347-ҳадис

347. Абу Муҳаммад Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Силаи раҳмни узган жаннатга кирмайди», дедилар.

Суфён ривоятларида: «Қариндошлик алоқаларини узувчи» бўлиб келган.

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Динимизда қариндош-уруғларга эътиборли бўлиш, уларга меҳр-мурувват кўрсатиш ва чиройли муомала қилиш масалалари таъкидлаб буюрилган амаллардан бири ҳисобланади. Зеро, бу борада Оиша онамиз Пайғамбаримиздан соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиб айтадилар: “Раҳм Раҳмоннинг исмидан олинган. Кимки силаи раҳм билан боғланса, Аллоҳ таоло ҳам у билан боғланади. Кимки силаи раҳмни узса, Аллоҳ  таоло ҳам у билан орасини узади” , дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадисга таянган ҳолда силаи раҳмнинг фойдаси ва уни тарк қилишнинг зарарини ақл тарозисига солиб кўрсак, қуйидаги манзара ҳосил бўлади. 

Силаи раҳм қилишнинг фойдалари:

Силаи раҳм қилган киши Аллоҳ таоло ва унинг Расулининг буйруғига итоат этиши натижасида мислсиз ажрга эга бўлади;

Силаи-раҳм қилган инсоннинг ризқи кенг бўлади ва яхши ном қозонади. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ризқининг кенг бўлишини ва орқасидан яхши ном қолишини хоҳласа, силаи раҳм қилсин”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти);

Силаи раҳм қилган инсон ажали орқага сурилишига, молу дунёси кўпайишига ва яқинлари яхши кўришига муваффақ бўлади. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Парвардигоридан қўрқса (яъни амалларида тақво қилса) ва силаи раҳм қилса, унинг ажали орқага сурилади, молу-дунёси кўпаяди, аҳллари уни яхши кўради”, деганлар (Имом Бухорий ривояти);

Силаи раҳм қилган инсон дўзахдан узоқлашади, жаннатга яқинлашади. Пайғамбар алайҳиссаломдан бир аъробий: “Ё Расулаллоҳ менга жаннатни яқин, дўзахни узоқ қиладиган амални ўргатинг”, деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга ибодат қиласан, ширк келтирмайсан, намозларни ўқийсан, закот берасан ва силаи раҳм қиласан” дедилар (Имом Бухорий ривояти);

Силаи раҳм қилган инсон умрининг узайишига, оиласининг файзу баракоти зиёда бўлишига эришади ва икки дунё саодатига мушарраф бўлади;

Силаи раҳм қилган инсонда ўзгача файз, ўзгача руҳий хотиржамлик ва ҳаётга бўлган меҳри ҳам ўзгача бўлади.  

 

Силаи-раҳмни узишнинг салбий оқибатлари: 

Силаи раҳмни узган инсон Аллоҳ таолонинг ва Расулининг қаҳрига йўлиқади;

Силаи раҳмни узган одамнинг ризқида, касбу корида ва оиласидан барака кўтарилади;

Силаи раҳмни узган одам жаннатга кирмайди.

Силаи раҳмни узган одам рўшнолик кўрмайди ва бошига балолар орттиради. 

Кулайб ибн Манфаа бобоси Кулайб Ҳанафий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “У киши: “Ё Расулаллоҳ, мен яхшиликни кимга қилишим керак”, деганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деган эканлар: “Онангга, отангга, опа-сингилларингга, ака-укаларингга ва яқин бўлган кишиларингга. Бу иш зарурий бурч ва узилмаслиги керак бўлган қариндошликдир” (Имом Бухорий ривояти).

Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу минбарда туриб, дедилар:

«Насабларингизни ўрганинг, сўнгра қариндошлар билан силаи раҳм қилинг. Аллоҳга қасамки, бир одам билан иккинчи одам ўртасида нарсалар (турли муносабатлар) бўлади. Агар улар ораларидаги қариндошлик омилини билганларида, уни поймол қилишдан сақланган бўлар эдилар», – деди».

(Имом Бухорий «Адаб»да ривоят қилган).

Яъни бир одам бошқа бир одамга қариндош эканини билмай туриб, бирор ёмонлик қилиб қўйиши мумкин. Лекин «қариндош» деган тушунча бўлса, қариндошим экан, деб, ёмонлик қилмайди. Шунинг учун қариндошларни аниқлаб, билиб олиш лозим.

Аслида, Исломда ҳеч кимга ёмонлик қилишга тарғиб йўқ. Лекин банданинг одати шу – қариндошга бошқачароқ, илиқроқ муносабатда бўлади. Шунинг учун насаби қаерга бориб тақалади, ким қандай қариндош бўлади – буларни аниқ билиб олса, жуда яхши бўлади. Бу нарса ҳатто оддий инсоний муносабатларга – юмшоқ гапириш, илиқ муомалага ҳам таъсир қилар экан.

Ҳар бир киши ўз насабини ва у орқали қавм-қариндошини яхшилаб ўрганиб бориши яхши иш ҳисобланади. Кўпгина мусулмон халқлар айнан қариндошларини яхши таниб, уларга силаи раҳм қилиш ниятида авлодлари тарихини ўрганиб келганлар. Уларнинг бу борада авлоддан авлодга ўтиб келаётган силсилалари ҳам бор.

347 - وَعَنْ أَبِي مُحَمَّدٍ جُبيْرِ بْنِ مُطْعِمٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا يَدْخُلُ الجَنَّةَ قَاطِعٌ». قَالَ سُفْيَانُ فِي رِوَايَتِهِ: يَعْنِي: قَاطِعُ رَحِمٍ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 5984، م 2556].


Улашиш
|
|
Нусха олиш