«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аёл тўрт нарсаси учун никоҳга олинади: моли учун, насл‑насаби учун, жамоли учун ёки дини учун. Сен диндорини олгин, қўлинг тупроққа қорилгур», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Бирор аёл кишига уйланишдан олдин унинг қизиқтирадиган сифатларига қаралади. Ушбу ҳадиси шарифда ўша никоҳига рағбат қилинадиган аёлда бўлиши лозим яхши сифатлардан тўртта энг машҳури ва оммавийси ҳақида сўз кетмоқда.
Агар ушбу тўрт сифат–мол ҳам, жамол ҳам, ҳасабу насаб ҳам, дину диёнатга қўшилиб, бир қизни музайян қилиб турса, албатта, яхши.
Аммо мазкур тўрт сифат бир-бири билан солиштирилганда улар орасида диндорликка тенг келадигани йўқ. Балки қолганларга яна бошқа бир қанча яхши сифатлар қўшилса ҳам диндорлик сифатига ета олмайди.
Чунки молдорлик вақтинча. Қолаверса, мол-мулкининг кўплиги келиннинг ҳовлиқишига, куёвни ва унинг яқинларини менсимаслигига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Диндорлик бўлмаган жойда кўпинча молдорлик ноқулай ишларга сабаб бўлиши турган гап.
Ҳасабу насаби яхши келин, албатта, яхши. Лекин фақат ҳасабу насабига ишониш ҳам яхшиликка олиб келмайди. Ота-она, бобо-момолар яхши ўтган бўлсалар яхши, лекин улар уйларида қоладилар. Куёвникига келин келади. Агар келин диндор бўлмаса, ҳасаби ва насаби билан фахрланиб куёвни ва унинг яқинларини хижолат қилиши мумкин.
Жамол ҳам ўзича яхши нарса. Лекин бу ҳам ўткинчи. Маълум муддатдан кейин келиннинг жамоли ўзгариши турган гап. Бунинг устига фақат жамолга суяниб иш қилиш ҳам яхшиликка олиб бормайди.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам диндор келинни ихтиёр қилишга буюрмоқдалар. Диндорлик ҳақиқий ва бардавом яхши сифатдир. Келин диндор бўлса, куёвни ва унинг яқинларини ҳурмат қилади. Оиланинг ҳақиқий устуни ва порлаб турган чироғи бўлади. Ундан дунёга келадиган фарзандлар ҳам ажойиб инсонлар бўлиб етишадилар.
Диндор келин шариат кўрсатмаси бўйича ўз бурчи ва масъулиятларини тўлиқ адо этиб яшайди.
Диндорлик ҳақиқий бойликдир!
Диндорлик ҳақиқий ҳасаб ва насабдир!
Диндорлик ҳақиқий гўзалликдир!
Шунинг учун ҳам қизларимизни диндор қилиб тарбиялашга уринишимиз керак. Шунинг учун келин танлаганимизда диндор келин танлашимиз керак.
«Қўлинг тупроққа қорилгур» деб ўгирилган жумла истемолда ўзининг луғавий маъносида ишлатилмайди. Аслида қўлнинг тупроққа қорилиши камбағал бўлиб қолишга ишора, лекин истеъмолда унинг асл маъноси йўқ бўлиб кетиб, бирор нарсага ундаш, ажабланиш, инкор қилиш маъноларида ишлатилади. У ўзбек тилидаги «Барака топкур» деган гапга мос келади. Бошқа ривоятларда у зот: «Унга изн беравер, чунки у амакинг бўлади, қўлинг тупроққа қорилгур!» деганлар, бу ҳадисда эса фақат охирги жумла айтилган.
371 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «تُنْكَحُ الْمَرْأَةُ لأَرْبعٍ: لِمَالِهَا، وَلِحَسَبِهَا، وَلِجَمَالِهَا، وَلِدِينِهَا، فَاظْفَرْ بِذَاتِ الدِّينِ تَرِبَتْ يَدَاكَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 5090، م 1466].
وَمَعْنَاهُ: أَنَّ النَّاسَ يَقْصِدُونَ فِي الْعَادَةِ مِنَ الْمَرْأَةِ هَذِهِ الخِصَالَ الأَرْبَعَ، فَاحْرِصْ أَنْتَ عَلَى ذَاتِ الدِّينِ، وَاظْفَرْ بِهَا، وَاحْرِصْ عَلَى صُحْبَتِهَا.