361. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Соч-соқоли оқарган мусулмонни, Қуръонда ғулувга кетмаган ва уни ташлаб қўймаган қорини икром қилиш ҳамда одил султонни икром қилиш ҳам Аллоҳ азза ва жаллани улуғлашдир».
Абу Довуд ривояти.
Шарҳ: “Соч-соқоли оқарган мусулмонни...” Барча кишилар, хусусан, ёшлар кексаларнинг ҳурматини, қадрини жойига қўйиши лозим. Бундай яхши амал мўминликнинг рамзи, мусулмоннинг гўзал сифатларидан. Ёши улуғларга ҳурмат кўрсатмаган одам мана шу муборак рамзни ўзидан йўқотган бўлади.
Кексаларнинг ҳаётий тажрибаларини ўрганиш, яхши амалларидан ўрнак олиш ёшларимизга ҳаётда қоқилмай тўғри йўлда юришларига ёрдам беради. Чунки кексалар ҳаётнинг иссиқ-совуғи, аччиқ-чучугини бошларидан кечириб, турмушнинг пасту баландларидан ўтиб тобланишган. Кексаларнинг тажрибаларини ўрганиш улар йўл қўйган хатоларни такрорламасликка ва улар қийналиб эришган ютуқларга осонлик билан эришишга боис бўлади. Бир сўз билан айтганда, ёшликнинг қуввати билан кексаликнинг ҳикмати қоришиб, катта ютуқларни қўлга киритиш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким кичигимизга раҳм қилмаса ва катталаримизнинг ҳаққини билмаса, биздан эмас”, деганлар. Ушбу ҳақиққатни яхши англаган ҳолда, кексаларимизни доимо эъзозлашимиз, ҳурматлашимиз лозим.
«...Қуръонни ёд олиб, унда ҳаддан ошмаган ва уни тарк қилмаган кишини...» Қуръони каримни ёд олиб, доимо такрорлаб, ўқиб юрадиган, унинг ҳукмларига амал қиладиган ва унинг ҳукмини татбиқ этишда ҳаддан ошмаган, кибр қилмаган ва тажвидини бузмаган кишининг ҳурматини жойига қўйиш Аллоҳ таолони улуғлашдандир. Ҳадиси шарифда: “Қуръон аҳли (уни ёд олган, уни тиловат қиладиганлар) Аллоҳнинг хос, яқин бандаларидир”, дейилади.
«...адолатли ҳукмдорни эъзозлаш Аллоҳни улуғлашдандир». Адолат билан ўз халқининг фаровонлиги, ривожланиши, тараққиёти ва эртаси ҳақида ўйлаб ҳукм қиладиган иймон-эътиқодли раҳбарни ҳурмат қилиш. Ҳадисдан фуқаролар бундай раҳбарнинг олиб бораётган хайрли ишларида ривож тилаб, дуода бўлишлари ҳамда унга итоат қилишлари кераклиги ҳам тушунилади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинган: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!..» Бу оятдан Аллоҳ ва Унинг расули буйруқларига итоат қилиш билан бирга мусулмонлар ўзларининг дин ва давлат бошлиқларига ҳам бўйсунишлари вожиблиги маълум бўлади. Модомики, раҳбар ёки ота-оналар гуноҳ ишларга буюрмас эканлар, уларга итоат этиш шаръан вожибдир (Таҳовий «Ақоид»и).
Хулоса шуки, кексалар, Қуръон ўқиб, унга амал қилувчилар ва одил раҳбарларнинг ҳурматини сақлаб, уларни эъзозлаган киши улкан ажру савобларга эришади.
361 - وَعَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ مِنْ إِجْلَالِ اللهِ تَعَالَى: إِكْرَامَ ذِي الشَّيْبَةِ الْمُسْلِمِ، وَحَامِلِ الْقُرْآنِ غَيْرِ الْغَالِي فِيهِ، وَالجَافِي عَنْهُ وإِكْرَامَ ذِي السُّلْطَانِ الْمُقْسِطِ». حَدِيثٌ حَسَنٌ رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ. [4843].