272-ҳадис

272. Яна у кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Бева ва мискин учун елиб-югурадиган киши Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилувчи кабидир. – (Қаънабий): «Менимча, у (Молик) – Мадорсизланмай қоим турувчи ва оғзини очмай рўза тутувчи кабидир» деган», деб иккиланди».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Маслама Қаънабий имом Бухорийнинг шайхларидандир. У ушбу ҳадисни имом Молик раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилган. Қаънабий имом Моликнинг мазкур икки гапнинг қай бирини айтгани ҳақида иккиланиб, ўзининг ғолиб гумони бўйича, иккинчисини айтганини таъкидламоқда.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисларида мусулмонлар ўзаро ҳамжиҳат ва раҳмдил бўлишга, бева ва мискинлардан иборат муҳтож ва заифларга ёрдам беришга ундамоқдалар. Ва бу ишни қилган инсонларга катта савобларни хабарини бермоқдалар. Агар бир инсон бева ва мискинларга ўз молидан инфоқ қилса, ёки бўлмаса бошқа бировни уларга ёрдам беришга чорласа, гўёки у Аллоҳ таолонинг йўлида юрган мужоҳид каби бўлади ҳамда савобда иккаласи бир хил бўлади. Чунки, молни сарф қилишда нафсга мухолиф бўлиш ва Аллоҳ таолонинг розилигини талаб қилиш бор.

Ушбу ҳадиси шарифда мужоҳид билан бева ва мискинларга ёрдам берувчи кишини ўхшатилишининг сабаби иккиси ҳам нафс ва шайтонга ғолиб келади. Мужоҳид динини тирилтириш учун ҳаракат қилса, мискинларга ёрдам қилувчи инсон жонларни тирилтиришга ҳаракат қилади.

Мужоҳид Аллоҳ таолонинг йўлида жанг майдонида динини ҳимоя қилиб, ўз жони ва молини сарф қилади. Бева ва мискинларга ёрдам берувчи киши эса ҳаёт майдонида ҳаракат қилиб чарчайди, вақтини ва молини сарф қилади. Ўзининг аҳли оиласига ёки бўлмаса ўткинчи лаззат учун эмас балки, жамиятдаги муҳтож инсонларга ёрдам қилади. Натижада қилган ишлари туфайли Аллоҳ таолонинг розилигига эришади ва унинг мартабаси муқарраб бандалар даражасига кўтарилади.

Буни мужоҳидга ўхшатилишининг яна бир сабаби, чунки бева аёлнинг масъулиятини бўйинга олиш ва унда бардавом бўлиш кишидан улкан сабрни талаб қилади. Бу йўлда доим нафс ва шайтонга курашилади. Бу иккиси бундай хайрли ишни амалга ошишида тўсқинлик қилиб, ниятни бузишга уриниб кўради. Бунда бардавом бўлиш озчилик эришади. Эришса ҳам, ундан озчилик саломат қолади.

Демак, биз мўмин мусулмонлар бундай савобли ишларга доимо шошилишни ва бу ишда мусобақалашишни ўзимизга лозим тутсак, улуғ ажру мукофотларга эришамиз шу билан бир қаторда жамиятда ночор ва заиф инсонларни камайишига ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз. Иншааллоҳ!

272 – وَعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «السَّاعِي عَلَى الأَرْمَلَةِ وَالْمِسْكِينِ كَالْمُجَاهِدِ فِي سَبِيلِ اللهِ» وَأَحْسَبُهُ قَالَ: «وَكَالْقَائِمِ الَّذِي لَا يَفْتُرُ، وَكَالصَّائِمِ الَّذِي لَا يُفْطِرُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 6007، م 2982].


Улашиш
|
|
Нусха олиш