318. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ ҳузуридаги дўстларнинг яхшиси дўсти учун хайрли бўлганидир. Аллоҳ ҳузуридаги қўшниларнинг яхшиси қўшниси учун хайрли бўлганидир», дедилар.
Имом Термизий ривоят қилиб, уни ҳасан ҳадис, деб айтдилар.
Шарҳ: Ҳар бир мусулмон Аллоҳ таолонинг ҳузурида одамларнинг энг яхшиси бўлишни орзу қилади. Лекин Аллоҳнинг ҳузурида энг яхши дўстлар бўлишга қандай эришиш мумкин? Аллоҳ таолонинг наздида энг яхши дўстлар бўлишга олиб борадиган нарсалар нима?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дўстларнинг энг яхшиси деб, ўз дўстларига фойдаси тегадиган, уларга ёрдам берадиган инсонларни айтганлар. Доимо дўстларимизни хурсандлик ва қувонч билан қаршилашимиз, ўзимизга яхши кўрган нарсамизни уларга ҳам яхши кўришимиз, агар ёрдамга муҳтож бўлсалар, уларга ёрдам беришимиз лозим. Агар у бемор бўлса, уни кўришга боришни унутмаслик лозим. Яхши ва ёмон кунида дўстнинг ёнида бўлиш лозим.
«Дўстларнинг энг яхшиси» дўстини намоз вақти келиши билан эслайдиганидир.
«Дўстларниг энг яхшиси» дўсти муҳтож бўлса, ёрдам берадиганидир.
«Дўстларнинг энг яхшиси» дўстини ўзидан устун қўядиганидир.
«Дўстларнинг энг яхшиси» дўстларидан ёрдам сўраганига ёрдам берадиганидир.
«Дўстларнинг энг яхшиси» дўсти ундан қарз сўраса, унга қарз берадиганидир.
«Дўстларнинг энг яхшиси» дўсти бемор бўлганида, уни кўргани борадиганидир.
«Дўстларнинг энг яхшиси» агар дўстига яхшилик етса, бундан хурсанд бўладигани ва уни табриклайдиганидир.
«Дўстларнинг энг яхшиси» дўстини учратганида салом берадигани ва уни таклиф қилса, борадиганидир.
«Дўстларнинг энг яхшиси» дўстида айб кўрса, тўғри йўлга бошлайдигани, уни тўғрилайдиганидир.
Абу Хулда раҳимаҳуллоҳ: «Ибн Сиррин ҳузурига мен ва Абдуллоҳ ибн Авф кирдик, бизни кутиб олди ва: «Сизларни қандай хурсанд қилишни билмайман», деди. Бас, кўзада асал келтирди. Пичоқда кесиб бизга едира бошлади», дейдилар.
Дўстларига яхши бўлган дўст, дунё нарсаларидан бирор нарсада бахиллик қилмайди.
Солиҳлардан бири: «Дунёнинг ҳаммаси менга бир луқмада бўлса, сўнгра дўстим келса, ўшани унинг оғзига қўйишни хуш кўраман», деган экан. Энг яхши дўст дўстларини ўта муҳтожлигини билганида маҳзун бўлади, ҳожатларини адо этишда ҳаракат қилади. Бир киши дўстининг қарзи борлигини билгач, унинг уйига борибди. Дўстининг ҳолини сўрабди. Бас, дўсти унга қарздор бўлганини айтибди. Дўсти унинг қарзини тўлабди ва уйига хафа бўлиб йиғлаб қайтибди. Хотини унга: «Қилган ишинггиздан хурсанд бўлмайсизми, нима учун йиғлаяпсиз?» дебди. У киши эса: «Мендан сўрашга муҳтож бўлгунича, дўстимни ҳолини билмаганим учун йиғлаяпман», деди.
Энг яхши дўстлар ана шундоқ бўладилар. Дўст бошга кулфат тушганда билинади, деб бекорга айтилмаган. Энг яхши дўстинг ёрдамга муҳтож бўлганингда, биринчи бўлиб сенга ёрдам берганидир.
Қўшнининг ҳаққи тўғрисида ҳадиси шарифларда шундай дейилади:
“Агар қўшни бирор ёрдам сўраса, ёрдам бермоқ, қарз сўраса қарз бермоқ, моддий ёрдам кўрсатмоқ, касалини кўрмоқ, вафот этса, дафнида қатнашмоқ, бирор севинчли ҳодиса рўй берса, табрикламоқ, бирор мусибат етса, таъзия, ҳамдардлик билдирмоқ, ноқулай иморат қуриш ёки сояли дарахтлар экиш ила ҳаққига тажовуз қилмаслик, уйга мева-чева каби нарсалардан келтирганда, қўшниларга ҳам улашмоқ, агар бергиси келмаса, ўз болаларини қўлида мевалар билан қўшни болалари олдига чиқармаслик, қозонни қирганда капгир овози ёки таом ҳиди билан қўшнига кўз-кўз қилмаслик, ҳатто унинг итини урмаслик лозим” – каби ўгитларни айтган эканлар.
Қўшниларнинг бир-бирлардаги ҳақларини баён қилишдан Ислом динининг мақсади ва ғояси шуки, мусулмонлар, балки ер юзидаги барча халқлар ўзаро тинч-тотув, осойишта, бир-бирларини иззат ҳурмат қилган ҳолда яшаб боришга ундашдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар билан саломлашиб, ҳол-аҳвол сўраб бўлса ҳам, доимо меҳр-оқибат кўрсатиб туришни тавсия қилганлар.
318 - وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «خَيْرُ الأَصْحَابِ عِنْدَ اللهِ تَعَالَى خَيْرُهُمْ لِصَـاحِبِهِ، وَخَيْرُ الجِيْرَانِ عِنْدَ اللهِ تَعَالَى خَيْرُهُمْ لِجَارِهِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ.