35-КИТОБ
35-боб Эрнинг хотини зиммасидаги ҳаққи
35- بَابُ حَقِّ الزَّوْجِ عَلَى امْرَأَتِهِ
(35)
35-BOB

 35-боб. Эрнинг хотини зиммасидаги ҳаққи 

Аллоҳ таоло қуйидагича зикр қилган: «Эркаклар хотинлари устида раҳбардурлар. Бунга сабаб Аллоҳ уларнинг бировларини бировларидан (яъни, эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар (хотинлари ва оилалари учун) ўз мол-мулкларидан сарф-харажат қилганларидир. Бас, ибодат-итоатли ва эрлари йўқлигида Аллоҳнинг ҳифзу ҳимояти билан (эрларининг мол-мулкларини ва ўз иффатларини) сақловчи хотинларяхши хотинлардир» (Нисо сураси, 34-оят).

Бундан аввалги бобда келган Амр ибн Аҳвас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган 283-рақамли ҳадис ҳам далил бўлади.

35- بَابُ حَقِّ الزَّوْجِ عَلَى امْرَأَتِهِ

 

قَالَ اللهُ تَعَالَى: {الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاءِ بِمَا فَضَّلَ اللهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنْفَقُوا مِنْ أَمْوَالِهِمْ فَالصَّالِحَاتُ قَانِتَاتٌ حَافِظَاتٌ لِلْغَيْبِ بِمَا حَفِظَ اللهُ}.

وَأَمَّا الأَحَادِيثُ فَمِنْهَا:

حَدِيثُ عَمْرِو بْنِ الأَحْوَصِ السَّابِقُ في البَابِ قَبْلَهُ. [برقم 283].


(35)
288. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эр ўз аёлини тўшагига чақирсаю, у келишга кўнмаса ва аёл (эри) ундан ғазабланган ҳолда тунаса, фаришталар уни тонг отгунча лаънатлайдилар», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Икковларидан қилинган бошқа бир ривоятда:

«Агар аёл эрининг тўшагини тарк этган ҳолида тунаса, то қайтмагунича фаришталар уни лаънатлайдилар», дейилган.

Яна бошқа бир ривоятда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, эркак аёлини тўшагига чақирсаю, у бош тортса, бу ундан рози бўлмагунича осмондаги Зот ундан ғазабнок бўлади»», дедилар.

 

Шарҳ: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй расулуллоҳ, қайси аёл яхшидир?” деб сўрадилар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қараганингда хурсанд қиладиган, буюрганингда итоат қиладиган, нафси ва молида эри ёмон кўрадиган нарсага қаршилик қилмайдиган, яъни эри нимани яхши кўрса яхши кўриб, ёмон кўрган нарсасини ёмон кўрган аёлдир” дедилар». Аммо ҳадисдаги Пайғамбар алайҳиссаломнинг “қараганда хурсанд қиладиган” деган сўзлари бу эркакнинг иффати учундир. Чунки аёл киши гўзал бўлса, бу эркак кишининг динига ва иффатига ёрдам бўлади. Аёлда гўзаллик бўлса эри бошқа аёлларга қарамайди ва бошқа аёлларга эҳтиёж сезмайди. Бу борада сўзимизнинг исботи учун Закариё алайҳиссаломдан ҳикоя келтирамиз.

Юнус ибн Убайд айтади: «Бир подшоҳ ўз мамлакат аҳолисига зулм қилар эди, аҳоли уни ўлдиришга қарор қилди. Ва айтдиларки, орамизда Закариё алайҳиссалом ҳам бор, унинг олдига борайлик, у билан маслаҳатлашайлик. Унинг уйига бордилар, қарасалар уйдан жуда чиройли аёл чиқиб келди, жамоат ундан “Сиз ким бўласиз?” деб сўради. Аёл: “мен Закариёнинг аёлиман”деб жавоб берди. Улар ўзаро “биз Аллоҳнинг пайғамбарини дунёга майл қилмайдиган деб ўйлар эканмиз, ваҳоланки у жуда чиройли аёлга уйланган экан” дедилар ва аёлдан: “Закариё қаерда?” деб сўрашди. Аёл: “У киши фалончининг ҳовлисига кетганлар”, деди. Кейин улар Закариё алайҳиссалом ишлаб турган жойга бордилар. Закариё алайҳиссалом ишлаб турган эдилар. У кишига икки нон миқдоридаги тушлик олиб келинганида жамоатни таклиф ҳам қилмай тановул қилдилар. Сўнг туриб ишларининг қолганини бажардилар. Ишни тугатгач, елкаларига этик, белкурак ва кийимларини илдилар. Сўнг келган жамоатга юзланиб: “Нима юмуш билан келдингиз?” дедилар. Улар: “Биз бир юмуш билан келган эдик, аммо кўрган нарсамиз бизга юмушимиздан ҳам қизиқроқ бўлиб қолди”, дедилар. Закариё алайҳиссалом: “Нима экан у?” деди. Кейин жамоат: “Биз Сизнинг уйингизга бордик, у ерда бир гўзал аёлни кўрдик, биз пайғамбар дунёга қизиқмайдиган киши деб билар эдик”, дейишди. Шунда Закариё алайҳиссалом: “Дарҳақиқат, мен кўзимни ва фаржимни номаҳрамлардан сақлаш учун чиройли бир аёлга уйланганман”, деб уларнинг саволига жавоб бердилар. Улар яна: “Биз Сизни таомга яқинлашганингизни ва уни бизни таклиф этмай тановул қилганингизни кўриб ҳайрон бўлдик”, дейишди. “Бир қавм мени ишга ёллаган эди, мен шу ишга кучим етмай қолишидан қўрқдим ва ёнимдаги таомнинг барчасини едим, агар сиз билан баҳам кўрганимда менга ҳам сизга ҳам кифоя қилмас эди”, деди. Улар: “Биз Сизни этигингизни, белкурак ва кийимларингизни елкангизга илиб олганингизни кўрдик”, деди. Закариё алайҳиссалом: “Мана бу ер янги ер экан. Бу ернинг тупроғини бошқа ерга ташиб боришни ҳоҳламадим, яъни этигимга ёпишиб кетиб қолишини ҳоҳламадим”, деб уларнинг саволларига жавоб бердилар. “Подшоҳ бизга жуда кўп зулм қилмоқда, биз уни ўлдиришни режа қилдик”, дедилар. Шунда Закариё алайҳиссалом: “Сизлар қандай қавмсизлар, бундай қилманглар. Бир тоғни жойидан қўзғатиш бир вазифага юклатилган подшоҳни вазифасидан олиб ташлашдан енгилроқдир”, дедилар».

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ойша аёллар ичида худди таомлар орасида сарид кабидир”, дедилар. Сарид – бу араблардаги энг тўйимли таомдир. Бу пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўхшатишдир. Албатта саридни еган киши бошқа таомларга ҳожат сезмайди. Сариднинг ўрнини бирор бир таом боса олмайди. Бу биз айтиб ўтган бир кўринишдир, бошқа бир жиҳатдан эса албатта Аллоҳ таоло эрларга аёллар борасида мажбуриятлар юклаган. Аёлларнинг шаъни, ҳурмати Қуръони каримнинг бир неча жойида зикр қилинган. Аллоҳ жалла зикруҳу Бақара су­расининг 229-оятида: “Уларни чиройли ҳолатда ушлаб туринг ёки чиройли ҳолатда қўйиб юборинг”, дей­ди. Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 36-оятида ёнбош­ларидаги соҳиб-дўстга, яъни аёлига яхшилик қилишни айтиб, аёлларга яхшилик қилиш ва улар билан чиройли ҳолатда яшашни буюрган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ри­воят қилинади. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккани фатҳ қилган куни хутба қилиб айтдиларки:

“…Аёлларга яхши муомалада бўлинг. Зеро, улар сизнинг измингиздаги ўзлари учун ҳеч нарсага эга бўлмаган асиралардир. Бунинг устига, сизлар уларни Аллоҳнинг омонати сифатида қабул қилиб олдингиз. Уларнинг фаржлари сизларга Аллоҳнинг калимаси билан ҳалол бўлди. Ақлингизни ишлатинг!”, яъни улар билан чиройли яшаш, ҳақларини адо қилишда
Аллоҳдан қўрқинг. Аллоҳ кимга ўзининг кўнглидагидек аёлни берган бўлса, бу унга чиройли яшаш ва ҳақларини адо этишга кўмак бўлади. Чунки нафс бир нарсани ҳоҳласа, кўнгил шунга мойил бўлади, доим ўша нарса томонга талпинади, қизиқади ва яна қалби Аллоҳнинг ана шу ҳақдаги буйруғини бажаришга мойил бўлади. Уларнинг (эр-хотиннинг) ишлари доим иттифоқда бўлади, бир-бири билан ўзаро тараддуд ва тортишувга бормайди. Мана шу пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг “қараганда хурсанд қиладигани” деган сўзларининг тафсиридир.

Аммо пайғамбар алайҳиссаломнинг “буюрганингда итоат қиладигани” деганлари, дарҳақиқат эркак кишининг аёлига вожиб қилган буйруғи жуда ҳам эътиборлидир, уни бажариши керак. Аёл киши эрининг рухсатисиз кўчага чиқмаслиги, эрининг рухсатисиз
бошқа уйларга кирмаслиги керак, илло маҳрами бўлса мумкин. Бошқа эркаклар билан эрининг рухсатисиз гап­лашмаслиги керак, яқин маҳрами бўлса, мумкин. Эрининг аёлига эҳтиёжи тушганида уни тўсмаслик, лаб­бай деб жавоб қайтаришлик. Аёл бу нарсани ҳоҳлайдими ёки ҳоҳламайдими эрининг ҳожати тушганида унга лаббай деб жавоб бериши, бу унга енгил бўладими ё оғир бў­ладими, барибир унинг чақириқларига жавоб бериши Аллоҳ таоло эрларга бериб қўйган ҳуқуқ­ларидандир. Зеро эр аёл кишига таскин топиш, нопок­ликлардан ўзини тийиш учун уйланган. Агар бирор қаршилик сабаб аёл эрининг ҳожати тушган вақтда уни қайтарса, уни ман қилса, дарҳақиқат эрини ҳалокатга йўллаган бўлади. Баъзан бу бош тортиш фитнага ёки бир қийинчилик, маҳзунлик ва шармандаликка сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васал­лам­дан ривоят қилинади: У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аёл киши эридан ўзини ман қилмасин, гарчи тандирнинг бошида турган бўлса ҳам”.

Яна бир бошқа ҳадисда: “Қотобда бўлса ҳам” де­йилган. (Қотоб – аёллар кўзи ёрийдиган вақтда ўтирадиган курсига ўхшаш мослама. Чўлдаги қабилалар аёллари кўзи ёрийдиган вақтда қотобнинг устига ўтиргизилар, қотобнинг остидан болаларини олишар эди.  “Ҳатто ўша жиҳознинг устида ўтирган бўлса ҳам эрини эҳ­тиёжидан тўсмасин”, яъни кўзи ёрийдиган ҳолатда  ҳам ман этмасин.

Ибн Аби Кавшадан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўтирган эдик, олдимиздан бир аёл ўтиб кетди, шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан туриб уйларига кириб кетдилар ва бир оздан кейин олдимизга ғуслнинг аломатлари кўриниб турган ҳолатда қайтиб келдилар, биз: “Ё Расулуллоҳ, бирор бир ҳолат бўлиб ўтдими, деб сўрадик, шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ёнимдан бир аёл ўтиб кетди, шунда кўнг­лимга аёлларнинг шаҳвати тушди, аҳлимнинг бирига бордим-да, шаҳватимни қондириб келдим, сизлар ҳам шундай қилинглар, чунки бу қиладиган ишларингизнинг энг яхшисидир”, дедилар».

Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам­нинг ҳадисдаги “нафси ва молида эри ёмон кўрган нарсага қаршилик қилмайди”, деган сўзлари, яъни аёл эри ўзида ва молида нимани яхши кўрса ана шуни бажаради, гарчи бу ўзига малол келса ҳам эрини хурсанд қилиш учун шу ишни бажаради. Бу эрининг ишларида ёрдам бўлади, модомики гуноҳ бўлмаса. Чунки аёл эри билан чиройли яшашлиги унга ёрдамлашишдир ва эри билан чиройли умргузаронликда яшаши эрининг истаклари учун ўзининг хоҳишларини тарк этишидадир, худди шундай “молида ҳам”, дедилар.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан: «Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, эрим Аллоҳнинг йўлида ғазавотга кетган эди. Менга уйдан чиқмасликни буюриб кетган, лекин отам касал бўлиб қолди”, деди. Расулуллоҳ: “Уйингга боргин ва эрингнинг измидан чиқмагин”, дедилар. Бир оз вақтдан кейин аёл яна келди ва: “Отам вафот этдилар”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам)турдилар ва аёлнинг отасини уйига бориб жаноза ўқидилар. Жаноза намозини тугатгач: “Эй аёл, билгинки, албатта Аллоҳ сен эрингга итоат қилганинг учун отанг­ни мағфират қилди”, дедилар».

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан келган бошқа бир ривоятда эса: «Бир киши ғазотга кетди ва аёлига уйининг тепасидан (яъни юқориги қаватидан) туш­масликни буюрди, аёлнинг отаси уйнинг пастки қаватида яшар эди. Баногоҳ аёлнинг отаси касал бўлиб қолди, аёл Расулуллоҳга бир кишини ушбу ҳолат ҳақи­да хабар қилиш ва маслаҳат учун жўнатди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёлга етказинглар, Аллоҳдан қўрқсин ва эрига итоат этсин”, дедилар. Бир оз вақтдан сўнг аёлнинг отаси вафот этди ва аёл яна Расулуллоҳга одам юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна илгаригидек жавоб бердилар, сўнг уйларидан чиқиб, аёлнинг отасини жанозасига бордилар ва аёлга: “Сен эрингга итоат қилганинг учун Аллоҳ отангни мағфират қилди, деб хабар беринглар”, дедилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунёда бандага бери­ладиган энг яхши нарса унинг имонига кўмак берадиган мўмина аёлдир”.

Луқмон розияллоҳу анҳудан ҳикоя қилинади, у киши ўғилларига шундай деди: “Солиҳа аёл худди подшоҳнинг бошидаги тож кабидир, ёмон аёл худи қари чолнинг орқасига юкланган оғир юк кабидир”.

Ушбу ҳадисда мазкур ишда эрига итоат этмаган аёлга фаришталар тонг отгунча лаънат айтиб чиқишлари ҳам бежиз таъкидланган эмас. Фаришталар унча-мунча нарсаган лаънат айтавермайдилар. Бу маънони ва ҳақни ҳар бир шахс яхши тушуниб олиши, унга амал қилиши лозим.

 

288 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إِذَا دَعَا الرَّجُلُ امْرَأَتَهُ إِلَى فِرَاشِهِ فَلَمْ تَأْتِهِ، فَبَاتَ غَضْبَانَ عَلَيْهَا لَعَنَتْهَا الْمَلَائِكَةُ حَتَّى تُصْبِحَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 3237، م 1436/122].

وَفِي رِوَايَةٍ لَهُمَا: «إِذَا بَاتَتِ الْمَرْأَةُ هَاجِرَةً فِرَاشَ زَوْجِهَا لَعَنَتْهَا الْمَلَائِكَةُ حَتَّى تُصْبِحَ». [خ 5194، م 1436].

وَفِي رِوَايَةٍ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ؛ مَا مِنْ رَجُلٍ يَدْعُو امْرَأَتَهُ إِلَى فِرَاشِهَا فَتَأْبَى عَلَيْهِ إِلَّا كَانَ الَّذِي فِي السَّمَاءِ سَاخِطاً عَلَيْهَا حَتَّى يَرْضَى عَنْهَا». [م 1436/121].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

289. Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аёлга эри борлигида унинг изнисиз рўза тутиши, унинг изнисиз уйига (киришга) изн бериши ҳалол бўлмайди».

Муттафақун алайҳ. Бу Бухорийнинг лафзи.

 

Шарҳ: Исломда эр ва хотинлик алоқалари энг муқаддас инсоний алоқа эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Аммо ўша алоқалар қай тарзда йўлга қўйилиши кераклигини ҳам билишимиз ва мазкур билимга амал қилишимиз лозим. Эр-хотиннинг ўзаро муносабатлари қандай бўлиши керак? Эр киму, унинг қандай мажбуриятлари бор? Хотин киму, унинг қандай мажбуриятлари бор? Икковининг қандай оилавий ҳуқуқлари бор? Бир-бирларига муносабатлари қай тарзда бўлиши керак? 

Шариатимизда шунга ўхшаш саволларнинг барчасига жавоб берилган. Қуръони карим оятлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида бу масала атрофлича ёритилган. Мужтаҳид уламоларимиз мазкур оят ва ҳадислардан кўплаб ҳукмларни чиқарганлар. Ҳамма ҳужжат ва далилларни тўплаб ўрганган уламоларимиз эрнинг хотиндаги ҳақларини қуйидагича баён қилганлар:

1. Аёл киши эри ҳузуридалик вақтида унинг рухсатисиз нафл рўза тутмаслиги лозим. Фарз рўза тутиш учун ҳеч кимнинг изни керак эмас. Шунингдек, эр йўқлигида нафл рўза тутса ҳам бўлаверади. Аммо эр борлигида аёл фақат унинг изни билан нафл рўза тутиши керак. Чунки ҳар қандай вақтда эрининг у билан бирга бўлгиси келиб қолиши мумкин. Нафл рўза эса бу ишга тўсиқ бўлади. Эрнинг изнисиз аёл нафл рўза тутиб олган бўлса, эр бундан бехабар аёли билан бирга бўлиш истагини қилса, орада келишмовчилик, уруш-жанжал чиқиши мумкин. Бу нарсанинг бир неча марта такрорланиши эса ёмон оқибатларга олиб бориши турган гап. Исломда турмуш ўртоғининг шаръий ҳақи нафл ибодатдан устун қўйилмоқда! Бу ҳақиқатни мусулмонлар жуда яхши тушуниб етишлари ва бунга оғишмай амал қилишлари лозим.

2. Аёл киши эрининг рухсатисиз бегона одамни уйига киритмаслиги керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёл киши учун эри борида унинг изнисиз рўза тутиши ва унинг изнисиз уйига бировни киритиши ҳалол эмас», дедилар» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий).

Иккинчи ҳақ аёл киши эрининг рухсатисиз бегона одамни уйига киритмаслиги бўлиб, бу ҳам эрнинг ҳақларидан бири. Чунки эри йўғида унинг уйига кирган одам туфайли оилага катта зарарлар етиши мумкин. Ўша одам бадхулқ одам бўлса, ёлғиз аёлга ёмон кўз билан қараши ёки ҳаракат қилиши мумкин. Оила сирларини ташқарига олиб чиқиши мумкин. Ёки мутлақо эрига ёқмайдиган, унга душман одам бўлиши мумкин. Ҳурматини билган ҳар қандай муассаса ва ташкилот ҳам бошлиғининг изнисиз ҳар кимни ўзининг муҳтарам жойларига киритавермайди. Оиланинг энг муҳтарам жойи бўлмиш уйга оила бошлиғининг изнисиз тўғри келган одамни киритавериш эрга нисбатан ҳурматсизлик бўлади.

3. Шаръий узр бўлмаса, аёл киши эри хоҳлаган вақтда унинг жинсий эҳтиёжини қондириши керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон эр хотинини тўшагига чақирсаю, у келишдан бош тортса, уни фаришталар тонг отгунча лаънатлаб чиқишади», дедилар» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривоят қилишган).

Шаръий узр дейилганда, фарз рўза тутиш, ҳайз ёки нифос кўришга ўхшаш динда жинсий алоқа ман қилинган ҳолатлар кўзда тутилади. Зотан, эр-хотин бўлиб оила қуриб яшашнинг имтиёзларидан бири ҳам шудир. Эрдир, аёлдир, хоҳлаган вақтида жуфти ҳалоли билан, оила доирасида, шаръий никоҳда, ҳалол йўл билан жинсий эҳтиёжларини қондириш имкониятига эга бўлиши лозим. Аёл киши эри уни тўшакка чақирган пайтда бош тортса, ана ўша асосий мақсадларидан бирини бажаришдан бош тортган бўлади. Бу иш аста-секин соғлиқ, меҳр-муҳаббат, ижтимоий ва бошқа тарафлардан зарарлар етишига, бора-бора оилада келишмовчилик келтириб чиқариб, ҳатто унинг бузилишига олиб бориши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам бу Ислом шариатида ўта муҳим аҳамиятга эга иш сифатида баҳоланган. Бу маънони ҳозирги замонда инсонга хос турли илмлар ҳам тасдиқлади.

4. Хотиннинг эрга итоат қилиши ҳам муҳим.

Қайс ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳайрага бориб, уларни Мирзабонга сажда қилаётганларини кўрдим. Ўзимча, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай қилишга ҳақлироқлар, дедим. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, буни у зотга айтдим. Шунда у зот: «Айтгин-чи,   қабримнинг олдидан ўтсанг, унга сажда қилар эдингми?» дедилар. «Йўқ», дедим. «Ундай қилманглар! Агар бировнинг бировга сажда қилишга амр қилгудек бўлсам, хотинларни Аллоҳ уларга аёллари устидан берган ҳақнинг сабабидан эрларига сажда қилишларига амр қилган бўлур эдим», дедилар» (Абу Довуд, Ҳоким ва Термизий ривоят қилишган). Термизийнинг лафзида: «Агар бировнинг бировга сажда қилишга амр қилгудек бўлсам, хотинни эрига сажда қилишга амр қилган бўлур эдим», дейилган.

Эр – оиланинг раҳбари. Агар аёл эрнинг итоатида бўлса, фарзандлар ҳам отага итоат қиладиган бўлади. Оқибатда оилада дўстлик, аҳиллик, муҳаббат ҳукм суради, оила мустаҳкамланади, қут-баракали бўлади. Аёлнинг эрига итоатсизлиги эса оиланинг бузилишига, бошқа кўплаб келишмовчиликларга сабаб бўлади. Ушбу ҳақиқатни ҳар бир мусулмон оиланинг ҳар бир аъзоси яхшилаб тушуниб олиши керак. Шу билан бирга, Аллоҳга гуноҳ бўладиган ишларда эрга ҳам, ундан бошқага ҳам итоат қилиш йўқлиги умумий қоида эканини ҳам билиб қўйиш керак.

5. Аёл киши ўз эри ёмон кўрадиган кишиларни уйга киритмаслиги ва унинг тўшагига ўтказмаслиги керак.

Амр ибн Аҳвас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Огоҳ бўлинглар! Албатта, сизнинг хотинларингизда ҳақингиз бордир ва хотинларингизнинг сизда ҳақлари бордир. Сизнинг хотинингиздаги ҳақингиздан: тўшагингизни сиз ёқтирмаган кишиларга бостирмасликлари ва сиз ёқтирмайдиган кишилар уйингизга киришига изн бермасликлари. Огоҳ бўлинглар! Уларнинг сиздаги ҳақларидан уларнинг кийимларини ва таомларини яхшилаб қўйишингиздир», дедилар» (Имом Термизий ривоят қилган).

Бу ишнинг алоҳида таъкидланиши шунинг учунки, кўпчилик наздида арзимас бўлиб кўринган нарса оилада уруш-жанжаллар келиб чиқишига, оиланинг бузилиб кетишига сабаб бўлиб келганидир. Бировни ёмон кўриб қолиш кўнгил иши. Эркак одам ўзи ёмон кўрган одамга унинг жуфти ҳалоли, ёстиқдоши томонидан илтифот кўрсатилишини ҳеч қачон ёқтирмаслиги турган гап. Шунинг учун ҳам Ислом шариати аёлларга бу масалани алоҳида таъкидлаб уқтиради. Бу нарса эрнинг энг муҳим ҳақларидан бири деб тушунтиради.

6. Эрга нисбатан барча ишда яхши муомалада бўлиш ҳам зарур ҳақлардан.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир хотин бу дунёда эрига озор берса, албатта, унинг ҳури ийндан бўлган хотини «Унга озор берма! Аллоҳ ҳалок қилсин сени! У сенинг олдингда келгинди бўлиб турибди, холос. Яқинда сени тарк этиб, биз томон жўнайди», дейди», деганлар» (Имом Термизий ривоят қилган).

Ушбу ҳадиси шариф ҳам аёл киши ўз эри билан доимо яхши муомалада бўлиши кераклигига, эри ундан озор тортмаслик ҳақига эга эканига далилдир. Ушбу ҳақни яхшилаб тушуниб олиш ва уни поймол қилмасликка ҳаракат этиш ҳам жуда зарурдир.

7. Эр хотинига одоб бериш ҳақига эга.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида: «Бош кўтаришидан хавф қилсангиз у(аёл)ларга ваъз қилинг, ётоқларда ҳижрон қилинг ва уринг. Шунда агар улар сизга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг. Албатта, Аллоҳ юксак мақомли буюк зотдир» (34-оят), деган.

Ислом эр-хотин орасида яхшиликка йўғрилган ширин муомалали ҳаёт бўлиши учун барча чоралар кўрганини юқорида ўрганиб чиқдик. Бунинг учун икки томонга ҳам насиҳат қилгани, маъруф йўли билан яшашни ҳам эрнинг, ҳам хотиннинг ҳақларидан қилганини ўргандик. Шунингдек, оила отли жамиятга Ислом тартиби бўйича эр бошлиқ қилинганини ҳам ўргандик. Албатта, бу раҳбарлик қаҳр, жабр ва зулм ўтказиш учун берилган имконият эмас. Бу раҳбарлик масъулиятидир. Масъулият бўлганда ҳам, улкан масъулиятдир. Ушбу масъулиятга биноан, эркак киши оиланинг, жумладан, аёлнинг ҳомийлигини, боқувчилигини, муҳофазасини адо этиши лозим. Оила аъзолари эса, жумладан, аёл киши ҳам ўз бошлиғига итоат қилмоғи вожиб. Мўмина аёллар аслида шундай бўладилар.  

Лекин беш қўл ҳам баробар эмас. Афсуски, баъзи аёллар солиҳалик мақомига лойиқ бўла олмайдилар. Ҳадларида турмай, эрларига қарши бош кўтариб, беодоблик, итоатсизлик қиладилар. Шундай ҳолларда нима қилиш керак, деган саволга ушбу биз ўрганаётган ояти карима жавобдир: «Бош кўтаришидан хавф қилганингиз (аёл)ларга ваъз қилинг, ётоқларда ҳижрон қилинг ва уринг». Демак, бундай беодоб, ҳаддида турмаган аёлларга таъсир кўрсатиш аста-секин олиб борилади ва даражама-даража чора кўриш йўлга қўйилади.

Итоатсизлик аломатлари кўриниб, эрни беҳурмат қила бошлаганида унга олдин ваъз-насиҳат қилинади. Эр унга итоатсизлик яхши эмаслиги, ҳар ким ўз ҳаддини билгани яхшилиги, бир-бирларини тушуниб яшашлари лозимлигини оҳиста айтиб англатади. Одоб билан аёлга унинг хатоларини баён қилиб, уларни тузатиш йўлларини кўрсатади. Ушбу ваъз-насиҳат самара бериб, аёл ўзини ўнглаб олиб, муносабатлар изга тушиб кетса, айни муддао. 

Агар ваъз-насиҳат фойда бермаса, хотиннинг итоатсизлиги, беодоблиги, эрига қарши бош кўтариши яна давом этаверса, иккинчи босқичдаги чора кўрилади. Иккинчи босқичдаги чора эса, ётоқларда ҳижрон қилиш, бирга ётмай қўйишдан иборатдир. Албатта, ҳижрон ваъз-насиҳатдан кўра анча таъсирли чорадир. Чунки бу масалада аёллар ўта ҳассос бўладилар. Эрларининг улар билан бирга ётмай, гаплашмай қўйгани, эътиборсизлик қилаётгани кўзларини каттароқ очишга мажбур этади. Бу чора инсофини йўқотмаган, ўзини таниган аёлларнинг кўзларини дарҳол очади ва хатоларини тузатишга ёрдам беради. Ҳадисдаги тавсияга биноан хотинидан аразлаган эр жойини бошқа қилиб олганда, бошқа томонга ёки бошқа хонага чиқиб кетмасдан, бир хонанинг ичида алоҳида ётиши зарур.

Агар иккинчи босқичдаги чора ҳам фойда бермаса, аёл инсофини буткул йўқотиб, итоатсизлик, исён ва эрни беҳурмат қилишда давом этаверса, бундай хотиннинг яхшиликнинг қадрига етмаган шахс экани маълум бўлади. Энди унга нисбатан йўлга солишнинг учинчи ва энг таъсирли чорани қўллашга мажбур бўлинади. Бундай аёлни уришга тўғри келади. Аммо, “уриш” деганда қаттиқ калтаклаш, аъзоларини яралаш ё синдириш, жароҳатлаш, баданда из қолдириш тушунилмайди. Ушбу ояти каримадаги хотинни уришга берилган изн фақат сиёсат учун, ўзини билмаган аёлларга таъсир ўтказиш учун, холос. Уламоларимиз бу оятдаги уришни, мисвок билан ёки кўрсаткич бармоқ билан туртиш, деб таъвил қилишган. Кўпчилик эса, берилган ушбу изндан фойдалангандан кўра фойдаланмаган яхшироқ, деган. 

Аёл кишининг аччиғи тез чиқадиган, таъсирчан, шошқалоқ бўлиши табиийдир. Сал нарсага эрига нисбатан итоатсизлик, беодоблик қилиб қўйиши мумкин. Аммо хотин хатодан кейин ўзига келиб, итоатга қайтса, эрга қарши бош кўтаришдан тўхтаса, унга қарши чора кўришга ҳожат қолмайди. Шунинг учун ҳам ояти каримада: «Агар итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг», дейилмоқда. Бу нарса оилани мустаҳкамлашга омил бўладиган ишдир. Бир-бирига нисбатан кечиримли бўлиш доимо яхшилик омилидир. Агар ким бу кўрсатмаларга юрмаса, ўзидан кўраверади. Чунки «Албатта, Аллоҳ юксак мақомли ва буюк Зотдир».

8. Шофеъий, моликий мазҳабларида ҳайз, нифос ва жунубликдан кейин ғусл қилиш ҳақи ҳам эрнинг хотиндаги ҳақларидандир. Чунки хотин ҳайз ва нифосдан кейин ғусл қилмаса, эр унга яқинлашиши мумкин эмас. Шунинг учун у хотинини ғусл қилишга мажбурлаш ҳақига эга. Жунуб аёл эса, тезроқ ғусл қилиб намоз ўқиши лозим.

9. Эр маҳри муъажжални адо қилган бўлса, хотинини ўзи билан сафарга олиб кетишга ҳақли. Яъни, аввал беришга келишилган маҳрни хотинга бериш билан эрнинг уни ўзи билан сафарга олиб кетиш ҳақи ҳам собит бўлади (Аллоҳ билувчидир).

289 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَيْضاً: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا يَحِلُّ لامْرَأَةٍ أَنْ تَصُومَ وَزَوْجُهَا شَاهِدٌ إِلَّا بِإِذْنِهِ، وَلَا تَأْذَنَ فِي بَيْتِهِ إِلَّا بِإِذْنِهِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ، وَهَذَا لَفْظُ البُخَارِيِّ. [خ 5195، م 1026].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

290. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳар бирингиз мутасаддисиз ва ҳар бирингиз ўз қўл остидагига масъулдир. Амир мутасаддидир. Эркак ўз хонадони аҳлига мутасаддидир. Аёл ўз эрининг хонадонига ва боласига мутасаддидир. Ҳа, ҳар бирингиз мутасаддисиз ва ҳар бирингиз ўз қўл остидагига масъулдир».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Бу ҳадисда масъулият масаласи кўтарилган. Қиёмат кунида ҳар бир одам ўзининг қўл остидагилар тўғрисида ҳисоб-китоб қилинади. Ушбу ҳисоб-китоб ҳам моддий, ҳам маънавий ҳақлар борасида бўлади. Масалан, эрдан оиласининг озиқ-овқат, кийим-кечак ва турар жойга бўлган эҳтиёжларини қандай таъминлаганини ҳамда уларга Аллоҳни танитиб, ибодатларни бажаришлари учун нималар қилгани ҳақида сўралади.

Маълумки, инсон икки унсур – руҳ ва жасаддан иборат. Жасад озуқага муҳтож бўлгани каби руҳ ҳам озуқага муҳтож бўлади. Жасаднинг озуқаси моддий нарсалардан иборат бўлса, руҳнинг озуқаси маънавий нарсалар биландир. Албатта, бу икки эҳтиёжни қондириш ўта зарур иш ҳисобланади. Озуқасиз қолган жасад ҳалокатга юз тутгани каби, озуқасиз руҳ ҳам ҳалокатга – бадбахтликка маҳкум бўлади.

Оила жамиятнинг кичик бир бўлагидир. Инсон оила қурар экан, унинг зиммасига катта масъулият юкланади. Энди у хотини ва туғилажак фарзандларининг таоми, кийими ва турар жойларини таъминлаши вожиб. Шу билан бирга уларнинг дин-диёнати ва тарбияси учун ҳам жавобгар бўлади. Яъни, хотини ёки фарзандларининг қилган ҳар бир хатти-ҳаракати учун эр (ота) Аллоҳ таолонинг ҳузурида сўроққа тутилади. Шунинг учун Аллоҳ таоло мўминларга хитоб қилиб айтади: «Эй имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш, дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар хизмат қиладиган дўзахдан сақлангиз» (Таҳрим сураси, 6-оят).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдорда қилган нафл садақасидан яхшироқдир”. 

Бошқа бир ривоятда: “Ота-она фарзандига гўзал одобдан яхшироқ нарсани тортиқ қила олмайди”, дейилади (Имом Термизий ривояти).

Шундай экан, ота оила бошлиғи сифатида аёли ва болаларига чиройли тарбия беришни ҳам зинҳор унутмаслиги лозим. Уларнинг тарбияси, одоб-ахлоқи ҳам ўзининг зиммасида эканини ҳис этмоғи даркор. Моддий жиҳатдан таъминлаб қўйиш билан зиммасидаги масъулиятни адо қилган ҳисобланмайди. Балки уларнинг комил инсон, ҳақиқий мўмин бўлиб етишишларида ҳам жавобгарлигини англаб етсин. Ўз навбатида аёл ҳам эрига бу борада ёрдамини аямасин. Ота- она зиммасидаги масъулиятни чиройли тарзда адо қилар экан, оиладаги фарзандлар ҳам виждонли, иймонли, фидойи бўлиб етишадилар. Бу нафақат ота- онанинг, балки жамиятнинг ҳам ютуғидир.

 

Ҳар бирингиз мутасадди (бошлиқ) ва қўл остингиздагилар хусусида масъулдирсиз.

Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳу айтадилар: «Гувоҳлик бериб айтаманки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қайси бир бошлиқ ёки ҳоким қўли остидагиларни алдаган ҳолда бир қоронғу тунни ўтказса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади», деганларини эшитдим» (Табароний ривояти).

Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аллоҳ азза ва жалла қайси бандани бир раийятга бошлиқ қилиб қўйса ва у раийятини алдаган ҳолда вафот этса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади», деганларини эшитдим» (Муттафақун алайҳ).

Бошқа бир ривоятда: «… у жаннат ҳидини ҳам ҳидламайди», дейилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки ўнта одамга амир бўлса, у қиёмат кунида кишанланган ҳолда келтирилади. Алал-оқибат, уни адолат халос этади ёки жабр-зулм ҳалок қилади» (Баззор, Табароний ривояти). Яъни, одил бўлган бўлса, кишандан нажот топади, золим бўлган эса, ҳалок бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Амирларнинг ҳолига вой, орифларнинг ҳолига вой, аминларнинг ҳолига вой. Қиёмат куни кокилларидан Сурайё (юлдузи)га илиниб, ер билан осмон орасида муаллақ турган кимсалар: «Биронта ишга ҳам бошчилик қилмаганимизда эди», деб орзу қиладилар» (Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қиёмат куни шундай бир соат келадики, унда одил қози: «Икки киши орасида бир мева хусусида бўлса-да, сира ҳукм чиқармаганимда эди», деб орзу қилади», деганларини эшитдим» (Аҳмад, Ибн Ҳиббон ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилиб: «Эй Аллоҳим, кимки умматимнинг биронта ишига бошлиқ бўлиб, уларни машаққатга қўйса, уни Сен ҳам машаққатга қўй. Кимки умматимнинг биронта ишига бошлиқ бўлиб, уларга меҳрибонлик қилса, унга Сен ҳам меҳрибонлик қилгин», дер эдилар (Муслим, Насоий ривояти).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ кимни мусулмонларнинг биронта ишига раҳбар қилиб қўйса-ю, у мусулмонларнинг эҳтиёжлари, муҳтожликлари ва фақирликларидан кўз юмса, Аллоҳ қиёмат кунида унинг эҳтиёжи, муҳтожлиги ва фақирлигидан кўз юмади» (Абу Довуд, Термизий, Ҳоким ривояти).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мендан сўнг амирлар бўлади. Кимки уларнинг ҳузурига кириб, ёлғонларини тасдиқласа, зулмларига ёрдам берса, у мендан эмас, мен ҳам ундан эмасман. Ва у ҳавзага яқин келмайди. Кимки уларнинг ҳузурига кирмаса ва зулмларига ёрдам бермаса, ёлғонларини тасдиқламаса, у мендан ва мен ҳам унданман. Ва у ҳовузга келади» (Термизий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қиёмат куни энг қаттиқ азобга дучор бўладиган дўзахий – пайғамбарни ўлдирган ёки пайғамбар томонидан ўлдирилган кимса ва ҳақ йўлдан адашган раҳбар» (Баззор ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки одамларга раҳм қилмас экан, унга Аллоҳ ҳам раҳм қилмайди» (Табароний).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ қиёмат кунида уч тоифа одам билан гаплашмайди, уларни (гуноҳларидан) покламайди ҳам», деб улардан бири ёлғончи подшоҳ эканини баён қилганлар (Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сизлар яқинда амирликка қизиқиб қоласизлар. Ҳолбуки, у қиёмат кунида надоматга сабаб бўлади» (Бухорий ривояти).

Яна бир ҳадиси шарифда: «Биз бу ишга (амирликка) уни сўраган кишиларни ҳам, унга қизиққан кишиларни ҳам тайинламаймиз», дейилган.

Абдураҳмон ибн Самура розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Амирликни сўрама. Агар унга сўрамасдан етишсанг, уни қўллаб-қувватлайсан. Борди-ю, унга сўраб етишсанг, унга суяниб қоласан», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳуга: «Аллоҳ сени аҳмоқ амирлардан паноҳида сақласин», дедилар. «Аҳмоқ амирлар кимлар?» деб сўраган эди, «Мендан кейин келадиган амирлар бўлиб, улар мен кўрсатган йўлдан юрмайдилар ва менинг суннатимга амал қилмайдилар», деб жавоб бердилар (Аҳмад, Баззор ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки мусулмонларга қози бўлишни талаб қилиб, унга эришса, сўнг адолати зулмидан устун келса, унга жаннат бўлур. Борди-ю, жабр-зулми адолатидан устун келса, унга дўзах бўлур» (Абу Довуд ривояти).

Амр ибн Муҳожир айтадилар: «Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳу менга: «Агар мени ҳақдан оғганимни кўрсанг, икки қўлинг билан ёқамдан тутиб: «Эй Умар, нима қиляпсан?!» деб айт», деган эдилар».

290 - وَعَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «كُلُّكُمْ رَاعٍ، وَكُلُّكُمْ  مَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ، وَالأَمِيرُ رَاعٍ، وَالرَّجُلُ رَاعٍ عَلَى أَهْلِ بَيْتِهِ، وَالْمَرْأَةُ رَاعِيَةٌ عَلَى بَيْتِ زَوْجِهَا وَوَلَدِهِ، فَكُلُّكُمْ رَاعٍ، وَكُلُّكُمْ مَسْئُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 5200، م 1829].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

291. Абу Али Талқ ибн Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон киши хотинини ўз ҳожати учун чақирса, у дарҳол гар таннур олдида турган бўлса ҳам келсин», дедилар.

Имом Термизий ва Насаий ривояти. Термизий бу ҳадис ҳасан, деб айтган.

 

Шарҳ: Ушбу ривоятда эрнинг хотиндаги яна бир муҳим ҳақи устида сўз бормоқда.

Аёл киши эри хоҳлаган вақтда шаръий узр бўлмаса, унинг жинсий эҳтиёжини гарчи таннур олдида бщлса ҳам қондириши керак. Шаръий узр дейилганда, фарз рўза тутган, ҳайз ёки нифос кўрган ҳолатга ўхшаш динда жинсий алоқа ман қилинган ҳолатлар кўзда тутилади. Зотан эру хотин бўлиб оила қуриб яшашнинг имтиёзларидан бири ҳам шу. Эрдир, аёлдир хоҳлаган вақтида ўзининг жуфти ҳалоли билан, оила доирасида, шаръий никоҳда, ҳалол-пок йўл билан жинсий эҳтиёжларини қондириш имконидир.

Аёл киши эри уни тўшакка чақирган пайтда бош тортса ана ўша асосий мақсадларидан бирини бажаришдан бош тортган бўлади. Бу иш аста-секин соғлиқ, меҳр-муҳаббат, ижтимоий ва бошқа тарафлардан зарарлар етишига, бора-бора оилада келишмовчилик келтириб чиқариб, ҳатто унинг бузилишига олиб бориши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам бу ишни Ислом шариатида ўта муҳим аҳамиятга эга иш сифатида баҳоланган. Бу маъно ҳозирги замонда турли инсонга хос илмлар ҳам тасдиқлади.

291 - وَعَنْ أَبِي عَلِيٍّ طَلْقِ بْنِ عَلِيٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا دَعَا الرَّجُلُ زَوْجَتَهُ لِحَاجتِهِ فَلْتَأْتِهِ، وَإِنْ كَانَتْ عَلَى التَّنُّورِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ، وَقَالَ التِّرْمِذِيُّ: حَدِيثٌ حَسَنٌ. [ت 1160، سك 8922].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

292. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар бировни бировга сажда қилишга амр қилгудек бўлсам, хотинларни эрларига сажда қилишларига амр қилган бўлур эдим», дедилар.

Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан, саҳиҳ ҳадис, деган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда эрнинг хотиндаги энг бош ҳақи тўғрисида сўз кетмоқда.

Қайс ибн Саъд Форс империясининг қадимги шаҳарларидан бири Ҳайра шаҳрига борган экан. Ўша ернинг аҳолиси Мирзабонга–подшоҳдан кейинги мартабада турадиган аскарбошига сажда қилаётганларини кўрибди. Бундоқ ҳурмат ва эъзозга бундан кўра Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақлироқлар, деган фикрни хаёлидан ўтказибди у. Сафардан қайтиб келгандан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, биз ҳам сизга сажда қилсак бўлар экан, деган фикрни айтибди.

Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига бу масалани ажойиб бир услуб билан тушунтирибдилар. Аввал у кишидан:

«Айтгин-чи, агар бир қабрнинг олдидан ўтсанг, унга сажда қилармидинг?» деб сўрабдилар.

«Йўқ», деб жавоб берибди Қайс ибн Саъд розияллоҳу анҳу.

«Бас, ундоқ қилмангиз», дебдилар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Чунки ўликка сажда қилган билан тирик одамга сажда қилган баробардир. Тирик одам ҳам барибир тезда ўлади. Ўладиганга сажда қилиш ўлганга сажда қилиш билан баробар. Саждани ўлмайдиган зотгагина қилиш керак. Дунёда ҳеч ўлмайдиган биттаю битта Зот–Аллоҳ бор. Фақат Аллоҳгагина сажда қилиш керак.

Мободо, фаразан одам одамга сажда қилиши жоиз бўладиган бўлса, Исломда хотин эрига сажда қилиши йўлга қўйилар эди. Исломда эрнинг ҳақи хотинида шунчалик улуғ ҳисобланади. Чунки раҳбарга итоатсизлик ҳеч бир инсоний жамиятга тўғри келмайди.

Эр эса оиланинг раҳбари. Агар аёл эрнинг итоатида бўлса, фарзандлар ҳам отага итоат қиладиган бўлади. Оқибатда оилада дўстлик, муҳаббат ҳукм суради, оила мустаҳкамланади, қут-баракали бўлади.

Аёлнинг эрига итоатсизлиги эса оиланинг бузилишига, бошқа кўплаб ноқулайликларга сабаб бўлади. Ушбу ҳақиқатни ҳар бир мусулмон оиланинг аъзоси яхшилаб тушуниб олмоғи керак.

Шу билан бирга, Аллоҳга гуноҳ бўладиган ишларда эрга ҳам, ундан бошқага ҳам итоат қилиш йўқлиги умумий қоида эканини ҳам билиб қўйиш керак.

292 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَوْ كُنْتُ آمِرًا أَحَداً أَنْ يَسْجُدَ لأَحَدٍ لأَمَرْتُ الْمَرْأَةَ أَنْ تَسْجُدَ لِزَوْجِهَا». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ. [1159].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

293. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қайси хотин вафот этса ва эри ундан рози бўлса, у жаннатга киради», дедилар.

Имом Термизий ривоят қилиб, уни ҳасан ҳадис деб айтган.

 

Шарҳ: Солиҳа аёл диннинг ярмидир. Солиҳа аёл дунё матоларининг энг яхшисидир.

Ҳоким ўзининг “Мустадрок” номли китобида, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимга Аллоҳ таоло солиҳа аёл насиб этган бўлса, Аллоҳ унинг динининг ярмига ёрдам берибди. Қолган ярмида Аллоҳдан тақво қилсин”, деб келтиргандир.

Солиҳа аёлнинг зийнати хусусида Абу Нуъайм қуйидагини айтади: Саъид ибн Мусаййибнинг аёли, “Биз ўз эрларимизга, сизлар ўз амирларингизга сўзлагандек, “Аллоҳ сизни салоҳиятли қилсин, Аллоҳ сизни саломат қилсин”деб айтар эдик”-деб айтади.

Ибн Можа Абу Умомадан ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мўмин одамнинг Аллоҳдан тақво қилишни ҳосил қилгандан кейин эришган нарсасининг энг яхшиси солиҳа аёлдир”. У аёлга бирор иш буюрса, итоат қилади, агар аёлига қараса кўзи қувнайди, агар бирор ишни қилишга қасам ичган бўлса, аёли унга қасамнинг устидан чиқишда ёрдам беради. Агар эри уйида йўқ бўлса, ўзини ҳам эрининг молини ҳам холислик билан муҳофаза қилади.

Байҳақий “Шўъбул Иймон” китобида Асмо ибн Хорижа Ал-Физорийнинг ўз қизини турмушга бераётган пайтида айтган сўзини келтиради: “Эй қизим, сен эрингга чўри каби бўлгин, шунда эринг сенга қул каби бўлади. Эрингга ўта яқин келмагинки, сени малол олиб қолиши мумкин. Ундан ўта узоқлашиб кетмагинги, сенинг узоқлашиб кетишинг унга оғир ботиши мумкин. Сен мен сенинг онангга айтганимдек бўлгин. Мен сенинг онангга шундай деган эдим: “Мадомики, сен мени доимий равишда афв этиб борар экансан, менинг сенга бўлган муҳаббатимни узоқ сақлаб қоласан. Мен ғазабга минган пайтимда менга бирор сўз айтмагин. Чунки мен кўрдимки, бир вақтнинг ўзида инсон қалбида ҳам мухаббат ҳам озор жамланмас экан, балки муҳаббат кетиб қолар экан”. Агар аёл ўз эрини рози қилган ҳолатда вафот этадиган бўлса, у аёлнининг жаннатга кириши умид қилинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Менга дўзах кўрсатилди, қарасам ундаги одамларнинг кўпи инкор қилувчи хотинлар экан”. Саҳобалар: “Аллоҳни инкор қилганми?”-деб сўрадилар. “Эрнинг яхшилигини инкор қилганлар, эрнинг қадрига етмаганлар. Агар уларнинг биттасига бир умр яхшилик қилсанг-у, кейин сендан бир кичик ёмонлик кўрса. “Сендан нима кўрдим, ҳеч яхшилик кўрмадим”-деб айтадилар”-деб жавоб бердилар. Имом Бухорий ривояти.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизларга жаннат аҳлидан бўлган аёлларингиз ҳақида хабар берайми? Хушмуомала, тез рози бўлувчи, зулм кўрган пайтда “Мана бу қўлим сизнинг қўлингизда, то сиз рози бўлмагунча кўзимга уйқу қўнмайди” дейдиганларидир”. Табароний ривояти.

Ҳамма ҳужжат ва далилларни тўплаб ўрганган уламоларимиз эрнинг хотиндаги ҳақларини қуйидагича баён қилганлар;

1. Аёл киши ҳузурида эри бор вақтда унинг рухсатисиз нафл рўза тутмаслиги лозим.

2. Аёл киши эрининг рухсатисиз бегона одамни уйига киритмаслиги.
3. Аёл киши эри хоҳлаган вақтда шаръий узр бўлмаса, унинг жинсий эҳтиёжини қондириши керак.

4. Хотиннинг эрга итоат қилмоғи.

5. Аёл киши ўз эри ёмон кўрадиган кишиларни уйга киритмаслиги ва унинг тўшагига ўтказмаслиги керак.

6. Эрга нисбатан барча ишларда яхши муомалада бўлмоқлик.

7. Эр хотинига одоб бериш ҳақига эга.

8. Шофеъий, Моликий мазҳабларида ҳайз, нифос ва жунубликдан кейин ғусл қилиш ҳақи ҳам эрнинг хотиндаги ҳақларидандир.

9. Эр маҳри муъажжални адо қилган бўлса, хотинини ўзи билан сафарга олиб кетиш ҳақига эга.

Шунингдек, эрнинг одоблари ҳам бор;

1. Эр тўй қилиши мастаҳабдир.

2. Эр хотинига ҳусни муомалада бўлиши ва унинг озорларига чидаши лозим.

3. Эр ҳазил мутойиба ва кўнгилхуши билан аёлини эркалатиб туради.

4. Ҳазил мутойиба ва кўнгилхушига ўхшаш ишларда мўътадил бўлиши шарт.

5. Рашк қилишда мўътадил бўлиши керак. Беҳудага рашк қилмайди.

6. Нафақада мўътадил бўлиши зарур. Жуда қисиб ҳам қўймайди. Исрофга йўл ҳам қўймайди.

7. Эр ҳайз, нифос, истиҳозага ўхшаш нарсаларнинг шаръий ҳукмларини ва бошқа диний илмларни ўзи ўрганиб аёлига ҳам ўргатиши керак.

8. Эр хотини билан бўладиган жинсий алоқанинг барча ҳукм ва одобларини яхшилаб ўрганиб уларга амал қилиши керак.

9. Эр бола туғилганда қилиниши лозим бўлган барча амалларни яхшилаб ўрганиб татбиқ қилиши матлуб.

10. Эр талоқ масалаларини яхшилаб ўрганиши, талоқ сўзини айтишга зинҳор шошилмаслиги лозим. 

293 - وَعَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «أَيُّمَا امْرَأَةٍ مَاتَتْ وَزَوْجُهَا عَنْهَا رَاضٍ دَخَلَتِ الجَنَّةَ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ حَدِيثٌ حَسَنٌ. [1161].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

294. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бирор хотин бу дунёда эрига озор берса, унинг ҳури ийндан бўлган хотини «Унга озор берма! Аллоҳ ҳалок қилсин сени! У сенинг олдингда келгинди бўлиб турибди, холос. Яқинда сени тарк этиб биз томон жўнайди», деб айтади», деганлар».

Имом Термизий ривоят қилиб, уни ҳасан ҳадис деб айтганлар.

 

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф ҳам аёл киши ўз эри билан доимо яхши муомалада бўлиши кераклигига, эри ундан озор кўрмаслик ҳақига эга эканлигига далилдир. Бу ҳақни яхшилаб тушуниб олиш ва уни поймол қилмасликка ҳаракат этиш зарур.

294 - وَعَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا تُؤْذِي امْرَأَةٌ زَوْجَهَا فِي الدُّنْيَا إِلَّا قَالَتْ زَوْجَتُهُ مِنَ الحُورِ الْعِيْنِ: لَا تُؤْذِيهِ - قَاتَلَكِ اللهُ -، فَإِنَّمَا هُوَ عِنْدَكِ دَخِيلٌ يُوشِكُ أَنْ يُفَارِقَكِ إِلَيْنَا». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ. [1174].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

295. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ўзимдан кейин эркакларга аёллардан кўра зарарлироқ фитнани қолдирмадим», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Мусулмон одам бу дунёда йўлиқадиган улкан фитналардан бири аёллар фитнасидир. Агар бу фитнадан ишхонасида қутулса, кўчаларда, бозорларда қутулиши қийин.

Аллоҳ таоло Ўзининг азиз Китобида аёлларга қизиқиш инсонлар учун зийнатли қилиб қўйилганини баён қилиб шундай деган:

“Одамларга аёллардан, болалардан, тўп-тўп тилло ва кумушдан, гўзал отлардан, чорвадан, экин-текиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати зийнатланди. Улар дунё ҳаётининг матоҳидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса, ҳуснли қайтар жой бор”. (Оли Имрон сураси, 14-оят).

(“Шаҳват” сўзи урфда жинсий маънода ишлатиб келинади. Аслида эса, шаҳват “иштаҳа” сўзидан олинган бўлиб, кўнгил тусаши, хоҳлашига айтилади. Ушбу ояти каримада одамларнинг кўнглига муҳаббати зийнатланган, иштаҳалари доим тортиб турадиган нарсалар ҳақида сўз кетмоқда.)

Албатта, аёллар фитнаси Бани Исроил дучор бўлган илк фитна бўлганини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар бериб шундай деганлар: “Албатта, дунё ям-яшил, ширин нарсадир. Албатта, Аллоҳ сизларни қандай амал қилишингизни кўриш учун у ерда ўринбосар қилиб қўйди. Шундай экан, дунёдан эҳтиёт бўлинглар ва аёллардан эҳтиёт бўлинглар. Чунки, Бани Исроилга келган илк фитна аёллар борасида эди”.

Аёлларнинг фитнасига сабр қилиш ва фитнага олиб борадиган жойлардан узоқ бўлиш қурбат амаллардан бўлиб, банда бу билан Аллоҳ таолога яқинлашади ва улкан яхшиликка, кўплаб савобга эришади. Ана шундай яхшиликлардан баъзиларини келтириб ўтамиз:

– Қийинчиликлардан нажот топиш ва машаққатларнинг ариши

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Уч нафар йигит бораётганда, ёмғир ёғиб қолди. Тоғдаги ғорга кириб олишди. Шу пайт тоғдан харсанг тош тушиб, ғорнинг оғзини ёпиб қўйди. Улардан бири бошқасига: “Аллоҳ учун холис қилган амалларингизга қаранглар. Ўша амални васила қилиб Аллоҳ таолога дуо қилинглар. Шоядки Аллоҳ сизларни бу мусибатдан қутқарса” деди. Улардан бири “Аллоҳим, Ўзинг биласанки, мен амакимнинг қизларидан бирини эркак кишининг аёлларни энг қаттиқ севишидек севар эдим. (Қиз) “Юз динор бермагунингча бунга етиша олмайсан”, деди. Мен шунга (пулга) уриниб юриб, ниҳоят уни тўпладим. Кейин унинг икки оёғи орасига чўккалаганимда, у: “Аллоҳдан қўрқ! Ҳақини бермай туриб муҳрни очма!” деди. Шунда мен ўрнимдан туриб кетдим ва уни тарк этдим. Агар мени шу ишни Сенинг розилигингни истаб қилган, деб билган бўлсанг, бизга бир тирқиш очгин”, деди. Шунда уларга учдан икки қисм очилди...”

­– Солиҳларга ўхшаш

Ким ҳаромдан тийилса, иффатли бўлса, бу иши билан Аллоҳнинг Пайғамбари Юсуф алайҳиссаломнинг ишларини қилган бўлади. Азизнинг хотини Юсуф алайҳиссаломни йўлдан урмоқчи бўлганда, у киши иффатларини сақладилар, Аллоҳ таолодан паноҳ сўрадилар. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай деган:

“У уйида бўлган аёл ундан нафсини хоҳлади. Эшикларни беркитиб: “Бу ёққа кел!” деди. У: “Аллоҳ сақласин! Ахир, у жойимни яхшилаб берган хўжам-ку! Албатта, золимлар нажот топмаслар”, деди”. (Юсуф сураси, 23-оят).

 

(Яъни, бундай ҳаром ишни қилишдан Аллоҳ сақласин, демоқда. Кейин у яхшиликни унутадиган одам ҳам эмас. Шунинг учун ҳам, ахир у, яъни, уй эгаси–хотиннинг эри, жойимни яхшилаб берган хўжам-ку, деди. Менга шунча яхшилик қилган инсонга хиёнат этиб, хотинининг гапига кириб, фаҳш иш қиламанми? Агар шундай қиладиган бўлсам, золимлардан бўламан.) Юсуф алайҳиссалом Аллоҳнинг розилигини истадилар, бу розиликни устун қўйдилар, Аллоҳга маъсият қилиб озодликда яшашдан кўра қамоқ ҳаётини танладилар. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган:

“У: “Сиз мени маломат қилган эдингиз. Ҳа, мен ундан нафсини хоҳладим, бироқ у ўзини сақлади. Агар у менинг амримни бажармаса, албатта, қамалур ва хор бўлгувчилардан бўлур”, деди”.

“Эй Роббим, улар мени чорлаётган нарсадан кўра мен учун қамоқ маҳбуброқдир, бу(аёл)ларнинг макрини мендан Ўзинг нари қилмасанг, уларга мойил бўлиб, жоҳиллардан бўлиб қоламан”, деди”.

“Бас, Робби унинг (дуосини) ижобат қилиб, уларнинг макрини ундан нари қилди. Албатта, Унинг ўзи эшитгувчи ва билгувчи зотдир” (Юсуф сураси, 32-34-оятлар).

– Роҳманнинг аршининг соясидаги омонлик

Ким аёлларнинг фитнасига сабр қилса, ҳаром билан булғанмаса, у қиёмат куни Аллоҳнинг аршининг соясида турадиган етти нафардан бири бўлади. Саҳиҳ ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам етти нафарни зикр қилиб туриб: “Мансаб ва жамолга эга бўлган аёл ўзига чорлаганда, “Албатта, мен Аллоҳдан қўрқаман” деган киши” дедилар.

– Жаннат билан мукофотланиш

Аллоҳ таоло шундай деган:

Ва, аммо ким Роббисининг мақомидан қўрққан ва ўз нафсини ҳаволаниб кетишидан қайтарган бўлса”.

Бас, албатта, жаннат ўрин бўладир” (Нозиот сураси, 40-41-оятлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга икки жағи орасидаги ва икки оёғи орасидаги нарсани сақлашга кафолат берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман” деганлар.

Аллоҳ таолодан паноҳ сўрагандан кейин аёллар фитнасидан қутулишнинг энг муҳим омилларидан қуйидагиларни келтириш мумкин:

– Кўзни тийиш

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир” (Нур сураси, 30-оят).

– Аёллар билан аралашиладиган жойлардан узоқ бўлиш

Намоздаги сафга эътибор беринг. Аввал эркаклар, кейин болалар ва охирида аёллар саф олишади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эркаклар сафининг энг яхшиси аввалгиси, энг ёмони охиргисидир. Аёллар сафининг энг яхшиси охиргиси, энг ёмони аввалгисидир” деганлар. Бунга сабаб аёллар эркаклардан узоқ туриши, аралаш бўлмаслиги учун. Аёл эркакдан қанча узоқ турса, шунча яхши ва афзалдир. Энди бу ҳол намозда бўлгандан кейин бошқа ўринлар ҳақида нима дейиш мумкин?!

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эркакларга мавъиза қилиб бўлганларидан кейин минбардан тушиб, ташқарига аёллар тарафга бориб, уларга мавъиза қилар эдилар. Бу эса аёлларнинг сафи, намоз ўқийдиган ўрни эркакларникидан анча узоқда бўлганига далолат қилади.

– Маҳрамсиз аёл билан холи қолишдан сақланиш

Маҳрамсиз бегона аёл билан холи қолиш Аллоҳ ҳаром қилган ишга тушиб қолишнинг энг катта боисларидан биридир. Қанчадан қанча жиноятлар, хиёнатлар айнан шундай холи қолишлардан келиб чиққан. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кўплаб ҳадисларида умматларини бундан огоҳлантирганлар.

У зот алайҳиссалом шундай деганлар: “Киши бегона аёл билан асло холи қолмасин!  Аёл маҳрамсиз асло сафарга чиқмасин!”

Бир киши ўрнидан туриб, “Эй Аллоҳнинг Расули! Мен фалон ғазотга ёзилган эдим. Аёлим эса ҳажга бормоқчи эди” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Бор, аёлинг билан бирга ҳаж қил!” дедилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Киши бегона аёл билан асло холи қолмасин! Акс ҳолда учинчилари шайтон бўлади” деганлар.

– Никоҳ

Никоҳ иффатни сақловчи, аёллар фитнасидан сақланишга хизмат қилувчи энг муҳим омилдир. Бу набавий муолажа қуйидаги ҳадисда келган: “Эй ёшлар жамоаси! Сизлардан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин! Чунки у кўзни тиювчироқ ва фаржни сақловчироқдир. Ким никоҳга қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин! Чунки, рўза бичилишдир”.

Бу ҳадисда шунга ишора борки, аёл киши эрига кўпроқ ёқиш учун зийнатлансин, поклигига эътиборли бўлсин, сочларини тартибга келтирсин, хушбўйлик ишлатсин, рухсат берилган зийнат воситаларидан фойдалансин, токи эри иффатли бўлиб, бегона аёллардан узоқ юрсин. Чунки эркак кишининг кўзи гоҳида очиқ-сочиқ юрган аёлларга тушиб қолади. Улар билан кўчаларда, бозорларда аралаш ҳолда юриб қолади. Баъзида аёрим аёлларнинг ўзлари эркакнинг шаҳватини қўзғашга уринишилари мумкин. Хотин ўз эри учун безанмаслиги, хушбўйликлардан фойдаланмаслиги эрининг ҳаром йўлларга кетиб қолишига сабаб бўлиб қолиши мумкин.

295 - وَعَنْ أُسَامَةَ بْنِ زَيدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَا تَرَكْتُ بَعْدِي فِتْنَةً هِيَ أَضَرُّ عَلَى الرِّجالِ مِنَ النِّسَاءِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 5096، م 2740].


Улашиш
|
|
Нусха олиш