283-ҳадис
283. Амр ибн Аҳвас ал-Жушамий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Бу киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни видолашув ҳажида Аллоҳга ҳамду сано айтганларидан кейин одамларга қуйидагича эслатиб ваъз ва насиҳат қилганларини эшитдилар. Сўнгра у зот:

«Огоҳ бўлинглар, аёлларга (яхши) муомала қилинглар. Албатта, аёллар сизларнинг асирларингиздир. Бундан бошқа нарсага эга эмассиз. Фақатгина очиқ-ойдин фоҳишалик қилишсагина, бундай эмас. Агар итоатсизлик қилишса, ётоқни тарк этинг. (Яъни, улар билан бир жойда ётманг. Шунда ҳам сизларга бўйинсунмасалар) оғритмайдиган қилиб уринглар. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар. Огоҳ бўлинглар, сизларнинг аёллар зиммасида ҳақларингиз бор. Ва аёлларингизнинг сизларнинг зиммангизда ҳақлари бор. Сизларнинг улар зиммасидаги ҳақларингиз ётадиган тўшагингизга сизлар ёмон кўрган кишининг қадамини етказмаслик. Ва ёмон кўрган кишингизни уйингизга киришга изн бермаслигидир. Огоҳ бўлинг, аёлларнинг сизлар зиммангиздаги ҳақлари яхши либос ва яхши таом билан таъминламоқлигингиздир».

Имом Термизий ривояти.

 

Шарҳ: Эри у билан тинч-тотув ҳаёт кечириши, унга яхши муомала қилиши, емак-ичмак, кийим-кечак ва уй-жой билан имкон қадар таъминлаши, кўпхотинли бўлса аёллари ўртасида адолат қилиши аёлнинг эри зиммасидаги ҳақларидан

Аллоҳ таоло айтади:

«Улар билан тинч-тотув яшанглар» (Нисо сураси, 19-оят).

«Энди агар (улар орасида) адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, фақат битта аёлга (уйланинг)» (Нисо сураси, 3-оят).

Муовия ибн Ҳайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Бизлардан биримизнинг устида аёлининг қандай ҳаққи бор?» деб сўрадим. «Таом еган вақтингда уни ҳам таомлантиришинг, ўзинг (янги) кийим кийган вақтингда уни ҳам кийинтиришинг, юзига урмаслигинг, «Аллоҳ юзингни қабиҳ қилсин» (башаранг қурсин) демаслигинг ва ва (аразлашган пайтда) фақат уй ичидагина ҳажр этмоғинг (яъни, бошқа жойда ётишинг)дир», дея жавоб бердилар.

Абу Довуд, Табароний ва Ҳоким ривоятлари.

Муовия ибн Ҳайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен: «Ё Расулуллоҳ, аёлларимизга қандай яқинлашиб, нималарни тарк қилишимиз керак?», деб сўрадим. «Зироатгоҳингга хоҳлаган жиҳатингдан келавер, таом еган вақтингда уни ҳам таомлантир, ўзинг (янги) кийим кийган вақтингда уни ҳам кийинтир, «Аллоҳ юзингни қабиҳ қилсин» (башаранг қурсин) деб сўкма ва урма», дедилар.

Абу Довуд ва Аҳмад ривояти.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қарамоғидаги кишиларни зое қилиши кишининг гуноҳкор бўлишига кифоядир».

Абу Довуд, Насоий ва Ҳоким ривоятлари.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ ҳар бир раҳбарни ўзининг қўл остидагилари ҳақида, уларни асраганми, зое қилганми, сўроққа тутади, ҳатто ҳар бир кишидан унинг хонадони аҳли ҳақида сўрайди».

Ибн Ҳиббон ривояти.

Аёлларни уриш мумкинми?

Шундай тасаввур пайдо бўлмоқдаки, гўё инсоният тарихида хотинларни уриш биринчи бўлиб Қуръонда киритилган! У ҳамма жойда бор эди ва бугун ҳам бутун дунёда бошқа дин аҳллари орасида ҳам сақланиб келмоқда. Шунинг учун саволни бундай тарзда кўйишнинг ўзи нотўғри! Ислом хотин уришни мажбурият деб ўрнатмаяпти, уни яхшиликлар қаторига олиб чиққани ҳам йўқ, унга чақирмайди ҳам, лекин бу тажрибани жиддий чеклаб, қачон оғзаки насиҳатлар кор қилмаганда, гуноҳига яраша фақат рамзий белги жисмоний оғритмайдиган жазо чораси сифатида кўради. Қуръонга мувофиқ эр-хотин муносабатлари ўзаро муҳаббат ва меҳрибонлик асосига қурилган бўлиши керак. Аллоҳ айтади:"Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандур. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят белгилар бордир" (Рум сураси, 21-оят).

Қуръон оилавий келишмовчиликлар ҳолатида ҳам ўз хотинига яхшилик билан муомала қилишни ва унинг ижобий сифатларини паст санамасликка буюради.

Аллоҳ айтади: «Ва улар ила яхшиликда яшанг. Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса» (Нисо сураси, 19-оят).

Аёл уйда эрининг раҳбарлигини тан олиши жуда муҳим. У уйнинг бошлиғи ва хотин унга итоат қилиши лозим. Лекин эр ҳам ўз хотинига нисбатан ҳурмат кўрсатиши лозим. Агар ўрталарида жанжал чиқадиган бўлса уни тинч йўл билан ҳал қилиш лозим. Эр-хотин яна оиладаги ҳурматли катта аъзоларига ва дўстларга маслаҳат олиш учун мурожаат қилишлари мумкин. Шу билан бирга эр баъзан қайсар хотинни тўғри йўлга солиш учун енгил жазолайди ва бу камдан-кам ҳолатларда ва жазолаш ҳолатни ислоҳ қилади деган ишонч бўлган шароитда мумкин. Лекин жазолаш муносабатни янада ёмонлаштиришидан хавфсираса ва уни ўзига ва оиласига мусибат бўлишини сезиб колса, жазолашни қўллашдан сақланиши лозим. Қуръон бу борада жуда аниқ кўрсатма беради: «Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларини сарфлаганлари учун эркакларни аёлларга раҳбардирлар. Солиҳа аёллар-итоаткор ва Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб эрларини муҳофаза қилувчилардир. Бош кўтаришларидан хавф қилинган аёлларга ваъз насиҳат килинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг... Агар улар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ эр-хотиннинг орасини мувофиқлаштирур"(Нисо сураси, 34-35-оятлар).

Мана шу мавзудаги оятларни барчасини биргаликда, бир умумий хулоса чиқарган ҳолда ўқиш ўта муҳимдир. Қуръон оятлари шафқатсизликка рухсат қилмайди ва унга чақирмайди ҳам. Бу оятлар бизга нозик оилавий ҳолатни эҳтиёткорлик ва ақл билан ҳал қилишни тавсия қилади. «Уринглар» сўзи жисмоний куч ишлатиш, жисмоний азоб беришни билдирмайди, чунки буни Пайғамбар с.а.в. ўзлари тафсир қилганлар. Пайғамбар с.а.в.нинг тафсирларидан юқорироқ тафсир йўқ. Пайғамбар с.а.в. «уринглар» сўзини «Зорбан ғойра мубарриҳ» яъни «енгил, из қолдирмайдиган шапалоқ уриш» деб тушунтирганлар. Давомида у зот с.а.в. юзга уриш мумкин эмаслигини қўшимча қилганлар. Кўп олимлар бунда енгил уриш мисвок (тиш чўткаси) билан енгил туртишга тенг дейишади. Ҳар қандай ҳолда бу худди ғўр ёш болани жазолагандай зарурий рамзий жазо бўлиб, токи ўзини идора қилишни йўқотган аёл, ўзини бундай тутиши нотўғри эканлигини тушуниб олсин. Лекин бу жазолашга ҳам фақат бошқа йўллар қолмаган пайтда рухсат берилган (буюрилмаган). Пайғамбар с.а.в. доимо ўз саҳобаларини ҳатто шундай жазо беришдан ҳам қайтарганлар.Узот ҳеч қачон аёл кишини урмаганлар ва эркакларнинг яхшироғи хотинларини урмайдиганлари дер эдилар. Ҳадисларининг бирида ўз норозиликларини билдириб: «Қандай қилиб ўз хотинини туянинг боласидек уриб, яна бирга ётиш мумкин», деганлар. (Имом Бухорий ривояти).

Шундай қилиб на Қуръон ва на Суннат хотинларни уриш мажбурий ёки исталган нарса эканлигини айтмайди. Кўриб чиқилаётган оятда эса гап ахлоқий мезонларни бузиб, менсимаётган аёллар ҳақида боради. Лекин бу ҳолатда ҳам аввал яхши насиҳат қилиш, сўнгра жойини бошқа қилиб олиш ва шундан кейингина рамзий жазолаш тўғрисида гапирилган. Унда ҳам ҳадисдаги бу ҳаракатни фақат рамзий ишора ҳолатигача чеклаш билан рухсат қилинган. Шариатнинг ушбу қоидаларига амал қилинса, аёллар ҳаётда бошқа урф-одатлар бўйича уларга етиб турадиган шафқатсиз равишда калтаклашлардан ҳимояланган бўладилар. Шундай қилиб аёлларига зўрлик қилиш ҳолати барча маданиятларда бўлган, бўлиб келяпти, шу билан бирга бу зўрлик аёллар учун оғриқлар, ташвишлар азобланишлар билан ўтади. Бир қанча замонавий давлатларда эр-хотин ўртасидаги ўзаро муносабатни иккала томондан куч ишлатиш билан ҳал қилишни шаклан ман қилиниши ўзининг тамомила фойдасиз эканлигини, модомики аёл никоҳда бўлар экан, унинг ҳимоясиз қолаверишини кўрсатди. Куч ишлатишнинг на диний ва на ахлоқий жиҳатдан ман қилинган иш эканлигини тушунмайдиган эрининг зуғумидан фақат никоҳдан ажралиш қутқариши мумкин холос. Шунинг учун ҳам Қуръон оила ичидаги шахсий муносабатларга аралашмайди, чунки баъзан жанжаллар муҳаббатга туртки ҳам бўлиши мумкин. (Машҳур мақол бор: «Севишганларнинг урушгани бир бирини эркалашганидир»).

Қуръон асосий мақсадни мулойимлик билан, шунингдек қуйидагиларни ҳам аниқ ўрнатмокда:

1) аёлга ҳар қандай азоб, адолатсизлик, зарар етказишни, яъни ҳар кандай нолойиқ муносабатни ман қилади, шу жумладан унга азоб бериб уришни ҳам;

2) оғзаки мулойим сўзлар билан насиҳат қилгандан кейин ҳам хотин адолатсизлик билан нолойиқ ишларни қилаверса унинг ўзини нолойиқ тутишига рамзий жазолаш ишораларини оғритмасдан, зарар етказмасдан кўллашга рухсат қилади. Агар эр бу хуқуқида ҳаддан ошадиган бўлса хотин ажрашиши мумкин. Шундай қилиб, Қуръон нафақат уришга чақираяпти, балки аксинча-ҳақиқий уришни ва хотинга бошка жисмоний куч ишлатишларини ман қилаяпти. Бирор бир умум қабул қилган дин ўз Илоҳий Ваҳий манбаъларида шундай одамийликни барпо қиладиган ва аёл кишининг оиладаги ҳолатида шундай мулойимликни кафолатлайдиган хуқуқий мезонларга эга эмас.

 

283 - وَعَنْ عَمْرِو بْنِ الأَحْوَصِ الجُشَمِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّهُ سَمِعَ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فِي حَجِّةِ الْوَدَاعِ يَقُولُ بَعْدَ أَنْ حَمِدَ اللهَ تَعَالَى، وَأَثْنَى عَلَيْهِ، وَذَكَّرَ وَوَعَظَ، ثُمَّ قَالَ: «أَلَا وَاسْتَوْصُوا بِالنِّسَاءِ خَيْراً، فَإِنَّمَا هُنَّ عَوَانٍ عِنْدَكُمْ، لَيْسَ تَمْلِكُونَ مِنْهُنَّ شَيْئاً غَيْرَ ذَلِكَ، إِلَّا أَنْ يَأْتِينَ بِفَاحِشَةٍ مُبَيِّنَةٍ، فَإِنْ فَعَلْنَ فَاهْجُرُوهُنَّ فِي الْمَضَاجِعِ، وَاضْرِبُوهُنَّ ضَرْباً غَيْرَ مُبَرِّحٍ، فَإِنْ أَطَعْنَكُمْ فَلَا تَبْغُوا عَلَيْهِنَّ سَبِيلًا، أَلَا إِنَّ لَكُمْ عَلَى نِسَائِكُمْ حَقّاً، وَلِنِسَائِكُمْ عَلَيْكُمْ حَقّاً، فَحَقُّكُمْ عَلَى نِسَائِكُمْ أَلَّا يُوطِئْنَ فُرُشَكُمْ مَنْ تَكْرَهُونَ، وَلَا يَأْذَنَّ فِي بُيُوتِكُمْ لِمَنْ تَكْرَهُونَ، أَلَا وَحَقُّهُنَّ عَلَيْكُمْ أَنْ تُحْسِنُوا إِلَيْهِنَّ فِي كِسْوَتِهِنَّ وَطَعَامِهِنَّ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ. [1163].

قَولُهُ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ «عَوَانٍ» أَيْ: أَسِيرَاتٌ، جَمْعُ عَانِيَةٍ - بِالْعَيْنِ الْمُهْمَلَةِ - وَهِيَ الأَسِيرَةُ، وَالْعَانِي: الأَسِيرُ. شَبَّهَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ الْمَرْأَةَ فِي دُخُولِهَا تَحْتَ حُكْمِ الزَّوْجِ بِالأَسيرِةِ وَ«الضَّرْبُ الْمُبَرِّحُ»: هُوَ الشَّاقُّ الشَّدِيدُ.

وَقَولُهُ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «فَلَا تَبْغُوا عَلَيْهِنَّ سَبِيلًا» أَيْ: لَا تَطْلُبُوا طَرِيقاً تَحْتَجُّونَ بِهِ عَلَيْهِنَّ وَتُؤذُوهُنَّ بِهِ، وَاللهُ أَعْلَمُ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш