39-боб. Қўшнининг ҳаққи ва бу тўғридаги васиятлар баёни
Аллоҳ таоло: «Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшни ва бегона қўшнига, ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи мусофирга ва қўлларингиздаги қулларингизга яхшилик қилингиз!» деб айтади (Нисо сураси, 36-оят).
39- بَابُ حَقِّ الجَارِ وَالوَصِيَّةِ بِهِ
قَالَ اللهُ تَعَالَى: {وَاعْبُدُوا اللهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئاً وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَاناً وَبِذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى وَالْجَارِ الْجُنُبِ وَالصَّاحِبِ بِالْجَنْبِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ}.
310. Ибн Умар ва Оиша розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жаброил менга қўшни(нинг ҳаққи) хусусида тавсия бераверганидан уни меросхўр қилиб қўярмикан, деб ўйлаб қолдим», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Қўшничилик жуда аҳамиятли эканини шундан биламизки, Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Нисо сурасининг 36-оятида шундай марҳамат қилади:
«Аллоҳга ибодат қилинглар, унга ҳеч нарсани шерик қилманглар, ота-онага яхшилик қилинг ва қариндошларга, мискинларга, шунингдек, етимларга ва яқин қўшнига, ёнингиздаги қўшнига, ён қўшнига яхшилик қилинг».
Бу оятда уч хил қўшнини алоҳида зикр қилиб ўтади. Қуръони каримда қўшничилик оятларининг зикр қилиниши бу муносабатнинг ниҳоятда жиддийлигидан далолат беради ва бу маъно ҳадиси шариф билан мустаҳкамланади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: «Жаброил ҳар сафар келганида, оят келтирганларида менга васият қилардилар: «Қўшнингизга эҳтиёт бўлинг, қўшничилик муносабатига аҳамият беринг», деб қайта-қайта айтардиларки, мен яқин орада инсоннинг қўшниси, фарзанди каби мол-у дунёсига меросхўр бўлиб қолса керак, деб ўйлардим. Ҳар сафар келганларида қўшничилик ҳақида айтардилар».
Қўшни иморат қуришда қўшнидан изн олади
Динимиз қоидаларига кўра, қўшни қўшнисининг рухсатисиз унинг иморатидан баланд иморат қурмасин. Иморатни ўзининг ерига қуради, лекин қўшнисининг иморатидан баланд қилмасин. Нега? Уни қуёшдан тўсиб қўймасин, унинг розилигини олсин.
Одоб юзасидан иморат қураётган инсон деразасини қўшни томонга кўринадиган қилиб қурмайди. Чунки бу бировнинг оиласига назар солиш бўлиб қолади.
Қўшничилик одоблари нималар?
Қўшни орасидаги ҳақлар ҳақида гап кетар экан, қўшни бирор жойга сафар қилса, уйини ўзиникидай муҳофаза қилиб туради; муҳтож бўлса, ёрдам беради; бемор бўлса, ҳолидан хабар олади; маслаҳат сўраб чиқса, тўғри йўл кўрсатади; унинг билмаган нарсасини ўргатади, қўшнининг хурсандчилигидан хурсанд бўлади, бошига тушган мусибатдан ташвишга тушади.
Бу – қўшнилар ўртасида лозим бўлган одоблардир.
Уч тоифа қўшнилар кимлар?
Юқорида иқтибос келтирилган оятдан келиб чиқиб, уламолар қўшнилар уч тоифага бўлинишини айтишган. Биринчи тоифа шундай: у билан сизнинг орангизда битта ҳақ, яъни қўшничилик ҳақи бўлади.
Шундай қўшни борки, у билан сизнинг орангизда иккита ҳақ бўлади. У ҳам бўлса, қўшничилик ва мусулмонлик ҳақи.
Шундай қўшни ҳам борки, унинг қўшнисида учта ҳақи бўлади. Қариндош қўшни мусулмонлик, қариндошлик ва қўшнилик ҳақига эга.
Инсоннинг қўшниси бошқа динга эътиқод қилса, юқоридаги санаб ўтганларимиз қўшничилик ҳақларига қиради. Агар у мусулмон бўлса, ислом ҳуқуқлари ҳам қўшилади.
Мусулмоннинг мусулмонда ҳақи бор. Кўришганда салом бериш, акса урганда соғ бўлинг, деб қўямиз. Ҳаётда йўлидан адашса, тўғри йўлга солишга ҳаракат қилиш, вафот этса, жанозасида иштирок этиш мусулмонлик ҳақи бўлади.
310 - وَعَنِ ابْنِ عُمَرَ وَعَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَا: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَا زَالَ جِبْرِيلُ عَلَيهِ السَّلامُ يُوصِيْنِي بِالجَارِ حَتَّى ظَنَنْتُ أَنَّهُ سَيُوَرِّثُهُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 6014، 6015، م 2624، 2625].
311. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Зарр, шўрва қилсанг, сувини кўп қилгин-да, қўшниларингни ҳам йўқла», дедилар».
Имом Муслим ривояти.
Муслимнинг Абу Заррдан қилган яна бир бошқа ривоятида шундай келтирилади:
«Халилим соллаллоҳу алайҳи васаллам менга шундай тавсия қилганлар: «Шўрва қилсанг, сувини кўп қилгин. Кейин қўшниларингнинг аҳли байтига қараб, маъруф билан ундан улашгин».
Шарҳ: Кунлик таомингизда қўшнининг ҳақи бор.
Ҳадислардан бирида Пайғамбар алайҳиссалом: «Кимда ким қўшниси оч бўлган ҳолда ўзи тўқ бўлиб тонг орттирса, иймони мукаммал эмас», деб айтганлар.
Ҳар куни кечқурун қайнатган қозонингиздаги бир коса овқатда қўшнининг ҳақи бор.
311 - وَعَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «يَا أَبَا ذَرٍّ؛ إِذَا طَبَخْتَ مَرَقَةً، فَأَكْثِرْ مَاءَهَا، وَتَعَاهَدْ جِيْرَانَكَ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [2625/142].
وَفِي رِوَايَةٍ لَهُ عَنْ أَبِي ذَرٍّ قَالَ: إِنَّ خَلِيلِي صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ أَوْصَانِي: «إِذَا طَبَخْتَ مَرَقًا فَأَكْثِرْ مَاءَهَا، ثُمَّ انْظُرْ أَهْلَ بَيْتٍ مِنْ جِيْرَانِكَ فَأَصِبْهُمْ مِنْهَا بِمَعْرُوفٍ». [2625/143].
312. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга қасамки, мўмин эмас! Аллоҳга қасамки, мўмин эмас! Аллоҳга қасамки, мўмин эмас!» деганларида, «Ким у, эй Аллоҳнинг расули?» дейилди. Шунда у зот: «Ёмонликларидан қўшниси омонда бўлмаган кишидир», дедилар.
Муттафақун алайҳ.
Муслимнинг ривоятида: «Ёмонликлардан қўшниси омонда бўлмаган киши жаннатга кирмайди», дейилган.
Шарҳ: Қўшни ҳаққига эътиборли бўлмоқ, қўл ва тил билан қўшниларга азият, озор етказадиган ҳаракатлар қилмаслик динимиз буюрган муҳим амрдир. Мусулмон қўшниси билан яхши муомала қилиши ва мусибатларда елкама-елка турмоғи даркор. Бу хусусда қатор ҳадислар мавжуд:
- Ёмонлигидан қўшниси қутулмаган одам мўмин бўлолмайди.
- Аллоҳга ва охиратга ишонган одам қўшнисини ранжитмасин.
- Қиёмат кунида илк даъвогарлар қўшнилар бўлишади.
- Аллоҳ ва Расулини севган, уларнинг ҳам севишини истаган киши қўшнисига рост гапирсин, омонатга риоя қилсин ва қўшниси билан яхши муомалада бўлсин.
- Ёмон қўшни кўрган яхшилигини яширади, ёмонликни ёяди.
- Қўшнига ҳурмат онага ҳурматдек бўлмоғи даркор.
- Қўшнининг итини урган эгасини ранжитгандек бўлади.
- Яхши қўшни, маъқул улов, кенг ва қулай уй кишининг бахтидир.
- Аллоҳни севган инсон ёмон қўшнининг азиятларига ўлгунча чидаган инсондир.
- Жаброил алайҳиссалом қўшни ҳақида шу қадар кўп гапирдики, қўшни қўшниси меросидан улуш оладими, деб ўйладим.
- Кўп намоз ўқиган, рўза тутган, садақа берган, бироқ тили билан қўшнисига озор етказган одамнинг борадиган жойи жаҳаннамдир.
312 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «واللهِ لَا يُؤْمِنُ، وَاللهِ لَا يُؤْمِنُ، واللهِ لَا يُؤْمِنُ» قِيلَ: مَنْ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: «الَّذِي لَا يَأْمَنُ جَارُهُ بَوَائِقَهُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ الأدب: باب إثم من لا يأمن جاره بوائقه، تعليقا].
وَفِي رِوَايَةٍ لِمُسْلِمٍ: «لَا يَدْخُلُ الجَنَّةَ مَنْ لَا يَأْمَنُ جَارُهُ بَوَائِقَهُ». [م 46].
«الْبَوَائِقُ»: الْغَوَائِلُ وَالشُّرُورُ.
313. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй муслима аёллар! Қўшни аёл қўшни аёл учун қўйнинг пойчасини ҳам арзимас санамасин», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Дарҳақиқат, ҳадя олди-бердиси кишилар орасидаги турли кўнгил ғашликларини кўтаради. Биров бошқа бир кишига кўнглида ҳиқду ҳасади бўлмагандагина ҳадя беради. Ҳадя олган эса агар кўнглида баъзи бир нарсалар бўлса ҳам чиқариб юборади. Бу ерда ҳадянинг катта қимматга эга бўлиши шарт эмас. Ўша вақтларда ҳадялар асосан таом бўлган. Туёқни еб бўлмайди. Лекин шуни ҳадя қилинса ҳам беписандлик қилмаслик керак экан. Ҳадисда аёл қўшниларнинг зикр қилиниши бу масаладаги асосий гап-сўзлар аёллар томонидан чиқиши эътиборидандир.
313 – وَعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «يَا نِسَاءَ الْمُسْلِمَاتِ؛ لَا تَحْقِرَنَّ جَارَةٌ لِجَارَتِهَا وَلَوْ فِرْسِنَ شَاةٍ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 2566، م 1030].
314. Яна у кишидан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қўшни ўз деворига қўшнисининг ёғоч суқишига тўсқинлик қилмайди», дедилар».
Сўнгра Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Не бўлдики, бундан юз ўгирганингизни кўряпман? Аллоҳга қасамки, мен бу (сўз) билан куракларингиз ўртасига тушираман», деди».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Араб тилида «икки куракнинг ўртасига тушириш» деган ибора «уйқусираётган, ғафлат олган одамни ҳушёр торттириш» деган маънони англатади. Бу вожиб маъносида эмас, тарғиб мақсадида айтилган ҳукм бўлиб, бунинг шарти қўшнининг ўта муҳтож бўлиши, девор эгасининг эса бундан зарар кўрмаслигидир.
Қўшнининг қўшнида ҳақи борлигидан унинг деворига ёғочини ўрнатишидан ман қила олмас экан. Бу маънони ўша пайтда ҳам баъзи кишилар унута бошлаганидан улуғ саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу қасам ичиб таъкидлаган эканлар.
Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган нарсага амал қилишга ҳарис бўлишимиз керак. Ҳеч қачон ўз қўшиниларимиз ҳақларини поймол қилмаслигимиз лозим.
314 – وَعَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا يَمْنَعْ جَارٌ جَارَهُ أَنْ يَغْرِزَ خَشَبَةً فِي جِدَارِهِ»، ثُمَّ يَقُولُ أَبُو هُرَيرَةَ: مَالِي أَرَاكُمْ عَنْهَا مُعْرِضِينَ؟! واللهِ؛ لأَرْمِيَنَّ بِهَا بَيْنَ أَكْتَافِكُمْ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 2463، م 1069].
رُوِيَ «خَشَبَةٌ» بِالإِضَافَةِ والجمْعِ، وَرُوِيَ: «خَشبَةً» بِالتَّنْوِينِ عَلَى الإِفْرَادِ، وَقَولُهُ: «مَا لِي أَرَاكُمْ عَنْهَا مُعْرِضِينَ» يعني: عَنْ هَذِهِ السُّنَّةِ.
315. Яна у кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин! Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин! Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин!»
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида кишилар ҳаётида доимо учраб турадиган ва ҳар бир жамият учун ниҳоятда зарур бўлган тўрт нарсани Аллоҳга ва охират кунига бўлган иймон билан чамбарчас боғлиқ ишлар қаторида зикр этмоқдалар.
Бу ҳадис Аллоҳга ва охират кунига ҳақиқий иймони бор кишигина мана шу нарсаларга ихлос билан ва тўла амал қилади, деган маънони билдиради. Келинг, ўша ишлар билан ҳадиси шарифда келган тартибда танишиб чиқайлик.
1. «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин!».
Мусулмонлар қўни-қўшнини иззат-икром қилиш бўйича ҳам инсоният тарихида мисли кўрилмаган олий даражаларга эришганлар.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ҳам бир неча бор қўшнини ҳурмат қилишга чорлаган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам бу масалага алоҳида эътибор берилган.
2. «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин!»
Меҳмоннинг иззат-икромини жойига қўйишда мусулмонларга тенг кела оладиган кишилар йўқлигига дўст ҳам, душман ҳам тан беради. Мусулмонларнинг бу фазилатлари тилларда достон бўлиб кетган. Ислом адабиётига бир кўз ташласак, бу ҳақиқатни яна ҳам равшанроқ англаб етамиз. Бу нарсаларнинг ҳаммасига динимиз таълимотлари, ушбу ва келажакда ўрганадиган ҳадиси шарифларимизга ўхшаш кўплаб ҳадислар сабаб бўлган.
«Меҳмон–атои Худо», «меҳмон отангдан азиз» каби ҳикматли сўзлар ҳам ана ўша таълимотлар таъсирида айтилган.
Биз мусулмонларнинг кейинги авлодлари ҳам бу улкан фазилатни ўзимизга сингдириб, унга оғишмай амал қилиб бормоғимиз лозим.
3. «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин».
Албатта, яхши гап дейилганда Ислом шариати яхши ҳисоблайдиган яхши гап кўзда тутилган бўлади. Ҳа, мўмин-мусулмон инсон фақат яхши гапни айтмоғи лозим. Мабодо яхши гапни айтиш имконини қила олмаса, бирор шаръий монеълик бўлса, жим турсин. Ҳа, жим турсин. Аммо зинҳор ва зинҳор ёмон гапни гапирмасин.
Бу ҳадиси шарифни жуда ҳам диққат билан ўрганиб, ҳаётимизга татбиқ қилмоғимиз лозим. Ҳозирда баъзиларимиз ёмон гапни гапирамизда, кейин ноиложликдан гапирдим, деб ўзимизни оқлашга ўтамиз. Йўқ! Бу гап нотўғри. Мусулмон инсон яхши гап айтмоғи матлуб.
315 – وَعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ باللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ، فَلَا يُؤْذِي جَارَهُ، وَمَنْ كَان يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيُكْرِمْ ضَيْفَهُ، وَمَنْ كَانَ يُؤْمنُ بِاللهِ وَالْيَومِ الآخِرِ، فَلْيَقُلْ خَيْراً أَوْ لِيَسْكُتْ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 6018، م 47/75].
316. Абу Шурайҳ ал-Хузоъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки сукут сақласин».
Имом Муслим мана шу лафз ила ривоят қилганлар. Имом Бухорий эса баъзисини ривоят қилганлар.
316 - وَعَنْ أَبِي شُريْحٍ الخُزاعِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ كَانَ يُؤمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيُحْسِنْ إِلَى جَارِهِ، وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَومِ الآخِرِ فَلْيُكْرِمْ ضَيْفَهُ، وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ باللهِ وَالْيَومِ الآخِرِ فَلْيَقُلْ خَيْراً أَوْ لِيَسْكُتْ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ بِهَذَا اللَّفْظِ، وَرَوَى البُخَارِيُّ بَعْضَهُ. [خ 6019، م 48].
317. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Менинг иккита қўшним бор, уларнинг қайси бирига ҳадя берай?» дедим. У зот: «Эшиги сенга яқинроғига», дедилар».
Имом Бухорий ривояти.
317 - وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ إِنَّ لِي جَارَيْنِ، فَإِلَى أَيِّهِمَا أُهْدِي؟ قَالَ: «إِلَى أَقْرَبِهِمَا مِنْكِ بَابًا». رَوَاهُ البُخَارِيُ. [2259].
318. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ ҳузуридаги дўстларнинг яхшиси дўсти учун хайрли бўлганидир. Аллоҳ ҳузуридаги қўшниларнинг яхшиси қўшниси учун хайрли бўлганидир», дедилар.
Имом Термизий ривоят қилиб, уни ҳасан ҳадис, деб айтдилар.
Шарҳ: Ҳар бир мусулмон Аллоҳ таолонинг ҳузурида одамларнинг энг яхшиси бўлишни орзу қилади. Лекин Аллоҳнинг ҳузурида энг яхши дўстлар бўлишга қандай эришиш мумкин? Аллоҳ таолонинг наздида энг яхши дўстлар бўлишга олиб борадиган нарсалар нима?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дўстларнинг энг яхшиси деб, ўз дўстларига фойдаси тегадиган, уларга ёрдам берадиган инсонларни айтганлар. Доимо дўстларимизни хурсандлик ва қувонч билан қаршилашимиз, ўзимизга яхши кўрган нарсамизни уларга ҳам яхши кўришимиз, агар ёрдамга муҳтож бўлсалар, уларга ёрдам беришимиз лозим. Агар у бемор бўлса, уни кўришга боришни унутмаслик лозим. Яхши ва ёмон кунида дўстнинг ёнида бўлиш лозим.
«Дўстларнинг энг яхшиси» дўстини намоз вақти келиши билан эслайдиганидир.
«Дўстларниг энг яхшиси» дўсти муҳтож бўлса, ёрдам берадиганидир.
«Дўстларнинг энг яхшиси» дўстини ўзидан устун қўядиганидир.
«Дўстларнинг энг яхшиси» дўстларидан ёрдам сўраганига ёрдам берадиганидир.
«Дўстларнинг энг яхшиси» дўсти ундан қарз сўраса, унга қарз берадиганидир.
«Дўстларнинг энг яхшиси» дўсти бемор бўлганида, уни кўргани борадиганидир.
«Дўстларнинг энг яхшиси» агар дўстига яхшилик етса, бундан хурсанд бўладигани ва уни табриклайдиганидир.
«Дўстларнинг энг яхшиси» дўстини учратганида салом берадигани ва уни таклиф қилса, борадиганидир.
«Дўстларнинг энг яхшиси» дўстида айб кўрса, тўғри йўлга бошлайдигани, уни тўғрилайдиганидир.
Абу Хулда раҳимаҳуллоҳ: «Ибн Сиррин ҳузурига мен ва Абдуллоҳ ибн Авф кирдик, бизни кутиб олди ва: «Сизларни қандай хурсанд қилишни билмайман», деди. Бас, кўзада асал келтирди. Пичоқда кесиб бизга едира бошлади», дейдилар.
Дўстларига яхши бўлган дўст, дунё нарсаларидан бирор нарсада бахиллик қилмайди.
Солиҳлардан бири: «Дунёнинг ҳаммаси менга бир луқмада бўлса, сўнгра дўстим келса, ўшани унинг оғзига қўйишни хуш кўраман», деган экан. Энг яхши дўст дўстларини ўта муҳтожлигини билганида маҳзун бўлади, ҳожатларини адо этишда ҳаракат қилади. Бир киши дўстининг қарзи борлигини билгач, унинг уйига борибди. Дўстининг ҳолини сўрабди. Бас, дўсти унга қарздор бўлганини айтибди. Дўсти унинг қарзини тўлабди ва уйига хафа бўлиб йиғлаб қайтибди. Хотини унга: «Қилган ишинггиздан хурсанд бўлмайсизми, нима учун йиғлаяпсиз?» дебди. У киши эса: «Мендан сўрашга муҳтож бўлгунича, дўстимни ҳолини билмаганим учун йиғлаяпман», деди.
Энг яхши дўстлар ана шундоқ бўладилар. Дўст бошга кулфат тушганда билинади, деб бекорга айтилмаган. Энг яхши дўстинг ёрдамга муҳтож бўлганингда, биринчи бўлиб сенга ёрдам берганидир.
Қўшнининг ҳаққи тўғрисида ҳадиси шарифларда шундай дейилади:
“Агар қўшни бирор ёрдам сўраса, ёрдам бермоқ, қарз сўраса қарз бермоқ, моддий ёрдам кўрсатмоқ, касалини кўрмоқ, вафот этса, дафнида қатнашмоқ, бирор севинчли ҳодиса рўй берса, табрикламоқ, бирор мусибат етса, таъзия, ҳамдардлик билдирмоқ, ноқулай иморат қуриш ёки сояли дарахтлар экиш ила ҳаққига тажовуз қилмаслик, уйга мева-чева каби нарсалардан келтирганда, қўшниларга ҳам улашмоқ, агар бергиси келмаса, ўз болаларини қўлида мевалар билан қўшни болалари олдига чиқармаслик, қозонни қирганда капгир овози ёки таом ҳиди билан қўшнига кўз-кўз қилмаслик, ҳатто унинг итини урмаслик лозим” – каби ўгитларни айтган эканлар.
Қўшниларнинг бир-бирлардаги ҳақларини баён қилишдан Ислом динининг мақсади ва ғояси шуки, мусулмонлар, балки ер юзидаги барча халқлар ўзаро тинч-тотув, осойишта, бир-бирларини иззат ҳурмат қилган ҳолда яшаб боришга ундашдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар билан саломлашиб, ҳол-аҳвол сўраб бўлса ҳам, доимо меҳр-оқибат кўрсатиб туришни тавсия қилганлар.
318 - وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «خَيْرُ الأَصْحَابِ عِنْدَ اللهِ تَعَالَى خَيْرُهُمْ لِصَـاحِبِهِ، وَخَيْرُ الجِيْرَانِ عِنْدَ اللهِ تَعَالَى خَيْرُهُمْ لِجَارِهِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ.