275-ҳадис

275. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.

«Бир аёл икки қизчаси билан тиланиб кирди. Ҳузуримда бир дона хурмодан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Уни аёлга берган эдим, қизчаларига бўлиб берди, ўзи емади. Сўнг туриб, чиқиб кетди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга кирганларида у зотга бунинг хабарини бердим. Шунда у зот: «Ким мана шундай қизлар туфайли бирон нарса билан синалса, у қиз фарзандларини чиройли парвариш этса, улар унга дўзахдан тўсиқ бўлишади», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Фарзанд неъмати инсонга бу дунёда бериладиган энг бебаҳо неъматлардан биридир. Чунки, фарзанд неъматини фақат Аллоҳнинг Ўзигина беради. Аллоҳ бермаса, инсоннинг қўлидан ҳеч нарса келмайди. Аммо, мана шундай бебаҳо неъматга шукр қилиш ўрнига куфрона жавоб қайтарётганлар ҳам йўқ эмас. Айниқса, қиз фарзанд хусусида. Биринчи фарзанди қиз туғилса, ёки бир нечта қизлари бор оилалар яна қиз фарзанд кўрса, маҳзун бўлиб, норози бўладиган, ҳатто, қиз туққани учун хотини билан ажрашиб кетаётган “ота”лар ҳам бор.

Фан-техника ривожланган ҳозирги замонда қориндаги ҳомила бир неча ойлик бўлгач, ҳомиланинг қиз ёки ўғил эканини аниқлаш ҳамма учун одат тусига айланиб қолди. Бу нарсанинг ёмон томони йўқ. Аммо, қиз фарзандни хоҳламайдиган “оила”лар эса қориндаги норасида мурғакни олдириб (ўлдириб) ташлашгача боришмоқда. Бу билан бир тирик жонни ўлдирган қотилга айлангани, ҳатто, ўз фазандининг қотилига айланиб қолганлари билан ишлари йўқ. Бундайларга бу дунёда ҳам охиратда ҳам аламли азоб ваъда қилингани билан ишлари йўқ.

Ислом дини келишидан аввал арабларда аҳвол шу даражада даҳшатли эдики, қиз фарзанд туғилишини ор санаб, ўз қизларини тириклай кўмишар эди. Бу ҳолатни эшитган ҳозирги инсонлар ҳайронликдан ёқа ушлаб, ишонгилари келмаяпти. Бироқ, ҳозирги кунимиздаги ўз қизларининг қотиллари бўлган оталарнинг ўшалардан нима фарқлари бор?

Ислом дини бундай хунрезликка чек қўйди. Аёлларнинг шаънини улуғлади. Қиз фарзанд оиланинг баракаси эканлиги, биринчи фарзандини қиз туққан келинларни баракали келинлар эканлигини эълон қилди. Қиз болаларнинг шаъни ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир қанча ҳадислар ривоят қилинди.

Абу Саид ал-Хурий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимнинг учта қизи бўлса, уларни (чиройли) тарбия қилса, уларга меҳрибон бўлса ва уларни ўз кафиллигига олса, унга албатта, Жаннат вожиб бўлибди”, дедилар. Шунда бир киши: “Ё Расулуллоҳ, агар қизи иккита бўлсачи?”, деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Иккита бўлса ҳам”, дедилар. Ўтирганлар, яна кимдир “Агар битта қиз бўлсачи?”, деб сўраганда, “Битта бўлса ҳам”, деб жавоб берган бўлар эдилар, деб ўйлаб қолдилар.

Ушбу ҳадиси шарифдан қиз фарзанднинг қанчалик буюк неъмат экани ва улар жаннатнинг калити эканлиги очиқ ойдин кўриниб турибди. Бу неъматга шукр қилиш ўрнига куфрона жавоб бераётганлар, қанчалар катта гуноҳга қўл ураётганларини бир ўйлаб кўрсинлар. Қиз фарзандини олдириш (ўлдириш) эвазига Аллоҳ уларга ўғил фарзанд беришига ким кафолат беради. Шу қилган гуноҳи туфайли Аллоҳ уларни, яъни, ўз фарзандини олдирган (ўлдирган) онани туғмас қилиб қўймаслигига ёки ўз фарзандини олдиришга (ўлдиришга) буюрган отани бир умрга бепушт қилиб қўймаслигига ким кафолат беради?!

Қолаверса, она қорнидаги ҳомилани ўғил ёки қиз эканини аниқлаб бераётган ускуналар ожиз инсоний ақл билан ишлаб чиқилган жиҳозлардир. Қиз деб ўйлаб, олдириб (ўлдириб) ташланган бола балки ўғилдир. Ўша ускуна қиз деб кўрсатган болани ўғил қилиб беришнинг Аллоҳ таолога нима қийин жойи бор?! Ахир, бутун махлуқоту мавжудотни йўқликдан бор қилиб яратган Зот Аллоҳ-ку!

275 - وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: دَخَلَتْ عَلَيَّ امْرَأَةٌ وَمَعَهَا ابْنَتَانِ لَهَا تَسْأَلُ، فَلَمْ تَجِدْ عِنْدِي شَيْئاً غَيْرَ تَمْرَةٍ وَاحِدَةٍ، فَأَعْطَيْتُهَا إِيَّاهَا، فَقَسَمَتْهَا بَيْنَ ابنَتَيْهَا وَلَمْ تَأْكُلْ مِنْهَا، ثُمَّ قَامَتْ فَخَرَجَتْ، فَدَخَلَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ عَلَيْنَا، فَأَخْبَرْتُهُ فَقَالَ: «مَنِ ابْتُلِيَ مِنْ هَذِهِ البَنَاتِ بِشَيْءٍ فَأَحْسَنَ إِلَيْهِنَّ كُنَّ لَهُ سِتْراً مِنَ النَّارِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 1418، م 2629].


Улашиш
|
|
Нусха олиш