357-ҳадис

357. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Менга сизларнинг эс-ҳушли ва ақллиларингиз, сўнг ундан кейингилари – уч марта – яқин турсин. Бозордаги бақир‑чақирдан узоқ бўлинглар».

Имом Муслим ривояти.

 

Шарҳ: Демак, жамоат намозида имомга энг яқин турадиган кишилар етук ва ақл эгаси бўлишлари керак. Бошқача қилиб айтганда, имом намозни адо этишда ёки қироатда адашиб қолса, уни тузатиб қўядиган ёки бирор сабабга кўра намозни тарк этадиган бўлса, ўрнига ўтиб, келган жойидан имомлик қилиб кета оладиган кишилар бўлишлари керак. ҳар ким ўзини уриб имомга яқин жойга туриб олавериши ҳам дуруст эмас.

Шунингдек, мазкур етук ва ақл эгаси бўлмиш кишиларга яқин жойга етуклик ва ақлда уларга яқинлашадиган кишилар ўтишлари лозим.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Бозорларнинг шовқинидан эҳтиёт бўлинг» деганлари бозордаги беҳуда шовқин-сурон, талашиб-тортишишга ўзингизни урманг, деганларидир. Албатта, бу ишларга ўзини билган, обрў-эътиборини сақлашга ҳаракат қилган одамлар ўзини урмаслиги керак. Шу билан бирга, бу ерда масжиднинг зикри келаётгани учун масжидни бозор қилиб юборманглар, деган маъно ҳам келиб чиқади.

357 - وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «لِيَلِنِي مِنْكُمْ أُولُوا الأَحْلَامِ وَالنُّهَى، ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ» - ثَلَاثاً - «وَإِيَّاكُمْ وَهَيْشَاتِ الأَسْوَاقِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [432/123].


Улашиш
|
|
Нусха олиш