255-ҳадис

255. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қуёш чиққан ҳар бир кунда одамларнинг ҳар бир бўғими учун садақа лозим. Икки киши ўртасида адолат қилиш ҳам садақадир. Бир кишига улови борасида ёрдам бериб, уни миндириб қўйиши ёки юкини ортиб бериши ҳам садақадир. Ширин сўз ҳам садақадир. Намоз сари босган ҳар бир қадами ҳам садақадир. Йўлдан озорни олиб ташлаш ҳам садақадир».

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Шунга ўхшаш ҳадис «Саҳиҳу Муслим»да ҳам келган.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардаги ҳар бир бўғим учун ҳар куни тонг отганда садақа бордир. Ҳар бир тасбеҳингиз (яъни, «Субҳоналлоҳ», дейишингиз) садақадир. Ҳар бир ҳамдингиз (яъни, «Алҳамдулиллаҳ», дейишингиз) ҳам садақадир. Ҳар бир таҳлилингиз (яъни, «Ла илаҳа иллаллоҳ», дейишингиз) ҳам садақадир. Ҳар бир такбирингиз (яъни, «Аллоҳу акбар», дейишингиз) ҳам садақадир. Яхшиликка буюришингиз ҳамда ёмонликдан қайтаришингиз ҳам садақадир. Чошгоҳ (зуҳо) пайтидаги икки ракат ўқиган намозингиз буларнинг ўрнига ўзи кифоя қилади», дедилар».

Имом Муслим ривоятлари.

Расулуллоҳ салллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одам болаларидан барча киши уч юз олтмиш бўғим билан яратилган...», деб айтдилар. Имом Аҳмад ривояти.

Инсон жисмидаги бўғимлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўн тўрт аср олдин белгилаб, хабар берганларидек уч юз олтмиштадир. Ахир Расулуллоҳ салллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳдан бошқа ким ҳам хабар бера олар эди?!

– Умуртқада 147 та бўғим.

– Кўкракда 24 бўғим.

– Юқори томонда, яъни елка, тирсак, билак ва қўл суякларида 43 × 2 = 86 та бўғим.

– Пастки томонда, яъни сон, тизза, тўпиқ ва оёқ суякларида 44 × 2 = 88 та бўғим.

– Тосда 13 та бўғим.

– Жағда 2 та бўғим.

Жами: 147+24+86+88+13+2=360

 

255 - وَعَنْ أَبي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «كُلُّ سُلَامَى مِنَ النَّاسِ عَلَيْهِ صَدَقَةٌ كُلَّ يَوْمٍ تَطْلُعُ فِيهِ الشَّمْسُ، يَعْدِلُ بَيْنَ الاِثْنَيْنِ صَدَقَةٌ، وَيُعِينُ الرَّجُلَ فِي دَابَّتِهِ فَيَحْمِلُهُ عَلَيْهَا، أَوْ يَرْفَعُ لَهُ عَلَيْهَا مَتَاعَهُ صَدَقَةٌ، وَالْكَلِمَةُ الطَّيِّبَةُ صَدَقَةٌ، وَبِكُلِّ خَطْوَةٍ تَمْشِيهَا إِلَى الصَّلَاةِ صَدَقَةٌ، وَتُمِيطُ الأَذَى عَنِ الطَّرِيقِ صَدَقَةٌ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 2989، م 1009 وسبق برقم 127].

ومعنى «يَعْدِلُ بَيْنَهُمَا»: يُصْلِحُ بَيْنَهُمَا بِالْعَدْلِ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш