450. Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ азза ва жалла бандаларидан бир умматга раҳмат ирода қилса, пайғамбарининг жонини улардан олдин олиб, уни ўша умматга фарат* ва салаф қилади. Агар У Зот бир умматга ҳалокат ирода қилса, ўша умматни пайғамбари ҳаётлигида азоб юбориб, унинг кўз ўнгида ҳалок қилади, (пайғамбарни) ёлғончига чиқаргани ва буйруғига саркашлик қилгани учун уларни ҳалок қилиб, кўнглига таскин беради».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: «Фарат» деб сув ёки манзилга ҳаммадан олдин бориб, ҳозирлик кўриб турадиган кишига айтилади.
Аллоҳ таоло Ўзи мана шундоқ баркамол сифатларга соҳиб қилган бандаси Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни Ўзининг охирги пайғамбари қилиб танлаб олди. Ўша пайтдаги жаҳолат ботқоғига ботган, ғафлат уйқусида қотган инсониятни тўғри йўлга бошлаш учун, уларга охирги ва мукаммал шариатнинг амалларини аввал ўзи қилиб кўрсатиши учун, барчага шахсий ўрнак бўлиш учун худди шу баркамол сифатлар ила сифатланган инсони комил керак эди. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ана ўша талабларнинг барчасига тўлақонли жавоб берадиган зот эдилар.
Шу билан бирга, у зотнинг охир замон пайғамбари эканликларининг далили сифатида бошқа аломатлар ҳам бор эди.
Аллоҳ таоло ушбу уммати Муҳаммадни раҳмат уммати қилди ва шарафини зиёда этди. Чунки бу уммат раҳматга йўғрилган умматки, унинг пайғамбари умматидан аввал вафот топди.
450 - وَعَنْ أَبِي مُوسَى الأَشْعَرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا أَرَادَ اللهُ رَحْمَةَ أُمَّةٍ، قَبَضَ نَبِيَّهَا قَبْلَهَا، فَجَعَلَهُ لَهَا فَرَطاً وَسَلَفاً بَيْنَ يَدَيهَا، وَإِذَا أَرَادَ هَلَكَةَ أُمَّةٍ، عَذَّبَهَا وَنَبِيُّهَا حَيُّ، فَأَهْلَكَهَا وَهُوَ يَنْظُرُ، فَأَقَرَّ عَيْنَهُ بِهَلاَكِهَا حِينَ كَذَّبُوهُ وَعَصَوا أَمْرَهُ» رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2288].