295. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўзимдан кейин эркакларга аёллардан кўра зарарлироқ фитнани қолдирмадим», дедилар.
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Мусулмон одам бу дунёда йўлиқадиган улкан фитналардан бири аёллар фитнасидир. Агар бу фитнадан ишхонасида қутулса, кўчаларда, бозорларда қутулиши қийин.
Аллоҳ таоло Ўзининг азиз Китобида аёлларга қизиқиш инсонлар учун зийнатли қилиб қўйилганини баён қилиб шундай деган:
“Одамларга аёллардан, болалардан, тўп-тўп тилло ва кумушдан, гўзал отлардан, чорвадан, экин-текиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати зийнатланди. Улар дунё ҳаётининг матоҳидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса, ҳуснли қайтар жой бор”. (Оли Имрон сураси, 14-оят).
(“Шаҳват” сўзи урфда жинсий маънода ишлатиб келинади. Аслида эса, шаҳват “иштаҳа” сўзидан олинган бўлиб, кўнгил тусаши, хоҳлашига айтилади. Ушбу ояти каримада одамларнинг кўнглига муҳаббати зийнатланган, иштаҳалари доим тортиб турадиган нарсалар ҳақида сўз кетмоқда.)
Албатта, аёллар фитнаси Бани Исроил дучор бўлган илк фитна бўлганини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар бериб шундай деганлар: “Албатта, дунё ям-яшил, ширин нарсадир. Албатта, Аллоҳ сизларни қандай амал қилишингизни кўриш учун у ерда ўринбосар қилиб қўйди. Шундай экан, дунёдан эҳтиёт бўлинглар ва аёллардан эҳтиёт бўлинглар. Чунки, Бани Исроилга келган илк фитна аёллар борасида эди”.
Аёлларнинг фитнасига сабр қилиш ва фитнага олиб борадиган жойлардан узоқ бўлиш қурбат амаллардан бўлиб, банда бу билан Аллоҳ таолога яқинлашади ва улкан яхшиликка, кўплаб савобга эришади. Ана шундай яхшиликлардан баъзиларини келтириб ўтамиз:
– Қийинчиликлардан нажот топиш ва машаққатларнинг ариши
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Уч нафар йигит бораётганда, ёмғир ёғиб қолди. Тоғдаги ғорга кириб олишди. Шу пайт тоғдан харсанг тош тушиб, ғорнинг оғзини ёпиб қўйди. Улардан бири бошқасига: “Аллоҳ учун холис қилган амалларингизга қаранглар. Ўша амални васила қилиб Аллоҳ таолога дуо қилинглар. Шоядки Аллоҳ сизларни бу мусибатдан қутқарса” деди. Улардан бири “Аллоҳим, Ўзинг биласанки, мен амакимнинг қизларидан бирини эркак кишининг аёлларни энг қаттиқ севишидек севар эдим. (Қиз) “Юз динор бермагунингча бунга етиша олмайсан”, деди. Мен шунга (пулга) уриниб юриб, ниҳоят уни тўпладим. Кейин унинг икки оёғи орасига чўккалаганимда, у: “Аллоҳдан қўрқ! Ҳақини бермай туриб муҳрни очма!” деди. Шунда мен ўрнимдан туриб кетдим ва уни тарк этдим. Агар мени шу ишни Сенинг розилигингни истаб қилган, деб билган бўлсанг, бизга бир тирқиш очгин”, деди. Шунда уларга учдан икки қисм очилди...”
– Солиҳларга ўхшаш
Ким ҳаромдан тийилса, иффатли бўлса, бу иши билан Аллоҳнинг Пайғамбари Юсуф алайҳиссаломнинг ишларини қилган бўлади. Азизнинг хотини Юсуф алайҳиссаломни йўлдан урмоқчи бўлганда, у киши иффатларини сақладилар, Аллоҳ таолодан паноҳ сўрадилар. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай деган:
“У уйида бўлган аёл ундан нафсини хоҳлади. Эшикларни беркитиб: “Бу ёққа кел!” деди. У: “Аллоҳ сақласин! Ахир, у жойимни яхшилаб берган хўжам-ку! Албатта, золимлар нажот топмаслар”, деди”. (Юсуф сураси, 23-оят).
(Яъни, бундай ҳаром ишни қилишдан Аллоҳ сақласин, демоқда. Кейин у яхшиликни унутадиган одам ҳам эмас. Шунинг учун ҳам, ахир у, яъни, уй эгаси–хотиннинг эри, жойимни яхшилаб берган хўжам-ку, деди. Менга шунча яхшилик қилган инсонга хиёнат этиб, хотинининг гапига кириб, фаҳш иш қиламанми? Агар шундай қиладиган бўлсам, золимлардан бўламан.) Юсуф алайҳиссалом Аллоҳнинг розилигини истадилар, бу розиликни устун қўйдилар, Аллоҳга маъсият қилиб озодликда яшашдан кўра қамоқ ҳаётини танладилар. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган:
“У: “Сиз мени маломат қилган эдингиз. Ҳа, мен ундан нафсини хоҳладим, бироқ у ўзини сақлади. Агар у менинг амримни бажармаса, албатта, қамалур ва хор бўлгувчилардан бўлур”, деди”.
“Эй Роббим, улар мени чорлаётган нарсадан кўра мен учун қамоқ маҳбуброқдир, бу(аёл)ларнинг макрини мендан Ўзинг нари қилмасанг, уларга мойил бўлиб, жоҳиллардан бўлиб қоламан”, деди”.
“Бас, Робби унинг (дуосини) ижобат қилиб, уларнинг макрини ундан нари қилди. Албатта, Унинг ўзи эшитгувчи ва билгувчи зотдир” (Юсуф сураси, 32-34-оятлар).
– Роҳманнинг аршининг соясидаги омонлик
Ким аёлларнинг фитнасига сабр қилса, ҳаром билан булғанмаса, у қиёмат куни Аллоҳнинг аршининг соясида турадиган етти нафардан бири бўлади. Саҳиҳ ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам етти нафарни зикр қилиб туриб: “Мансаб ва жамолга эга бўлган аёл ўзига чорлаганда, “Албатта, мен Аллоҳдан қўрқаман” деган киши” дедилар.
– Жаннат билан мукофотланиш
Аллоҳ таоло шундай деган:
“Ва, аммо ким Роббисининг мақомидан қўрққан ва ўз нафсини ҳаволаниб кетишидан қайтарган бўлса”.
“Бас, албатта, жаннат ўрин бўладир” (Нозиот сураси, 40-41-оятлар).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга икки жағи орасидаги ва икки оёғи орасидаги нарсани сақлашга кафолат берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман” деганлар.
Аллоҳ таолодан паноҳ сўрагандан кейин аёллар фитнасидан қутулишнинг энг муҳим омилларидан қуйидагиларни келтириш мумкин:
– Кўзни тийиш
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:
“Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир” (Нур сураси, 30-оят).
– Аёллар билан аралашиладиган жойлардан узоқ бўлиш
Намоздаги сафга эътибор беринг. Аввал эркаклар, кейин болалар ва охирида аёллар саф олишади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эркаклар сафининг энг яхшиси аввалгиси, энг ёмони охиргисидир. Аёллар сафининг энг яхшиси охиргиси, энг ёмони аввалгисидир” деганлар. Бунга сабаб аёллар эркаклардан узоқ туриши, аралаш бўлмаслиги учун. Аёл эркакдан қанча узоқ турса, шунча яхши ва афзалдир. Энди бу ҳол намозда бўлгандан кейин бошқа ўринлар ҳақида нима дейиш мумкин?!
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эркакларга мавъиза қилиб бўлганларидан кейин минбардан тушиб, ташқарига аёллар тарафга бориб, уларга мавъиза қилар эдилар. Бу эса аёлларнинг сафи, намоз ўқийдиган ўрни эркакларникидан анча узоқда бўлганига далолат қилади.
– Маҳрамсиз аёл билан холи қолишдан сақланиш
Маҳрамсиз бегона аёл билан холи қолиш Аллоҳ ҳаром қилган ишга тушиб қолишнинг энг катта боисларидан биридир. Қанчадан қанча жиноятлар, хиёнатлар айнан шундай холи қолишлардан келиб чиққан. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кўплаб ҳадисларида умматларини бундан огоҳлантирганлар.
У зот алайҳиссалом шундай деганлар: “Киши бегона аёл билан асло холи қолмасин! Аёл маҳрамсиз асло сафарга чиқмасин!”
Бир киши ўрнидан туриб, “Эй Аллоҳнинг Расули! Мен фалон ғазотга ёзилган эдим. Аёлим эса ҳажга бормоқчи эди” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Бор, аёлинг билан бирга ҳаж қил!” дедилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Киши бегона аёл билан асло холи қолмасин! Акс ҳолда учинчилари шайтон бўлади” деганлар.
– Никоҳ
Никоҳ иффатни сақловчи, аёллар фитнасидан сақланишга хизмат қилувчи энг муҳим омилдир. Бу набавий муолажа қуйидаги ҳадисда келган: “Эй ёшлар жамоаси! Сизлардан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин! Чунки у кўзни тиювчироқ ва фаржни сақловчироқдир. Ким никоҳга қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин! Чунки, рўза бичилишдир”.
Бу ҳадисда шунга ишора борки, аёл киши эрига кўпроқ ёқиш учун зийнатлансин, поклигига эътиборли бўлсин, сочларини тартибга келтирсин, хушбўйлик ишлатсин, рухсат берилган зийнат воситаларидан фойдалансин, токи эри иффатли бўлиб, бегона аёллардан узоқ юрсин. Чунки эркак кишининг кўзи гоҳида очиқ-сочиқ юрган аёлларга тушиб қолади. Улар билан кўчаларда, бозорларда аралаш ҳолда юриб қолади. Баъзида аёрим аёлларнинг ўзлари эркакнинг шаҳватини қўзғашга уринишилари мумкин. Хотин ўз эри учун безанмаслиги, хушбўйликлардан фойдаланмаслиги эрининг ҳаром йўлларга кетиб қолишига сабаб бўлиб қолиши мумкин.
295 - وَعَنْ أُسَامَةَ بْنِ زَيدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَا تَرَكْتُ بَعْدِي فِتْنَةً هِيَ أَضَرُّ عَلَى الرِّجالِ مِنَ النِّسَاءِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 5096، م 2740].