58. Абу Иброҳим Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (душманга) дуч келган кунларининг бирида қуёш заволдан оққунича кутиб турган эдилар. Кейин одамлар орасида туриб: «Ҳой одамлар! Душманга дуч келишни орзу қилманглар! Аллоҳдан офият сўранглар! Агар уларга дуч келсангиз, сабр қилинглар! Билингларки, жаннат қиличлар сояси остидадир!» дедилар. Сўнгра: «Аллоҳим, Китобни нозил қилувчи, булутларни юргизувчи, гуруҳларни мағлуб қилувчи Зот! Уларни мағлуб эт, бизга уларнинг устидан нусрат бер!» дедилар».
Муттафақун алайҳ. [Б, 2966-2965. М, 1742]
Аллоҳ тавфиқ берсин, У билан ёрдам олинур.
Шарҳ: «Жаннат қиличлар сояси остидадир», деганда, Аллоҳнинг савоби ва жаннатга етказилишига сабаб бўлувчи нарса Аллоҳ йўлида қиличлар билан уришишдадир. Сизлар унда сидқидилдан иштирок этиб, собитқадам бўлинглар, деган маънодадир.
Ҳар бир тилда ўзига яраша киноя, қочирим, ўхшатиш каби услублар ишлатилади. Араб тилида бу нарсалар жуда ривожланган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари араб тилининг энг юқори чўққисида бўлгани учун мазкур нарсалар ҳам керагича У зотнинг сўзларига кирган. Буни араб тилида мажоз, дейилади. Баъзи ҳадисларни тушуниш учун мажоздан ҳақиқатни ажрата билиш лозим бўлади.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз завжаи мутаҳҳараларига:
«Менинг ортимдан энг тез етадиганингиз – қўли узунингиз», деганлар. Яъни, бу қўли узунингиз мендан кейин биринчи вафот этиб, у дунёда менга энг тез қўшиладиганингиз, деганлари. Ушбу ҳадисдаги мажозни ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари – оналаримизнинг ўзлари ҳам тўғри тушунишмаган. Улар бу шарафга қай биримиз ноил бўлар эканмиз, деб қўлларини узунлигини ўлчаб кўрганлар. Сирни эса воқеълик кашф этган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин биринчи бўлиб Зайнаб бинти Жаҳш онамиз вафот этганлар. У зот розияллоҳу анҳо ҳунарманд аёл бўлиб, қўл меҳнати билан топганларидан тез-тез садақа қилар эдилар. Демак, ҳадисдаги қўлнинг узунлигидан мурод – садақани кўп қилиш экан.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом Насаийлар Жаҳима розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда ёрдамга муҳтож онасини қўйиб, жиҳодга рухсат сўраб келган йигитга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сен у(она)ни лозим тут, жаннат унинг қадами остидадир», деганлар.
Албатта, жаннат ўша йигитнинг онаси қадами остида эмас. Балки гап онасининг қадамини ўпиб бўлса ҳам хизматини қилиб, розилигини олган киши жаннатга сазовор бўлиши ҳақида кетмоқда.
Ҳадисларда мажоз ишлатилишига яна бир мисол: Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абдуллоҳ ибн Абу Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Билингларки, албатта жаннат қиличлар сояси остидадир», деганлар. Бу тақводор бандалар учун Аллоҳ таоло томонидан у дунёда тайёрлаб қўйилган жаннат қиличнинг соясига жой, дегани эмас, албатта. Балки қилич кўтариб Аллоҳ йўлида жиҳод қилган одам жаннатга киради, деганидир. Чунки ўша вақтларда қилич жиҳоднинг рамзи бўлган.
58 - وَعَنْ أَبي إِبْرَاهِيمَ عَبْدِ اللهِ بْنِ أَبِي أَوْفَى رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فِي بَعْضِ أَيَّامِهِ الَّتِي لَقِيَ فِيهَا الْعَدُوَّ انْتَظَرَ حَتَّى إِذَا مَالَتِ الشَّمْسُ قَامَ فِيهِمْ فَقَالَ: «يَا أَيُّهَا النَّاسُ لَا تَتَمَنَّوا لِقَاءَ الْعَدُوِّ، وَاسْأَلُوا اللهَ العَافِيَةَ، فَإِذَا لَقِيتُمُوهُمْ فَاصْبِرُوا، وَاعْلَمُوا أَنَّ الْجَنَّةَ تَحْتَ ظِلَالِ السُّيُوفِ» ثُمَّ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «اللَّهُمَّ مُنْزِلَ الْكِتَابِ، وَمُجْرِيَ السَّحَابِ، وَهَازِمَ الأَحْزَابِ، اهْزِمْهُمْ وَانْصُرْنَا عَلَيْهِمْ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 2965 – 2966، م 1742].
وَبِاللهِ التَّوْفيقُ وَبِهِ الإعَانَةُ.