44-боб. Уламо, кибор, фазилатли кишиларни эъзозлаш, бошқалардан кўра уларни муқаддам қўйиш, мартабаларини кўтариб, улардаги хусусиятларни бошқаларга билдириш ҳақида
Аллоҳ таоло: «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!» (Зумар сураси, 9-оят), деб айтган.
44- بَابُ تَوقِيرِ العُلَمَاءِ وَالْكِبَارِ وَأَهْلِ الفَضْلِ، وَتَقْدِيِمهِمْ عَلَى غَيْرِهِمْ، وَرَفْعِ مَجَالِسِهِمْ، وَإِظْهَارِ مَزِيَّتِهِمْ
قَالَ اللهُ تَعَالَى: {قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ}.
355. Абу Масъуд Уқба ибн Амр ал-Бадрий ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Қавмга Аллоҳнинг Китобини энг яхши ўқийдигани, қироатда баравар бўлишса, суннатни энг яхши билгани, суннатда баравар бўлишса, аввалроқ ҳижрат қилгани, ҳижратда ҳам баравар бўлишса, ёши катта бўлгани имом бўлади. Киши кишига унинг қўл остидаги жойда имом бўлмасин, уйида унинг изнисиз хос жойига ўтирмасин».
Имом Муслим ривояти.
Имом Муслимнинг бошқа ривоятида «ёши каттаси», деган сўзнинг ўрнига «аввалроқ Исломга киргани» бўлиб келган.
Бошқа бир ривоятда: «Қавмга Аллоҳнинг Китобини энг яхши ўқийдигани, қироатда пешқадами, қироатлари баравар бўлса, аввалроқ ҳижрат қилгани, ҳижратда ҳам баравар бўлишса, ёши каттаси имом бўлади», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда ким имом бўлиши кетма-кет бир неча сифатлар ила баён қилиб берилмоқда. Шу билан бирга, уламоларимиз таъкидлаганидек, мазкур сифатларда ўша вақт воқелиги эътиборга олинмоқда.
Энди ўша сифатларни бирин-кетин кўриб чиқайлик.
Аввало, ҳар бир қавмга уларнинг ичидан:
1. «Аллоҳнинг китобига қорироқлари имом бўлади».
Бу имом танлаш вақтида аввало, Қуръонни билиш, қироат қилиш сифатига қаралади, деганидир.
Ислом жамиятида бу нарсага катта эътибор берилади. Чунки имом танлашлик мусулмонлар ичидан энг яхшисини танлаш демакдир. Мусулмон кишининг яхшилиги эса, энг аввало, Қуръонни билиши, уни тиловат қилиши, унга амал қилишига қараб бўлади.
2. «Агар қироатда баробар бўлсалар, суннатни яхши биладиганлари» танланади.
Намоз ўқиш учун ҳозир бўлган кишилар ичида имомликка лойиқ бир неча киши Қуръон қироати бўйича савиялари тенг бўлиб қолса, суннатни яхши билган, диний аҳкомларни тўлиқ тушунадиган киши имомликка ўтади.
Баъзи уламолар имомликка даъвогарлар ичидан муносибини танлаш учун худди шу тартибга риоя этиб, унда биринчи қори, иккинчи олим бўлади, деганлар. Улар ушбу ҳадиснинг зоҳирига қараб шундай хулоса қилганлар.
Лекин жумҳур уламолар, жумладан, ҳанафий мазҳаби уламолари суннатни яхши биладиган олим қоридан муқаддам бўлади, деганлар.
Чунки олим одам намозга керакли Қуръон қироатини яхши билиши турган гап, аммо қори одам намозда юзага келиб қоладиган масалаларни дарҳол ҳал қилиб кетавериши осон эмас.
Ушбу ҳадисда қорини муқаддам қўйилиши саҳобаи киромларнинг қорилари олим бўлганлиги эътиборидандир. Улар бир оятни ёд олганларидан кейин унга тўлиқ амал қилмагунларича иккинчи оятга ўтмаганлар.
3. «Агар суннатда ҳам баробар бўлсалар, ҳижрати қадимги бўлганлари» ўтади.
Имомликка танлашда эътиборга олинадиган сифатларнинг учинчиси ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларнинг даврларига хосдир. Ўша пайтларда кишиларни ҳижратни эртароқ қилганларига қараб ҳурматлаш бор эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кўпгина ҳолатларда саҳобалар орасидаги афзалликни уларнинг ҳижратлари қадимлигига қараб олганлари маълум ва машҳур.
Ҳадиси шарифда ҳам қорилик ва олимлик сифатлари тенг келиб қолган кишилар ичидан имомликка аввалроқ ҳижрат қилганлари афзал кўрилиши таъкидламоқда. Чунки Аллоҳ, Расул ва Ислом учун ватанни, аҳли аёлни, молу давлатни ва бошқа имтиёзларни тарк этиб, муҳожирликни ихтиёр этиш улкан фазилатдир. Бу ишга ҳар ким ҳам қодир бўла олмайди. Иймон ва Ислом йўлида фидокорликка фақат тақводор, мухлис ва муҳсин кишиларгина қодир бўладилар. Уларнинг ичида эса энг аввал ҳижрат қилганлари афзалроқ саналадилар.
4. «Агар ҳижратда ҳам баробар бўлсалар, ёши катта бўлганлари» ўтади.
Уламоларимиз тўртинчи ўринга Исломи аввал бўлган кишиларни қўйганлар. Чунки бу ҳадиснинг бошқа бир ривоятида «ёшлари катта» ўрнига «Исломлари аввал бўлганлари», дейилган.
Албатта, Исломга аввал кириш ҳам катта фазилат ҳисобланади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам имомликдан бошқа ишларда ҳам Исломга аввал кирганларни устун қўйганлари маълум.
Бешинчи ўринда эса, аввал ўтган тўрт сифатда савияси тенг бўлиб қолса, ёши улуғи имомликка тақдим қилинади.
Кўриниб турибдики, имом танлашнинг ўзига хос ўлчови бор. Қолаверса, Исломда аслида имомлик касб ёки мансаб эмас, балки шараф ва масъулиятдир. Имом намозга тўпланган намозхонлар ичидан бирини танлаш билан бўлади. Яъни, бу нарсага ҳар бир мусулмон тавсия этилиши мумкин. Бошқа динлардагига ўхшаб алоҳида тарбия топган, турли диний поғоналардан ўтиб чиққан, маълум кийим кийган бўлиши шарт эмас.
Авваллари масжидларга алоҳида имом тайинлаш, имомликни касб қилиб олиш бўлмаган. Кейинчалик кишилар Ислом таълимотларидан узоқлашиб, дунёнинг орзу-ҳавасларига берилиб кетганларидан кейингина имом тайин қилиш одати пайдо бўлди. Бу эса ўз навбатида, турли муаммоларни келтириб чиқарди. Нолойиқ кишиларнинг имом бўлиб қолиш ҳоллари, имом ва қавм ўртасидаги келишмовчиликлар шу муаммолар сирасига киради.
Ушбу ҳадисни ҳаётимизга татбиқ қилиш борасида гап юритадиган бўлсак, имом танлаш вақтида унда зикр қилинган сифатларга ва уларнинг тартибига қатъий амал қилишимиз лозим. Айниқса, имом танлаш топширилган кишилар ҳам инсоф қилишлари керак. Агар қавмнинг ўзида бунга ҳақли кишилар бўлса, улар тавсия қилишлари лозим.
Ўрганаётган ҳадиси шарифимизда яна иккита муҳим масала муолажа қилинмоқда.
1. «Бир одам ҳеч қачон бошқа бировга унинг салтанатида имомлик қилмасин... Фақат унинг изни ила бўлса, майли».
«Салтанатида» дейилганида ҳокимлиги, волийлиги, бошлиқлиги, имомлиги, уй соҳиблиги, қўл остидаги жой каби нарсалар кўзда тутилади. Ундоқ пайтларда салтанат эгаси имом бўлишга ҳақлидир. У бор жойда меҳмон одам имомликка ўтиши мумкин эмас. Чунки бу иш салтанат эгасига нисбатан ҳурматсизлик, уни эргашувчилари олдида камситиш билан баробардир. Агар салтанат эгасининг ўзи рози бўлиб ўтказса, мумкин.
2. «Ва унинг уйидаги ўзи учун тайёрланган жойга ўтирмасин... Фақат унинг изни ила бўлса, майли».
Бу тасарруф ҳам одобсизликка, бир қавмнинг бошлиғини ҳурматини жойига қўймасликка киради. Агар салтанат эгаси ўзи рози бўлиб, ўз жойига ўтказса, мумкин.
Абу Атийя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Молик ибн ҳувайрис бизнинг намозгоҳимизга келиб ҳадис айтиб берар эди. Бир куни намоз пайти бўлди. Биз унга:
«Олдинга ўтинг», дедик.
«Сизлардан бирингиз ўтсин, мен нима учун ўтмаслигимни айтиб бераман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким бир қавмни зиёрат қилса, уларга имом бўлмасин, улардан бири имом бўлсин», деганларини эшитганман», деди».
(Сунан эгалари ривоят қилишган).
Бу ривоятда бир қавмга меҳмон бўлиб келган киши уларга дарс берадиган даражадаги олим бўлса ҳам имомликка ўтмагани маъқул эканлиги ҳақида сўз бормоқда. Чунки унинг имомлиги қай даражада бўлса ҳам бориб-бориб қавмнинг ўртасида гап-сўз чиқади. Яхши бўлса, қавмнинг имоми ёқмай юрганлар фалончи келиб бизга имомликка ўтди, зўр одам экан, деб гап тарқатиб ўз имомларига ишончсизлик билдиради. Имом тарафдорлари билан ораларида гап қочади. Агар имомлиги пастроқ савияда бўлса-чи, аксинча бўлади. Шунинг учун ҳар ким ўзини билгани, қавми олдидаги обрўсини сақлагани, бошқаларнинг ишига аралашмагани маъқул.
355 - وَعَنْ أَبِي مَسْعُودٍ عُقْبَةَ بْنِ عَمْرٍو البَدْرِيِّ الأَنْصَارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «يَؤُمُّ الْقَوْمَ أَقْرَؤُهُمْ لِكتَابِ اللهِ، فَإِنْ كَانُوا فِي الْقِرَاءَةِ سَوَاءً، فَأَعْلَمُهُمْ بِالسُّنَّةِ، فَإِنْ كَانُوا فِي السُّنَّةِ سَوَاءً، فَأَقْدَمُهُمْ هِجْرَةً، فَإِنْ كَانُوا فِي الهِجْرَةِ سَوَاءً، فَأَقْدَمُهُمْ سِنّاً، وَلَا يُؤَمَّنَّ الرَّجُلُ الرَّجُلَ فِي سُلْطَانِهِ، وَلَا يَقْعُدُ فِي بَيْتِهِ عَلَى تَكْرِمَتِهِ إِلَّا بِإِذْنِهِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [673].
وَفِي رِوَايَةٍ لَهُ: «فَأَقْدَمُهُمْ سِلْماً» بَدَلَ «سِنّاً»: أَيْ إِسْلَاماً.
وَفِي رِوَايَةٍ: «يَؤُمُّ الْقَوْمَ أَقْرَؤُهُمْ لِكتَابِ اللهِ، وَأَقْدَمُهُمْ قِرَاءَةً، فَإِنْ كَانَتْ قِرَاءَتُهُمْ سَوَاءً فَلْيَؤُمَّهُمْ أَقْدَمُهُمْ هِجْرَةً، فَإِنْ كَانُوا فِي الهِجْرَةِ سَوَاءً، فَلْيَؤُمَّهُمْ أَكْبَرُهُمْ سِنّاً». [م 673/291].
وَالْمُرَادُ بِـ«سُلْطَانِهِ»: مَحَلُّ وِلَايَتِهِ وَالْمَوْضِعُ الَّذِي يَخْتَصُّ بِهِ، وَ«تَكْرِمَتِهِ» بِفَتْحِ التَّاءِ وَكَسْرِ الرَّاءِ، وَهِيَ مَا يَنْفَرِدُ بِهِ مِنْ فِرَاشٍ وَسَرِيرٍ وَنحْوِهِمَا.
356. Яна у кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда (қўллари билан) елкаларимизни тўғрилаб, «Текисланинглар. Нотекис турманглар, қалбларингиз қарама-қарши бўлиб қолади. Менга эс-ҳушли ва ақллиларингиз, сўнг улардан кейингилар, сўнг улардан кейингилар яқин турсин», дер эдилар.
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Ушбу ҳадиснинг давомида Абу Масъуд розияллоҳу анҳу: «Мана бугун сизлар эса қаттиқ ихтилофдасиз», деб айтганлар.
Абу Масъуд розияллоҳу анҳу бу гапда ўша пайтда авжига чиққан ихтилофларни назарда тутган бўлса‑да, унинг маъноси умумийдир, яъни «Намоздаги сафларингиз дуруст бўлмай, паст‑баланд бўлиб кетганидан қалбларингиз қарама‑қарши бўлиб, ихтилофга шўнғиб кетдингиз», демоқда.
356 - وَعَنْهُ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَمْسَحُ مَنَاكِبَنَا فِي الصَّلَاةِ وَيَقُولُ: «اسْتَوُوا وَلَا تَخْتَلِفُوا، فَتَخْتَلِفَ قُلُوبُكُمْ، لِيَلِنِي مِنْكُمْ أُولُوا الأَحْلَامِ وَالنُّهَى، ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ، ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [432].
وَقَولُهُ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «لِيَلِني» هُوَ بِتَخْفِيفِ النُّونِ وَلَيْسَ قَبْلَهَا يَاءٌ، وَرُوِيَ بِتَشْدِيدِ النُّونِ مَعَ يَاءٍ قَبْلَهَا. وَ«النُّهَى»: الْعُقُولُ: وَ«أُولُوا الأَحْلَامِ»: هُمُ الْبَالِغُونَ، وَقِيلَ: أَهْلُ الحِلْمِ وَالْفَضْلِ.
357. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Менга сизларнинг эс-ҳушли ва ақллиларингиз, сўнг ундан кейингилари – уч марта – яқин турсин. Бозордаги бақир‑чақирдан узоқ бўлинглар».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Демак, жамоат намозида имомга энг яқин турадиган кишилар етук ва ақл эгаси бўлишлари керак. Бошқача қилиб айтганда, имом намозни адо этишда ёки қироатда адашиб қолса, уни тузатиб қўядиган ёки бирор сабабга кўра намозни тарк этадиган бўлса, ўрнига ўтиб, келган жойидан имомлик қилиб кета оладиган кишилар бўлишлари керак. ҳар ким ўзини уриб имомга яқин жойга туриб олавериши ҳам дуруст эмас.
Шунингдек, мазкур етук ва ақл эгаси бўлмиш кишиларга яқин жойга етуклик ва ақлда уларга яқинлашадиган кишилар ўтишлари лозим.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Бозорларнинг шовқинидан эҳтиёт бўлинг» деганлари бозордаги беҳуда шовқин-сурон, талашиб-тортишишга ўзингизни урманг, деганларидир. Албатта, бу ишларга ўзини билган, обрў-эътиборини сақлашга ҳаракат қилган одамлар ўзини урмаслиги керак. Шу билан бирга, бу ерда масжиднинг зикри келаётгани учун масжидни бозор қилиб юборманглар, деган маъно ҳам келиб чиқади.
357 - وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «لِيَلِنِي مِنْكُمْ أُولُوا الأَحْلَامِ وَالنُّهَى، ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ» - ثَلَاثاً - «وَإِيَّاكُمْ وَهَيْشَاتِ الأَسْوَاقِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [432/123].
358. «Абдуллоҳ ибн Саҳл ва Муҳаййиса ибн Масъуд ибн Зайд Хайбар томон жўнашди. (Хайбар) ўша кунлари сулҳда эди. Кейин бу иккови ажрашиб кетишди. Муҳаййиса Абдуллоҳ ибн Саҳлнинг олдига келганида, у қонига беланиб, ўлиб ётган эди. У уни дафн қилди. Сўнг у Мадинага келди. Кейин Абдурраҳмон ибн Саҳл ҳамда Масъуднинг икки ўғли – Муҳаййиса ва Ҳуваййиса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига йўл олишди. Абдурраҳмон гапирмоқчи бўлган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Каттага (сўз бер), каттага!» дедилар. У шу ердаги одамларнинг энг ёши эди. У шу заҳоти жим бўлди. Кейин иккови (Муҳаййиса ва Ҳуваййисалар воқеани) гапириб беришди. Шунда у зот: «Қасам ичиб, қотилингизнинг [ёки шеригингизнинг] ҳаққини оласизларми?...» деб, ҳадисни охиригача зикр қилдилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Ҳадиснинг давомида қуйидаги сўзлар бор:
Улар: «Қандай қасам ичамиз, ахир (воқеага) гувоҳ ҳам бўлмаганмиз, кўрмаганмиз ҳам?» дейишди. У зот: «Бўлмаса, яҳудийлар элликта (қасам) билан олдингизда ўзини оқлаб олсинми?» дедилар. Улар: «Қандай қилиб кофир қавмнинг қасамини қабул қиламиз?» дейишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг диясини ўз ёнларидан тўладилар».
Хайбар хурмозорлари кўп жой бўлиб, яҳудийларга тегишли бўлган. Мазкур икки киши қандайдир сабаб билан хурмозорга кириб кетишибди. Икковлари бир-бирларидан ажраб, хурмозорнинг ичида юрганда улардан бири - Абдуллоҳ ибн Саҳлни кимдир ўлдириб кетибди.
Бу хабарни эшитиб, унинг укаси - Абдурроҳман ибн Саҳл келибди. Муҳаййиса ибн Масъуднинг Ҳуваййиса исмли укаси ҳам етиб келибди. Ҳаммалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, бўлган воқеани айтмоқчи бўлишибди.
Гапни Абдурроҳман ибн Саҳл бошлабди. У келганларнинг ичида энг ёши кичиги эканлиги кўриниб турар экан.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қараб туриб:
«Катталарга йўл бер», дебдилар.
Яҳъя исмли ровий тушунтириш учун: «Гапни катталар бошлайди», деб шарҳ қилди.
Демак, ана шундай шароитда, бошлиқ тайинланмаган бўлса, гапни ёши каттароқ одам бошлаши керак экан.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ўтирганларнинг ичида ёши кичикроғи бўлган воқеани айта бошлаши билан уни тўхтатиб, катта сўз беришни буюрибдилар.
Энди қиссанинг давомига келадиган бўлсак, келганлар воқеани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб, қотил кимлигини билмаймиз, аммо боғ яҳудийларники, ўшалар ўлдирган бўлса керак, деб даъво қилишибди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан эллик киши келиб, уни яҳудийлар ўлдирди, деб қасам ича оладими? Агар ича олса, ҳукмни қабул қиламан», дебтилар.
Келганлар: «Албатта, биздан элликта одам уни яҳудийлар ўлдирди, деб қасам ича олмайди» дейишибди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яҳудийлардан эллик киши келиб, биз ўлдирмадик, деб қасам ичиб, сизларни қасам ичишдан беҳожат қилсинларми?» дебдилар.
Келганлар ноқулай аҳволга тушиб қолиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Кофирларнинг қасамини қабул қиласизми?» дейишибди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бўпти, унинг хунини мен ўзим тўлайман» деб, ўлган кишининг хунини тўлаган эканлар.
Абдурроҳман ибн Саҳл ўша хунга берилган туялардан биттаси унга ҳам текканлигини, ҳатто уни бир тепиб олганлигини айтган экан.
Ушбу ҳадисдан сўзни катталар бошлаши Ислом одобидан эканлигини, катталарни эъзозлашнинг ана шундай кўринишлари борлигини билиб оламиз.
Халқимизда ёши катталарга кўрсатилаётган эҳтиромнинг манбаи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари экан.
Катта гапирмаса, кичик гапирса бўладими?
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қани менга айтинглар-чи, бир дарахт бор. У мусулмонга ўхшайди. Аллоҳнинг изни билан доим мевасини беради. Бироқ барги тўкилмайди. Ўша қайси дарахт?» дедилар.
Хаёлимга хурмо келди. Гапиришни ёқтирмадим. У ерда Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумолар бор эди. Улар гапирмаганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«У хурмодир», дедилар.
Кўчага чиққанимизда отамга:
«Ота! Ўша хурмо экани хаёлимга келган эди», дедим.
«Айтишингдан нима манъ қилди? Агар айтганингда мен учун фалон, фалон нарсалардан ҳам маҳбуброқ бўлар эди», деди.
«Мени фақатгина сиз ва Абу Бакрнинг гапирмаганларинг манъ қилди, холос. Шунинг учун гапирмадим», дедим».
Бу ҳадисдан ровийнинг одоблари нақадар юксак бўлганлигини билиб оламиз. Бироқ ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг сўзларидан катталар гапирмаса, кичиклар гапириши мумкинлиги, жоизлиги келиб чиқади.
358 - وَعَنْ أَبِي يَحْيَى - وَقِيلَ: أَبِي مُحَمَّدٍ - سَهْلِ بْنِ أَبِي حَثْمَةَ (بِفَتْحِ الحَاءِ الْمُهْمَلَةِ وَإِسْكَانِ الثَّاءِ الْمُثَلَّثَةِ - الأَنْصَارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: انْطَلَقَ عَبْدُ اللهِ بْنُ سَهْلٍ وَمُحيِّصَةُ ابْنُ مَسْعُودٍ إِلَى خَيْبَرَ وَهِيَ يَوْمَئِذٍ صُلْحٌ، فَتَفَرَّقَا، فَأَتَى مُحَيِّصَةُ إِلَى عَبْدِ اللهِ بْنِ سَهْلٍ وَهُوَ يَتَشَحَّطُ فِي دَمِهِ قَتِيلًا، فَدَفَنَهُ، ثُمَّ قَدِمَ الْمَدِينَةَ، فَانْطَلَقَ عَبْدُ الرَّحْمَنِ بْنُ سَهْلٍ وَمُحَيِّصَةُ وَحُوِّيصَةُ ابْنَا مَسْعُودٍ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، فَذَهَبَ عَبْدُ الرَّحْمَنِ يَتَكَلَّمُ فَقَالَ: «كَبِّرْ كَبِّرْ» وَهُوَ أَحْدَثُ القَوْمِ، فَسَكَتَ، فَتَكَلَّمَا فَقَالَ: «أَتَحْلِفُونَ وَتَسْتَحِقُّونَ قَاتِلَكُمْ؟» وَذَكَرَ تَمَامَ الحَدِيثِ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 3173، م 1669/6].
وَقَولُهُ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «كَبِّرْ كَبِّرْ» مَعْنَاهُ: يَتَكَلَّمُ الأَكْبَرُ.
359. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд қурбонларидан икки кишини бир қабрга жамлар, кейин: «Қай бири Қуръонни кўпроқ ёд олган?» дер эдилар. Қайси бирига ишора қилинса, лаҳадга аввал ўшани қўяр эдилар.
Имом Бухорий ривояти.
Шарҳ: Ушбу ривоятдан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга тириклигида ҳам, улар вафот этганидан кейин ҳам Қуръонга бўлган муносабати, Қуръонни қанча ёдлаганига қараб муомала қилганларини билиб оламиз. Уҳуд жангида шаҳид кетганлардан Қуръондан кўп ёдлаганларини биринчи бўлиб қабрга қўйишлари шуни кўрсатади.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Қиёмат куни Қуръон соҳибига: «Ўқи ва кўтарил, дунёда қандай ўқиган бўлсанг, шундай ўқи. Охирги оятни ўқиган жойинг (жаннатдаги) манзилинг бўлади», деб айтилади».
(Абу Довуд,Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ривояти. Ҳадис санади ҳасан-саҳиҳ).
Ушбу ривоятда Қуръон ёдлаш ва уни шошилмасдан дона-дона қилиб ўқиш фазилати ҳақида сўз юритилмоқда.
Банда охиратда Қуръон ўқигани, уни ёд олиб, Қуръонга амал қилгани учун жаннатга кираётганида, унга: «Қуръонни ўқи. Дунёда қандай ўқиган бўлсанг, шундай ўқи. Қуръондан охирги оятни ўқиганингда жаннатдаги сўнгги даражангга етасан», дейилади. Демак, банда Қуръондан қанча кўп ёдласа, жаннатдаги мартабаси шунча юқори бўлади. Сабаби жаннатда Қуръонга қараб ўқилмайди. Табиийки, бунда банда қанча ёдлаган бўлса, ўша миқдорда Қуръон ўқий олади.
Хаттобий айтади: «Асарларда келишича, Қуръон оятлари жаннат поғоналари миқдорига тенг. Қорига: «Қуръондан қанча ўқишингга қараб жаннат поғоналаридан юқорилаб бораверасан», дейилади. Ким Қуръоннинг ҳаммасини ёдлаган бўлса, охиратда жаннатнинг энг юқори поғонасига чиқади.
Ким ундан бир қисмини ёдлаган бўлса, даражаси ҳам шунга қараб белгиланади. У қанча ўқишига қараб ажр-савобга эга бўлади».
359 - وَعَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَجْمَعُ بَيْنَ الرَّجُلَيْنِ مِنْ قَتْلَى أُحُدٍ – يَعْني: فِي القَبْرِ، ثُمَّ يَقُولُ: «أَيُّهُمَا أَكْثَرُ أَخْذاً لِلْقُرْآنِ؟» فَإِذَا أُشِيرَ لَهُ إِلَى أَحَدِهِمَا قَدَّمَهُ فِي اللَّحْدِ. رَوَاهُ البُخَارِيُّ. [1343].
360. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Тушимда бир мисвок билан тиш тозалаётган эканман. Олдимга икки киши келди. Улардан бирининг ёши иккинчисиникидан катта эди. Мисвокни кичигига узатган эдим, менга: «Каттасига бер», дейилди. Шунда уни каттасига бердим», дедилар».
Имом Муслим муснад ҳолда ва Имом Бухорий таълиқ ҳолда ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан ёши улуғларни ҳурматлаш кераклиги ҳақида хулоса чиқариш мумкин.
Ёши улуғларнинг ҳурматини жойига қўйиш дейилганида, ҳар ишда улардан маслаҳат сўраш, йиғинларда юқорироқ жойга ўтқазиш, таомга улардан кейин қўл узатиш кабилар тушунилади. Ушбу фазилатлар Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Инсонларни ўз ўрнига ўтқизинглар”, деган ҳадисларига мувофиқдир.
Ушбу ҳадисни Шиҳоб ибн Уббод элчилардан эшитган қуйидаги воқеа ҳам қувватлайди: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келганимизда, жуда хурсанд бўлдилар. Бизга кенг жой қилдилар ва у ерга ўтирдик. Ул зот бизга қараб: “Сизларнинг бошлиқларингиз ва улуғларингиз ким?” дедилар. Биз Мунзир бин Оизга ишора қилдик. Мунзир яқин келганида кишилар унга жой берди. Мунзир Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келди. Ул зот уни ўнг томонларига ўтқиздилар ва унга ҳурмат кўрсатдилар”.
Ушбу ўринда жамоа улуғларини ҳурматлаш ва алоҳида эҳтиром кўрсатиш лозимлиги баён қилинмоқда. Халқимизда “Минг қўшчига бир бошчи” деган ҳикматли нақл бор. Азал-азалдан аждодларимиз ҳам ораларидан ҳар томонлама билимдон, оқил, фаҳму фаросати теран ва одил кишини ўзларига бошлиқ этиб, унга бўйсунганлар. Аждодларимиз ушбу фазилатларни фарзандларига ҳам сингдиришган. Азиз устоз ва мураббийлар ҳам ўғил-қизларга таълим-тарбия беришда ушбу сифатларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратсалар, мақсадга мувофиқ бўлади.
360 - وَعَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «أَرَانِي فِي الْمَنَامِ أَتَسَوَّكُ بِسِوَاكٍ، فَجَاءَنِي رَجُلَانِ، أَحَدُهُمَا أَكْبَرُ مِنَ الآخَرِ، فَنَاوَلْتُ السِّوَاكَ الأَصْغَرَ، فَقِيلَ لِي: كَبِّرْ، فَدَفَعْتُهُ إِلَى الأَكْبَرِ مِنْهُمَا». رَوَاهُ مُسْلِمٌ مُسْنَداً وَالبُخَارِيُّ تَعْلِيقاً.
361. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Соч-соқоли оқарган мусулмонни, Қуръонда ғулувга кетмаган ва уни ташлаб қўймаган қорини икром қилиш ҳамда одил султонни икром қилиш ҳам Аллоҳ азза ва жаллани улуғлашдир».
Абу Довуд ривояти.
Шарҳ: “Соч-соқоли оқарган мусулмонни...” Барча кишилар, хусусан, ёшлар кексаларнинг ҳурматини, қадрини жойига қўйиши лозим. Бундай яхши амал мўминликнинг рамзи, мусулмоннинг гўзал сифатларидан. Ёши улуғларга ҳурмат кўрсатмаган одам мана шу муборак рамзни ўзидан йўқотган бўлади.
Кексаларнинг ҳаётий тажрибаларини ўрганиш, яхши амалларидан ўрнак олиш ёшларимизга ҳаётда қоқилмай тўғри йўлда юришларига ёрдам беради. Чунки кексалар ҳаётнинг иссиқ-совуғи, аччиқ-чучугини бошларидан кечириб, турмушнинг пасту баландларидан ўтиб тобланишган. Кексаларнинг тажрибаларини ўрганиш улар йўл қўйган хатоларни такрорламасликка ва улар қийналиб эришган ютуқларга осонлик билан эришишга боис бўлади. Бир сўз билан айтганда, ёшликнинг қуввати билан кексаликнинг ҳикмати қоришиб, катта ютуқларни қўлга киритиш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким кичигимизга раҳм қилмаса ва катталаримизнинг ҳаққини билмаса, биздан эмас”, деганлар. Ушбу ҳақиққатни яхши англаган ҳолда, кексаларимизни доимо эъзозлашимиз, ҳурматлашимиз лозим.
«...Қуръонни ёд олиб, унда ҳаддан ошмаган ва уни тарк қилмаган кишини...» Қуръони каримни ёд олиб, доимо такрорлаб, ўқиб юрадиган, унинг ҳукмларига амал қиладиган ва унинг ҳукмини татбиқ этишда ҳаддан ошмаган, кибр қилмаган ва тажвидини бузмаган кишининг ҳурматини жойига қўйиш Аллоҳ таолони улуғлашдандир. Ҳадиси шарифда: “Қуръон аҳли (уни ёд олган, уни тиловат қиладиганлар) Аллоҳнинг хос, яқин бандаларидир”, дейилади.
«...адолатли ҳукмдорни эъзозлаш Аллоҳни улуғлашдандир». Адолат билан ўз халқининг фаровонлиги, ривожланиши, тараққиёти ва эртаси ҳақида ўйлаб ҳукм қиладиган иймон-эътиқодли раҳбарни ҳурмат қилиш. Ҳадисдан фуқаролар бундай раҳбарнинг олиб бораётган хайрли ишларида ривож тилаб, дуода бўлишлари ҳамда унга итоат қилишлари кераклиги ҳам тушунилади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинган: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!..» Бу оятдан Аллоҳ ва Унинг расули буйруқларига итоат қилиш билан бирга мусулмонлар ўзларининг дин ва давлат бошлиқларига ҳам бўйсунишлари вожиблиги маълум бўлади. Модомики, раҳбар ёки ота-оналар гуноҳ ишларга буюрмас эканлар, уларга итоат этиш шаръан вожибдир (Таҳовий «Ақоид»и).
Хулоса шуки, кексалар, Қуръон ўқиб, унга амал қилувчилар ва одил раҳбарларнинг ҳурматини сақлаб, уларни эъзозлаган киши улкан ажру савобларга эришади.
361 - وَعَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ مِنْ إِجْلَالِ اللهِ تَعَالَى: إِكْرَامَ ذِي الشَّيْبَةِ الْمُسْلِمِ، وَحَامِلِ الْقُرْآنِ غَيْرِ الْغَالِي فِيهِ، وَالجَافِي عَنْهُ وإِكْرَامَ ذِي السُّلْطَانِ الْمُقْسِطِ». حَدِيثٌ حَسَنٌ رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ. [4843].
362. Амр ибн Шуъайб оталаридан, оталари боболаридан қилган ривоятларида айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кичикларимизга раҳм қилмаганлар ва катталаримизнинг ҳаққини билмаганлар биздан эмас».
«Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаганлар ва катталаримизнинг шарафини билмаганлар биздан эмас», деб айтдилар.
Абу Довуд ва Термизий ривояти.
Абу Довуд ривоятида: «катталаримизнинг шарафи» ўрнига «катталаримизнинг ҳаққи» бўлиб келган.
Шарҳ: Жамият аъзолари исломий одоб-ахлоқ меъёрларига амал қилишни уддаcидан чиқса, Ислом шариати бундай жамиятни тараққиёт чўққисига олиб чиқишига, мукаммал даражада ислоҳ қила олишига шубҳа йўқ. Зотан, Ислом тартиб-интизом қоидалари энг етук бўлган гўзал диндир. Мусулмончиликнинг ҳавасга арзигулик қоидаларидан бири бу – катталарнинг кичиклар устига фазилатли қилинганидир. Исломда ёши катталарни ҳурмат қилиш, иззат-икромини жойига қўйиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан суннат тарзида йўлга қўйилган тахсинга сазовор одоблардандир.
Ҳадис матнига диққат қилар эканмиз қуйидагилар маълум бўлади: мусулмончиликда аввало катталар кичикларга меҳрли бўлиши лозим. Катта деганда ҳақиқий маънода ёши катталарни, шунингдек, мажозий маънода мансаби, рутбаси катталарни ҳам тушуниш мумкин. Қайси маънода бўлмасин, катталар кичикларга меҳрли бўлиши Исломда ўрнатилган тартиблардан бири экан.
Ҳадиснинг кейинги бандида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “катталаримиз ҳаққини билмаганлар биздан эмас” – демоқдалар. Демак, Исломда катталарнинг кичиклар устида ҳаққи бор ва у ҳақни Аллоҳ белгилаган. Уни билиш, тан олиш ва риоясини қилиш эса кичикларга лозим. Бу ҳақни эътироф қилмаганларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “биздан эмас” демоқдалар.
Албатта, бу билан катталарни ҳурматини сақламаганларни Ислом доирасидан чиқариб ташлашга журъатимиз етмайди. Аммо ҳадисга кўра, катталарнинг катталик ҳаққини тан олмаганлар қиёмат куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларига қарашга уялиб қолишлари аниқ.
Афсуски, охирги пайтларда, хоҳ том маънода ёши катта бўлсин, ёки мажозий маънода рутбаси катталар бўлсин катталарнинг ҳаққини тан олмайдиганлар жуда кўпайиб кетди. Улар шуни билишлари керакки, уларнинг бу қилиқлари Исломдан эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ундайларни “биздан эмас” деганлар.
Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳу ривоят қилган яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Кичикларимизга раҳм қилмаганлар, катталаримизни улуғламаганлар биздан эмас”. (Имом Бухорий ривояти).
Мўмин мусулмон киши, ўзидан ёши ё рутбаси катта бўлган ҳар қандай мўминни катталик ҳурматини жойига қўйиши чин мусулмонлик талаби, бунинг акси эса мусулмончиликка зид экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам, саҳобалар, тобеинлар ва қўйингки жамики салафи солиҳларимиз ҳамиша катталарнинг каттталик ҳурматини сақлаб келишган. Ҳамонки, салафларга эргашишни даъво қилар эканмиз, катталаримизни ҳурматини билайлик! Шунда Расулимиз алайҳиссаломнинг чин умматлари сафида бўламиз.
362 - وَعَنْ عَمْرو بْنِ شُعَيْبٍ، عَنْ أَبيِهِ، عَنْ جَدِّه رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «لَيْسَ مِنَّا مَنْ لَمْ يَرْحَمْ صَغِيرَنَا، وَيَعْرِفْ شَرَفَ كَبِيرِنَا». حَدِيثٌ صَحِيحٌ رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ، وَقَالَ التِّرْمِذِيُّ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ.
وَفِي رِوَايَةِ أَبِي دَاوُدَ «حَقَّ كَبِيرِنَا».
«Оишанинг олдидан бир тиланчи ўтган эди, унга бир бурда нон берди. Кейин эгнида кийими бор, кўриниши яхшироқ одам ўтган эди, уни ўтирғизди, у таомланди. Ундан бу ҳақда сўрашган эди, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг ҳолатига қараб муомала қилинглар», деганлар», деди».
Абу Довуд ривояти.
Абу Довуд айтади: «Маймун Оишани кўрмаган».
Имом Муслим «Саҳиҳ» китобининг аввалида таълиқ ҳолатда Оиша розияллоҳу анҳодан қуйидагиларни ривоят қилди:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни ўз манзилатига қўйишга буюрганлар».
Имом Ҳоким «Маърифату улумул ҳадис» номли китобида буни саҳиҳ ҳадис, деган.
363 - وَعَنْ مَيْمُونَ بنِ أَبي شَبِيبٍ: أَنَّ عَائشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا مَرَّ بِهَا سَائِلٌ، فَأَعْطَتْهُ كِسْرَةً، وَمرَّ بِهَا رَجُلٌ عَلَيْهِ ثِيَابٌ وَهَيْئَةٌ، فَأَقْعَدَتْهُ، فَأَكَلَ، فَقِيلَ لَهَا فِي ذَلِكَ؟ فَقَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «أَنْزِلُوا النَّاسَ مَنَازِلَهُمْ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ، لَكِنْ قَالَ: مَيْمُونُ لَمْ يُدْرِكْ عَائِشَةَ. [4842].
وَقَدْ ذَكَرَهُ مُسْلمٌ في أَوَّلِ «صَحِيحهِ» تَعْلِيقاً فَقَالَ: وَذُكِرَ عَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها قَالَتْ: أَمَرَنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ أَنْ نُنْزِلَ النَّاسَ مَنَازِلَهُمْ، وَذَكَرَهُ الحَاكِمُ أَبُو عَبْدِ اللهِ فِي كِتَابِهِ «مَعْرفَة عُلُومِ الحَدِيثِ» وَقَالَ: هُوَ حَدِيثٌ صَحِيحٌ.
364 . Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Уяйна ибн Ҳисн келиб, жияни Ҳурр ибн Қайснинг уйига тушди. У Умар ўзига яқин тутадиган кишилардан эди, чунки қорилар қари бўлсин, ёш бўлсин, Умарнинг мажлису машварат аъзолари эдилар. Уяйна жиянига: «Эй жиян, бу амирнинг олдида эътиборинг бор, ҳузурига мен учун изн сўраб берсанг?» деди. У Уяйна учун изн сўради. Умар унга изн берди. У унинг олдига кириб, «Ҳой Ибн Хаттоб! Аллоҳга қасамки, бизга тўкин-сочин қилиб бермаяпсан, орамизда адолат билан ҳукм қилмаяпсан!» деди. Умар ғазабланиб кетди, ҳатто унга хезланди ҳам. Шунда Ҳурр: «Эй мўминларнинг амири, Аллоҳ таоло Ўз Набийси соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Кечиримли бўл, маъруфга буюр ва жоҳиллардан юз ўгир», деган.[1] Бу ҳам жоҳиллардан-да», деди. Аллоҳга қасамки, у Умарга буни тиловат қилган пайт (Умар) бунга бепарво бўлмади. У Аллоҳнинг Китоби олдида таққа тўхтайдиган киши эди».
Имом Бухорий ривояти.
Бу ҳадиснинг матни ва шарҳи 55-рақамли ҳадисда келган.
364 - وَعَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَدِمَ عُيَيْنَةُ بْنُ حِصْنٍ، فَنَزَلَ عَلَى ابْنِ أَخِيهِ الحُرِّ بْنِ قَيْسٍ، وَكَانَ مِنَ النَّفَرِ الَّذِينَ يُدْنِيهِمْ عُمَرُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، وَكَانَ القُرَّاءُ أَصْحَابَ مَجْلِسِ عُمَرَ وَمُشَاوَرَتِهِ، كُهُولًا كَانُوا أَوْ شُبَّاناً، فَقَالَ عُيَيْنَةُ لابْنِ أَخِيهِ: يَا ابْنَ أَخِي؛ لَكَ وجْهٌ عِنْدَ هذَا الأَمِيرِ، فَاسْتَأْذِنْ لِي عَلَيْهِ، فَاسْتَأَذَنَ، فَأَذِنَ لَهُ عُمَرُ، فَلَمَّا دَخَلَ: قَالَ: هِيَ يَا ابْنَ الخَطَّابِ؛ فَوَاللهِ؛ مَا تُعْطِينَا الجَزْلَ، وَلَا تَحْكُمُ فِينَا بِالعَدْلِ، فَغَضِبَ عُمَرُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ حَتَّى هَمَّ أَنْ يُوقِعَ بِهِ، فَقَالَ لَهُ الحُرُّ: يَا أَمِيرَ الْمُؤْمِنِينَ؛ إِنَّ اللهَ تَعَالَى قَالَ لِنَبِيِّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: {خُذِ العَفْوَ وَأْمُرْ بِالعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الجَاهِلينَ}، وَإِنَّ هَذَا مِنَ الجَاهِلِينَ. واللهِ؛ مَا جَاوَزَهَا عُمَرُ حِينَ تَلَاهَا عَلَيْهِ، وَكَانَ وَقَّافاً عِنْدَ كِتَابِ اللهِ تَعَالَى. رَوَاهُ البُخَارِيُّ. [4642 وسبق برقم 55].
365. Абу Саид Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида мен ёш бола эдим. У зотдан (оятҳадис) ёд олар эдим. Ҳузурларида мендан ёши каттароқ кишилар бўлгани учун гапирмас эдим.
Муттафақун алайҳ.
365 - وَعَنْ أَبِي سَعِيدٍ سَمُرةَ بْنِ جُنْدُبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: لَقَدْ كُنْتُ عَلَى عَهْدِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ غُلَامًا، فَكُنْتُ أَحْفَظُ عَنْهُ، فَمَا يَمْنَعُنِي مِنَ القَوْلِ إِلَّا أَنَّ هَهُنَا رِجَالًا هُمْ أَسَنُّ مِنِّي. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 332، م 964/88].
366. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қайси бир ёш йигит қарияни ёши катталиги учун ҳурмат қилса, Аллоҳ ҳам бу йигитга ёши улғайганида ҳурмат қилувчи кишини юборишни тақдирга битади», дедилар.
Имом Термизий бу ҳадисни ривоят қилиб, ғариб, дедилар.
Шарҳ: Ҳурмат ибодатдан яхши, деган сўз бор. Аллоҳ муқаддас қилган нарсаларнинг ҳурматини жойига қўйиш ибодат, аксинча, Аллоҳ наздида қадрли бўлган нарсаларга беписандлик қилиш, уларнинг ҳурматини оёқости қилиш динимиз мезонида оғир гуноҳ саналади.
Шунинг учун ҳам айтадиларки, инсон гуноҳнинг ўзи билан куфрга тушиб қолмайди, балки, ўша гуноҳни оддий санаш, унга беписандлик ва ҳурматсизлик билан шу аҳволга тушади.
Аллоҳ ҳурматлаган ва даражасини баланд қилган нарсаларни эъзозлаш ва улуғлаш қалбдаги тақводан далолат эканлиги Қуръони каримда бот-бот таъкидланади.
Ҳаж сурасининг 30-оятида шундай марҳамат қилинади: “(Иш) шудир! Ким Аллоҳнинг ҳурумотларини ҳурмат қилса, билсинки, бу иш Парвардигори наздида ўзи учун яхши бўлган ишдир”. Мазкур суранинг 32-оятида эса: “(Иш) шудир! Ким Аллоҳ билдирган шиорларни ҳурмат қилар экан, бу диллардаги тақво туфайли ҳосил бўлур”, дея марҳамат қилинади.
“Аллоҳ билдирган шиорларни” дея маъно берганимиз сўз ояти каримада “шаъоируллоҳ” лафзи билан ишлатилган. Аслида бу сўзни бир лафз билан бошқа тилга ўгириш мумкин эмас. Тафсир китобларида айтилишича, “шаъоируллоҳ” деб Аллоҳ томонидан фазилати ва улуғлиги билдирилган барча нарса тушунилади.
Олимлар эса ўзларидаги илм шарафи туфайли Аллоҳ улуғлаш кераклигини билдирган ва ҳурматлашга чақирган нарсаларнинг энг бошида турадилар. Бунга далолат қилувчи ояти карималар ва ҳадиси шарифлар жуда кўп.
Убода ибн Сомит разияллоҳу анҳудари ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: “катталаримизни ҳурмат қилмаган, кичикларимизга меҳр кўрсатмаган ва олимларимизнинг ҳаққини билмаган кимса менинг умматимдан эмас” (Имом Аҳмад ривояти).
“Наводиру-л-усул” китобида ушбу муборак ҳадисга қуйидагича шарҳ берилган: “ёши кекса инсонни ҳурмат қилиш Аллоҳ жорий қилган ҳақдир. Чунки, кекса инсон узоқ муддат давомида ҳаётини ибодатда ўтказди. Кичикка раҳм қилиш Аллоҳнинг ишига мувофиқ иш қилишдир. Чунки, Аллоҳ кичикка раҳм қилиб, ундан бандалик ишларини талаб қилмади. Гуноҳ қилса, жазо тайинламади. Олимнинг ҳаққини билиш эса илмнинг ҳаққини билмоқдир. Зеро, Аллоҳ илм қадрини баланд қилди ва унинг орқасидан илм ато этилган инсонларнинг ҳам қадрини юксак қилиб қўйди. Ва: “Сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган кимсаларни Аллоҳ баланд даражаларга кўтарур”, деди” (Мужодила сураси, 11-оят).
Демак, ким ёшлигида катталарни ҳурмат қилиб, уларни ҳаққини риоя қилса, ёши улғайганида уни ҳам ҳурмат қиладиган ёшларга рўбаро қилар экан. Зеро ҳаёт чарҳпалак дейилганидек, ким нима экса шуни ўриб олар экан.
366 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَا أَكْرَمَ شَابٌّ شَيْخاً لِسِنِّهِ إِلَّا قَيَّضَ اللهُ لَهُ مَنْ يُكْرِمُهُ عِنْدَ سِنِّهِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: غَرِيبٌ. [2022].