43-ҳадис

43. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирдим, у зот иситмалаётган эканлар. «Эй Аллоҳнинг Расули, сизни жуда қаттиқ иситма тутади‑да», дедим. У зот: «Ҳа, мени сизлардан икки кишини тутганчалик иситма тутади», дедилар. «Бу сизга икки ҳисса ажр бўлиши учундир-да?» дедим. У зот: «Ҳа, худди шундай. Ҳеч бир мусулмон йўқки, унга бирор озор, тикан ва ундан каттароқ нарса етганда Аллоҳ шу туфайли унинг ёмонликларини худди дарахт баргларини тўкканидек ўчирмаса», дедилар».

Муттафақун алайҳ. [Бухорий,6929. Муслим,1792]

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг беморликни қандоқ бошларидан ўтказишлари ўз кўзлари билан кўрган саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу томонларидан ривоят қилинмоқда. Худди шу ҳадиси шарифга ишора қилиб илмли кишилар бемор бўлиб қолсалар, гуноҳларимиз кўпайиб қолгандир, ажаб эмас, шу хасталик ила ювилиб кетса, дейдилар. Ҳа, беморликни ҳам Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларига гуноҳларни ювиш учун қулай фурсат қилиб берган. Фақатгина улар бу қулай фурсатдан тўғри фойдалана билишлари керак. Бунинг учун эса, бемор бўлганларида сабр қилиб, беморлик одобларини ўрнига қўймоқлари лозим. Бу ишда уларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрнакдирлар. Бошқаларга нисбатан беморликни икки ҳисса оғир кечирсалар ҳам сабр қилиб, Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор ҳолда беморликни кечирганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мақомлари улуғ бўлганидан ҳам у зотга дарднинг шиддатлиси келар эди. Бирор мусулмон банда хасталикка чалинса, нима учун ҳадеб бемор бўлаверар эканман, бошқалар соппа-соғ юрибди-ку, қабилидаги гап-сўзларга бормай Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг беморликка учрашларини кўз олдига келтирмоғи лозим. Беморликка учраш Аллоҳ таолонинг азобига учраш дегани эмас экан, балки, баъзи вақтларда, хусусан, мўмин-мусулмон, тақводор одамлар учун беморлик даражаларининг кўтарилиши учун хизмат қилиши ҳам мумкин экан.


43 - وَعَنْ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: دَخَلْتُ عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ وَهُوَ يُوعَكُ فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ إِنَّكَ تُوعَكُ وَعْكًا شَدِيدًا!! قَالَ: «أَجَلْ إِنِّي أُوعَكُ كَمَا يُوعَكُ رَجُلَانِ مِنْكُمْ» قُلْتُ: ذَلِكَ أَنَّ لَكَ أَجْرَيْنِ؟! قَالَ: «أَجَلْ، ذَلِكَ كَذَلِكَ، مَا مِنْ مُسْلِمٍ يُصِيبُهُ أَذًى، شَوْكَةٌ فَمَا فَوْقَهَا إلَّا كَفَّرَ اللهُ بِهَا سَيِّئَاتِهِ، (وَحُطَّتْ عَنْهُ ذُنُوبُهُ) كَمَا تَحُطُّ الشَّجَرَةُ وَرَقَهَا» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 5648، م 2571].

وَ«الْوَعْكُ»: مَغْثُ الحُمَّى، وَقِيلَ: الْحُمَّى.

 

Улашиш
|
|
Нусха олиш