432. Яна у кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Робби азза ва жалланинг шундай деганини айтдилар: «Бир банда гуноҳ қилиб, «Аллоҳим, гуноҳимни кечиргин!» деса, У Зот табарока ва таоло: «Бандам бир гуноҳ қилди, уни кечирадиган ёки гуноҳи туфайли (азобга) тутадиган Робби борлигини билди» деди. Сўнг у яна гуноҳ қилиб, «Эй Роббим, гуноҳимни мағфират қилгин!» деди. У Зот табарока ва таоло: «Бандам бир гуноҳ қилди ва уни кечирадиган ёки гуноҳи туфайли (азобга) тутадиган Робби борлигини билди» деди. Сўнг у яна гуноҳ қилиб, «Эй Роббим, гуноҳимни мағфират қилгин!» деди. У Зот табарока ва таоло: «Бандам бир гуноҳ қилди ва уни кечирадиган ёки гуноҳи туфайли (азобга) тутадиган Робби борлигини билди. Ҳақиқатда бандамнинг гуноҳини кечирдим. У хоҳлаганини қилаверсин» деди».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Барчамиз Аллоҳнинг гуноҳкор бандаларимиз, гарчи У ҳадларимиздан ошмасликни амр этган бўлса ҳам. Лекин Биз Аллоҳ таолонинг ожиз бандалари Роббимизнинг кўрсатмаларига ҳар доим ҳам риоя қилавермаймиз. Қиёмат куни жазо муқаррарлигини билганимиз ҳолда ушбу чегараларни тез-тез бузиб туришимиз одатий ҳолга айланган. Шунга карамасдан биз ҳеч қачон Аллоҳнинг раҳматидан умидимизни узмаслигимиз керак. Аллоҳнинг раҳмати шу қадар кенгки, ўзи истаса каттаю кичик гуноҳларимизни кечиб юборишга қодир. Шунинг учун ҳамиша истиғфорда бўлиб, тавба қилиб, Аллоҳдан гуноҳларимизни мағфират этишини астойдил сўрамоғимз лозим. Куръонда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
(Менинг номимдан) айт: «Эй ўз жонларига жавр қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир». (Зумар сураси 53-оят).
Ушбу ояти каримада ҳар бир гуноҳкор банда хоҳ у иймон келтирган ёки келтирмаган бўлсин, Аллоҳ таолога ихлос билан, чин кўнгилдан самимий тарзда истиғфор айтиб, гуноҳларига тавба қилса ва ўша гуноҳларини қайта содир этмасликка ният килса, ўша гуноҳ нечоғлиқ оғир бўлмасин, Ўзи ирода килган қилган ҳолда, гарчи у содир этган гуноҳлар денгиз кўпигидаги пуфакчалар миқдоридан ҳам кўп бўлса кечириши мумкинлиги айтилмоқда.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда айтилишича, ушбу оят кўплаб қотилликлар ва фаҳш ишларни содир этган мушриклардан бўлган одамлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурига келиб: «Дарҳақиқат сизнинг даъватларингиз ниҳоятда гўзал, лекин бизлар содир этган жиноятларимизни ювишнинг чораси борми? - деб сўраганларидан сўнг нозил бўлган (Имом Бухорий ривояти).
Убода ибн Сомита розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишча, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қайси банда ихлос билан Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг расулидир, деб шаҳодат келтирса, Аллоҳ унга дўзах ўтини ҳаром қилади (Имом Муслим ривояти).
Агар бу одамнинг шаҳодати чин ихлос билан келтирилган бўлсагина, Аллоҳ шундай қилади (яъни, дўззах ўтини унга ҳаром қилиб қўяди). У содир этган гуноҳига жазо олиши мумкин, лекин дўзахда абадий қолиб кетмайди ва ниҳоят жаннатга киради. Мунтазам равишда гуноҳ содир этиб юрган одам ўлимидан олдин иймондан чикариб юборадиган амал қилиб қўйиши ёки сўз айтиб қўйиши оқибатида иймонидан ажраб қолиши мумкин. Шу билан бирга, ҳар бир инсон Аллоҳнинг раҳматига умид қилиш билан иймонни йўқотиб қўйишдан қўрқиши керак. Демак, ҳар бир инсон ўлими олдидан гавҳари иймонидан айрилиб қолмаслик учун қўлидан келган барча ишларни қилиши ҳамда биринчи навбатда чин ихлос билан тавба қилмоғи лозим.
Тавба Аллоҳга қайтиш демакдир. Бу ҳақда уламолар турли фикр билдирганлар. Кимки Аллоҳнинг азобидан қўрқиб гуноҳлардан қайтган бўлса, уни (таиб) тавба қилган дейилади. Кимки Аллоҳдан ҳаё қилиб гуноҳлардан қайтса, уни (муниб) қайтувчи дейилади. Кимки Аллоҳнинг азамати туфайли қайтса, уни (аввоҳ) дейилади.
Тавбанинг шаръий маъноси устида айтилган энг гўзал таъриф қуйидагичадир: тавба, бу – Аллоҳдан узоқ бўлишдан Унга яқин бўлишга қайтишдир.
Самимий тавба ҳақида салаф уламолардан бир қанча таърифлар ворид бўлган, шулардан Умар ибн Хаттоб ва Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг таърифлари қуйидагича:
Самимий тавба – киши гуноҳидан тавба қилиб сўнгра, ҳудди сут елинга қайтмаганидек, ўша гуноҳга қайтмасликдир.
Ҳасан Басрий айтадилар: Самимий тавба – банда ўтган ишга афсус-надомат қилиш билан бирга унга ҳеч қачон қайтмаслигини қасд қилиши.
Калбий дейдилар: У – тилда истиғфор айтиш, дилда надомат чекиш ва аъзоларни тийиш.
Ал-Ағор ибн Ясор ал-Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Эй одамлар Аллоҳга тавба қилинглар, албатта мен ўзим бир кунда юз марта тавба дейман» (Имом Муслим ривояти).
Демак, бандаларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати буюк эканидандир модомики бандалар барча ишни идора қилиш Роббиларининг измида эканига эътиқод қилишса. У Зот хоҳласа кечиради ва хоҳласа уқубатга дучор қилади. Бу нарса тавҳиднинг фазлига далолат қилади. Шунинг учун ҳам имом Бухорий ушбу ҳадисни «Саҳиҳ»ларида тавҳид бўлимида келтирганлар.
432 – وَعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فِيمَا يَحْكِي عَنْ رَبِّهِ تَعَالَى، قَالَ: «أَذْنَبَ عَبْدٌ ذَنْباً، فَقَالَ: اللَّهُمَّ؛ اغْفِرْ لِي ذَنْبِي، فَقَالَ اللهُ تَبَارَكَ وَتَعَالَى: أَذْنَبَ عَبْدِي ذَنْباً، عَلِمَ أَنَّ لَهُ رَبّاً يَغْفِرُ الذَّنْبَ، وَيَأْخُذُ بِالذَّنْبِ، ثُمَّ عَادَ فَأَذْنَبَ، فَقَالَ: أَيْ رَبِّ؛ اغْفِرْ لِي ذَنْبِي، فَقَالَ تَبَارَكَ وَتَعَالَى: عَبْدِي أَذْنَبَ ذَنْباً، فَعَلِمَ أَنَّ لَهُ رَبّاً يَغْفِرُ الذَّنْبَ، وَيَأْخُذُ بِالذَّنْبِ، ثُمَّ عَادَ فَأَذْنَبَ، فَقَالَ: أَيْ رَبِّ؛ اغْفِرْ لِي ذَنْبِي، فَقَالَ تَبَارَكَ وَتَعَالَى: أَذْنَبَ عَبْدِي ذَنْباً، فَعَلِمَ أَنَّ لَهُ رَبّاً يَغْفِرُ الذَّنْبَ، وَيَأْخُذُ بِالذَّنْبِ، قَدْ غَفَرْتُ لِعَبْدِي... فَلْيَفْعَلْ مَا شَاءَ» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 7507، م 2758/30].
وَقَـولُهُ تَعَالَى: «فَلْيَفْعَلْ مَا شَاءَ» أَي: مَا دَامَ يَفْعَلُ هَكَذَا؛ يُذْنِبُ وَيتُوبُ أَغْفِرُ لَهُ؛ فَإِنَّ التَّوبَةَ تَهِدِمُ مَا قَبْلَهَا.