45. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
«Ҳеч бирингиз ўзига етган зарар туфайли ўлимни орзу қилмасин. Агар иложи бўлмаса, «Аллоҳим! Мен учун тириклик яхши бўлса, мени тирик қўй. Қачон мен учун ўлим яхши бўлса, мени вафот эттир», десин».
Муттафақун алайҳ. [Б, 5671. М, 2680]
Шарҳ: Аллоҳ таоло ҳаётни инсонга яшаш учун берган. Инсон бу дунёда яхши-ёмонга чидаб, ўзига берилган ҳаётни муносиб яшаб ўтказмоғи лозим. Кимки ўзига етган баъзи қийинчилик ва зарарларга чидай олмай, ўзига ўзи ўлим тиласа, Аллоҳнинг қадарига қарши чиқиш, Аллоҳнинг иродасига эътироз қилиш бўлади. Бу иш эса, мўмин киши учун мутлақо мумкин эмас.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини ўзига ўзи ўлим тилашдан наҳйи қилганлар.
Баъзи кишилар жуда ҳам ночор ҳолга тушиб қолган тақдирларида ҳам бу ишни Аллоҳ таолонинг ўзига ҳавола қилишлари, нима яхшилик бўлса ўшани сўрашлари тавсия қилинмоқда. Мўмин киши доимо яхшилик тарафдори бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолодан ўлим яхши бўлса ўлимни, ҳаёт яхши бўлса, ҳаётни беришини тилайди.
Нима учун ўлим тилаш мумкин эмаслигининг ҳикмати Имом Бухорий ривоятларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари томонидан баён қилинмоқда:
«Бирортангиз ўлимни орзу қилмасин. Агар яхшилардан бўлса, шояд (амали) зиёда бўлса. Агар ёмонлардан бўлса, шояд қайтса».
Мўмин киши ўзига ўзи ўлим тиламасин, чунки у яхши одам бўлса, ўлмасдан ҳаётда бардавом бўлиб турса, яхшиликлари кўпайиб, охиратга тўплайдиган заҳиралари кўп бўлади. Агар Аллоҳ кўрсатмасин, ёмон одам бўлса, тирик қолиши унга тавба қилиш фурсатини, яхшилар қаторига қўшилиш фурсатини берган бўлади. Демак, ҳаётда бардавом бўлишда мўмин учун фақат яхшилик бор. ҳатто, ўша ўзи нолиётган зарарга сабр қилиши ҳам кўплаб ажр-савобларга эга бўлишига сабаб бўлади.
45 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «لَا يَتَمَنَيَنَّ أَحَدُكُمُ الْمَوْتَ لِضُرٍّ أَصَابَهُ، فَإِنْ كَانَ لَا بُدَّ فَاعِلًا فَلْيَقُلِ: اللَّهُمَّ؛ أَحْيِنِي مَا كَانَتِ الْحَيَاةُ خَيْرًا لِي، وَتَوَفَّنِي إِذَا كَانَتِ الْوَفَاةُ خَيْرًا لِي» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 5671، م 2680].