274. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким икки қизни балоғатга етгунича тарбиялаб-ўстирса, Қиёмат куни мен билан (мана бундай) келади» деб, бармоқларини бирлаштириб кўрсатдилар».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Қиз болани жория деб номланишига сабаб, чунки қиз бола ўғил боладан кўра отанинг қалбидан тезроқ жой олади.
Опа-сингилга мурувват қилиш – жаннатга етаклайдиган хайрли амаллардан бири экани ҳақида ҳадислар, ривоятлар жуда кўп. «Одатда одамларда: «қизлар бировнинг ҳасми, эрта-индин эрга тегиб кетиб қолади, ундан нима фойда бўлиши мумкин», деган салбий фикр бўлади. Ўғил бола эса, доимо хизматда бўлади, уни уйлаб қўйсанг, келин ҳам хизматингни қилади. У қариганингда ҳам жонинга оро киради», каби тушунчалар бор.
Бу нотўғри фикр. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизларга нафақа қилишнинг фазли ҳақида ўз ҳадисларида қайта-қайта баён қилганлар. Ўзлари тўрт қизларига қилган муомалалари ила барчага намуна кўрсатганлар.
Зуҳрийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг икки қизи бўлса ва иккисининг машаққатларига ва нафақасига сабр қилса, икковига қилган нафақаси учун унга жаннат бўлади», дедилар».
Икки қизнинг тарбиясидаги машаққатларга, хусусан, қизларнинг нафақасини таъминлашдаги қийинчиликларга сабр қилиш ота-она учун катта савоб ҳамда жаннатга киришга сабаб амаллардан бири ҳисобланар экан.
Абу Саид ал-Худрийдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам : «Кимнинг учта синглиси ёки учта қизи ёки икки синглиси бўлса, у уларнинг суҳбатини яхши қилса ва уларнинг ҳаққига Аллоҳга тақво қилса, унга жаннат бўлади», дедилар».
Қизларни, сингилларни тарбиялаб вояга етказиш ва уларнинг ҳаққида Аллоҳга тақво қилиб бориш қанчалик улуғ ва савобли иш экани, уларга шароит яратиб, одобли-ахлоқли, иймон-эътиқодли қилиб вояга етказиш жаннатга киришга сабаб бўладиган амаллардан бири эканини мана шундан билиб оламиз.
Албатта, бу ҳақиқатни мусулмон бандалар яхши англаб етишган ва доимий равишда бу ишга эътибор билан қараб келишгани маълум ва машҳур.
Ҳаётда нималар бўлмайди, дейсиз. Гоҳида опа-сингилларнинг ака-укаларнинг қарамоғида қолиши бор. Ота бор бўлса, у масъул бўлар эди. Аммо ота йўқ. Бу ўз навбатида отаси йўқ аёл зоти қаровсиз қолади, дегани эмас. Ота бўлмаган чоғда ака ёки ука опа-сингилни қарамоғига олиши шариат ҳукми бўйича собит бўлган.
Бу опа-сингил ака-уканинг мурувватига муҳтож бўлиб қолади, дегани эмас, балки, бу – опа-сингилга Аллоҳ таоло томонидан берилган ҳақдир. Ака-ука бу масъулиятдан қочиши мумкин эмас. Агар улар, номардлик қилиб бу масъулиятдан қочадиган бўлсалар, жамият қонун кучини ишга солиб опа-сингилларнинг ҳақларини олиб беради.
Уқба ибн Омир ал-Жуҳанийдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Кимнинг ҳузурида учта қиз бўлса ва у сабр қилиб уларга таом берса, ичимлик бериб, сероб қилса ва янги кийим олиб берса, улар ўша учун дўзахдан парда бўладилар.»
Қиз боқиш осон нарса эмас, буни ҳамма яхши билади. Бу ишни амалга ошириш учун сабр-матонат керак, ҳаракат, ғайрат керак, топганини сарфлаш керак. Барибир, шу қиз эртами-индинми бировнинг уйига кетиши борлигини, келин бўлиши борлигини билиб туради…
Ана шуларни билиб туриб қизларни тарбия қилган одам ўзи учун охиратнинг катта бир мартабасини касб қилган бўлади.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбалга яқинларидан бирортаси қиз фарзандли бўлгани хабари келса, пайғамбарлар ҳам қизларнинг отаси бўлишган, деб жавоб айтардилар.
Қизларни боқиш, уларнинг тарбиясини гўзал қилиш қанчалик улуғ иш экани шундан ҳам маълум бўлади. Ота бўлдим, она бўлдим, менинг оталик ҳаққим бор, менинг оналик ҳаққим бор, деган гапларимиз кўп-у лекин болаларнинг ҳам ҳаққи борлиги, уларни боқиш ва нафақаси беҳуда эмас, балки савоб иш эканини ва ибодатнинг нафл турларидан афзал, балки вожиб нарсалардан ҳисобланишини унутмаслигимиз керак.
274 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ عَالَ جَارِيتَيْنِ حَتَّى تَبْلُغَا جَاءَ يَومَ القِيَامَةِ أَنَا وَهُوَ» وَضَمَّ أَصَابِعَهُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [2631].
«جَارِيَتَيْنِ» أَيْ: بِنْتَيْنِ.