«Бир киши бир аёлни ўпиб олди. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, буни айтди. Шунда Аллоҳ «Кундузнинг икки тарафида ва кечанинг бир бўлагида намозни тўкис адо қил! Яхшиликлар ёмонликларни кетказади»[1] оятини нозил қилди. Ҳалиги киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен учунми бу?» деган эди, «Умматимнинг барчаси учун», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Уламоларимизнинг аниқлашларича, ўша бегона аёлни ўпиб олган кишининг исми Абул Юсир экан. Имом Термизий Абул Юсирнинг ўзларидан қуйидаги ривоятни келтирадилар:
«Бир аёл ҳузуримга хурмо сотиб олиш учун келди. Мен уйда бундан яхши хурмо бор, дедим. У мен билан уйга кирди. Унга томон энгашиб, ўпиб олдим. Кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдига бориб, унга ҳалиги ишни зикр қилдим. У:
«Ҳеч кимга билдирма. Тавба қил», деди.
Сўнг Умарнинг олдига бориб ҳалиги ишни зикр қилдим.
«Ўзингни бекит. Тавба қил, ҳеч кимга хабар берма», деди.
Сабр қила олмай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бордим. У зот бошларини қуйи солиб, узоқ туриб қолдилар. То Аллоҳ таоло у кишига «Намозни наҳорнинг икки тарафидан ва кечанинг бир қисмида адо эт» оятини нозил қилгунича турдилар».
Оятдаги «...Наҳорнинг икки тарафи»дан мурод, бомдод, пешин ва аср намозларидир. «Кечанинг бир қисми»дан мурод эса шом ва хуфтон намозларидир.
Мана шу ҳодиса саҳобалар авлодига хос хусусиятларидан биттасини яққол кўрсатмоқда. Улар ҳар қанча улуғ зот бўлсалар ҳам, ичларидан баъзи бирлари гоҳида инсоний заифлиги тутиб, Абул Юсир розияллоҳу анҳуга ўхшаш ишларни қилиб қўяр эдилар. Бу ажабланарли эмас. Беайб Парвардигорнинг Ўзи. Аммо, саҳобалар авлоди гуноҳ содир бўлганидан кейиноқ зудлик билан ўзларига келар ва ўша гуноҳни ювиш пайидан бўлар эдилар. Гуноҳ ювилганига ишонч ҳосил қилмагунларича бошқа ишга қўл урмас эдилар.
Абул Юсир розияллоҳу анҳу ҳам дарҳол Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумларга мурожаат қилдилар. Уларнинг жавоблари тўғри бўлса ҳам кўнгиллари тинчимайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бордилар.
Бу масалани Аллоҳнинг Ўзи ҳал қилди. Абул Юсир розияллоҳу анҳу ва бошқа мўминлар адо этиб юрган беш вақт намоз оддий нарса эмас, балки уларнинг гуноҳларини тинмай ювиб турувчи каффорот эканини баён қилди.
Шулардан келиб чиқиб, ҳеч бир гуноҳ қилмасликка тиришайлик. Худо кўрсатмасин, баъзи бир гуноҳлар содир этиб қўйсак, дарҳол уни ювиш пайидан бўлайлик. Беш вақт намозимизни вақтида адо этайлик. Ёмон ишлардан кўра, яхши ишларни қилишга кўпроқ ҳаракат қилайлик.
[1] Ҳуд сураси, 114-оят.
445 - وَعَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَجُلًا أَصَابَ مِنْ امْرَأَةٍ قُبْلَةً، فَأَتَى النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فأَخْبَرَهُ، فَأَنْزَلَ اللهُ تَعَالَى: {وَأَقِمِ الصَّلَاةَ طَرَفَيِ النَّهَارِ وَزُلَفاً مِنَ الَّليْلِ * إِنَّ الحَسَنَاتِ يُذْهِبْنَ السَّيِّئَاتِ}. [هود: 114] فَقَالَ الرَّجُلُ: أَلِي هَذَا يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: «لِجَمِيعِ أُمَّتي كُلِّهِمْ» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 526، م 2763].