«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Энг ёмон таом – келадиганлар ман қилиниб, ундан бош тортадиганлар чақириладиган тўй таомидир. Ким таклифни қабул қилмаса, Аллоҳ ва Унинг Расулига осий бўлибди».
Икки «Саҳиҳ» китобида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:
«Бойлар чақирилиб, камбағаллар чақирилмаган тўй таоми нақадар ёмон!», дейилган.
Шарҳ: Исломда валиймалар, умуман, бировга таом бериш маросимларидан асосий мақсад ҳожатманд кишиларни таомлантириш, уларнинг кўнглини кўтаришдир. Валийма қилган одам унга келган камбағалга қарамай, бойларнинг эшигига бориб, менинг валиймамга бир қадамингиз етиб қолса бахтиёр бўлар эдим, деб илтижо қилиши жуда ўринсиз ишдир.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ундоқ валийманинг таомини энг ёмон таом, демоқдалар. Демак, валийма қилувчи киши ҳам кимларни чақиришни билиши керак. Кўпроқ камбағал, бева-бечораларни даъват қилса, улар зиёфатдан қорни тўйиб, қайғуси кетиб, кўнгли кўтарилиб кетса, эҳсон ўрнига тушади. Бойлигига зеб берган, бировни назар-писанд қилмайдиган манманларни даъват қилишдан эса фойда йўқ.
Афсуски, валийма қилаётганимизда ушбу набавий насиҳатларни ёдимиздан чиқариб қўямиз. Валиймамизга иложи борича казо-казоларни чақиришга ҳаракат қиламиз. Эшикларига бориб ёлборамиз. Юзимизни сарғайтирамиз. Фақиру фуқароларни айтгимиз келмайди. Агар улар ўзлари келиб қолсалар ҳам кўнглимизга оғир ботади.
Ҳадиснинг иккинчи қисмида «Ким даъватга ижобат қилмаса, батаҳқиқ, Аллоҳ ва Унинг Расулига осий бўлур», дейилиши валийма даъватини қабул қилиб, бунга бориш вожиб эканини англатади. Чунки Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлиш тарки вожиб туфайли содир бўлади.
273 – وَعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «شَرُّ الطَّعَامِ طَعَامُ الْوَلِيمَةِ؛ يُمْنَعُهَا مَنْ يَأْتِيهَا، وَيُدْعَى إِلَيْهَا مَنْ يَأْبَاهَا، وَمَنْ لَمْ يُجِبِ الدَّعْوَةَ فَقَدْ عَصَى اللهَ وَرَسُولَهُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [1432/110].
وَفِي رِوَايَةٍ فِي «الصَّحِيحَينِ» عَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ مِنْ قَولِهِ: «بِئْسَ الطَّعَامُ طَعَامُ الْوَلِيمَةِ؛ يُدْعَى إِلَيْهَا الأَغْنِيَاءُ وَيُتْرَكُ الفُقَرَاءُ». [خ 5177، م 1432/107].