344. Абу Бакра Нуфайъ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта: «Сизларга катта гуноҳларнинг энг каттасини айтиб берайми?» дедилар. Улар: «Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули!» дейишди. У зот: «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш», дедилар. Суяниб ўтирган эдилар, ўтириб олдилар-да, «Огоҳ бўлинг, ёлғон гувоҳлик бериш ҳам», дедилар. У зот буни такрорлайвердилар, ҳатто биз «Тўхтасалар эди», деб қолдик».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Ҳадисда энг катта гуноҳ бўлган ширк билан бир қаторда ота-онага оқ бўлиш, ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик бериш ҳам оғир эканининг хабари берилмоқда. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг уч бор такрорлашлари таъкиддир. Яъни эшитувчи қаттиқ огоҳ этилиб, келиши мумкин бўлган хатардан ҳушёр тортмоғи учундир. Шубҳасизки, Оллоҳ таолога ширк келтириш гуноҳларнинг энг каттасидир. Энди унга ёнма-ён фарзанднинг ота-онага оқ бўлиши, яъни улардан бири ё ҳар иккисининг дилини оғритиши, норози қилишидир. Чунки ота-она фарзанднинг дунёга келишига сабабчи ва уни тарбиялаб вояга етказган шахс ҳисобланади.
Фарзанднинг ота-онасига нисбатан қилган ҳар бир хатти-ҳаракати мукофотсиз ёки жазосиз қолмайди. Уларга энг юксак одобни кўрсатиш зарур бўлади. Жумладан, ота-онадан олдин ўтиб юрмаслик, улардан аввал ўтирмаслик, исмини айтмаслик ва олдида овозини баланд кўтармаслик кабилар муҳим одоблар саналади.
Ҳишом ибн Урва ривоят қилади: “Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу икки кишини кўриб, улардан бирига: “Бу сенга ким бўлади?” деб сўради. У: “Отам”, деди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: “Уни исми билан чақирма, ундан олдинга ўтиб юрма ва биринчи бўлиб ўтирма!” деди” (Имом Бухорий ривояти).
Ҳадис матнида келган “катта гуноҳлар” калимаси устида уламолар ихтилоф қилган. Айрим уламолар, гуноҳларнинг катта-кичиги бўлмайди, Оллоҳ ман этган ҳар бир нарса гуноҳи кабирадир, деса, бошқа кўплаб уламолар, куфрдан бошқа гуноҳлар ўрнига қараб катта ва кичик бўлади, дейди. Энг катта ва кечирилмас гуноҳ эса ширкдир. Оллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Албатта, Оллоҳ ўзига (бирор нарса) шерик қилинишини кечирмайди. Бундан ўзга (гуноҳлар)ни (Ўзи) хоҳлаган кишилар учун кечиргай. Кимда-ким Оллоҳга ширк келтирса, демак, у (тўғри йўлдан) жуда узоққа адашибди” (Нисо сураси, 116-оят).
Ҳақ таолога лойиқ бўлмаган нарсаларни Унга нисбат бериш ширк бўлади. Пайғамбарлар ёки илоҳий китоблардан бирини ё барчасини инкор этиш, ҳалолни ҳаром ёки ҳаромни ҳалол дейиш каби хатоликлар бандани куфрга бошлайди. Оллоҳ таоло огоҳлантиради: “Нуҳ қавми (Нуҳни ва ундан олдин ўтган) пайғамбарларни инкор этди (Шуаро сураси, 105-оят); “(Гап) шудир. Кимки Оллоҳ ҳаром этган нарсаларни катта гуноҳ деб билса, бас, бу Парвардигори наздида ўзи учун яхшидир. Сизлар учун (ҳаром эканлиги) тиловат қилинадиган нарсалардан бошқа (барча) чорва моллари ҳалол қилинди...” (Ҳаж сураси, 30-оят).
Катта гуноҳлар учун азоб бўлганидек, кичик гуноҳлар учун ҳам азоб бор. Чунки кичкина гуноҳ ҳам кўпайгани сайин катталашиб боради. Имом Ғаззолий айтади: “Фиқҳда катта ва кичик гуноҳларнинг ўртасидаги фарқни инкор этиш дуруст эмас” (“Ал-Басит”).
Катта гуноҳларнинг баъзисини бошқасига қиёсланса ёки зарарига қаралса, улардаги катта-кичиклик намоён бўлади. Ҳадисда ота-онага оқ бўлиш, ёлғон гапириш ва ёлғон гувоҳлик бериш ҳам ширкка тенглаштирилмоқда. Чунки ота-онанинг фарзандни дунёга келтириб, тарбиялаб, вояга етказишда чеккан заҳматларини ҳеч нарса билан баҳолаб бўлмайди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз отасидан шикоят қилган бир кишига: “Сен ҳам, молинг ҳам отангникидир”, дея танбеҳ берганлар (Ибн Можа ривояти).
Ёлғон сўзлаш, ёлғон гувоҳлик беришда улкан хатарлар мавжуд. Биргина айтилган ёлғон инсон ҳаётига нуқта қўйиши мумкин. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам мўмин ёлғончи бўлмаслигини таъкидлаганлар. Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадисда: “Ёлғон иймондан четлатувчидир”, дейилади (Имом Байҳақий ривояти).
Одамлар орасида ёлғон гапириш ва ёлғон гувоҳлик кўп ва осон содир бўлади. Чунки инсонлар кўпинча бу гуноҳни енгил санайди, бепарволик қилишади. Ҳолбуки, бандалар кўп ҳам эътибор бермайдиган бу икки гуноҳ адоват, гина-кудурат ва ҳасад каби бир қанча иллатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Аслида эса, жамият учун ширкдан кўра, ёлғоннинг зарари кучлироқдир.
Харим ибн Фотик айтади: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозини ўқидилар. Сўнгра кетаётиб, тўхтадилар ва: “Ёлғон гувоҳлик бериш Оллоҳ таолога ширк келтириш билан тенг қўйилди”, дея уч бор такрорладилар. Кейин: “Бас, бутлардан иборат нажосатдан узоқлашиб, ёлғон сўздан ҳам четда бўлингиз! Оллоҳга чин ихлос қилиб, Унга ширк келтирмаган ҳолингизда (мазкурларни бажаринг)! Кимки Оллоҳга ширк келтирса, бас, у гўё осмондан қулаган ва уни қушлар (ўлжа қилиб) олиб кетган ёки уни (қаттиқ) шамол йироқ жойга учириб кетган (жонсиз нарса) кабидир” оятини (Ҳаж сураси, 30-31) тиловат қилдилар (Имом Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти)”.
Ширк билан тенглаштирилган бу икки гуноҳнинг оғирлик даражаси ундан жабр тортган одамнинг ҳисобига кўра белгиланади. Яъни, ёлғон сўз ёки ёлғон гувоҳлик сабаб қанча кўп фосидлик содир этилса, жазосининг оғирлиги ҳам катталашиб боради.
Ибн Арабий айтади: “Ёлғон тўрт қисмга бўлинади: Биринчиси, Оллоҳ таолога нисбатан ёлғон тўқиш. Ун (нинг азоби)дан қаттиқроғи бўлмайди. Қуръони каримда бундай огоҳлантирилган: “Ахир, Оллоҳ шаънига (ширк ва фарзандни нисбат бериб) ёлғон сўзлаган ва ростгўйликни (ваҳийни) ўзига келган пайтидаёқ инкор этган кимсадан кўра ким ҳам золимроқдир ёки жаҳаннамда кофирлар учун жой йўқми?!” (Зумар сураси, 32-оят).
Иккинчиси, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиш. У ҳам юқоридагига ўхшаш оғирдир.
Учинчиси, инсонларга нисбатан ёлғон тўқиш. Яъни, ёлғон гувоҳлик беришдир. Масалан, бир айбсиз кишини айбдор қилиш ёки унинг айбини бекитишни кўзлаб, ёлғон гувоҳлик бериш.
Тўртинчиси, инсонларга ёлғон сўзлаш. Бу борада молиявий муомала масалаларидагиси энг оғиридир...”
Ҳадис матнида гувоҳликни яшириш зикр этилмаган бўлса-да, у ҳам ёлғондан гувоҳлик бериш сингаридир. Унинг ҳукми ҳам шунга қиёс қилинади. Зеро, ҳақни ботил қилиш учун ёлғон гувоҳлик бериш ҳаром қилинган экан, яшириш ҳам шунинг каби зарарларни келтириб чиқариши табиий.
Инсон ширк келтириш билан мусулмонликдан чиқади, яъни у банда мўмин дейилмайди. Ота-онага оқ бўлиш ёки ёлғон сўзлаш ё ёлғон гувоҳлик беришнинг ширк билан тенглаштирилиши, бу гуноҳларнинг жазоси кучли, ҳисоби қаттиқ эканини билдиради.
Аллоҳ таоло айтади:
«Улар ёлғон гувоҳлик бермаслар»(Фурқон сураси, 72-оят).
Бу Раҳмонга суюкли бандаларнинг еттинчи сифатидир.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёлғон гувоҳлик берувчининг икки қадами (турган еридан) қўзғалмай туриб Аллоҳ унга дўзахни вожиб қилади», дедилар» (Ибн Можа, Ҳоким ривояти).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Ёлғон гувоҳлик бериш уч маротаба Аллоҳга ширк келтиришга тенглаштирилган», дедилар-да, кейин: «Бут-санамлардан иборат нопокликдан узоқ бўлингиз, ёлғон сўз-гувоҳликдан узоқ бўлингиз», оятини тиловат қилдилар (Табароний ривояти).
344 - وَعَنْ أَبِي بَكْرَةَ نُفَيْعِ بْنِ الْحَارِثِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «أَلاَ أُنَبِّئُكُمْ بِأَكْبَرِ الْكَبَائِرِ؟» ثَلَاثاً قُلْنَا: بَلَى يَا رَسُولَ اللهِ: قَالَ: «الإِشْرَاكُ بِاللهِ، وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ» وَكَانَ مُتَّكِئاً فَجَلَسَ، فَقَالَ: «أَلَا وَقَوْلُ الزُّورِ وَشَهَادَةُ الزُّورِ» فَمَا زَالَ يُكَرِّرُهَا حَتَّى قُلنَا: لَيْتَهُ سَكَتَ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 2654، م 87].