290. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳар бирингиз мутасаддисиз ва ҳар бирингиз ўз қўл остидагига масъулдир. Амир мутасаддидир. Эркак ўз хонадони аҳлига мутасаддидир. Аёл ўз эрининг хонадонига ва боласига мутасаддидир. Ҳа, ҳар бирингиз мутасаддисиз ва ҳар бирингиз ўз қўл остидагига масъулдир».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Бу ҳадисда масъулият масаласи кўтарилган. Қиёмат кунида ҳар бир одам ўзининг қўл остидагилар тўғрисида ҳисоб-китоб қилинади. Ушбу ҳисоб-китоб ҳам моддий, ҳам маънавий ҳақлар борасида бўлади. Масалан, эрдан оиласининг озиқ-овқат, кийим-кечак ва турар жойга бўлган эҳтиёжларини қандай таъминлаганини ҳамда уларга Аллоҳни танитиб, ибодатларни бажаришлари учун нималар қилгани ҳақида сўралади.
Маълумки, инсон икки унсур – руҳ ва жасаддан иборат. Жасад озуқага муҳтож бўлгани каби руҳ ҳам озуқага муҳтож бўлади. Жасаднинг озуқаси моддий нарсалардан иборат бўлса, руҳнинг озуқаси маънавий нарсалар биландир. Албатта, бу икки эҳтиёжни қондириш ўта зарур иш ҳисобланади. Озуқасиз қолган жасад ҳалокатга юз тутгани каби, озуқасиз руҳ ҳам ҳалокатга – бадбахтликка маҳкум бўлади.
Оила жамиятнинг кичик бир бўлагидир. Инсон оила қурар экан, унинг зиммасига катта масъулият юкланади. Энди у хотини ва туғилажак фарзандларининг таоми, кийими ва турар жойларини таъминлаши вожиб. Шу билан бирга уларнинг дин-диёнати ва тарбияси учун ҳам жавобгар бўлади. Яъни, хотини ёки фарзандларининг қилган ҳар бир хатти-ҳаракати учун эр (ота) Аллоҳ таолонинг ҳузурида сўроққа тутилади. Шунинг учун Аллоҳ таоло мўминларга хитоб қилиб айтади: «Эй имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш, дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар хизмат қиладиган дўзахдан сақлангиз» (Таҳрим сураси, 6-оят).
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдорда қилган нафл садақасидан яхшироқдир”.
Бошқа бир ривоятда: “Ота-она фарзандига гўзал одобдан яхшироқ нарсани тортиқ қила олмайди”, дейилади (Имом Термизий ривояти).
Шундай экан, ота оила бошлиғи сифатида аёли ва болаларига чиройли тарбия беришни ҳам зинҳор унутмаслиги лозим. Уларнинг тарбияси, одоб-ахлоқи ҳам ўзининг зиммасида эканини ҳис этмоғи даркор. Моддий жиҳатдан таъминлаб қўйиш билан зиммасидаги масъулиятни адо қилган ҳисобланмайди. Балки уларнинг комил инсон, ҳақиқий мўмин бўлиб етишишларида ҳам жавобгарлигини англаб етсин. Ўз навбатида аёл ҳам эрига бу борада ёрдамини аямасин. Ота- она зиммасидаги масъулиятни чиройли тарзда адо қилар экан, оиладаги фарзандлар ҳам виждонли, иймонли, фидойи бўлиб етишадилар. Бу нафақат ота- онанинг, балки жамиятнинг ҳам ютуғидир.
Ҳар бирингиз мутасадди (бошлиқ) ва қўл остингиздагилар хусусида масъулдирсиз.
Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳу айтадилар: «Гувоҳлик бериб айтаманки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қайси бир бошлиқ ёки ҳоким қўли остидагиларни алдаган ҳолда бир қоронғу тунни ўтказса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади», деганларини эшитдим» (Табароний ривояти).
Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аллоҳ азза ва жалла қайси бандани бир раийятга бошлиқ қилиб қўйса ва у раийятини алдаган ҳолда вафот этса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади», деганларини эшитдим» (Муттафақун алайҳ).
Бошқа бир ривоятда: «… у жаннат ҳидини ҳам ҳидламайди», дейилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки ўнта одамга амир бўлса, у қиёмат кунида кишанланган ҳолда келтирилади. Алал-оқибат, уни адолат халос этади ёки жабр-зулм ҳалок қилади» (Баззор, Табароний ривояти). Яъни, одил бўлган бўлса, кишандан нажот топади, золим бўлган эса, ҳалок бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Амирларнинг ҳолига вой, орифларнинг ҳолига вой, аминларнинг ҳолига вой. Қиёмат куни кокилларидан Сурайё (юлдузи)га илиниб, ер билан осмон орасида муаллақ турган кимсалар: «Биронта ишга ҳам бошчилик қилмаганимизда эди», деб орзу қиладилар» (Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривояти).
Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қиёмат куни шундай бир соат келадики, унда одил қози: «Икки киши орасида бир мева хусусида бўлса-да, сира ҳукм чиқармаганимда эди», деб орзу қилади», деганларини эшитдим» (Аҳмад, Ибн Ҳиббон ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилиб: «Эй Аллоҳим, кимки умматимнинг биронта ишига бошлиқ бўлиб, уларни машаққатга қўйса, уни Сен ҳам машаққатга қўй. Кимки умматимнинг биронта ишига бошлиқ бўлиб, уларга меҳрибонлик қилса, унга Сен ҳам меҳрибонлик қилгин», дер эдилар (Муслим, Насоий ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ кимни мусулмонларнинг биронта ишига раҳбар қилиб қўйса-ю, у мусулмонларнинг эҳтиёжлари, муҳтожликлари ва фақирликларидан кўз юмса, Аллоҳ қиёмат кунида унинг эҳтиёжи, муҳтожлиги ва фақирлигидан кўз юмади» (Абу Довуд, Термизий, Ҳоким ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мендан сўнг амирлар бўлади. Кимки уларнинг ҳузурига кириб, ёлғонларини тасдиқласа, зулмларига ёрдам берса, у мендан эмас, мен ҳам ундан эмасман. Ва у ҳавзага яқин келмайди. Кимки уларнинг ҳузурига кирмаса ва зулмларига ёрдам бермаса, ёлғонларини тасдиқламаса, у мендан ва мен ҳам унданман. Ва у ҳовузга келади» (Термизий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қиёмат куни энг қаттиқ азобга дучор бўладиган дўзахий – пайғамбарни ўлдирган ёки пайғамбар томонидан ўлдирилган кимса ва ҳақ йўлдан адашган раҳбар» (Баззор ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки одамларга раҳм қилмас экан, унга Аллоҳ ҳам раҳм қилмайди» (Табароний).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ қиёмат кунида уч тоифа одам билан гаплашмайди, уларни (гуноҳларидан) покламайди ҳам», деб улардан бири ёлғончи подшоҳ эканини баён қилганлар (Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сизлар яқинда амирликка қизиқиб қоласизлар. Ҳолбуки, у қиёмат кунида надоматга сабаб бўлади» (Бухорий ривояти).
Яна бир ҳадиси шарифда: «Биз бу ишга (амирликка) уни сўраган кишиларни ҳам, унга қизиққан кишиларни ҳам тайинламаймиз», дейилган.
Абдураҳмон ибн Самура розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Амирликни сўрама. Агар унга сўрамасдан етишсанг, уни қўллаб-қувватлайсан. Борди-ю, унга сўраб етишсанг, унга суяниб қоласан», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳуга: «Аллоҳ сени аҳмоқ амирлардан паноҳида сақласин», дедилар. «Аҳмоқ амирлар кимлар?» деб сўраган эди, «Мендан кейин келадиган амирлар бўлиб, улар мен кўрсатган йўлдан юрмайдилар ва менинг суннатимга амал қилмайдилар», деб жавоб бердилар (Аҳмад, Баззор ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки мусулмонларга қози бўлишни талаб қилиб, унга эришса, сўнг адолати зулмидан устун келса, унга жаннат бўлур. Борди-ю, жабр-зулми адолатидан устун келса, унга дўзах бўлур» (Абу Довуд ривояти).
Амр ибн Муҳожир айтадилар: «Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳу менга: «Агар мени ҳақдан оғганимни кўрсанг, икки қўлинг билан ёқамдан тутиб: «Эй Умар, нима қиляпсан?!» деб айт», деган эдилар».
290 - وَعَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «كُلُّكُمْ رَاعٍ، وَكُلُّكُمْ مَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ، وَالأَمِيرُ رَاعٍ، وَالرَّجُلُ رَاعٍ عَلَى أَهْلِ بَيْتِهِ، وَالْمَرْأَةُ رَاعِيَةٌ عَلَى بَيْتِ زَوْجِهَا وَوَلَدِهِ، فَكُلُّكُمْ رَاعٍ، وَكُلُّكُمْ مَسْئُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 5200، م 1829].