Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни шундай деганларини эшитганман:
«Қиёмат куни мўмин банда Робби азза ва жаллага яқинлаштирилади. Аллоҳ таоло унинг устидан пардасини ёпади. Сўнг уни гуноҳларига иқрор қилдириб, «Ана шу гуноҳларни биласан-а? Ана шу гуноҳларни биласан-а?» дейди. У «Биламан, эй Роббим», дейди. У Зот: «Сенинг гуноҳингни дунёда яширган эдим, бугун эса уларни мағфират қиламан», дейди. Сўнг унга яхшиликлар (ёзилган) саҳифаси берилади.
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Ҳадиснинг тўла шакли қуйидагичадир:
Сафвон ибн Муҳриздан ривоят қилинади:
«Бир киши Ибн Умарга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нажва (Қиёматдаги холи суҳбат) ҳақида нима эшитгансан?» деб сўради. Ибн Умар шундай деди: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: «Қиёмат куни мўмин банда Робби азза ва жаллага яқинлаштирилади. Аллоҳ таоло унинг устидан пардасини ёпади. Сўнг уни гуноҳларига иқрор қилдириб, «(Шу гуноҳларни) биласан-а?» дейди. У «Биламан, эй Роббим», дейди. У Зот: «Сенинг гуноҳингни дунёда яширган эдим, бугун эса уларни мағфират қиламан», дейди. Сўнг унга яхшиликлар (ёзилган) саҳифаси берилади. Кофир ва мунофиқларга эса бутун халойиқ ичида «Манавилар Аллоҳга нисбатан ёлғон айтишган эди!» деб нидо қилинади». (Имом Муслим ривояти).
«Аллоҳга яқинлаштирилади», дейилганда карам ва яхшилик ила яқинлаштириш тушунилади. Чунки Аллоҳ масофа ила яқинлашишдан покдир».
Ҳадисдан олинадиган хулосалар:
– Иймон аҳлига Аллоҳ таолонинг инояти ҳамда дунё ва охиратда уни сатр қилиши.
– Мўмин банда дунё ва охиратда ёлғон сўзламайди.
– Эътироф гуноҳларни ўчиради.
– Имкони борича мўмин гуноҳларини яширишга ундалмоқда.
– Бандаларнинг барча амалларини Аллоҳ ҳисоблаб боради. Ким яхшилик топса, Аллоҳга ҳамд айтсин. Ким бундан бошқа нарса топса, фақат ўзини маломат қилсин. У киши Аллоҳнинг хоҳишида бўлади.
444 - وَعَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، يَقُولُ: « يُدْنَى الْمُؤْمِنُ يَومَ القِيَامَةِ مِنْ رَبِّهِ حَتَّى يَضَعَ عَلَيهِ كَنَفَهُ، فَيُقَرِّرُهُ بِذُنُوبِهِ؛ فَيَقُولُ: أَتَعْرِفُ ذَنْبَ كَذَا؟ أَتَعْرِفُ ذَنْبَ كَذَا؟ فَيَقُولُ: أيْ رَبِّ أَعْرِفُ، قَالَ: فَإِنِّي قَدْ سَتَرْتُهَا عَلَيْكَ فِي الدُّنيَا، وَأَنَا أَغْفِرُهَا لَكَ اليَومَ، فَيُعْطَى صَحِيفَةَ حَسَنَاتِهِ» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 4685، م 2768].
(كَنَفُهُ): سَتْرُهُ وَرَحْمَتُهُ.