Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
« Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган киши, то сут елинга қайтгунича, дўзахга кирмайди (яъни, сут кўкракка қайтиши қай даражада мумкин бўлмаса, мўминнинг дўзахга кириши ҳам мумкин эмас). Ҳамда Аллоҳнинг йўлидаги ғубор билан жаҳаннам тутуни бир ерда жамланмайди», дедилар.
Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан, саҳиҳ деди.
Шарҳ: Аллоҳдан қўрқиб тўкилган кўз ёши истиқоматга ундайди. Ҳамда дўзах азобидан сақлайди.
Аллоҳдан қўрқиб йиғлаш – йиғиларнинг энг тўғриси, улуғи ва рости бўлиб, Аллоҳдан қўрқувчи ҳамда титровчи қалбнинг энг кучли таржимонидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Икки кўз борки, уларга дўзах ўти тегмайди. Булар: Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўз ва Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилиб, бедор ҳолда тонг оттирган кўз».
(Имом Термизий ривояти).
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳга икки томчидан ва икки асар (оёқ изи) дан кўра севимли ҳеч нарса йўқ. Икки томчи: Аллоҳдан қўрқиб тўкилган кўз ёшининг томчиси ҳамда Аллоҳ йўлида тўкилган кўз ёшининг томчисидир. Икки асар (оёқ изи) эса: Аллоҳнинг йўлида босилган из ҳамда Аллоҳнинг фарзларидан бир фарзни адо этиш учун босилган из».
(Имом Термизий ривояти).
Салафи солиҳлар доим гуноҳлари ҳақида, Аллоҳнинг уларга қиёматда ғазаб қилиши ҳақида ўйлаб, эрта-ю кеч йиғлар эдилар.
Фазола ибн Сайфий кўп йиғлайдиган киши эди. Унинг хотинидан бунинг сабабини сўрашганда, «Узоқ сафарга кетаётганидан ва йўл озуқаси озлигидан йиғлайди» деб жавоб берган экан.
Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳу бир куни кечаси қаттиқ йиғладилар. Йиғининг овозидан қўни қўшнилар ҳам безовта бўлишди. Нега йиғлаётганларини сўрашганда, «Бир гуноҳимни эслаб, шунга йиғлаяпман» дедилар.
Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳуни Мадинага волий бўлиб турган кезларида кўрган бир киши шундай ҳикоя қилади: «Бир киши у зотнинг олдиларида «Қачонки, кишанланган ҳолларида унинг тор жойига ташланганларида, ўша жойда (ўзларига) ҳалокат тилаб қолурлар» оятини ўқиди. Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳу қаттиқ йиғладилар. Ўзларини ҳеч тўхтата олмадилар. Пойабзалларини кийиб, мажлисдан чиқиб, уйларига кириб кетдилар. Одамлар ҳам тарқалишди».
Холид ибн Сақр Садусий айтадилар: «Отам Суфён Саврийнинг хосларидан эди. Бир куни отам менга айтиб бердилар. «Суфённинг олдига киришга изн сўрадим. Бир аёл киришга изн берди. Унинг олдига кирдим. Суфён «Балки уларнинг гумонларича, Биз уларнинг сирларини (билмасмиз) ва пичирлашувларини эшитмасмиз?!» оятини ўқиётган экан. Кейин «Йўқ, эй Роббим! Йўқ, эй Роббим!» деб ҳўнграб йиғлади. Уйнинг шифтига қараганда кўз ёшлари сел бўлиб оқаётган эди. Мен унинг ёнида Аллоҳ хоҳлаганича ўтирдим. Сўнг менинг олдимга келди ва бирга ўтирди. «Қанчадан бери ўтирибсиз бу ерда? Келганингизни сезмабман!» деди».
Каъбул Аҳбор деди: «Аллоҳдан қўрқиб йиғлашим ва кўз ёшларимнинг юзимдан оқиб тушиши мен учун ўзимнинг оғирлигимдаги олтинни садақа қилишимдан яхшироқдир».
Қалбнинг қаттиқлиги ва бунинг сабаблари:
Кўз қалбга эргашади. Агар қалб юмшаса, кўз ёш тўкади. Бордию қалб қаттиқ бўлса, кўздан бир томчи ҳам ёш чиқмайди. Кўп салафлар доим йиғлашни, йиғловчилардан бўлишни ёқтирар эдилар ва бу ишни хатто баъзи нафл ибодатлардан ҳам устун қўяр эдилар. Зеро, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Аллоҳдан қўрқиб йиғлашим мен учун минг динорни садақа қилганимдан яхшироқдир» деган эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо қўрқмайдиган қалбдан паноҳ сўраб шундай дуо қилардилар:
«Эй Аллоҳим, мен Сендан фойдасиз илмдан, қўрқмайдиган қалбдан, тўймайдиган нафсдан ҳамда қабул бўлмайдиган дуодан паноҳ тилайман».
Қалб қаттиқ бўлишининг ҳам, юмшаб, мулойим бўлишининг ҳам бир қанча сабаблари бор. Қуйида қалбнинг қаттиқ ва таъсирланмайдиган бўлиб қолишига сабаб бўладиган нарсаларни келтириб ўтамиз:
1. Кўп гапириш.
2. Гуноҳ ишларни қилиш ва тоатларни тарк этиш билан Аллоҳга берган аҳдни бузиш.
3. Кўп кулиш.
Зеро, ҳадиси шарифда «Кўп кулги қалбни ўлдиради», дейилган.
Ҳасан Басрий қаҳқаҳа отиб кулаётган бир йигитнинг ёнидан ўтаётганларида, у йигит билан қуйидагича суҳбат бўлиб ўтди:
- Сиротдан ўтдингми?!
- Йўқ.
- Қайтадиган жойингнинг жаннат ёки дўзахлигини билдингми?!
- Йўқ.
- Унда бунчалик кулишингнинг сабаби нима?!
Шу суҳбатдан кейин ҳеч ким у йигитнинг кулганини кўрмади.
4. Кўп ейиш.
Бишр ибн Ҳорис дедилар: «Икки хислат қалбни қотиради:
Кўп гапириш ва кўп ейиш.
5. Гуноҳларнинг кўплиги.
Аллоҳ таоло айтади: «Йўқ (ундай эмас)! Балки, уларнинг дилларини ўзларининг қилмишлари (гуноҳлари) қоплаб олгандир».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Мўмин киши бир гуноҳ қилса қалбида битта қора доғ пайдо бўлади. Агар тавба қилиб, истиғфор айтса, қалбидаги доғ кетади. Агар гуноҳдан тавба қилмай, қайта қайта гуноҳ қилаверса, ҳалиги доғ қалбини бутунлай қамраб олади. Ана шу доғ Аллоҳ таоло "Йўқ (ундай эмас)! Балки, уларнинг дилларини ўзларининг қилмишлари (гуноҳлари) қоплаб олгандир" оятида айтган доғдир» (Имом Аҳмад ривояти).
Баъзи салафлар: «Агар қалбда хатолар оз бўлса, кўзга йиғи тез келади» дейишган.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу айтадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга «Нажот нима?» дедим. У зот: «Тилингни сақла,..хатоларингга йиғла» дедилар». (Имом Термизий ривояти).
6. Ёмон суҳбатдош.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмон суҳбатдошни темирчининг босқонига ўхшатганлар. Ёмон одам билан кўп бирга бўлиш қалбни қотиради.
Баъзи салафлар шундай дейишган экан: «Қалбнинг қаттиқлиги тўрт нарсадан келиб чиқади: кўп ейиш, кўп ухлаш, кўп гапириш ва ёмон суҳбатдош билан бирга бўлиш».
Абул Асвад Дуалий раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Аллоҳ ёмон шерикдан кўра зарарлироқ нарсани яратмаган».
459 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «لَا يَلِجُ النَّارَ رَجُلٌ بَكَى مِنْ خَشْيَةِ اللهِ حَتَّى يَعُودَ اللَّبَنُ فِي الضَّرْعِ، وَلَا يَجْتَمِعُ غُبَارٌ فِي سَبِيلِ اللهِ وَدُخَانُ جَهَنَّمَ» رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ [1633].