315-ҳадис

315. Яна у кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин! Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин! Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин!»

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида кишилар ҳаётида доимо учраб турадиган ва ҳар бир жамият учун ниҳоятда зарур бўлган тўрт нарсани Аллоҳга ва охират кунига бўлган иймон билан чамбарчас боғлиқ ишлар қаторида зикр этмоқдалар.

Бу ҳадис Аллоҳга ва охират кунига ҳақиқий иймони бор кишигина мана шу нарсаларга ихлос билан ва тўла амал қилади, деган маънони билдиради. Келинг, ўша ишлар билан ҳадиси шарифда келган тартибда танишиб чиқайлик.

1. «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин!».

Мусулмонлар қўни-қўшнини иззат-икром қилиш бўйича ҳам инсоният тарихида мисли кўрилмаган олий даражаларга эришганлар.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ҳам бир неча бор қўшнини ҳурмат қилишга чорлаган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам бу масалага алоҳида эътибор берилган.

2. «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин!»

Меҳмоннинг иззат-икромини жойига қўйишда мусулмонларга тенг кела оладиган кишилар йўқлигига дўст ҳам, душман ҳам тан беради. Мусулмонларнинг  бу  фазилатлари  тилларда  достон  бўлиб кетган. Ислом адабиётига бир кўз ташласак, бу ҳақиқатни яна ҳам равшанроқ англаб етамиз. Бу нарсаларнинг ҳаммасига динимиз таълимотлари, ушбу ва келажакда ўрганадиган ҳадиси шарифларимизга ўхшаш кўплаб ҳадислар сабаб бўлган.

«Меҳмон–атои Худо», «меҳмон отангдан азиз» каби ҳикматли сўзлар ҳам ана ўша таълимотлар таъсирида айтилган.

Биз мусулмонларнинг кейинги авлодлари ҳам бу улкан фазилатни ўзимизга сингдириб, унга оғишмай амал қилиб бормоғимиз лозим.

3. «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин».

Албатта, яхши гап дейилганда Ислом шариати яхши ҳисоблайдиган яхши гап кўзда тутилган бўлади. Ҳа, мўмин-мусулмон инсон фақат яхши гапни айтмоғи лозим. Мабодо яхши гапни айтиш имконини қила олмаса, бирор шаръий монеълик бўлса, жим турсин. Ҳа, жим турсин. Аммо зинҳор ва зинҳор ёмон гапни гапирмасин.

Бу ҳадиси шарифни жуда ҳам диққат билан ўрганиб, ҳаётимизга татбиқ қилмоғимиз лозим. Ҳозирда баъзиларимиз ёмон гапни гапирамизда, кейин ноиложликдан гапирдим, деб ўзимизни оқлашга ўтамиз. Йўқ! Бу гап нотўғри. Мусулмон инсон яхши гап айтмоғи матлуб. 

315 – وَعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ باللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ، فَلَا يُؤْذِي جَارَهُ، وَمَنْ كَان يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيُكْرِمْ ضَيْفَهُ، وَمَنْ كَانَ يُؤْمنُ بِاللهِ وَالْيَومِ الآخِرِ، فَلْيَقُلْ خَيْراً أَوْ لِيَسْكُتْ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 6018، م 47/75].


Улашиш
|
|
Нусха олиш