442-ҳадис

442. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга чодирда ўтирган эдик. Чамаси қирқ киши эдик. У зот: «Жаннат аҳлининг тўртдан бири бўлишга розимисизлар?» дедилар. «Ҳа», дедик. У зот: «Жаннат аҳлининг учдан бири бўлишга розимисизлар?» дедилар. «Ҳа», дедик. Шунда у зот: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, мен жаннат аҳлининг ярми бўласиз деб умид қиламан, чунки жаннатга фақат мусулмон жон киради, холос. Сизлар ширк аҳлининг орасида худди қора ҳўкизнинг терисидаги оқ тукка [ёки қизил ҳўкизнинг терисидаги қора тукка] ўхшайсизлар», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Имом Бухорий Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ таоло: «Эй Одам», дейди. У: «Лаббай, амрингга мунтазирман! Яхшилик Сенинг қўлингда», дейди. У Зот: «Дўзахга юбориладиганларни чиқар», дейди. У: «Дўзахга юбориладиганлар қанча?» дейди. У Зот: «Ҳар мингтадан тўққиз юз тўқсон тўққизтаси», дейди. Ана шунда гўдакнинг сочи оқариб кетади, «ҳар бир ҳомиладор ҳомиласини ташлайди ва одамларни маст ҳолатда кўрасан, ҳолбуки, улар маст эмаслар. Лекин Аллоҳнинг азоби қаттиқдир».[1] «Эй Аллоҳнинг Расули, ўша бир киши қайси биримиз?» дейишди. У зот: «Хушнуд бўлинг, чунки сизлардан бир киши, Яъжуж ва Маъжуждан эса минг», дедилар. Сўнгра «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, мен жаннат аҳлининг тўртдан бири сизлар бўласиз деб умид қиламан», дедилар. Биз такбир айтдик. «Жаннат аҳлининг учдан бири сизлар бўласиз деб умид қиламан», дедилар. Биз такбир айтдик. «Жаннат аҳлининг ярми сизлар бўласизлар деб умид қиламан», дедилар. Биз такбир айтдик. Шунда у зот: «Сизлар одамлар орасида оқ ҳўкизнинг терисидаги бир дона қора тук ёки қора ҳўкизнинг терисидаги бир дона оқ тукка ўхшайсизлар», дедилар».

Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) Алқамадан, у Ибн Бурайдадан, у отасидан ривоят қилади. Ибн Бурайданинг отаси айтди: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир куни саҳобаларидан сўрадилар: 

– Жаннат аҳлининг тўртдан бири бўлишга розимисиз? 

– Ҳа, – дейишди саҳобалар. 

– Жаннат аҳлининг учдан бири бўлишга розимисиз? 

– Ҳа… 

–Жаннат аҳлининг ярми бўлишга розимисиз? 

– Ҳа… 

Ҳазрати Пайғамбаримиз марҳамат қилдилар: 

– Сизга муждалар бўлсин! Жаннат аҳли бир юз йигирма сафдир. Шундан саксон сафи умматимдир”

 

(Имом Абу Ҳанифа “Муснад”да ривоят қилган).

 

Имом Қуртубий «ал-Муфҳам» номли китобларида айтдилар: «Жаннат аҳлининг ярми сизлар бўласизлар деб умид қиламан» деган орзулари қуйидаги оят ва ҳадис билан амалга ошгандир.

«Яқинда Парвардигорингиз Сизга (шундай неъматлар) ато этурки, Сиз (у Илоҳий марҳаматлардан) рози бўлурсиз» (Ваз-зуҳа сураси, 5-оят)

Аллоҳ: «Эй Жаброил, Муҳаммаднинг олдига бориб, «Умматинг хусусида сени рози қиламиз, маҳзун қилиб қўймаймиз», деб айт», деди». (Имом Муслим ривояти)



[1] Ҳаж сураси, 2-оят.

442 - وَعَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنَّا مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ في قُبَّةٍ نَحواً مِنْ أَرْبَعِينَ، فَقَالَ: «أَتَرْضَونَ أَنْ تَكُونُوا رُبُعَ أَهْلِ الجَنَّةِ؟» قُلْنَا: نَعَمْ، قَالَ: «أَتَرضَونَ أَن تَكُونُوا ثُلُثَ أَهْلِ الجَنَّةِ؟» قُلْنَا: نَعَمْ، قَالَ: «وَالَّذِي نَفْسُ مُحَمَّدٍ بِيَدِهِ، إِنِّي لأَرْجُو أَنْ تَكُونُوا نِصْفَ أَهْلِ الجَنَّةِ، وَذَلِكَ أَنَّ الجَنَّةَ لَا يَدْخُلُهَا إِلَّا نَفْسٌ مُسْلِمَةٌ، وَمَا أَنتُمْ فِي أَهْلِ الشِّرْكِ إِلَّا كَالشَّعْرَةِ البَيْضَاءِ فِي جِلْدِ الثَّورِ الأَسْوَدِ، أَوْ كَالشَّعْرَةِ السَّودَاءِ فِي جِلْدِ الثَّورِ الأَحْمَرِ» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 6528، م 221/377].


Улашиш
|
|
Нусха олиш