367. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳу Умарга: «Юр, Умму Айманникига борамиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни зиёрат қилганларидек, биз ҳам уни зиёрат қиламиз», деди. Уникига борган эдик, у (бизни кўриб) йиғлаб юборди. Улар унга: «Нега йиғлайсиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсалар яхши-ку?» дейишди. Шунда у: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсалар яхши эканини билмаганимдан эмас, балки осмондан ваҳий узилиб қолганига йиғлаяпман» деб, уларни тўлқинлантириб юборди. Иккови унга қўшилиб йиғлай бошлашди».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Аллоҳ халқининг энг шарафлиси бўлган зот, Аллоҳ таоло пайғамбарларининг саййиди бўлган зот, оламларнинг сарвари бўлган зот, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам асли қулзода бўлган, қоп-қора танли ҳабашия бир аёлни доимий равишда зиёрат қилиб турган бўлсалар.
Бу қандоқ мўъжиза?!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифалари, Ислом умматининг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги энг афзал одами Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзларидан кейинги энг афзал одам Умар розияллоҳу анҳуга асли қулзода бўлган, қора танли бир аёлни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиб зиёрат қилишга таклиф қилсалар.
Бу қандоқ мўъжиза?!
Асли қулзода бўлган, қора танли бир аёл Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумодек зотларга устоз бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсларига эмас, у зотга келаётган ваҳий узилиб қолганига йиғлаш кераклигини ўргатиб турса.
Ҳа, Умму Айман розияллоҳу анҳо ана шундоқ нодир зот эди.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу вафот этганида Умму Айман розияллоҳу анҳо қаттиқ йиғлади ва:
«Бугун Ислом заиф бўлди», деди.
Умму Айман розияллоҳу анҳонинг ўзлари ҳам Умар розияллоҳу анҳудан йигирма кун кейин вафот этди.
Умму Айман розияллоҳу анҳонинг ҳурматлари ўзларидан кейин у кишининг зурриётларига ҳам мерос бўлиб келмоқда.
Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи Ҳармаладан қуйидагиларни ривоят қилади:
«Абдуллоҳ ибн Умар билан ўтирган эдим. Ҳажжож ибн Айман кириб намоз ўқиди. У намознинг рукуъ ва сужудларини тўлиқ қилмади. Ибн Умар уни салом берганидан кейин чақириб:
«Эй биродар, сен намоз ўқидим деб ҳисоблайсанми? Сен намоз ўқиганинг йўқ. Намозингни қайтадан ўқи», деди.
Ҳажжож ортига қайтиб кетганидан кейин Абдуллоҳ ибн Умар менга:
«Бу ким?» деди.
«Умму Айманнинг ўғли, Айманнинг Ҳажжож деган боласи», дедим.
«Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тирик бўлганларида бунга муҳаббат қўйган бўлар эдилар», деди Ибн Умар ва у зотнинг Умму Айманнинг болаларига бўлган муҳаббатларини зикр қилди».
Аллоҳ таоло Умму Айман розияллоҳу анҳодан рози бўлсин!
367 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ أَبُو بَكْرٍ لِعُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا بَعْدَ وَفَاةِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: انْطَلِقْ بِنَا إِلَى أُمِّ أَيْمنَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا نَزُورُهَا كَمَا كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَزُورُهَا، فَلَمَّا انْتَهَيَا إِلَيْهَا، بَكَتْ، فَقَالَا لَهَا: مَا يُبْكِيكِ؟ أَمَا تَعْلَمِينَ أَنَّ مَا عِنْدَ اللهِ - خَيْرٌ لِرَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ؟! فَقَالَتْ: إِنِّي لَا أَبْكِي أَنِّي لَا أَعْلَمُ أَنَّ مَا عِنْدَ اللهِ تَعَالَى خَيرٌ لِرَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، ولَـكِنْ أَبْكِي أَنْ الوَحْيَ قَدِ انْقَطَعَ مِنَ السَّمَاءِ، فَهَيَّجَتْهُمَا عَلَى البُكَاءِ، فَجَعَلَا يَبْكِيَانِ مَعَهَا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [2454].