378. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамлар кумуш ва тилла маъданлари каби маъдандир. Уларнинг жоҳилиятда яхши бўлганлари, агар илм олишса, Исломда ҳам яхшилари бўладилар. Руҳлар – тайёрланган лашкардир: (руҳлар оламида) бир-бирини таниганлари (бу дунёда ҳам) қадрдон бўлади, бир-бирини танимаганлари эса бир-бирига қарши бўлади», дедилар.
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадиси шарифларида одамларнинг табиатлари ва уларнинг бир-бирлари билан улфат бўлишлари ва бўла олмасликлари ҳақида тушунтириш бермоқдалар.
«Одамлар кумуш ва тилла маъданлари каби маъдандирлар».
Ердаги маъданлар ўзига хос хусусиятларга, бошқаларидан фарқларга ва қийматларга эга бўлади. Баъзиси қаттиқ, бошқаси юмшоқ, баъзиси чидамли, бошқаси чидамсиз, бири нафис, бошқаси дағал ва ҳоказо. Худди шунингдек, одамлар ҳам ҳар хил бўладилар. Лекин одамларнинг яхшисини қандай ажратиб олиш мумкин? Одамларнинг
«Жоҳилиятда яхши бўлганлари, агар фақиҳ ва илмли бўлсалар, Исломда ҳам яхшилари бўладилар».
Демак, яхши одам бўлиш учун диндор бўлиш керак экан. Кишининг диндорлиги, диннинг дақиқ таълимотларини англаб, унга амал қилиши қанчалик кўп бўлса, яхшилиги ҳам шунчалик кўп бўлар экан.
«Руҳлар тайёрланган лашкар кабидир».
Одамларнинг руҳлари тайёрланган лашкар каби турадилар. Улар ўзларига бўладиган амрни бажо этишга шайлар.
«Улардан танишганлари улфат бўладир».
Ана ўша руҳлар бир-бирларини ёқтириб, танишадилар ва улфат бўладилар. Яхшиларнинг руҳлари яхшилар билан топишадилар. Улар билан улфат бўладилар. Руҳи яхши бўлган кишилар аҳли солиҳлар, тақводор уламолар билан улфат бўладилар. Улар билан бирга бўлганларида яйраб кетадилар. Аста-секин тажриба ким кимлигини аён қилади. Ёмонларнинг руҳлари ёмонлар билан топишадилар. Улар билан бирга бўлганда маза қилиб, ҳузур топадилар.
«Ёқтирмаганлари ихтилоф қиладир».
Яхшиларнинг руҳлари ёмонларнинг руҳлари билан топиша олмайдилар. Улар ёмонлар билан кўришганда ноқулай ҳолга тушиб қоладилар. Ёмонларнинг руҳлари ҳам яхшиларнинг руҳлари билан топиша олмайдилар. Улар бир-бирлари билан ихтилоф қиладилар. Шунинг учун ёмонлар аҳли солиҳ, тақводор кишилар билан бирга бўла олмайдилар.
Уламолар бу ҳадисда руҳларнинг бир-бирини таниши ёки танимаслиги улар яратилган пайтда, кейин бир-бири билан қадрдон ёки қарши бўлиши эса бу дунёда бўлишини айтишган.
378 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «النَّاسُ مَعَادِنُ كَمَعَادِنِ الذَّهَبِ وَالْفِضَّةِ، خِيَارُهُمْ فِي الجَاهِلِيَّةِ خِيَارُهُمْ فِي الإِسْلَامِ إِذَا فَقُهُوا، وَالأَرْوَاحُ جُنُودٌ مُجَنَّدَةٌ، فَمَا تَعَارَفَ مِنْهَا ائْتَلَفَ، وَمَا تَنَاكَرَ مِنْهَا، اخْتَلَفَ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [2638/160].