, агар қўлдан қўйса, яна аввалги ҳолатига қайтиб қолар эди.

Обид Шурайҳ айтди. Кўзим кўр бўлиб қолди. Тушимда бир киши келиб: «Қуръондаги таҳлилларни санаб, у билан дуо қил, албатта Аллоҳ кўзингни қайтиб беради», деди. Мен ана шундай қилдим. Аллоҳ таоло менга кўзимни қайтариб берди. Шунда бир киши: «Бунинг учун Аллоҳга истихора қилдингми?» деган эди, мен: «Йўқ», деб айтдим. У: «Аллоҳга истихора қилиб кўр», деди. Мен истихора қилган эдим, кўзим кўр бўлиб қолди.

39 - وعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «إنَّ اللهَ عَزَّ وَجَلَّ قَالَ: إِذَا ابْتَلَيْتُ عَبْدِي بِحَبِيبَتَيْهِ فَصَبَرَ، عَوَّضْتُهُ مِنْهُمَا الْجنَّةَ» يُرِيدُ عَينَيْهِ، رَوَاهُ البُخَارِيُّ [5653].


Улашиш
|
|
Нусха олиш