366-ҳадис

366. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қайси бир ёш йигит қарияни ёши катталиги учун ҳурмат қилса, Аллоҳ ҳам бу йигитга ёши улғайганида ҳурмат қилувчи кишини юборишни тақдирга битади», дедилар.

Имом Термизий бу ҳадисни ривоят қилиб, ғариб, дедилар.

 

Шарҳ: Ҳурмат ибодатдан яхши, деган сўз бор. Аллоҳ муқаддас қилган нарсаларнинг ҳурматини жойига қўйиш ибодат, аксинча, Аллоҳ наздида қадрли бўлган нарсаларга беписандлик қилиш, уларнинг ҳурматини оёқости қилиш динимиз мезонида оғир гуноҳ саналади.

Шунинг учун ҳам айтадиларки, инсон гуноҳнинг ўзи билан куфрга тушиб қолмайди, балки, ўша гуноҳни оддий санаш, унга беписандлик ва ҳурматсизлик билан шу аҳволга тушади.

Аллоҳ ҳурматлаган ва даражасини баланд қилган нарсаларни эъзозлаш ва улуғлаш қалбдаги тақводан далолат эканлиги Қуръони каримда бот-бот таъкидланади.

Ҳаж сурасининг 30-оятида шундай марҳамат қилинади: “(Иш) шудир! Ким Аллоҳнинг ҳурумотларини ҳурмат қилса, билсинки, бу иш Парвардигори наздида ўзи учун яхши бўлган ишдир”. Мазкур суранинг 32-оятида эса: “(Иш) шудир! Ким Аллоҳ билдирган шиорларни ҳурмат қилар экан, бу диллардаги тақво туфайли ҳосил бўлур”, дея марҳамат қилинади.

“Аллоҳ билдирган шиорларни” дея маъно берганимиз сўз ояти каримада “шаъоируллоҳ” лафзи билан ишлатилган. Аслида бу сўзни бир лафз билан бошқа тилга ўгириш мумкин эмас. Тафсир китобларида айтилишича, “шаъоируллоҳ” деб Аллоҳ томонидан фазилати ва улуғлиги билдирилган барча нарса тушунилади.

Олимлар эса ўзларидаги илм шарафи туфайли Аллоҳ улуғлаш кераклигини билдирган ва ҳурматлашга чақирган нарсаларнинг энг бошида турадилар. Бунга далолат қилувчи ояти карималар ва ҳадиси шарифлар жуда кўп.

Убода ибн Сомит разияллоҳу анҳудари ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: “катталаримизни ҳурмат қилмаган, кичикларимизга меҳр кўрсатмаган ва олимларимизнинг ҳаққини билмаган кимса менинг умматимдан эмас” (Имом Аҳмад ривояти).

“Наводиру-л-усул” китобида ушбу муборак ҳадисга қуйидагича шарҳ берилган: “ёши кекса инсонни ҳурмат қилиш Аллоҳ жорий қилган ҳақдир. Чунки, кекса инсон узоқ муддат давомида ҳаётини ибодатда ўтказди. Кичикка раҳм қилиш Аллоҳнинг ишига мувофиқ иш қилишдир. Чунки, Аллоҳ кичикка раҳм қилиб, ундан бандалик ишларини талаб қилмади. Гуноҳ қилса, жазо тайинламади. Олимнинг ҳаққини билиш эса илмнинг ҳаққини билмоқдир. Зеро, Аллоҳ илм қадрини баланд қилди ва унинг орқасидан илм ато этилган инсонларнинг ҳам қадрини юксак қилиб қўйди. Ва: “Сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган кимсаларни Аллоҳ баланд даражаларга кўтарур”, деди” (Мужодила сураси, 11-оят).

Демак, ким ёшлигида катталарни ҳурмат қилиб, уларни ҳаққини риоя қилса, ёши улғайганида уни ҳам ҳурмат қиладиган ёшларга рўбаро қилар экан. Зеро ҳаёт чарҳпалак дейилганидек, ким нима экса шуни ўриб олар экан.

366 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَا أَكْرَمَ شَابٌّ شَيْخاً لِسِنِّهِ إِلَّا قَيَّضَ اللهُ لَهُ مَنْ يُكْرِمُهُ عِنْدَ سِنِّهِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: غَرِيبٌ. [2022].


Улашиш
|
|
Нусха олиш