Рўйхатни беркитиш
Мундарижа
Мундарижа
45-КИТОБ
45-боб Яхши зотларни зиёрат қилиш, уларнинг суҳбатларида ўтириш, муҳаббат қилиш, зиёратга таклиф қилиш ва дуо қилишларини талаб этиш ҳамда фазилатли масканларни зиёрат қилиш хусусида
45- بَابُ زِيَارَةِ أَهْلِ الخَيْرِ وَمُجَالَسَتِهِمْ وَصُحْبَتِهِمْ وَمَحَبَّتِهِمْ، وَطَلَبِ زِيَارَتِهِمْ وَالدُّعَاءِ مِنْهُمْ، وَزِيَارَةِ الْمَوَاضِعِ الفَاضِلَةِ
(45)
45-BOB

 45-боб. Яхши зотларни зиёрат қилиш, уларнинг суҳбатларида ўтириш, муҳаббат қилиш, зиёратга таклиф қилиш ва дуо қилишларини талаб этиш ҳамда фазилатли масканларни зиёрат қилиш хусусида

 Аллоҳ таоло: «Мусо (ўзининг хизматкор) йигитига: «То икки денгиз қўшиладиган ерга етмагунча ёки узоқ замонлар кезмагунча юришдан тўхтамайман», деган пайтини эслангиз»…. Тоинки «Мусо унга (Хизрга): «Сенга билдирилган билимдан менга ҳам тўғри таълим беришинг учун сенга эргашсам майлимидеди» (Каҳф сураси, 60–66-оятлар).

«Сиз ўзингизни эртаю кеч Парвардигорининг юзини – розилигини истаб, Унга илтижо қиладиган зотлар билан бирга тутинг» (Каҳф сураси, 28-оят), деб айтган.

45- بَابُ زِيَارَةِ أَهْلِ الخَيْرِ وَمُجَالَسَتِهِمْ وَصُحْبَتِهِمْ وَمَحَبَّتِهِمْ، وَطَلَبِ زِيَارَتِهِمْ وَالدُّعَاءِ مِنْهُمْ، وَزِيَارَةِ الْمَوَاضِعِ الفَاضِلَةِ


قَالَ اللهُ تَعَالَى: {وَإِذْ قَالَ مُوسَى لِفَتَاهُ لَا أَبْرَحُ حَتَّى أَبْلُغَ مَجْمَعَ الْبَحْرَيْنِ أَوْ أَمْضِيَ حُقُباً} إِلَى قَولِهِ تَعَالَى: {قَالَ لَهُ مُوسَى هَلْ أَتَّبِعُكَ عَلَى أَنْ تُعَلِّمَنِ مِمَّا عُلِّمْتَ رُشْدًا؟}.

وَقَالَ تَعَالَى: {وَاصْبِرْ نَفْسَكَ مَعَ الَّذِينَ يَدْعُونَ رَبَّهُمْ بِالْغَدَاةِ وَالْعَشِيِّ يُرِيدُونَ وَجْهَهُ}.

 

(45)

367. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳу Умарга: «Юр, Умму Айманникига борамиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни зиёрат қилганларидек, биз ҳам уни зиёрат қиламиз», деди. Уникига борган эдик, у (бизни кўриб) йиғлаб юборди. Улар унга: «Нега йиғлайсиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсалар яхши-ку?» дейишди. Шунда у: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсалар яхши эканини билмаганимдан эмас, балки осмондан ваҳий узилиб қолганига йиғлаяпман» деб, уларни тўлқинлантириб юборди. Иккови унга қўшилиб йиғлай бошлашди».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Аллоҳ халқининг энг шарафлиси бўлган зот, Аллоҳ таоло пайғамбарларининг саййиди бўлган зот, оламларнинг сарвари бўлган зот, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам асли қулзода бўлган, қоп-қора танли ҳабашия бир аёлни доимий равишда зиёрат қилиб турган бўлсалар.

Бу қандоқ мўъжиза?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифалари, Ислом умматининг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги энг афзал одами Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзларидан кейинги энг афзал одам Умар розияллоҳу анҳуга асли қулзода бўлган, қора танли бир аёлни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиб зиёрат қилишга таклиф қилсалар.

Бу қандоқ мўъжиза?!

Асли қулзода бўлган, қора танли бир аёл Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумодек зотларга устоз бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсларига эмас, у зотга келаётган ваҳий узилиб қолганига йиғлаш кераклигини ўргатиб турса.

Ҳа, Умму Айман розияллоҳу анҳо ана шундоқ нодир зот эди.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу вафот этганида Умму Айман розияллоҳу анҳо қаттиқ йиғлади ва:

«Бугун Ислом заиф бўлди», деди.

Умму Айман розияллоҳу анҳонинг ўзлари ҳам Умар розияллоҳу анҳудан йигирма кун кейин вафот этди.

Умму Айман розияллоҳу анҳонинг ҳурматлари ўзларидан кейин у кишининг зурриётларига ҳам мерос бўлиб келмоқда.

Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи Ҳармаладан қуйидагиларни ривоят қилади:

«Абдуллоҳ ибн Умар билан ўтирган эдим. Ҳажжож ибн Айман кириб намоз ўқиди. У намознинг рукуъ ва сужудларини тўлиқ қилмади. Ибн Умар уни салом берганидан кейин чақириб:

«Эй биродар, сен намоз ўқидим деб ҳисоблайсанми? Сен намоз ўқиганинг йўқ. Намозингни қайтадан ўқи», деди.

Ҳажжож ортига қайтиб кетганидан кейин Абдуллоҳ ибн Умар менга:

«Бу ким?» деди.

«Умму Айманнинг ўғли, Айманнинг Ҳажжож деган боласи», дедим.

«Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тирик бўлганларида бунга муҳаббат қўйган бўлар эдилар», деди Ибн Умар ва у зотнинг Умму Айманнинг болаларига бўлган муҳаббатларини зикр қилди».

Аллоҳ таоло Умму Айман розияллоҳу анҳодан рози бўлсин!

367 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ أَبُو بَكْرٍ لِعُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا بَعْدَ وَفَاةِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: انْطَلِقْ بِنَا إِلَى أُمِّ أَيْمنَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا نَزُورُهَا كَمَا كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَزُورُهَا، فَلَمَّا انْتَهَيَا إِلَيْهَا، بَكَتْ، فَقَالَا لَهَا: مَا يُبْكِيكِ؟ أَمَا تَعْلَمِينَ أَنَّ مَا عِنْدَ اللهِ - خَيْرٌ لِرَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ؟! فَقَالَتْ: إِنِّي لَا أَبْكِي أَنِّي لَا أَعْلَمُ أَنَّ مَا عِنْدَ اللهِ تَعَالَى خَيرٌ لِرَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، ولَـكِنْ أَبْكِي أَنْ الوَحْيَ قَدِ انْقَطَعَ مِنَ السَّمَاءِ، فَهَيَّجَتْهُمَا عَلَى البُكَاءِ، فَجَعَلَا يَبْكِيَانِ مَعَهَا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [2454].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

 368. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтиб бердилар: «Бир киши бошқа қишлоқдаги биродарини кўришга борди. Аллоҳ унинг йўлига бир фариштани мунтазир қилиб қўйди. Унинг олдига келгач, «Қаерга кетяпсан?» деди. «Шу қишлоқдаги биродаримникига кетяпман», деди. «Унинг зиммасида сен фойдасини кўрадиган бирор нарса борми?» деди. «Йўқ, мен уни Аллоҳ азза ва жалла учун яхши кўраман, холос», деди. «Сен уни Аллоҳ учун яхши кўрганингдек, Аллоҳ ҳам сени яхши кўрди. Мен Аллоҳнинг сенга шуни етказиш учун юборилган элчисиман», деди».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Демак, бир биродарини фақат Аллоҳ учун яхши кўриб, орага бошқа ғараз қўшмасдан зиёрат қилган одам Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлар экан. 

Бу ҳақиқатни жуда яхши тушуниб, англаб, ўзимизга сингдириб олишимиз керак. Бировни зиёрат қилганда унинг эътиборини қозониш, унинг ҳузуридаги бирор дунёвий нарсага эришиш учун эмас, балки фақат Аллоҳ таолонинг розилиги учун, савоб умидида зиёрат қилиш керак. 

Ана шундай холис ният ила қилинган зиёрат зиёратчини Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор қилади.

Мусулмон уммати бу ҳадисга қадимдан ихлос билан амал қилиб келган. Алҳамдулиллаҳ, ҳозиргача унга ихлос билан амал қилиб келаётган мўмин-мусулмонлар кўп. Улар ўз биродарларини фақат Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб, бошқа ғаразни аралаштирмасдан зиёрат қиладилар.

Дунёда бу ишни ихлос билан қилаётганлар фақат Муҳаммад умматига мансуб зотлар бўлсалар, ажаб эмас. 

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Мусулмонлар бир-бирларини зиёрат қилишлари фазилатли иш экани. 

2. Мусулмон мусулмонни Аллоҳ учун яхши кўриши кераклиги.

3. Мусулмон мусулмонга муҳаббат қўйгани учун Аллоҳ таоло ҳам унга муҳаббат қўйиши.


368 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «أَنَّ رَجُلًا زَارَ أَخاً لَهُ فِي قَرْيَةٍ أُخْرَى، فَأَرْصَدَ اللهُ تَعَالَى عَلَى مَدْرَجَتِهِ مَلَكاً، فَلَمَّا أَتَى عَلَيْهِ قَالَ: أَيْنَ تُرِيدُ؟ قَالَ: أُرِيدُ أَخاً لِي فِي هَذِهِ الْقَرْيةِ. قَالَ: هَلْ لَكَ عَلَيْهِ مِنْ نِعْمَةٍ تَرُبُّهَاِ؟ قَالَ: لَا، غَيْرَ أَنِّي أَحْبَبْتُهُ فِي اللهِ، قَالَ: فَإِنِّي رَسُولُ اللهِ إِلَيْكَ بأَنَّ اللهَ قَدْ أَحَبَّكَ كَمَا أَحْبَبْتَهُ فِيْهِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [2567].

يُقَالُ: «أَرْصَدَهُ لِكَذَا»: إِذَا وكَّلَهُ بِحِفْظِهِ، وَ«الْمَدْرَجَةُ» بِفَتْحِ الْمِيمِ وَالرَّاءِ: الطَّرِيقُ، وَمَعْنَى «تَرُبُّهَا»: تَقُومُ بِهَا، وَتَسْعَى في صَلَاحِهَا.


Улашиш
|
|
Нусха олиш

369. Яна у кишидан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бирор касални бориб кўрса ёки Аллоҳ йўлидаги биродарини зиёрат қилса, бир нидо қилувчи: «Пок бўлдинг, юришинг ҳам пок бўлди ва жаннатдан ўзинг учун жой тайёрлаб қўйдинг», деб нидо қилади», дедилар.

Имом Термизий ривоятлари.

Шарҳ: Демак, ниятни тўғри қилиб, бирон манфаат кўзламай, фақатгина Аллоҳ ризоси истагида бирон биродарини зиёрат қилиниши шунчалар манфаатли эканки, ҳам фаришта дуосига ва ҳам жаннатийлар амалига мувофиқ бўлган амал соҳиби бўлинар экан.

Албатта, дўстлик ришталари ўзаро зиёратлар билан мустаҳкамланади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифларда бу савобли ишга алоҳида
эътибор берилган. Дўст-биродарлар доимо беғараз зиёратларини канда қилмасликлари керак.

369 - وَعَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ عَادَ مَرِيضاً أَوْ زَارَ أَخاً لَهُ فِي اللهِ نَادَاهُ مُنَادٍ: بِأَنْ طِبْتَ، وَطَابَ مَمْشَاكَ، وَتَبَوَّأْتَ مِنَ الجَنَّةِ  مَنْزِلًا». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَسَنٌ. وَفِي بَعْضِ النُّسَخِ غَرِيبٌ. [2008].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

370. Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Солиҳ ошна билан ёмон ошна аттор билан босқончига ўхшайди. Аттор ё сенга ҳадя беради, ё сен ундан сотиб оласан ёки ундан хушбўй ҳид туясан. Босқончи бўлса ё кийимингни куйдиради, ё қўланса ҳид туясан».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Ҳа, яхшиларга ёндашиш фойда келтиради. Ҳеч бўлмаганда уларнинг яхшилигини кўрган одам хурсанд бўлади. Аммо ёмонга ёр бўлган эса ёмон бўлади. Улар билан бирга бўлган одам ҳеч бўлмаганда «Қозонга яқин юрсанг, қораси юқади» деган мақолда айтилганидек ҳолга тушади. Шунинг учун доимо яхшилар, уламолар, фузалолар, тақводорлар билан бирга бўлишга ҳаракат қилиш керак.


370 - وَعَنْ أَبِي مُوسَى الأَشعَرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّمَا مَثَلُ الجَلِيسِ الصَّالِـحِ وَجَلِيسِ السُّوءِ كَحَامِلِ الْمِسْكِ وَنَافِخِ الْكِيْرِ، فَحَامِلُ الْمِسْكِ: إِمَّا أَنْ يُحْذِيَكَ، وَإِمَّا أَنْ تَبْتَاعَ مِنْهُ، وَإِمَّا أَنْ تَجِدَ مِنْهُ رِيْحاً طَيِّبَةً، وَنَافِخُ الكِيْرِ: إِمَّا أَنْ يُحْرِقَ ثِيَابَكَ، وَإِمَّا أَنْ تَجِدَ رِيْحاً مُنْتِنَةً». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 5534، م 2628].

«يُحْذِيكَ»: يُعْطِيكَ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш
371. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аёл тўрт нарсаси учун никоҳга олинади: моли учун, насл‑насаби учун, жамоли учун ёки дини учун. Сен диндорини олгин, қўлинг тупроққа қорилгур», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Бирор аёл кишига уйланишдан олдин унинг қизиқтирадиган сифатларига қаралади. Ушбу ҳадиси шарифда ўша никоҳига рағбат қилинадиган аёлда бўлиши лозим яхши сифатлардан тўртта энг машҳури ва оммавийси ҳақида сўз кетмоқда.

Агар ушбу тўрт сифат–мол ҳам, жамол ҳам, ҳасабу насаб ҳам, дину диёнатга қўшилиб, бир қизни музайян қилиб турса, албатта, яхши.

Аммо мазкур тўрт сифат бир-бири билан солиштирилганда улар орасида диндорликка тенг келадигани йўқ. Балки қолганларга яна бошқа бир қанча яхши сифатлар қўшилса ҳам диндорлик сифатига ета олмайди.

Чунки молдорлик вақтинча. Қолаверса, мол-мулкининг кўплиги келиннинг ҳовлиқишига, куёвни ва унинг яқинларини менсимаслигига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Диндорлик бўлмаган жойда кўпинча молдорлик ноқулай ишларга сабаб бўлиши турган гап.

Ҳасабу насаби яхши келин, албатта, яхши. Лекин фақат ҳасабу насабига ишониш ҳам яхшиликка олиб келмайди. Ота-она, бобо-момолар яхши ўтган бўлсалар яхши, лекин улар уйларида қоладилар. Куёвникига келин келади. Агар келин диндор бўлмаса, ҳасаби ва насаби билан фахрланиб куёвни ва унинг яқинларини хижолат қилиши мумкин.

Жамол ҳам ўзича яхши нарса. Лекин бу ҳам ўткинчи. Маълум муддатдан кейин келиннинг жамоли ўзгариши турган гап. Бунинг устига фақат жамолга суяниб иш қилиш ҳам яхшиликка олиб бормайди.

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам диндор келинни ихтиёр қилишга буюрмоқдалар. Диндорлик ҳақиқий ва бардавом яхши сифатдир. Келин диндор бўлса, куёвни ва унинг яқинларини ҳурмат қилади. Оиланинг ҳақиқий устуни ва порлаб турган чироғи бўлади. Ундан дунёга келадиган фарзандлар ҳам ажойиб инсонлар бўлиб етишадилар.

Диндор келин шариат кўрсатмаси бўйича ўз бурчи ва масъулиятларини тўлиқ адо этиб яшайди.

Диндорлик ҳақиқий бойликдир!

Диндорлик ҳақиқий ҳасаб ва насабдир!

Диндорлик ҳақиқий гўзалликдир!

Шунинг учун ҳам қизларимизни диндор қилиб тарбиялашга уринишимиз керак. Шунинг учун келин танлаганимизда диндор келин танлашимиз керак.

«Қўлинг тупроққа қорилгур» деб ўгирилган жумла истемолда ўзининг луғавий маъносида ишлатилмайди. Аслида қўлнинг тупроққа қорилиши камбағал бўлиб қолишга ишора, лекин истеъмолда унинг асл маъноси йўқ бўлиб кетиб, бирор нарсага ундаш, ажабланиш, инкор қилиш маъноларида ишлатилади. У ўзбек тилидаги «Барака топкур» деган гапга мос келади. Бошқа ривоятларда у зот: «Унга изн беравер, чунки у амакинг бўлади, қўлинг тупроққа қорилгур!» деганлар, бу ҳадисда эса фақат охирги жумла айтилган.

 

371 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «تُنْكَحُ الْمَرْأَةُ لأَرْبعٍ: لِمَالِهَا، وَلِحَسَبِهَا، وَلِجَمَالِهَا، وَلِدِينِهَا، فَاظْفَرْ بِذَاتِ الدِّينِ تَرِبَتْ يَدَاكَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 5090، م 1466].

وَمَعْنَاهُ: أَنَّ النَّاسَ يَقْصِدُونَ فِي الْعَادَةِ مِنَ الْمَرْأَةِ هَذِهِ الخِصَالَ الأَرْبَعَ، فَاحْرِصْ أَنْتَ عَلَى ذَاتِ الدِّينِ، وَاظْفَرْ بِهَا، وَاحْرِصْ عَلَى صُحْبَتِهَا.


Улашиш
|
|
Нусха олиш

372. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Жаброил, бизни зиёрат қилиб турганингдан кўпроқ зиёрат қилсангиз бўлмайдими?» дедилар. Шунда «Биз Роббингнинг амри билангина тушамиз. Олдимиздаги нарсалар ҳам, ортимиздаги нарсалар ҳам, уларнинг орасидаги нарсалар ҳам Уникидир. Роббинг унутувчи эмас»[1] ояти нозил бўлди».

Имом Бухорий ривояти.

 

Шарҳ: Мана шу Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга жавоб бўлди.

Бу ҳадисдан биламизки, Расулуллоҳ с.а.в. Жаброил алайҳиссаломни яхши кўрганлар, чунки у зот осмон хабарини олиб тушардилар.

Мусулмон киши бошқа мусулмон биродаридан зиёрат кечикиш сабабини сўраши жоиз, чунки бу уни яхши кўришининг белгисидир.

Фаришталарнинг тасарруфи ва ерга тушиши Аллоҳнинг амри билан бўлади.


[1] Марям сураси, 64‑оят.

372 - وَعَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ لِجِبْرِيلَ: «مَا يَمْنَعُكَ أَنْ تَزُورَنَا أَكْثَرَ مِمَّا تَزُورَنَا؟» فَنَزَلَتْ: {وَمَا نَتَنَزَّلُ إِلَّا بِأَمْرِ رَبِّكَ لَهُ مَا بَيْنَ أَيْدِينَا وَمَا خَلْفَنَا وَمَا بَيْنَ ذَلِكَ}. رَوَاهُ البُخَارِيُّ. [4731].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

373. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фақат мўмин билан ҳамсуҳбат бўл, таомингни фақат тақводор билан баҳам кўр», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривояти. Термизий исноди қониқарли дедилар.

Шарҳ: Яъни дўстлашишингга лойиқ одам мўмин киши, таомингни ейишга лойиқ одам тақводор кишидир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда қуйидагича марҳамат қилади: “У кунда тақводорлардан ўзга дўстлар бир-бирларига душмандирлар” (Зухруф сураси, 67-оят).

Демак, бу дунёда бир-бирини гуноҳларга чорлаган улфатлар қиёмат куни бир-бирига душман бўлар экан. Бири ғийбат қилаётганда иккинчиси уни ўша ишдан қайтармаган, балки унга қўшилиб, биргаликда ғийбат қилган ва ҳоказо. Улар бир-бирларига маъсият ишларида ёрдам берганлар. Қиёмат куни улар бир-бириларидан қочадилар.

Тақводорлар эса, бир-бирларини тоатга, яхшиликка ундайдилар. Улар бир-бирлари билан яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қиладилар. Шунинг учун уларнинг дўстликлари охиратда ҳам давом этади.

Инсон доимо солиҳларга яқинлашишга, ёмонлардан узоқлашишга ҳаракат қилмоғи лоғим. Одамлар орасида шундай кишилар борки, уларга назар солиш биланоқ ҳол ўзгаради. Қалб ўзгаради. Бу ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича хабар берганлар: “Албатта, Аллоҳнинг шундай бандалари борки, улар кўринсалар, уларга назар солинса, Аллоҳ зикр қилинади”.

Яъни уларни кўрганингда Аллоҳни зикр қиласан.

Шундай инсонлардан бири Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий раҳимаҳуллоҳдир. У кишининг мажусий қўшниси бор эди. У одам Саҳл ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ яшайдиган уйнинг тепасида турарди. У ҳожатхонасининг тешигини Саҳл ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳнинг уйларига тўғрилаб қўйган эди. Ўша тешикдан у кишининг уйларига нажосат оқиб тушарди. Саҳл раҳимаҳуллоҳ эса, ўша нажосатларни бир идишга тўплаб, ўша мажусийга индамасдан, узоқроқ жойга ташлаб келар эдилар. (Қайси биримиз бундай қила оламиз?! Қўшнимиз бизга нисбатан шу каби ишни содир этса, сабр қила оламизми?! Ваҳоланки, бизнинг қўшниларимиз мусулмонлар. У кишининг мазкур ишни қилган қўшнилари эса, мажусий эди.)

Саҳл ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ бир неча йил давомида бу озорларга сабр қилдилар. Ўлимлари яқинлашганда, фарзандларига “Мажусий қўшнимизни чақириб келинглар!” дедилар. Ўғиллари уни чақириб келишди. У келганда, унга “Сен бир неча йиллардан бери шундай-шундай қиласан. Мен сенга бу нарса ҳақида хабар бермасдим. Лекин мен ажалим яқинлашганини сезяпман. Мендан кейин ўғилларим сенинг бу ишингга мен сабр қилганимдек сабр қилолмайдилар деб қўрқаман. Агар шу қўрқув бўлмаганда, сенга бу ишинг ҳақида хабар бермаган бўлардим” дедилар.

Шунда мажусий “Мен сизнинг динингизда бўлмасам ҳам сиз шуларнинг ҳаммасига сабр қилиб келяпсизми? Қўлингизни беринг” деди.

Саҳл раҳимаҳуллоҳ қўлларини унга узатдилар. У Саҳл раҳимаҳуллоҳнинг қўлларидан тутиб, “Ашҳаду ан лаа илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан Росулуллоҳ” деди.

Кейин Саҳл ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ вафот этдилар. Саҳл ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳнинг охирги амаллари қўлларида бир инсоннинг исломга кириши бўлди.

Хўш, у одам нега ислом динига кирди? Албатта, Саҳл раҳимаҳуллоҳнинг гўзал хулқлари сабабидан, у кишига яқин бўлгани сабабидан мусулмон бўлди.

Шунинг учун биз ҳам атрофимиздаги муҳитга қарашимиз, кимлар билан бирга юрганимизга назар солишимиз лозим. Агар биз турган муҳит яхши, соғлом бўлмаса, у ердан тезлик билан узоқлашиб, яхши муҳитга бориб ўрнашишимиз, агар бирга юрган улфатларимиз солиҳ бўлмасалар, улардан ҳам зудик билан узоқлашиб, солиҳларга яқинлашишимиз лоимдир.

Тобеинлар замонида Абу Жаҳм деган киши бўлган. У Саъид ибн Мусайяб раҳимаҳуллоҳга қўшни эди. Саъид ибн Мусайяб раҳимаҳуллоҳ Мадинадаги тобеинларнинг олимларидан бўлганлар.

Бир куни Абу Жаҳм уйини сотмоқчи бўлди ва уни юз минг дирҳамга сотди. Кейин уйини сотиб олганларга “Саъид ибн Мусайябнинг қўшни бўлгани учун яна қанча тўлайсизлар?” деди. Улар ҳайрон бўлиб “Ҳеч замонда қўшничилик ҳам сотиб олинадими?!” дейишди. Буни эшитган Абу Жаҳм уларга “Ҳовлимни қайтариб бериб, пулларингизни олинглар! Аллоҳга қасамки, уйда ўтириб қолсам, аҳволимни сўрайдиган, мени кўрса, ҳурсанд бўладиган, уйда йўқ бўлсам, уйимни муҳофаза қиладиган, агар ҳозир бўлсам, менга яқин бўладиган, агар бирор нарса сўрасам, ҳожатимни раво қиладиган, агар ҳеч нарса сўрамасам, ўзи менга яхшилик қиладиган, агар менга бир мусибат етса, оғиримни енгил қиладиган кишининг қўшничилигини ҳаргиз тарк қилмайман” деди.

Бу гап Саъид ибн Мусайяб раҳимаҳуллоҳга етди. У кишига “Сиз ҳақингизда қўшнингиз шундай-шундай гапларни гапирди” дейилди. Шунда Саъид ибн Мусайб раҳимаҳуллоҳ қўшниларига юз минг дирҳам юбордилар ва унга “Ҳовлингни ўзингда қолдир!” дедилар.

Хўш, Абу Жаҳм ўз ҳовлисини сотишдан нима учун бош тортди? Харидорнинг юз минг дирҳамини нега қайтариб берди? Албатта, солиҳ қўшнини йўқотмаслик учун шундай қилди. Чунки, у соғлом, яхши муҳитда, уни Аллоҳнинг тоатига ундайдиган, қизиқтирадиган киши билан қўшни бўлиб яшарди.

Шунинг учун инсон доимо ўзига ўзи “Мен қаердаман? Қандай муҳитда яшаяпман? Ёнимда бирга юрганлар ким? Улар қандай одамлар?” каби саволларни бериши керак.

Масжидда ўтирган одамнинг ўзини тутиши, гап-сўзлари ташқаридагидек бўлмайди. Масжиднинг ҳурматини сақлаб, одобига амал қилади. Шунинг учун масжидда эътикоф ўтириш суннатдир.

Аллоҳ таолодан барчамизни ибодатга ундайдиган, тоатга ёрдам берадиган соғлом муҳитда яшашга муяссар қилишини сўраймиз. Албатта, У ҳамма нарсага қодир Зотдир. 

 

373 - وَعَنْ أَبِي سَعِيدٍ الخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا تُصَاحِبْ إِلَّا مُؤْمِناً، وَلَا يَأْكُلْ طعَامَكَ إِلَّا تَقِيٌّ».

رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ، وَالتِّرْمِذِيُّ بِإِسْنَادٍ لَا بَأْسَ بِهِ. [د 4832، ت 2395].

 

Улашиш
|
|
Нусха олиш
374. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши дўстининг динида бўлади. Ҳар бирингиз кимни дўст тутаётганига қарасин», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий саҳиҳ иснод билан ривоят қилишган.

Шарҳ: Бунинг маъноси худди ўзбек мақолидаги «Дўстинг кимлигини айтсанг, ўзингнинг кимлигингни айтиб бераман»га ўхшаш.

Чиндан ҳам, улфатчилик чиройли хулқ мевасидир ва бўлиниш, тарқалиш, ажралиш ёмон хулқ мевасидир, зеро чиройли хулқ ўзаро дўстлик ва келишувни вужудга келтиради. Ва ёмон-бадхулқлик эса бир-бирини ёмон кўришлик ва ўзаро зиддиятни туғдиради. Чиройли хулқдаги фазилатлар ҳаммага маълум, махфий эмас. Бунга далолат этувчи ҳадиси шарифларни зикр этамиз: Абу Дардо розийаллоҳу анҳудан ривоят этилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: “Қиёмат кунида мўмин мезонида яхши хулқдан кўра оғирроқ нарса йўқ”. Имом Термизий ривоятлари ва бу ҳадисни саҳиҳ, дейдилар.

Билинг! Чиндан ҳам, киши Аллоҳ йўлида бир кишини дўст тутади, Аллоҳ йўлида ёмон кўради. Дарҳақиқат, сен агар бир инсонни Аллоҳга итоатли бўлганидан дўст тутсанг, бас, агар у Аллоҳга осий бўлса, сен уни Аллоҳ йўлида ёмон кўрасан, зеро ким бир сабабга биноан бир кишини дўст тутса, шу сабабнинг зидди бўлса, уни ёмон кўради. Кимда севимли ва макруҳ хислатлар жам бўлган бўлса, бас, сиз уни бир сабабга кўра дўст тутасиз ва бошқа бир сабабга биноан уни ёмон кўрасиз.

Бир мусулмонни Исломи учун дўст тутишингиз лозим ва гуноҳ содир этгани учун уни дўст тутмаслигингиз зарур. Бас, сиз у билан жуда ҳам торлик ва жуда ҳам кенглик бўлмаган ўртача ҳолатда бўласиз. Аммо мусулмон биродари томондан бир хато содир бўлса ва ўз хатосига пушаймон бўлганини билса, шу вақтда унинг хатосидан кўз юмиб, уни беркитиб кетиш аъло-яхшироқ. Агар у биродари маъсиятда давом этса, ундан юз ўгириш ва узоқлашиш билан ёмон кўрганлик асарини изҳор этиш лозим. Гуноҳининг оғир ва енгиллигига қараб унга қаттиқ сўз айтади.

Билинг! Ҳар бир киши суҳбатдош бўлишга ярамайди. Шунинг учун суҳбатдошнинг сифат ва хислатларини яхши билиш лозим бўлади. Шу сифатларга кўра у билан суҳбат қурилади. Шу хислатлар суҳбатдан исталган фойдаларга қараб шарт этилади. Бу хислатлар мол-дунё, мансаб, обрўлардан фойдаланиш каби дунёвий ёки мулоқот қилиб, сўзлашиб бир-биридан унс-улфатнинг ўзи бўлиши мумкин. Бу бизнинг ғаразимиз эмас. Ёки диний суҳбатдош бўлишдир. Суҳбатдошда турли ғаразлар жам бўлади. Масалан, суҳбатдошдан илм олиш ва унга амал этиш билан фойда топиш, қалбини қорайтириш, уни ибодатдан тўсиш билан унга азият етишидан ҳимоя топишда мансабдор суҳбатдошдан фойдаланиш, ризқ-рўз талабида вақтни ўтказишдан ўзини сақлашда суҳбатдошининг молиявий ёрдами билан кифояланиш суҳбат фойдасидан бўлиб ҳисобланади. Яна суҳбатдош фойдаларидан турли муҳим ишларни амалга оширишда ундан ёрдам талаб этишдир. Суҳбатдош мусибатларда ҳимоя асбоби ва турли ҳолларда қувват манбаи бўлади. Яна суҳбатдош фойдаларидан бири қиёмат куни ундан шафоат кутишдир. Салафи солиҳларнинг баъзилари бундай деб айтганлар: “Дўст-улфатларни кўпайтириш талабида бўлинглар. Чиндан ҳам улар орасидан бир мўмин сизга шафоатчи бўлиши мумкин”. Бу фойдалар ҳар бир фойда шартига кўра бўлишига даъват этади.

Умуман олганда, ихтиёр этилган суҳбатдошда беш хислат мавжуд бўлиши лозим: суҳбатдош оқил, хушхулқ, фосиқ бўлмаслиги, бидъатдан узоқда бўлиши, дунёга харис бўлмаслиги.

Аммо чиройли хулқлилик зарур сифатдир. Зеро, баъзи оқилга ғазаб ғолиб бўлиши ёки ҳавойи нафсига итоат этувчи бўлиши мумкин. Бунинг суҳбатида фойда йўқ. (Оқил ўз сўзи ва феълида ҳаким бўлиши шарт этилади. У яхши сўз айтиши, солиҳ амал қилиши лозим. Ғазабкор ва шаҳватпараст оқил – оқил эмас.

Ҳукамолардан бири айтади: “Одамларнинг энг аҳмоғи бўлма!” Ундан сўрашди: “Одамларнинг энг аҳмоғи ким?” Жавоб бериб айтди: “Одамларнинг энг ақллигиман, деб гумон этадиган одам энг аҳмоқдир”. Ундан яна сўрашди: “Инсонларнинг энг ақллиги ким?” Жавоб берди: “Жоҳилларни итоб этишда ҳаддан ошмаган одам”.

Аммо фосиқ Аллоҳдан қўрқмайди. Кимки ундан қўрқмаса, унинг алдовидан омонлик йўқ, унга ишонилмайди.

Бидъатчининг эса бидъати суҳбатдошига ўтишидан хавф этилади. Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу айтдилар: “Ростгўй биродарларни дўст тут! Уларнинг ғамхўрлиги остида яшайсан. Зеро, улар кенгчилик, саодат вақтида зийнат, бало-офат келганда ҳимоя асбоби. Биродаринг масаласини чиройли ҳал эт, келиб қолганда ундан ғазабланмайсан. Душмандан узоқда бўл, ишончсиз дўстдан эҳтиёт бўл! Аллоҳдан қўрққан киши ишончли бўлади. Фожир билан суҳбатдош бўлма. Фисқу-фужури сенга ҳам ўтади. Фожирни сирингдан огоҳ этма. Бир ишингда Аллоҳдан қўрқадиган инсонлар билан маслаҳатлаш!”

Яҳё ибн Муоз айтадилар: “Дуо қилганингда мени ҳам эслагин, деб айтишингга муҳтож бўлган (мажбур қилган) дўст энг тубан дўстдир. У билан ё муроса қилиб яшайсан ёки унга доимо узр айтишга муҳтож бўласан!”.

Бир жамоа (одамлар) Ҳасан ухлаб ётганларида ҳузурларига киришди. Улардан баъзилари уйда бўлган мевалардан тановул этди. Шунда Ҳасан айтдилар: “Аллоҳ сенга раҳм айласин! Аллоҳга қасамки, мана шу биродарларнинг феълидир (хушхулқидир)”.

Абу Жаъфар дўст-ёронларига айтдилар: “Сизлардан бирингиз қўлини дўстининг чўнтагига солиб, хоҳлаган нарсасини ундан олиши мумкинми?” Жавоб беришди: “Йўқ”. Шунда у киши айтдилар: “Сизлар ўйлаганингиздек дўст-биродар эмассизлар!” (Абу Жаъфар бу жойда рост биродарлик қийматини баён қилиб беришни ирода этдилар. Ҳақиқий дўстлик ихлос билан бўлади. Солиҳ зотлар айтишди: “Дўстлар ўртасидаги биродарлик – бири иккинчисига қарата “Эй, мен!” деб айтмагунига қадар соф бўлмайди.)

«Ривоят этилишича, Фатҳ Мусилий бир куни Исо Томмор исмли дўстининг уйига келиб, уни топа олмади. Шунда унинг ходимасига қарата: “Менга дўстимнинг ёнчиғини олиб чиқ”, деб айтди. Ходима уни чиқариб берди. У ундан икки дирҳам олиб, ёнчиғни қайтариб берди, сўнг кетди. Исо манзилига келганда ходима унга бўлган воқеа хабарини берди. У бундай деди: “Агар сен сўзингда рост бўлсанг, озодсан”. Унинг ишини текшириб қараса, ҳақиқатдан ҳам у тўғри сўзлаган экан, озод бўлди».

Ҳар бир маъсиятнинг ўзига ундайдиган, кучайтирадиган ҳамда унинг давомли бўлишида омил бўладиган сабаблар мавжуд. Улардан қутулиш йўли эса ана шу сабаблардан йироқ бўлишликдир. Ўша сабаблардан бири ёмон дўстдир. Сизларга насиҳатим, ёмон дўстдан йироқ бўлинг!

Аллоҳ улар ҳақида: “У кунда золим икки қўлини тишлаб: “Эй воҳ!!! Пайғамбар ила бир йўлни тутганимда эди!” дер. “Эй воҳ!!! Кошки фалончини дўст тутмасам эди!” дер. “Батаҳқиқ, менга Зикр (Қуръон) келганидан сўнг у (дўст) мени адаштирди” (Фурқон сураси, 27–29-оятлар), деб айтган.

374 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الرَّجُلُ عَلَى دِينِ خَلِيلِهِ، فَلْيَنْظُرْ أَحَدُكُمْ مَنْ يُخَالِلُ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ بِإِسْنَادٍ صَحِيحٍ، قَالَ التِّرْمِذِيُّ: حَدِيثٌ حَسَنٌ. [د 4833، ت 2378].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

375. Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Киши ўз яхши кўргани билан биргадир», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

Бошқа ривоятда келтирилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга «Киши бир қавмни яхши кўрган-у, уларга етиша олмаган?» дейилганида, у зот: «Киши ўз яхши кўргани билан биргадир», дедилар.

Шарҳ: Бу ерда эркакнинг аёлга нисбатан севгиси эмас, балки мусулмоннинг мусулмонга бўлган шафқати, меҳр-муҳаббати, биродарлик ҳисси назарда тутилмоқда. Унга кўра, бир мусулмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрса, жаннатда у киши билан бирга бўлади. Ким солиҳларни, яхши кишиларни дўст тутса, уларга улфат бўлса, жаннатда ҳам улар билан ҳамсуҳбат бўлади. Шундай экан, яхши, одоб-ахлоқ ва тақво эгаларини дўст тутиш, маъсият аҳлидан узоқроқ юриш талаб этилади. Ушбу ҳадисни ўқир эканмиз, ҳақли савол туғилади: “Хўш, биз ўзимиз билмаган ҳолда ғайридинларга ҳавас қилиб, уларнинг яшаш тарзига маҳлиё бўлиб қолмаяпмизми? Ёшлар ўртасида машҳур футболчиларчилар ёки фаҳш ботқоғига ботган “юлдуз” қўшиқчилар каби кийиниш ва соч турмаклашга гирифтор бўлганлар йўқ эмас. Яна кимлардир оммавий маданият вакилларига эргашиб танасига турли расмлар чиздиради. Улар Европадаги “устоз”лари қайси тешикка кирса, ортидан кириб бораверади. Ахир бу ўша ишни қилиб турганларни яхши кўриш эмасми?! Ким нимани яхши кўрса, унга ошно қилинади, ким кимга мойил бўлса, у ўшаларнинг гуруҳидандир. Хўп, шундай экан, Европача ҳаётга интилаётганлар охиратлари ҳақида ҳам ўйлаб кўрадиларми ё йўқми? Оммавий маданиятга тақлид қилаётганлар иймондан юз ўгирган бўлсалар, Аллоҳ ва Расулининг амридан чиқиб, ўз шайтонлари айтган гапига кираётган бўлсалар, ихтиёр ўзларида, ҳеч ким уларни иймонга кир, яхши бўл, деб мажбурламайди. Бизнинг бу гапларимиз, дўстона насиҳатларимиз ўзини уммати муҳаммадиядан санаган, “алҳамдулиллаҳ, мусулмонман”, деган, азим Мовароуннаҳрдек заминнинг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшган улуғ аждодлар давомчиларига тегишли, бошқача ақида ва маданият соҳибларига эмас!

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қиёмат вақти ҳақида сўраб, “қиёмат қачон бўлади?” деди. У зот: “У кунга нима тайёрладинг?” дедилар. У: “Ҳеч нарса, аммо мен Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўраман!” деб жавоб берди. Шунда у зот: “Сен ўзинг яхши кўрган одам билан бирга бўласан”, дедилар. Анас айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “сен ўзинг яхши кўрган одам билан бирга бўласан”, деган гаплари сабаб хурсанд бўлганимиз каби ҳали бирон марта бунчалик севинмагандик” (Бухорий, Муслим, Термизий ва Аҳмад ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нақадар ҳикматли зот эканларини қаранг: қиёмат қачон қоим бўлади, деб сўраган одамга, мен буни билмайман, Аллоҳгагина аён, деб жавоб берсалар ҳам бўларди, аммо у зот қиёмат вақти ҳақида савол беришдан кўра охиратга тайёрланиш лозимлигини билдириш учун: “У кунга нима тайёрладинг?” деб сўрамоқдалар. Саволга савол билан жуда фасоҳат ва балоғат билан жавоб бермоқдалар. Мана шу ривоятда ҳам киши қайси бир гуруҳ ва кишиларга мойиллик сезса, охиратда улар билан бирга бўлиши таъкидланмоқда.

Абдуллоҳ ибн Сомитдан ривоят қилинишича, Абу Зарр: “Эй Расулуллоҳ, бир киши бирон қавмни яхши кўриб, улар каби амал қила олмаса, (нима бўлади?)” деди. Шунда у зот: “Эй Абу Зарр, сен ўзинг яхши кўрган одам билан бирга бўласан”, дедилар. У: “Мен Аллоҳ ва Расулини яхши кўраман”, деди. У зот: “Бас, сен ўзинг яхши кўрган одам билан бирга бўласан!” деб айтдилар. (Ибн Сомит) айтади: “Абу Зарр ўша саволни такрор берганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам яна ўшандай жавоб қайтардилар” (Абу Довуд ва Доримий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

Аллоҳ ва Расулини яхши кўрган банданинг қалби пок бўлади, Аллоҳ ва Расулини яхши кўрган банданинг амали чиройли ва оқибати хайрли бўлади. Аллоҳ ва Расулининг амрига тескари иш қилувчиларни яхши кўрганларнинг ҳолига қиёмат куни вой бўлади. Тўрт кунлик дунё зийнатларига алданиб, “ҳаёт экансан, еб-ичиб, мазза қилиб қол, ташвишларни унут, фақат лаззатланганинг қолади”, деган шиорни кўтариб чиқувчи оммавий маданият вакилларига эргашувчи “муқтадий”лар, сўқир тақлидчилар охират куни уларнинг сафидан жой олади. Улар дунёда қилган ишлари сабаб бир-бирларини лаънатлаб, қилмишларига минг пушаймон чекадилар. Аммо охират дунё ҳаёти эмаски, хатони тўғрилаш имкони бўлса!

Ҳасан Басрий айтади: «Бировнинг гапи сени алдаб қўймасин. Киши яхши кўргани билан биргадир. Аммо яхшиларнинг қаторига фақат уларнинг амалларини қилиш билан қўшиласан. Яҳудийлар, насоролар ва бидъат аҳллари пайғамбарларини яхши кўрадилар, аммо улар билан бирга эмаслар».

 

375 - وَعَنْ أَبِي مُوسَى الأَشْعَرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الْمَرْءُ مَعَ مَنْ أَحَبَّ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 6170، م 2641].

وَفِي رِوَايَةٍ قَالَ: قِيلَ للنَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ الرَّجُلُ يُحِبُّ القَومَ وَلَمَّا يَلْحَقْ بِهِمْ؟ قَالَ: «الْمَرْءُ مَعَ مَنْ أَحَبَّ».

 

Улашиш
|
|
Нусха олиш

376. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Бир бадавий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Қиёмат қачон?» деб айтди. У зот: «Қиёмат учун нима тайёрладинг?» дедилар. Ҳалиги бадавий: «Аллоҳ ва Унинг расулининг муҳаббатини», деб жавоб қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен (Қиёмат куни) яхши кўрган кишинг билан бирга бўласан», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

Бу ҳадис Имом Муслимнинг ривоятларидаги лафздир. Лекин икковларидан қилинган бошқа ривоятда: «У кунга кўпгина рўза, намоз ва садақа тайёрлаганим йўқ. Лекин мен Аллоҳ ва Унинг расулини яхши кўраман», дейилган. 

Шарҳ: Аллоҳ таоло ва расули соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳабба­ти у саҳобани қиёмат қачон бўлиши ҳақида сўрашга ундади. Чунки у қиёматда ҳисоб–китоб бўлишини билади. Расулуллоҳ соллалло­ҳу алайҳи васаллам унинг саволига савол билан жавоб берди­лар: “Қиёматга нима тайёрладинг?” У қилган яхшиликларини, савоб ишларини санаб ўтирмай, қалбида борини айтиб қўя қол­ди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг бу гапига эътироз билдирмадилар, “Сен севганинг билан бирга бўласан”, де­дилар. Чунки мўминларнинг иймони нафс ва шаҳватлардан ғолиб келганидагина Аллоҳнинг муҳаббатига ошно бўлади.

Сўраган одам мана шундан хавотирда эди. Агар банданинг шаҳватга ўчлиги ва дунёга очкўзлиги бўлмаса, қалби жўш уради, охират учун тайёрлана бошлайди, эзгу амалларидан савоб ва ажр умид қилади. Агар қиёмат ҳақида сўз кетса, ёмонликларини эс­лайди, яхши насиҳатларга қулоқ тутади, тўғри амал қилишни ўйлайди. Агар шу ишларга ўзини лойиқ кўрса, тақдиридан рози бўлади, ёлғонни кўрса, юз ўгиради. Яхши амаллари билан дўзахдан нажот топишни умид қилади. Савоб йўлидаги яхшиликлари ва ёмонликлари қиёмат куни мезонда ўлчанади. Яхшилиги кўп бўлса, мукофотга эришади, ёмонлиги кўп бўлса, жазосини олади. Сўров­чи қалбидаги ҳамма нарса Парвардигор муҳаббати олдида эъти­бор­сиз қолади. Унинг қалбида Аллоҳга севгиси тўлиб–тошади. Мана шу нарса сўровчининг қиёматга тайёргарлигидир. Расулул­лоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Сен севганинг билан бирга бўла­сан”, деганларининг ҳикмати шунда (“Наводирул усул фи маърифати аҳодисир расул”, 667-б).

Сўровчи бошқаларга кўра ижтиҳоди кучли, қалби ихлосли, иймони пок, ўзи шубҳа-гумонлардан узоқ, олий хулқлар билан зийнатланган, тубанликлардан пок бўлгани боис, Аллоҳ Ўз севгисига эриштиради. Зеро, Аллоҳ севгисига Уни севганларгина етишади.

Аллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирганлар! Сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ шундай бир қавмни келтирур, улар Аллоҳ севадиган ва улар ҳам Уни севадиган, мўминларга (нисбатан) камтар, кофирлардан эса (ўзларини) юқори тутувчи, Аллоҳнинг (тоа­ти) йўлида жидду жаҳд қилувчи, маломатчининг малома­ти­дан қўрқмайдиган бўлур» (Моида сураси, 54-оят).

Аллоҳ таоло банда қалбини очса ва ёриштирса, ғафлатдан огоҳ этса, ўша қалбда Парвардигорига муҳаббати жўш урмасли­ги мумкин эмас.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирор инсон Аллоҳ ҳузурида худди туялардай итоатда бўлмагунича ва ўз нафсини паст санамагунича иймон чўққисига ета олмайди”, деганлар.

Бошқа ҳадисда: “Бир нарсани севишинг сени кўру кар қилади”, дейилган.

Инсон қалби битта: агар дунёни севса, уни кўр қилади ва охират ҳақида эшитгиси келмайди. Зеро, севги қалбда алангаланадиган ҳароратдир. Агар қалбга шаҳват ҳарорати кирса, уни кўр қилади ва бошқа нарсалар ҳақида эшитишдан тўсади. Қалб охиратни севса, муҳаббати туфайли дунёни устун кўрмайдиган бўлади.

Инсон қалби табиатан юксакликка интилувчан яратилган. Инсон илм аҳлини кўрса, уларнинг қадри улуғ, насибаси баланд эканини ҳис этади. Охират аҳлини кўрса, қалби юмшайди. Қалбига Аллоҳнинг улуғлиги ва азаматининг муҳаббати тушса, қалби юқо­ридаги ҳолатлардагидан ҳам қаттиқроқ юмшайди. Муҳаббат аҳли олдинги қавмлар каби улкан саодат ва бахт топиб, бошқалардан фарқли тарзда, Аллоҳ Ўз хоҳиши билан уларни ҳидоятга йўллади.


376- وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ أَعْرَابِيًّا قَالَ لِرَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: مَتَى السَّاعَةُ؟ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَا أَعْدَدْتَ لَهَا؟» قَالَ: حُبُّ اللهِ وَرَسُولِهِ، قَالَ: «أَنْتَ مَعَ مَنْ أَحْبَبْتَ».

مُتَّفَقٌ عَلَيهِ، وَهَذَا لَفْظُ مُسْلِمٍ.

وفي روايةٍ لهما: مَا أَعْدَدْتُ لَهَا مِنْ كَثِيرِ صَوْمٍ، وَلاَ صَلاَةٍ، وَلاَ صَدَقَةٍ، وَلَكِنِّي أُحِبُّ اللهَ وَرَسُولَهُ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш

377. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, бир қавмни яхши кўрган-у, уларга етиша олмаган киши ҳақида нима дейсиз?» деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши ўз яхши кўргани билан биргадир», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

377 - وَعَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ كَيْفَ تَقُولُ فِي رَجُلٍ أَحَبَّ قَوْماً وَلَمْ يَلْحَقْ بِهِمْ؟ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «الْمَرْءُ مَعَ مَنْ أَحَبَّ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 6169، م 2640].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

378. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одамлар кумуш ва тилла маъданлари каби маъдандир. Уларнинг жоҳилиятда яхши бўлганлари, агар илм олишса, Исломда ҳам яхшилари бўладилар. Руҳлар – тайёрланган лашкардир: (руҳлар оламида) бир-бирини таниганлари (бу дунёда ҳам) қадрдон бўлади, бир-бирини танимаганлари эса бир-бирига қарши бўлади», дедилар.

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадиси шарифларида одамларнинг табиатлари ва уларнинг бир-бирлари билан улфат бўлишлари ва бўла олмасликлари ҳақида тушунтириш бермоқдалар.

«Одамлар кумуш ва тилла маъданлари каби маъдандирлар».

Ердаги маъданлар ўзига хос хусусиятларга, бошқаларидан фарқларга ва қийматларга эга бўлади. Баъзиси қаттиқ, бошқаси юмшоқ, баъзиси чидамли, бошқаси чидамсиз, бири нафис, бошқаси дағал ва ҳоказо. Худди шунингдек, одамлар ҳам ҳар хил бўладилар. Лекин одамларнинг яхшисини қандай ажратиб олиш мумкин? Одамларнинг

«Жоҳилиятда яхши бўлганлари, агар фақиҳ ва илмли бўлсалар, Исломда ҳам яхшилари бўладилар».

Демак, яхши одам бўлиш учун диндор бўлиш керак экан. Кишининг диндорлиги, диннинг дақиқ таълимотларини англаб, унга амал қилиши қанчалик кўп бўлса, яхшилиги ҳам шунчалик кўп бўлар экан.

«Руҳлар тайёрланган лашкар кабидир».

Одамларнинг руҳлари тайёрланган лашкар каби турадилар. Улар ўзларига бўладиган амрни бажо этишга шайлар.

«Улардан танишганлари улфат бўладир».

Ана ўша руҳлар бир-бирларини ёқтириб, танишадилар ва улфат бўладилар. Яхшиларнинг руҳлари яхшилар билан топишадилар. Улар билан улфат бўладилар. Руҳи яхши бўлган кишилар аҳли солиҳлар, тақводор уламолар билан улфат бўладилар. Улар билан бирга бўлганларида яйраб кетадилар. Аста-секин тажриба ким кимлигини аён қилади. Ёмонларнинг руҳлари ёмонлар билан топишадилар. Улар билан бирга бўлганда маза қилиб, ҳузур топадилар.

«Ёқтирмаганлари ихтилоф қиладир».

Яхшиларнинг руҳлари ёмонларнинг руҳлари билан топиша олмайдилар. Улар ёмонлар билан кўришганда ноқулай ҳолга тушиб қоладилар. Ёмонларнинг руҳлари ҳам яхшиларнинг руҳлари билан топиша олмайдилар. Улар бир-бирлари билан ихтилоф қиладилар. Шунинг учун ёмонлар аҳли солиҳ, тақводор кишилар билан бирга бўла олмайдилар.

Уламолар бу ҳадисда руҳларнинг бир-бирини таниши ёки танимаслиги улар яратилган пайтда, кейин бир-бири билан қадрдон ёки қарши бўлиши эса бу дунёда бўлишини айтишган.

378 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «النَّاسُ مَعَادِنُ كَمَعَادِنِ الذَّهَبِ وَالْفِضَّةِ، خِيَارُهُمْ فِي الجَاهِلِيَّةِ خِيَارُهُمْ فِي الإِسْلَامِ إِذَا فَقُهُوا، وَالأَرْوَاحُ جُنُودٌ مُجَنَّدَةٌ، فَمَا تَعَارَفَ مِنْهَا ائْتَلَفَ، وَمَا تَنَاكَرَ مِنْهَا، اخْتَلَفَ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [2638/160].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

379. Имом Бухорий ривоятида: «Руҳлар – тайёрланган лашкардир…» сўзидан охиригача Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилиб келтирилган. 

379 - وَرَوَى البُخَارِيُّ قَولَهُ: «الأَرْوَاحُ» إِلى آخِرِهِ مِنْ رِوَايَةِ عَائِشَةَ رضي الله عنها. [معلقاً 3336].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

380. Усайр ибн Амр (Ибн Жобир)дан ривоят қилинади:

«Умар ибн Хаттобнинг ҳузурига Яман аҳлидан қўшин келса, улардан «Орангизда Увайс ибн Омир борми?» деб сўрар эди. Ниҳоят, Увайсга рўбарў келиб, «Сен Увайс ибн Омирмисан?» деди. У: «Ҳа», деди. «Мурод (қабиласи)нинг Қаран уруғиданмисан?» деди. «Ҳа», деди. «Сенда оқлик бўлиб, у тузалиб, дирҳам ўрнича қолган холосми?» деди. «Ҳа», деди. «Сенинг онанг бор, шундайми?» деди. «Ҳа», деди. Умар шундай деди: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сизларга Яман аҳлининг қўшини билан бирга Мурод қабиласининг Қаран уруғидан Увайс ибн Омир келади. Унинг (баданида) оқлиги бўлиб, у тузалиб, дирҳам ўрнича қолган бўлади. Унинг онаси бўлиб, (Увайс) унга жуда кўп яхшилик қилган бўлади. Агар у Аллоҳга қасам ичса, Аллоҳ ўша қасамини албатта рўёбга чиқаради. Агар у ҳаққингга истиғфор айтишига имкон топсанг, шундай қилгин» деганларини эшитганман. Ҳаққимга истиғфор айтгин». У унинг ҳаққига истиғфор айтди. Шунда Умар унга: «Қаерни кўзладинг?» деди. «Кўфани», деди. «Сен учун унинг волийсига мактуб ёзиб берайми?» деди. У: «Менга оддий одамлар орасида бўлиш ёқади», деди.

Келаси йили уларнинг (қаранликларнинг) улуғларидан бир киши ҳаж қилди. У Умарга учраган эди, Умар ундан Увайс ҳақида сўради. «Мен келаётганда унинг уйи содда, нарсалари оз эди», деди. Умар шундай деди: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сизларга Яман аҳлининг қўшини билан бирга Мурод қабиласининг Қаран уруғидан Увайс ибн Омир келади. Унинг (баданида) оқлиги бўлиб, у тузалиб, дирҳам ўрнича қолган бўлади. Унинг онаси бўлиб, (Увайс) унга жуда кўп яхшилик қилган бўлади. Агар у Аллоҳга қасам ичса, Аллоҳ ўша қасамини албатта рўёбга чиқаради. Агар у ҳаққингга истиғфор айтишига имкон топсанг, шундай қилгин» деганларини эшитганман». Ўша одам Увайснинг ҳузурига бориб, «Мен учун истиғфор айтсанг», деди. У: «Сен яқинда муборак сафардан қайтдинг, сен мен учун истиғфор айтгин», деди. У яна: «Мен учун истиғфор айтсанг», деди. У ҳам яна: «Сен яқинда муборак сафардан қайтдинг, сен мен учун истиғфор айтгин. Умарга учраганмидинг?» деди. У «Ҳа» деган эди, (Увайс) унинг ҳаққига истиғфор айтди. Одамлар уни(нг кимлигини) билиб қолишган эди, у боши оққан томонга қараб кетди.

Имом Муслим ривояти.

Имом Муслимнинг яна бир ривоятларида қуйидагича келади:

Усайр ибн Жобирдан ривоят қилинади:

«Умарнинг ҳузурига Кўфа аҳлининг вафди келди. Уларнинг орасида Увайсни масхара қиладиган бир киши ҳам бор эди. Умар: «Бу ерда қаранийлардан бирор киши борми?» деган эди, бояги киши келди. Умар шундай деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деган эдилар: «Сизларга Ямандан Увайс деган бир киши келади. У Яманда ёлғиз онасини қолдириб келган бўлади. Ун(инг бадани)да оқлик бўлиб, Аллоҳга дуо қилган ва У Зот буни ундан кетказган, фақат динор [ёки дирҳам] ўрнидек жойи қолган бўлади. Сизлардан бирор киши уни учратса, ҳаққига истиғфор айтишини сўрасин».

 

Имом Муслимнинг Умар розияллоҳу анҳудан қилган бошқа ривоятларида қуйидагича келади:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Тобеъинларнинг энг яхшиси Увайс деган кишидир. Унинг ёлғиз онаси бор. Унинг (баданида) оқлиги бор эди. (Уни кўрсангиз,) унга айтинглар, ҳаққига истиғфор айтишини сўрасин» деганларини эшитганман».

 

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ғойибона ошиқ бўлганларнинг сардори сифатида машҳур бу зот «Абу Амр» куняси билан танилган. Ривоятларга кўра, унинг отаси Омир яманлик бўлиб, Мурод қабиласининг қарн уруғига мансуб эди. Ҳазрати Увайс “муҳазрамлар”дан эди. Ҳадис истилоҳига кўра, “муҳазрам” жоҳилия даврини кўрган, Пайғамбаримизнинг ҳаётлик даврларига етишгани ҳолда, у зот билан кўриша олмай, ғойибона иймон келтирган кишидир.

Саҳобаи киромнинг кўплари билан кўришган Ҳазрати Увайс тобеинларнинг улуғларидан. Чунончи Ҳазрати Умар ибн Хатгобдан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ора-сира Яман тарафга юзларини буриб, бундай дер эдилар: “Яман томондан раҳмат шабадалари эсмоқда. Эҳсон ва эзгуликда тобеинларнинг энг яхшиси Увайс Қаранийдир”.

Орадан йиллар ўтди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётлари сўнгида муборак ҳирқаларини ечиб, Ҳазрати Умар билан Ҳазрати Алига бердилар ва: “Буни Увайс Қаранийга беринглар!” дедилар.

Бу воқеа ҳақида “Ҳилйатул авлиё” китобида узун бир нақл келтирилган. Унда айтилишича, Ҳазрати Увайс Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин ҳаж қилиш учун Маккага келади. Ҳазрати Умар ҳам Увайс билан кўришишни орзу қилиб юрарди. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом Увайс ҳақида илгари хабар берган эдилар. Яманликлар ҳаж қилиш учун келишганида Ҳазрати Умар Абу Қубайс тепалигига чиқади ва баланд овоз билан Яман ҳожиларига мурожаат қилиб, ораларида Увайс исмли киши бор-йўқлигини сўради. Яманликлардан узун соқолли кекса киши ўрнидан туриб: “Эй Умар, сиз айтаётган Увайсни танимайман. Аммо ҳеч ким билан гаплашмайдиган, бозорларда юрмайдиган амакимнинг ўғли Увайс бор орамизда. У туяларимизга қўриқчилик қилиб ўтиради. Кечки пайтлари унга овқатини олиб бориб берамиз”, деди. Ҳазрати Умар дарҳол: “Ўша одамни менга кўрсатинг!” дея ёнларига Ҳазрати Алини олиб, Увайс турган жойга қараб кетди. Улар Увайснинг бир дарахт соясида намоз ўқиётганини кўриб, тугатишини кутиб туришди. Намозини битирган Увайсга салом беришди. Увайс алик олгач, ундан: “Кимсиз?” деб сўрашди. Увайс: “Ҳақ олиб ишлайдиган чўпонман”, деб жавоб берди. Ундан исмини сўрашганида эса “Абдуллоҳ” эканини айтди. Бироқ Ҳазрати Умар эътироз билдириб: “Ҳаммамиз Абдуллоҳ (Аллоҳнинг бандаси)миз. Онангиз қўйган исмни айтинг”, деганларида: “Увайсман”, дея жавоб берди. Сўнгра икки буюк саҳобий Ҳазрати Увайс билан бир оз суҳбатлашиб, муборак омонатни — ҳирқаи шарифни унга топширишади ва ҳақларига дуо қилишини сўрашади. Увайс ҳам уларнинг Ҳазрати Умар билан Ҳазрати Али эканини билиб, жуда севинади ва ҳақларига дуо қилади. Кейинроқ бу ҳирқа қўлдан-қўлга ўтиб, Усмонли султонлари томонидан Туркияга олиб кетилади. Ҳозир у Туркияда сақланмоқда.
Ҳазрати Умар кўрсатган эҳтиром туфайли Увайс Қарнда овоза бўлиб кетади. Шунинг учун ортиқ бу ерда тура олмай, Куфага кетади.

Умар розияллоҳу анҳу Увайснинг ҳурматини жойига қўйишни тайинладилар. Куфаликлар юртларига қайтишгач, Увайсни эрмак қилувчи одам одатига хилоф равишда уйига кирмай, тўғри Увайснинг олдига борди ва ундан дуо қилишини сўради. Увайс бошқа эрмак қилмаслик ва Ҳазрати Умардан эшитганларини бировга айтмаслик шарти билан уни дуо қилди.
Увайс Қараний Аллоҳ таолога таваккули билан машҳур эди.

Ҳарам ибн Ҳаййон Увайс Қаранийга шогирд тушган ва ундан бир неча насиҳат олиш билан кифояланган ошиқлардан эди.

Бир куни Ҳарам ибн Ҳаййон Увайс Қаранийдан сўради:

— Қаерда истиқомат қилишимни тавсия этасиз?

— Шомда, — деди Увайс. 

Ҳарам сўради:

— У ерда тирикчилик қалай?

Увайс айтди:

— Таваккулсиз қалбларга ўгит фойда бермайди.

Имом Шаъроний “Табақот”ида Увайснинг шамойилини бундай таърифлайди: “Увайс ўрта бўйли, елкалари кенг, кўзлари катта-катта, юзи буғдойранг, сочи қизғиш эди. Жағи доим кўксига ёпишиб турар, кўзлари фақат ерга боқар эди”.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломни кўрмай туриб, у зотдан Ҳазрати Увайс файз олганлари учун устозни кўрмай ундан файз олиш “увайсийлик” дейилади.

Ҳазрати Увайс одамлар билан кўп мулоқотда бўлишни хуш кўрмаганидан унча кўп ҳадис ривоят қилмаган. Фақат Ҳазрати Умар ва Ҳазрати Алидан қилган ривоятларини Абдураҳмон ибн Абу Лайло ва Башир ибн Амр китобларида келтиришган.

Ҳазрати Увайснинг вафоти ҳақида келган ривоятларнинг барчасида унинг ҳижрий 37 йили Сиффин жангида шаҳид бўлгани айтилади.
Аллоҳ таоло Ҳазрати Увайсга бергани каби бизнинг қалбимизга ҳам Расулуллоҳга холис муҳаббатни жо қилсин, қиёматда шафоатларидан насибадор айласин...


380 - وَعَنْ أُسَيْرِ بْنِ عَمْرٍو - وَيُقَالُ: ابْنُ جَابِرٍ، وَهُوَ «بِضَمِّ الْهَمْزَةِ وَفَتْحِ السِّيْنِ الْمُهْمَلَةِ» قَالَ: كَانَ عُمَرُ بْنُ الخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ إِذَا أَتَى عَلَيْهِ أَمْدَادُ أَهْلِ الْيَمَنِ سَأَلَهُمْ: أَفِيْكُمْ أُوَيْسُ بْنُ عَامِرٍ؟ حَتَّى أَتَى عَلَى أُوَيْسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، فَقَالَ لَهُ: أَنْتَ أُوَيْسُ بْنُ عَامِرٍ؟ قَالَ: نَعَمْ، قَالَ: مِنْ مُرَادٍ ثُمَّ مِنْ قَرَنٍ؟ قَالَ: نَعَمْ، قَالَ: فَكَانَ بِكَ بَرَصٌ، فَبَرَأْتَ مِنْهُ إِلَّا مَوْضِعَ دِرْهَمٍ؟ قَالَ: نَعَمْ. قَالَ: لَكَ وَالِدَةٌ؟ قَالَ: نَعَمْ، قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «يَأْتِي عَلَيْكُمْ أُوَيْسُ بْنُ عَامِرٍ مَعَ أَمْدَادِ أَهْلِ الْيَمَنِ، مِنْ مُرَادٍ، ثُمَّ مِنْ قَرَنٍ، كَانَ بِهِ بَرَصٌ فَبَرَأَ مِنْهُ إِلَّا مَوْضِعَ دِرْهَمٍ، لَهُ وَالِدَةٌ هُوَ بِهَا بَرٌّ، لَوْ أَقْسَمَ عَلَى اللهِ لأَبَرَّهُ، فَإِنِ اسْتَطَعْتَ أَنْ يَسْتَغْفِرَ لَكَ فَافْعَلْ»، فَاسْتَغْفِرْ لِي فَاسْتَغْفَرَ لَهُ، فَقَالَ لَهُ عُمَرُ: أَيْنَ تُرِيدُ؟ قَالَ: الْكُوفَةَ، قَالَ: أَلَا أَكْتُبُ لَكَ إِلَى عَامِلهَا؟ قَالَ: أَكُونُ فِي غَبْرَاءِ النَّاسِ أَحَبُّ إِلَيَّ.

فَلَمَّا كَانَ مِنَ الْعَامِ الْمُقْبِلِ حَجَّ رَجُلٌ مِنْ أَشْرَافِهِمْ، فَوَافَقَ عُمَرَ، فَسَأَلَهُ عَنْ أُوَيْسٍ، قَالَ: تَرَكْتُهُ رَثَّ الْبَيْتِ، قَلِيلَ الْمَتَاعِ، قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، يَقُولُ: «يَأْتِي عَلَيْكُمْ أُوَيْسُ بْنُ عَامِرٍ مَعَ أَمْدَادٍ مِنْ أَهْلِ الْيَمَنِ مِنْ مُرَادٍ، ثُمَّ مِنْ قَرَنٍ، كَانَ بِهِ بَرَصٌ فَبَرَأَ مِنْهُ، إِلَّا مَوْضِعَ دِرْهَمٍ، لَهُ وَالِدَةٌ هُوَ بِهَا بَرٌّ، لَوْ أَقْسَمَ عَلَى اللهِ لَأَبَرَّهُ، فَإِنِ اسْتَطَعْتَ أَنْ يَسْتَغْفِرَ لَكَ فَافْعَلْ» فَأَتَى أُوَيْساً فَقَالَ: اسْتَغْفِرْ لِي، قَالَ: أَنْتَ أَحْدَثُ عَهْداً بِسَفَرٍ صَالِحٍ، فَاسْتَغْفِرْ لِي، قَالَ: اسْتَغْفِرْ لِي، قَالَ: أَنْتَ أَحْدَثُ عَهْداً بِسَفَرٍ صَالِحٍ، فَاسْتَغْفِرْ لِي. قَالَ: لَقِيتَ عُمَرَ؟ قَالَ: نَعَمْ، فَاسْتَغْفَرَ لَهُ، فَفَطِنَ لَهُ النَّاسُ، فَانْطَلَقَ عَلَى وَجْهِهِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2542/225].

وَفِي رِوَايَةٍ لِمُسْلِمٍ أَيْضاً: عَنْ أُسَيْرِ بْنِ جَابِرٍ: أَنَّ أَهْلَ الْكُوفَةِ وَفَدُوا إِلَى عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ وَفِيهِمْ رَجُلٌ مِمَّنْ كَانَ يَسْخَرُ بِأُوَيْسٍ، فَقَالَ عُمَرُ: هَلْ هَاهُنَا أَحَدٌ مِنَ الْقَرَنِيِّينَ؟ فَجَاءَ ذَلِكَ الرَّجُلُ، فَقَالَ عُمَرُ: إِنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَدْ قَالَ: «إِنَّ رَجُلًا يَأْتِيكُمْ مِنَ الْيَمَنِ يُقَالُ لَهُ: أُوَيْسٌ، لَا يَدَعُ بِالْيَمَنِ غَيْرَ أُمٍّ لَهُ، قَدْ كَانَ بِهِ بَيَاضٌ، فَدَعَا اللهَ تَعَالَى فَأَذْهَبَهُ إِلَّا مَوْضِعَ الدِّينَارِ أَوِ الدِّرْهَمِ، فَمَنْ لَقِيَهُ مِنْكُمْ فَلْيَسْتَغْفِرْ لَكُمْ» [2542].

وَفِي رِوَايَةٍ لَهُ: عَنْ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: إنِّي سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «إِنَّ خَيْرَ التَّابِعِينَ رَجُلٌ يُقَالُ لَهُ: أُوَيْسٌ، وَلَهُ وَالِدَةٌ، وَكَانَ بِهِ بَيَاضٌ فَمُرُوهُ فَلْيَسْتَغْفِرْ لَكُمْ» [2542/224].

قَولُهُ: «غَبْرَاءِ النَّاسِ» بِفَتْحِ الغَيْنِ الْمُعْجَمَةِ، وَإِسْكَانِ البَاءِ وَبِالْمَدِّ: وَهُمْ: فُقَرَاؤُهُمْ وَصَعَالِيكُهُمْ وَمَنْ لَا تُعْرَفُ عَيْنُهُ مِنْ أَخْلَاطِهِمْ، «وَالأَمْدَادُ» جَمْعُ مَدَدٍ: وَهُمُ: الأَعْوَانُ وَالنَّاصِرُونَ الَّذِينَ كَانُوا يُمِدُّونَ الْمُسْلِمِينَ فِي الجِهَادِ.

 

Улашиш
|
|
Нусха олиш

381. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллалоҳу алайҳи васалламдан умрага изн сўраган эдим, изн бердилар ва: «Эй биродаргинам, дуоингда бизни ҳам унутма», дедилар. Шундай бир сўз айтдиларки, унинг ўрнига менга бутун дунё берилса ҳам бунчалик хурсанд бўлмасдим».

Бошқа ривоятда: «Эй биродаргинам, бизни ҳам дуоингга шерик қил», дейилган.

Саҳиҳ ҳадис бўлиб, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. Термизий ҳасан, саҳиҳ, деганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Бирор сафарга боришда, ҳатто у сафар Байтуллоҳнинг зиёрати бўлса ҳам раҳбардан изн сўраш кераклиги.

2. Афзал шахс ўзидан даражаси пастроқ кишидан дуо сўраши мумкинлиги.

3. ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг фазилатлари.

4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалар олдидаги қадр-қимматлари. ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир оғиз сўзларини бутун дунёга алмаштирмасликлари шуни кўрсатади. ҳақиқий мусулмон шундоқ бўлиши керак.


381 - وَعَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: اسْتَأْذَنْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فِي العُمْرَةِ، فَأَذِنَ وَقَالَ: «لَا تَنْسَنَا يَا أُخَيَّ مِنْ دُعَائِكَ»، فَقَالَ كَلِمَةً مَا يَسُرُّني أَنَّ لي بِهَا الـدُّنْيَا.

وَفِي رِوَايَةٍ قَالَ: «أَشْرِكْنَا يَا أُخَيَّ فِي دُعَائِكَ» حَدِيثٌ صَحِيحٌ رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ، وَالتِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ [د 1498، ت 3562].

 

Улашиш
|
|
Нусха олиш

382. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қубога пиёда бўлсин, уловда бўлсин зиёрат қилиб турардилар. Ва у ерда икки ракат намоз ўқирдилар.

Муттафақун алайҳ.

Бошқа ривоятда келтирилишича, «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қубо масжидига пиёда бўлсин, уловда бўлсин, ҳар шанба келар эдилар».

Ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳам ана шуни бажарардилар.

Шарҳ: Қубо – Мадинаи мунавварага Маккаи мукаррама тарафдан кириб келишдаги бир жой. Шу жойда Исломдаги биринчи масжид қурилган. Шунинг учун ҳам бу масжид алоҳида эътиборга сазовор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага жойлашиб, у ерга ўз масжидларини бино қилганларидан кейин ҳам Қубо масжидини қадрлашда давом этдилар. ҳафтанинг ҳар шанба куни уни зиёрат қилиб намоз ўқиб турдилар. Савоб кўпайишидан умидвор бўлиб, масжидга пиёда келар эдилар. Қайтаётиб эса уловга минар эдилар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиб саҳобаи киромлар, жумладан, ушбу ривоятнинг ровийлари Ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳам шундоқ қилар эдилар.

Шунинг учун Мадинаи Мунаввара зиёратига борган кишилар Қубо масжидини ҳам зиёрат қилиб, унда намоз ўқишга ҳаракат қиладилар.

Имoм Aҳмaд pивoят қилгaн ҳaдиcдa Пaйғaмбap aлaйҳиccaлoм:

«Kим yйидa таҳopaт қилиб, Қyбo мacжидигa кeлиб нaмoз ўқиca, yмpaнинг caвoбини oлaди», дe­гaн­лap.

382 - وَعَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَزُورُ قُبَاءَ رَاكِباً وَمَاشِياً، فَيُصَلِّي فِيْهِ رَكْعَتَيْنِ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 1194، م 1399/516].

وَفِي رِوَايَةٍ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَأْتِي مَسْجِدَ قُبَاءٍ كُلَّ سَبْتٍ رَاكِباً وَمَاشِياً، وَكَانَ ابْنُ عُمَرَ يَفْعَلُهُ [خ 1193، م 1399/521].

Улашиш
|
|
Нусха олиш