Рўйхатни беркитиш
Мундарижа
Мундарижа
54-КИТОБ
54-боб Аллоҳдан қўрқиб йиғлаш ҳамда Унга интилишнинг фазилати ҳақида
54- بَابُ فَضْلِ البُكَاءِ مِنْ خَشْيَةِ اللهِ تَعَالَى وَشَوْقاً إِلَيْهِ
(54)
54-BOB

 54-боб. Аллоҳдан қўрқиб йиғлаш ҳамда Унга интилишнинг фазилати ҳақида

Аллоҳ таоло: «Улар йиғлаган ҳолларида юзлари билан йиқилурлар ва (Қуръон) уларнинг хокисорликларини зиёда қилур» (Исро сураси, 109-оят).

«(Эй мушриклар), ҳали сизлар мана шу сўздан (Қуръондан) ажабланурсизларми? (Ундаги оятларнинг беназир ва бемисл ўгит-насиҳатларидан таъсирланиб) йиғламасдан, ғофил бўлган ҳолларингизда кулурсизларми?» (Нажм сураси, 59–60-оятлар) деб айтган.

54- بَابُ فَضْلِ البُكَاءِ مِنْ خَشْيَةِ اللهِ تَعَالَى وَشَوْقاً إِلَيْهِ

 

قَالَ اللهُ تَعَالَى: {وَيَخِرُّونَ لِلأَذْقَانِ يَبْكُونَ وَيَزيدُهُمْ خُشُوعاً} [الإسراء - 109].

وَقَالَ تَعَالَى: {أَفَمِنْ هَذَا الْحَدِيثِ تَعْجَبُونَ * وَتَضْحَكُونَ وَلَا تَبْكُونَ} [النجم - 59، 60].

 

(54)

457. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Менга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга Қуръон қироат қилиб бер», дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг расули, сизга Қуръон ўқиб бераманми? Ваҳоланки, Қуръон ўзингизга нозил қилинган бўлса», десам, у зот: «Мен Қуръонни ўзимдан бошқа кишидан эшитмоқни яхши кўраман», дедилар. Шунда мен «Нисо» сурасининг қуйидаги ояти «(Эй Муҳаммад), Биз ҳар бир умматдан (ўша умматнинг пайғамбарини) гувоҳ келтирганимизда ва сизни ана уларга қарши гувоҳ қилганимизда, уларнинг ҳоли не кечур?» оятига етсам, у зот: «Ҳозирча кифоя қилади», дедилар. Кейин у зотга назар солсам, икки кўзларидан ёш қуйилаётган экан».

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Қуръони Каримни  ўқиш, уни тинглаш ҳам ибодат ҳисобланади. Каломи шариф пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига ваҳий қилинган, у кишининг қалбларидан жой олган бўлса ҳам, у зот саҳобаи киромларга Қуръон ўқитиш ва уни тинглашни яхши кўрар эдилар.

Бу ҳадисда Абдуллоҳ ибн Масъуднинг фазилатлари баён қилинмоқда. Чунки Расулуллоҳ с.а.в. Аллоҳнинг каломини бу кишининг оғзидан эшитишни истамоқдалар. Бу нарса Ибн Масъуднинг Қуръон талабида ва уни ёдлашда жонбозлик кўрсатганларига далолат қилади.

Қуръонни бошқа кишидан эшитиш тадаббур ва тафаккурга чорлайди.

Ибн Баттол айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша куннинг аҳволини, ўз умматларига гувоҳ бўлишнинг оғирлигини, Аллоҳдан уларни шафоат қилишни сўрашларини ўйлаб йиғлаган эдилар. Албатта, бу нарсаларни ўйлаб йиғламасликнинг иложи йўқ». 

457 - وَعَنْ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ لِي النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «اقْرَأْ عَلَيَّ القُرْآنَ» قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ أَقْرَأُ عَلَيْكَ، وَعَلَيْكَ أُنْزِلَ؟! قَالَ: «إِنِّي أُحِبُّ أَنْ أَسْمَعَهُ مِنْ غَيْرِي» فَقَرَأْتُ عَلَيهِ (سُورَةَ النِّسَاءِ)، حَتَّى جِئْتُ إِلَى هَذِهِ الآيَةِ: {فَكَيْفَ إِذَا جِئْنَا مِنْ كُلِّ أُمَّةٍ بِشَهِيدٍ وَجِئْنَا بِكَ عَلَى هَؤُلَاءِ شَهِيداً}  قَالَ: «حَسْبُكَ الآنَ» فَالْتَفَتُّ إِلَيْهِ، فَإِذَا عَيْنَاهُ تَذْرِفَانِ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 4582، م 800].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

458. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир хутба қилдилар, бунга ўхшашини асло эшитмаганман. У зот: «Агар менинг билганимни билганингизда, оз кулиб, кўп йиғлаган бўлар эдингиз дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари юзларини тўсганча пиқ-пиқ йиғлашди».

Муттафақун алайҳ.

Унинг шарҳи 411-рақамли, хавф бобида ўтди.


458 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: خَطَبَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ خُطْبَةً مَا سَمِعْتُ مِثْلَهَا قَطُّ فَقَالَ: «لَوْ تَعْلَمُونَ مَا أَعْلَمُ لَضَحِكْتُمْ قَلِيلًا وَلَبَكَيْتُمْ كَثِيراً» قَالَ: فَغَطَّى أَصْحَابُ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ وُجُوهَهُمْ لَهُمْ خَنِينٌ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 4621، م 2359].

وَسَبَقَ بيَانُهُ فِي (بَابِ الخَوفِ) [برقم 411].

 

Улашиш
|
|
Нусха олиш
459. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

« Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган киши, то сут елинга қайтгунича, дўзахга кирмайди (яъни, сут кўкракка қайтиши қай даражада мумкин бўлмаса, мўминнинг дўзахга кириши ҳам мумкин эмас). Ҳамда Аллоҳнинг йўлидаги ғубор билан жаҳаннам тутуни бир ерда жамланмайди», дедилар.

Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан, саҳиҳ деди.

Шарҳ: Аллоҳдан қўрқиб тўкилган кўз ёши истиқоматга ундайди. Ҳамда дўзах азобидан сақлайди.

Аллоҳдан қўрқиб йиғлаш – йиғиларнинг энг тўғриси, улуғи ва рости бўлиб, Аллоҳдан қўрқувчи ҳамда титровчи қалбнинг энг кучли таржимонидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Икки кўз борки, уларга дўзах ўти тегмайди. Булар: Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўз ва Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилиб, бедор ҳолда тонг оттирган кўз».

(Имом Термизий ривояти).

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳга икки томчидан ва икки асар (оёқ изи) дан кўра севимли ҳеч нарса йўқ. Икки томчи: Аллоҳдан қўрқиб тўкилган кўз ёшининг томчиси ҳамда Аллоҳ йўлида тўкилган кўз ёшининг томчисидир. Икки асар (оёқ изи) эса: Аллоҳнинг йўлида босилган из ҳамда Аллоҳнинг фарзларидан бир фарзни адо этиш учун босилган из».

(Имом Термизий ривояти).

 

Салафи солиҳлар доим гуноҳлари ҳақида, Аллоҳнинг уларга қиёматда ғазаб қилиши ҳақида ўйлаб, эрта-ю кеч йиғлар эдилар.

Фазола ибн Сайфий кўп йиғлайдиган киши эди. Унинг хотинидан бунинг сабабини сўрашганда, «Узоқ сафарга кетаётганидан ва йўл озуқаси озлигидан йиғлайди» деб жавоб берган экан.

Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳу бир куни кечаси қаттиқ йиғладилар. Йиғининг овозидан қўни қўшнилар ҳам безовта бўлишди. Нега йиғлаётганларини сўрашганда, «Бир гуноҳимни эслаб, шунга йиғлаяпман» дедилар.

Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳуни Мадинага волий бўлиб турган кезларида кўрган бир киши шундай ҳикоя қилади: «Бир киши у зотнинг олдиларида «Қачонки, кишанланган ҳолларида унинг тор жойига ташланганларида, ўша жойда (ўзларига) ҳалокат тилаб қолурлар» оятини ўқиди. Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳу қаттиқ йиғладилар. Ўзларини ҳеч тўхтата олмадилар. Пойабзалларини кийиб, мажлисдан чиқиб, уйларига кириб кетдилар. Одамлар ҳам тарқалишди».

Холид ибн Сақр Садусий айтадилар: «Отам Суфён Саврийнинг хосларидан эди. Бир куни отам менга айтиб бердилар. «Суфённинг олдига киришга изн сўрадим. Бир аёл киришга изн берди. Унинг олдига кирдим. Суфён «Балки уларнинг гумонларича, Биз уларнинг сирларини (билмасмиз) ва пичирлашувларини эшитмасмиз?!» оятини ўқиётган экан. Кейин «Йўқ, эй Роббим! Йўқ, эй Роббим!» деб ҳўнграб йиғлади. Уйнинг шифтига қараганда кўз ёшлари сел бўлиб оқаётган эди. Мен унинг ёнида Аллоҳ хоҳлаганича ўтирдим. Сўнг менинг олдимга келди ва бирга ўтирди. «Қанчадан бери ўтирибсиз бу ерда? Келганингизни сезмабман!» деди».

Каъбул Аҳбор деди: «Аллоҳдан қўрқиб йиғлашим ва кўз ёшларимнинг юзимдан оқиб тушиши мен учун ўзимнинг оғирлигимдаги олтинни садақа қилишимдан яхшироқдир».

 

Қалбнинг қаттиқлиги ва бунинг сабаблари:

Кўз қалбга эргашади. Агар қалб юмшаса, кўз ёш тўкади. Бордию қалб қаттиқ бўлса, кўздан бир томчи ҳам ёш чиқмайди. Кўп салафлар доим йиғлашни, йиғловчилардан бўлишни ёқтирар эдилар ва бу ишни хатто баъзи нафл ибодатлардан ҳам устун қўяр эдилар. Зеро, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Аллоҳдан қўрқиб йиғлашим мен учун минг динорни садақа қилганимдан яхшироқдир» деган эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо қўрқмайдиган қалбдан паноҳ сўраб шундай дуо қилардилар:

«Эй Аллоҳим, мен Сендан фойдасиз илмдан, қўрқмайдиган қалбдан, тўймайдиган нафсдан ҳамда қабул бўлмайдиган дуодан паноҳ тилайман».

Қалб қаттиқ бўлишининг ҳам, юмшаб, мулойим бўлишининг ҳам бир қанча сабаблари бор. Қуйида қалбнинг қаттиқ ва таъсирланмайдиган бўлиб қолишига сабаб бўладиган нарсаларни келтириб ўтамиз:

1. Кўп гапириш.

2. Гуноҳ ишларни қилиш ва тоатларни тарк этиш билан Аллоҳга берган аҳдни бузиш.

3. Кўп кулиш.

Зеро, ҳадиси шарифда «Кўп кулги қалбни ўлдиради», дейилган.

Ҳасан Басрий қаҳқаҳа отиб кулаётган бир йигитнинг ёнидан ўтаётганларида, у йигит билан қуйидагича суҳбат бўлиб ўтди:

- Сиротдан ўтдингми?!

- Йўқ.

- Қайтадиган жойингнинг жаннат ёки дўзахлигини билдингми?!

- Йўқ.

- Унда бунчалик кулишингнинг сабаби нима?!

Шу суҳбатдан кейин ҳеч ким у йигитнинг кулганини кўрмади.

4. Кўп ейиш.

Бишр ибн Ҳорис дедилар: «Икки хислат қалбни қотиради:

Кўп гапириш ва кўп ейиш.

5. Гуноҳларнинг кўплиги.

Аллоҳ таоло айтади: «Йўқ (ундай эмас)! Балки, уларнинг дилларини ўзларининг қилмишлари (гуноҳлари) қоплаб олгандир».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Мўмин киши бир гуноҳ қилса қалбида битта қора доғ пайдо бўлади. Агар тавба қилиб, истиғфор айтса, қалбидаги доғ кетади. Агар гуноҳдан тавба қилмай, қайта қайта гуноҳ қилаверса, ҳалиги доғ қалбини бутунлай қамраб олади. Ана шу доғ Аллоҳ таоло "Йўқ (ундай эмас)! Балки, уларнинг дилларини ўзларининг қилмишлари (гуноҳлари) қоплаб олгандир" оятида айтган доғдир» (Имом Аҳмад ривояти).

Баъзи салафлар: «Агар қалбда хатолар оз бўлса, кўзга йиғи тез келади» дейишган.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу айтадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга «Нажот нима?» дедим. У зот: «Тилингни сақла,..хатоларингга йиғла» дедилар». (Имом Термизий ривояти).

6. Ёмон суҳбатдош.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмон суҳбатдошни темирчининг босқонига ўхшатганлар. Ёмон одам билан кўп бирга бўлиш қалбни қотиради.

Баъзи салафлар шундай дейишган экан: «Қалбнинг қаттиқлиги тўрт нарсадан келиб чиқади: кўп ейиш, кўп ухлаш, кўп гапириш ва ёмон суҳбатдош билан бирга бўлиш».

Абул Асвад Дуалий раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Аллоҳ ёмон шерикдан кўра зарарлироқ нарсани яратмаган».

459 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «لَا يَلِجُ النَّارَ رَجُلٌ بَكَى مِنْ خَشْيَةِ اللهِ حَتَّى يَعُودَ اللَّبَنُ فِي الضَّرْعِ، وَلَا يَجْتَمِعُ غُبَارٌ فِي سَبِيلِ اللهِ وَدُخَانُ جَهَنَّمَ» رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ [1633].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

460. Яна у кишидан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Етти киши борки, Ўз соясидан бошқа соя бўлмайдиган кунда уларни Аллоҳ Ўз соясига олади; одил раҳбар; Аллоҳ азза ва жалланинг ибодатида улғайган йигит; қалби масжидларга боғлиқ киши; Аллоҳ йўлида бир-бирини яхши кўрган икки киши, улар Аллоҳ йўлида жам бўлиб, Унинг йўлида ажраладилар; баобрў ва гўзал аёл ўзига чорлаганда «Мен Аллоҳдан қўрқаман», деган киши; ўнг қўли инфоқ қилганини чап қўли билмайдиган даражада махфий садақа қилган киши». Бир киши холи ҳолда Аллоҳни эслаганида, кўзидан ёш оқса», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Бу ҳадиснинг шарҳи 384 рақамли ҳадисда келган.

460 - وَعَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «سَبْعَةٌ يُظِلُّهُمُ اللهُ فِي ظِلِّهِ يَوْمَ لَا ظِلَّ إلَّا ظِلُّهُ: إِمَامٌ عَادِلٌ، وَشَابٌّ نَشَأَ فِي عِبَادَةِ اللهِ تَعَالَى، وَرَجُلٌ قَلْبُهُ مُعَلَّقٌ بِالْمَسَاجِدِ، وَرَجُلَانِ تَحَابَّا فِي اللهِ؛ اجْتَمَعَا عَلَيْهِ، وَتَفَرَّقَا عَلَيهِ، وَرَجُلٌ دَعَتْهُ امْرَأَةٌ ذَاتُ مَنْصِبٍ وَجَمَالٍ فَقَالَ: إِنِّي أَخَافُ اللهَ، وَرَجُلٌ تَصَدَّقَ بِصَدَقَةٍ فَأَخْفَاهَا حَتَّى لَا تَعْلَمَ شِمَالُهُ مَا تُنْفِقُ يَمِينُهُ، ورَجُلٌ ذَكَرَ اللهَ خَالِياً فَفَاضَتْ عَيْنَاهُ» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 1423، م 1031 وسبق برقم 384].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

461. Абдуллоҳ ибн Шаххир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борсам, у зот намоз ўқиётган эканлар. Йиғи сабабли ичларидан худди қозон қайнагандаги вишиллаш каби виш-виш товуши чиқар эди».

Саҳиҳ ҳадис бўлиб, Абу Довуд ривоят қилганлар. Термизий «Шамоил»да саҳиҳ иснод билан ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бошқа ҳадисда қуйидагича келади:

Мутаррифдан у эса, отасида ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоз ўқиётганларини кўрдим. Кўксиларидаги йиғидан тегирмоннинг ёки қозоннинг овозига ўхшаш овоз чиқиб турар эди».

Иккисини «Сунан» эгалари ривоят қилишган.

 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи намозхон бўлиб, намоз ўқишни бошқаларга таълим берганлар. Намоз нималигини ҳаммадан яхши англаб етганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, хушуъ ва хузуъини жойига қўйиб ўқиганлар.

Бу ривоятдан кўриниб турибдики, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, хавф олиб, йиғи тутар ва кўксиларидан тегирмон ёки қозоннинг қайнашига ўхшаш овоз эшитилиб турар экан.

461 - وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ الشِّخِّيرِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَتَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ وَهُوَ يُصَلِّي، وَلِجَوْفِهِ أَزِيزٌ كَأَزِيزِ الْمِرْجَلِ مِنَ البُكَاءِ. حَدِيثٌ صَحِيحٌ رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرمِذِيُّ فِي «الشَّمَائِلِ» بِإِسْنَادٍ صَحِيحٍ [د 904 شما 322].


Улашиш
|
|
Нусха олиш
462. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Убай ибн Каъбга: «Аллоҳ мени сенга «Лам якуниллазиина кафаруу»ни ўқиб беришга буюрди», дедилар. У: «Сизга исмимни айтдими?» деди. «Ҳа», дедилар. Убай йиғлаб юборди».

Муттафақун алайҳ.

Бошқа ривоятда: «Шунда Убай йиғлаб юборди», дейилган.

Шарҳ: Саҳобанинг тўлиқ исми Абу Туфайл (Абу Мунзир) Убай ибн Каъб ибн Қайс ибн Убайд ибн Зайд ибн Муовия ибн Амр ибн Молик ибн Нажжор Ансорий Хазражийдир. У зот Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳузурларидаги ваҳий ёзувчи котибларидан бири бўлган.

Манбаларда айтилишича, Убай ибн Каъб ваҳийни ёзишдан олдин ҳам, кейин ҳам Пайғамбаримизга алайҳиссалом ўқиб берар, у зот тинглаб, агар хато бўлмаса, ёзишга рухсат берардилар, дейилади.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Убай ибн Каъбни “Мусулмонлар саййиди” деб номлаган. Ушбу саҳоба икки Ақаба байъатида ҳам қатнашган, Бадр ва ундан кейинги барча ғазотларда иштирок этган.

Убай ибн Каъб ҳар саккиз кунда Қуръони каримни хатм қилиб турган ва оятларнинг нозик нуқталаригача яхши тушунган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Умматларим ичида уларга энг меҳрибонроғи Абу Бакр, Аллоҳнинг динида кучлироғи Умар, ҳаё қилишда комилроғи Усмон, ҳукм чиқаришда пешқадамроғи Али ва энг кўп тиловат қилувчироғи Убай ибн Каъбдир” .

Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Убайдан: “Сен қайси оятни тиловат қилишни кўпроқ яхши кўрасан?” деб, сўраганларида, “Лаа илаҳа иллаллоҳ”ни, деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мамнун бўлиб: “Эй Мунзирнинг отаси, сенга илм олишни Аллоҳ осон қилсин”, дея дуо қилдилар.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу қайси оят ва ҳадисдан нима ирода қилинганини бошқалардан кўра яхши тушунар эди. Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин бошқа саҳобалар Убай ибн Каъбдан  дин ишларида маслаҳат сўрар, у зот Қуръон ва суннатга асосланиб жавоб қайтарарди. Саҳоба розияллоҳу анҳу ҳижрий 22 йили, баъзи ривоятларда 30 йилда вафот этгани айтилган. Унинг вафоти Мадина аҳлини қаттиқ изтиробга солган. Каттаю кичик барча кишилар: “Мусулмонларнинг саййиди вафот этди”, дея афсус қилишган.


462 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ لأَبِيِّ بنِ كَعْبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: «إِنَّ اللهَ عَزَّ وَجَلَّ أَمْرَنِي أَنْ أَقْرَأَ عَلَيْكَ: لَمْ يَكُنِ الَّذِينَ كَفَرُوا» قَالَ: وَسَمَّاني؟! قَالَ: «نَعَمْ» فَبَكَى أُبَيٌّ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 3809، م 799/246].

وَفِي رِوَايَةٍ: فَجَعَلَ أُبَيٌّ يَبْكي.

 

 

Улашиш
|
|
Нусха олиш

463. Яна у кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳу Умарга: «Юр, Умму Айманникига борамиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни зиёрат қилганларидек, биз ҳам уни зиёрат қиламиз», деди. Уникига борган эдик, у (бизни кўриб) йиғлаб юборди. Улар унга: «Нега йиғлайсиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсалар яхши-ку?» дейишди. Шунда у: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсалар яхши эканини билмаганимдан эмас, балки осмондан ваҳий узилиб қолганига йиғлаяпман» деб, уларни тўлқинлантириб юборди. Иккови унга қўшилиб йиғлай бошлашди».

Имом Муслим ривояти.

Бу ҳадис ва унинг шарҳи 367-рақам остидаги «Яхши кишиларни зиёрат қилиш боби»да ҳам келган.

 

463 - وَعَنْهُ قَالَ: قَالَ أَبُو بَكْرٍ لِعُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا بَعْدَ وَفَاةِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: انْطَلِقْ بِنَا إِلَى أُمِّ أَيْمَنَ نَزُورُهَا كَمَا كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَزُورُهَا، فَلَمَّا انْتَهَيْنَا إِلَيْهَا بَكَتْ، فَقَالَا لَهَا: مَا يُبْكِيْكِ؟! أَمَا تَعْلَمِينَ أَنَّ مَا عِنْدَ اللهِ خَيْرٌ لِرَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ؟! قَالَتْ: إِنِّي لَا أَبْكِي أَنِّي لَا أَعْلَمُ أَنَّ مَا عِنْدَ اللهِ خَيرٌ لِرَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، وَلَكِنِّي أَبْكِي أَنَّ الوَحْيَ قَدِ انْقَطَعَ مِنَ السَّمَاءِ فَهَيَّجَتْهُمَا عَلَى البُكَاءِ، فَجَعَلَا يَبْكِيَانِ مَعَهَا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [2454].

وَقَدْ سَبَقَ فِي (بَابِ زِيَارَةِ أَهْلِ الخَيْرِ) [برقم 367].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

464. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дардлари зўрайиб кетган пайтда у зотга намоз ҳақида сўз очишди. Шунда: «Абу Бакрга буюринглар, одамларга намоз ўқиб берсин», дедилар.

Оиша: «Абу Бакр кўнгли бўш одам. Қироат қилса, йиғисини тута олмайди», деди. У зот яна: «Унга буюринглар, намоз ўқиб берсин!» дедилар.

 

464 - وَعَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: «لَمَّا اشْتَدَّ بِرَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ وَجَعُهُ قِيْلَ لَهُ فِي الصَّلَاةِ فَقَالَ: «مُرُوا أَبَا بَكْرٍ فَلْيُصَلِّ بِالنَّاسِ» فَقَالَتْ عَائِشَةُ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: إِنَّ أَبَا بَكْرٍ رَجُلٌ رَقِيقٌ، إِذَا قَرَأَ غَلَبَهُ البُكَاءُ»! فَقَالَ: «مُرُوهُ فَلْيُصَلِّ».


Улашиш
|
|
Нусха олиш

465. «Оишадан қилинган ривоятда:

«Абу Бакр ўрнингизга турса, йиғидан одамларга (қироатни) эшиттира олмайди», дейилган.

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Ҳадиснинг тўла шакли қуйидагичадир:

Мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бетобликларида: «Абу Бакрга буюринглар, одамларга намоз ўқиб берсин!» дедилар. «Абу Бакр ўрнингизга турса, йиғидан одамларга (қироатни) эшиттира олмайди. Умарга буюринг, намозни у ўқиб берсин», дедим. «Абу Бакрга буюринглар, одамларга намозни ўқиб берсин!» дедилар».

Оиша Ҳафсага: «У зотга: «Абу Бакр ўрнингизга турса, йиғидан одамларга (қироатни) эшиттира олмайди. Умарга буюринг, одамларга намоз ўқиб берсин», денг», деди. Ҳафса шундай қилди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Етар! Албатта сиз(аёл)лар, айнан сизлар Юсуфнинг соҳибалари(каби)сиз. Абу Бакрга буюринглар, одамларга намоз ўқиб берсин», дедилар.

Ҳафса Оишага: «Сендан ҳеч яхшилик кўрмадим-да!» деди».

(Имом Бухорий ривояти).

 

Ушбу ҳадисда ривоят қилинаётган ҳодисалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан олдинги беморликларида содир бўлган. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам касаллари оғирлашиб, ўзлари намозга ўтишга қодир бўлмай қолганларида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни ўринларига имомликка тайинлаганлар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу эса, кўнгли юмшоқ, намозда кўп йиғлайдиган киши эдилар. Буни яхши билган қизлари Оиша онамиз оталари ҳазрати Абу Бакрнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мақомларида туриб намозга ўтишлари  қандай бўларкан, деган мулоҳазага бориб, бу мулоҳазани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизнинг гапларини эшитмагандек, яна аввалги гапларини такрорлаганлар. Оиша онамиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам беморлик туфайли гапимни яхши эшитмадилар шекилли, деб ўйлаб, яна ўша гапни айтадилар. Шунда Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни Оиша онамизнинг ўзларига топшириб, сен Абу         Бакрга айт, одамларга намоз ўқиб берсин, дейдилар. Шу билан бирга, аёлларда шунга ўхшаш тасарруф олдиндан борлигини эслатиб, «Албатта, сиз (аёл)лар Юсуфнинг соҳибаларисиз», дейдилар.

Юсуф алайҳиссаломнинг қиссаларида аёлларнинг турли тасарруфлари ҳақида сўз юритилган. Жумладан, Миср Азизининг хотини ва унинг тасарруфлари баён қилинган. Чунки ўша аёл зоҳирда бир ишни қилиб, ботинда бошқа нарсани кўзлаган эди. У зоҳирда уйига аёлларни чақириб меҳмон қилади. Аммо аслида уларга Юсуф алайҳиссаломни кўрсатиб ҳайрон қолдирмоқчи бўлади.

Оиша онамиз ҳам бу мақомда, Абу Бакр юмшоқ кўнгил, демоқдалар, аммо аслида у имом бўлса, одамлар тарқаб кетмасмикан, деган гап бор эди.

465 - وَفِي رِوَايَةٍ عَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ: قُلْتُ: إِنَّ أَبَا بَكْرٍ إِذَا قَامَ مَقَامَكَ لَم يُسْمِعِ النَّاسَ مِنَ البُكَاءِ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 682، م 418].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

466. Иброҳим ибн Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абдурраҳмон ибн Авфга таом келтирилди. У рўзадор эди. Шунда: «Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу ўлдирилди. У мендан яхшироқ эди. Кафанлаш учун биргина бурдадан бошқа нарса топилмади. Боши ёпилса, оёқлари очилиб қолар, оёқлари ёпилса, боши очилиб қолар эди. Кейин бизга мол-дунё кенг қилинганча кенг қилинди [ёки дунё бизга берилганча берилди]. Энди биз ҳасанотларимиз (бу дунёдаёқ) бериб қўйилган бўлишидан қўрқувдамиз», деди. Сўнгра йиғлай бошлади, ҳатто таоми ҳам қолиб кетди».

Имом Бухорий ривояти.

Шарҳ: Воқеамиз қаҳрамони «Ислом элчиси» лақабини олган Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳудир.

У Макканинг, Қурайшнинг асл йигитларидан бўлиб, Исломга илк кирган пешқадамлардан эди. Унинг куняси Абу Абдуллоҳ, тўлиқ исми Мусъаб ибн Умайр ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ибн Абдуддор ибн Қусай ибн Килоб Қураший Абдарийдир. Бадр жангида қатнашгани учун Бадрий ҳам дейилади.

У Арқам ибн Абу Арқамнинг ҳовлисида Исломга кирди. Аммо буни қавми ва онасидан яширди. Онаси унинг мусулмон бўлганини билгач, уйга қамаб қўйди. Аммо Мусъаб ўз динидан воз кечмай, барча қийинчиликларга сабр қилди. Буни кўрган онаси уни уйидан чиқариб, оиладаги пулларни ишлатишдан уни  ман қилди.

Исломдан олдин у ўзининг ёқимли юзи, хушбичимлиги, гўзал муомаласи, қиммат либослари ва хушбўй атири билан барчадан ажралиб турарди. Ҳатто уни «Макка аҳлининг энг хушбўй йигити» дейишарди.

Исломга киргач, Маккада мусулмонларга тазйиқлар кучайганда у Ҳабашистонга кўчиб кетади. Кейинчалик Биринчи Ақаба байъатидан сўнг Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Мадинадаги мусулмонларга Исломни, Қуръонни таълим бериш учун юборадилар. Шу боис уни «Муқриъ» (Қуръон устози) ҳам дейилади. У сабабли Мадинадаги ансорларнинг улуғларидан бўлмиш Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу ҳамда Усайд ибн Хузайр розияллоҳу анҳулар Исломга киришади. Кейинги Ақаба байъатида Мусъаб розияллоҳу анҳу ансорлар билан бирга Маккага келади.

Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу Мадинага боргач, Ислом динини, Қуръонни ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ансорларга танитди, ўргатди. Бир йил ичида Мадина халқи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни соғиниб, кўзларида ёш билан кутадиган содиқ мўминларга айландилар. Буларнинг барчаси Аллоҳнинг фазли эди. Мусъаб розияллоҳу анҳунинг даъвати, таълимоти сабаб бўлди.

Воқеамиз қаҳрамони Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Бадр ва Уҳуд ғазотларида иштирок этди. Уҳудда мусулмонларнинг байроқдори бўлиб, байроқни олдинги сафда кўтариб борди. Жангда мушриклар билан байроқни кўтарган ҳолда уришди.

Мушриклардан Ибн Қамиъа деган кимса унинг байроқ ушлаб турган ўнг қўлига қилич уради. Қўл узилиб тушгач, дарҳол байроқни нариги қўлига олади. Бояги мушрик бу қўлга ҳам қилич зарбасини беради. Бу қўл ҳам узилгач, байроқни қўлни тепа қисмлари билан бағрига босиб олади. Кейин мушрик унинг кўксига найза ургач, буюк саҳобий шаҳид бўлиб ерга йиқилади. Ўшанда у тахминан 40 ёшда эди.

Уруш тугагач, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларида саҳобалар шаҳид бўлган мусулмонларни излаб топишга киришадилар. Мусъаб розияллоҳу анҳунинг жасади устига келганларида икки олам сарвари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак кўзларидан ёш тўкила бошлайди. Мусъаб розияллоҳу анҳу Маккада бой, моддий томондан бекаму кўст эди. Уҳуд куни эса уни кафанлашга ҳатто мато топилмади. Устидаги кийими унга кафанлик бўлди. У билан бошини ёпилса, оёғи очилиб қолар, оёғини ёпилса, боши очилиб қоларди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом дини қандай вафодор ва фидокор инсонларни етиштирганини кўриб, кўзларига ёш олдилар. Кейин ўша мато билан бошини ёпишга, оёғини эса изхир деган ўсимлик билан беркитишга амр қилдилар.

Ҳа, у барча бойлигини Аллоҳ ва Расулининг розилиги учун Маккада қолдириб келган эди. Мусъаб вафот этар экан, ўзидан ҳеч нарса қолдирмади.

 Бир куни Мусъаб розияллоҳу анҳу устига қўй терисидан ёпиниб олган ҳолида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам томонга юриб келаётганида, уни кўрган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ қалбини мунаввар қилган бу кишига қаранглар! Мен уни ота-онаси энг яхши таомлар ва энг покиза ичимликлар билан боқаётганини кўргандим. Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлган муҳаббати уни сизлар кўриб турган шу ҳолатда юришга ундади», дедилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд куни шаҳид этилган Мусъаб розияллоҳу анҳунинг ёнидан ўтаётганларида, Аллоҳ таолонинг ушбу оятини тиловат қилдилар:

«Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бордир. Бас, улардан баъзилари ажалини топди. Баъзилари эса, интизор бўлиб турибди. Улар бирор нарсани алмаштирмадилар» (Аҳзоб сураси, 23-оят)

Мусъаб розияллоҳу анҳунинг аёли Ҳамна бинт Жаҳш бўлиб, мўминларнинг онаси Зайнаб бинт Жаҳш розияллоҳу анҳонинг сингиллари эди. У аёл ҳам ҳадис ривоят қилган, саҳобия аёлардан эди.

Аллоҳ таоло Ислом учун жонини берган, фидокорлик кўрсатган Мусъаб розияллоҳу анҳудан ва барча саҳобалардан рози бўлсин!

 

Абдураҳмон ибн Авф:

Жаннатийлиги башорати берилган ўн саҳобийнинг бири, Ислом динига кирган энг биринчи саҳобийларнинг бири. Мадинада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик пайтларида фатво бера оладиган саҳобийларнинг бири  Абдураҳмон ибн Авф. Уларнинг исмлари олдин Абдуамр бўлган, исломга киргач Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдураҳмон деб номладилар. Шундан кейин бу кишини Абдураҳмон ибн Авф розиаллоҳу анҳу деб чақиришар  эди.

Абдураҳмон ибн Авф, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳумдан икки кун кейин исломни қабул  қилганлар. Аллоҳнинг йўлида илк саҳобалар сингари кўп азиятлар чекишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва асҳобларга Мадинага ҳижрат қилиш учун изн берилганда, Абдураҳмон Аллоҳ йўлида ватанини тарк этаётган муҳожирларнинг энг аввалги сафида бўлди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ислом жамиятининг қувватини ошириш учун муҳожир ва ансорларни биродарлаштириб, уни Саъд ибн Рабеъ ал-Ансорий билан тутинган ака-ука, деб эълон қилдилар.

Саъд янги биродари Абдураҳмон ибн Авфга «Эй ука, мен Мадинадаги энг бадавлат одамман, иккита катта боғим бор, иккита хотиним бор. Боғларимни бориб кўр, қайси бири сенга ёқса, ўшани олақол. Хоҳласанг икки хотинимдан сенга ёққанини талоқ қилай, иддаси чиққач, уйланиб оларсан», деди. Абдураҳмон ибн Авф ансорий биродарига миннатдорчилик билдириб, унга:

«Аллоҳ сенинг молингу бола чақангга барака берсин. Яхшиси, сен менга бозорни қаердалигини кўрсатиб қўй», дедилар.

Шундан кейин бозорда тижорат билан шуғулландилар. Ҳалол пок тижорат юрғизар эдилар. Оз фурсатда аёл маҳрига етадиган пул тўпладилар ва  уйландилар.

Бир куни Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ёнларидан ўтиб кетаётганларида хушбўй ҳид келди.

- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абдураҳмон, уйландингми?» дедилар.

- Уйландим, — деди у уялибгина.

- Аёлингга нима маҳр бердинг?

- Данакча келадиган тилло.

- Унда бир қўй сўйиб бўлса ҳам тўй қил, — дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Сўнг дуо қилиб – “Аллоҳ молингни баракали қилсин” -дедилар

Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу) айтадилар:

«Шу дуодан кейин дунё менга эргашиб юрадиган бўлди. Ҳатто бир тошни кўтарсам, тагидан, албатта, ё тилло, ё кумуш топардим».

 Уҳуд жангида мусулмонлар жуда оғир вазиятда қолишди, айрим кишилар қочиб кетган пайтларида ҳам у залворли тоғдай собит турди. Жангдан йигирмадан ортиқ жароҳат билан чиқди. Айрим яралари қўл сиғадиган даражада чуқур эди. Ана шундай исломнинг қуламас устунларидан бири эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни жанговар сафарга қўшин юборишлари учун, саҳобаларга «Аскарларни от-улов, қурол-яроғ ва озиқ-овқат билан таъминлаш учун садақа қилинглар» деганларида, биринчи бўлиб Абдураҳмон ибн Авф  «лаббай», деб жавоб берди.

У уйига бориб келдида:

- Ё Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам, менда тўрт минг динор бор эди, шунинг икки мингини олиб келдим, икки мингини бола чақамга қолдирдим дедилар.

Пайғамбаимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ сенинг берган молингга ҳам, бола-чақангга уйда қолдирган молингга ҳам барака берсин» дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотига отланганларида, озиқ-овқат кам, от-уловга, молга муҳтож бўлишганда, Аллоҳ учун инфоқ-эҳсон қилишга, ажрини Аллоҳдан умид қилишга ундадилар. Ҳар доимгидек Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу биринчилар қаторида бўлди. У  (салкам 7,5 кг) тилло олиб келди. Буни кўрган Умар ибн Хаттоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Менимча, Абдураҳмон савоб оламан деб гуноҳ орттириб оляптида. Уйига бола-чақасига ҳеч нарса қолдирмади», дедилар.

  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Абдураҳмон, бола-чақангга бирон нарса қолдирдингми?» дегандилар, у: «Ҳа, қолдирдим ё Расулуллоҳ! Берганимдан кўра кўпроқ ва берганимдан кўра яхшироқ нарсани қолдирдим», деди. У Зот: «Нимани?» дегандилар, у: «Аллоҳ ва Расули ваъда қилган ризқ, яхшилик ва ажрни», деб айтди.

Табук  ғазотида Аллоҳ таоло Абдураҳмон ибн Авфга ҳеч қайси мусулмонларга насиб этмаган шарафни берди. Намоз вақти кириб қолган эди, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадеганда келавермадилар. Абдураҳмон ибн Авф қавмга имом бўлиб намозни бошлади. Ҳали биринчи ракат охирига етмай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, иқтидо қилиб, намозни адо этдилар.

Барча башарият оламининг пайғамбари, пайғамбарларнинг имоми Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга  имом бўлишдек мақомга етишдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дунёдан риҳлат қилганларидан кейин у зотнинг аҳли аёлларига хизматда бўлдилар. Улар сафарга чиқишса сафарга чиқар, ҳаж қилишса улар билан бирга ҳаж қилар эдилар.

Бир куни Абдураҳмон ибн Авф ўзига тегишли ерни қирқ минг динорга сотиб, Пайғамбар ҳазратларининг аёлларига тақсимлаб берди. Оиша розиаллоҳу анҳога ҳам бу улушдан олиб боришганда у киши шундай деган эканлар:

Аллоҳниннг расули «Мендан кейин сизларга фақат сабр-бардошли кишиларгина меҳрибончилик қилади», деган эдилар, Абдураҳмон ибн Авф сабрли ва меҳрибондир.

Абдураҳмон ибн Авф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари уни молдор бадавлат кишига айлантирди. Тижоратлари жуда юришиб кетди. Мадинага инсонларни нима эҳтиёжи бўлса ҳаммасини карвонлари билан  етказиб турар эдилар.

Бир куни Абдураҳмон ибн Авфнинг етти юз туядан иборат карвони мадинага кириб келади. Ҳамма ерларда туяларнинг оғир овозлари, карвоннинг шовқини босиб кетди.

Буни эшитган Оиша розиаллоҳу анҳо «Бу қандай шовқин?» деб сўради. Уларга:

«Абдураҳмон ибн Авфнинг етти юзта туядан иборат карвони келяпти», дейишди.

Шунда Оиша онамиз:

- «Аллоҳнинг расулидан шуни эшитганман,- «Абдураҳмон саҳобаларим ичида жаннатга эмаклаб киради»  деган эдилар».

Бу сўз тезда тарқалиб, Абдураҳмон ибн Авфга ҳам етиб келди. У киши Оиша розияллоҳу анҳонинг олдларига келиб:

-Эй она, мени шундай деганларини эшитганмисиз?

-Ҳа эшитганман, дедилар.

- «Мени жаннатга эмаклаб қолишимнинг сабаби мол давлатим бўлса керак, гувоҳ бўлинг, етти юз туяни устидаги моллари билан мусулмонларга садақа қилдим», дедилар.

Оиша онамиз:

«Аллоҳ унинг дунёсига барака берди, лекин охиратда беражак савоби улуғроқдир», деб айтдилар.

Бу киши жуда сахий бўлиб, қийналганларга ёрдам кўрсатар, янги уйланганларга кўмак берар эдилар.

Ундан кейин ҳам қирқ минг дирҳам кумуш, кетидан муҳтожларга қирқ минг динор тилло бериб тарқатганлар. Абдураҳмон ибн Авфнинг дуёдан кетиш чоғларида қўлларидаги мамлук қулларни озод қилганлар.

Мўминларнинг оналарига ҳам кўп мол васият қилганлар. Оиша онамиз у кишини эслаб: «Аллоҳ уни Салсабийл (жаннатдаги булоқнинг номи) сувидан сероб қилсин», деб дуо қиларди.

Бундан ташқари меросхўрларига ҳам жуда катта давлат қолган. Бутун мероснинг саккиздан бири тўртта хотинига тақсимланганида, уларнинг ҳар бирига саксон минг динордан тегди. Тиллоларни болта билан парчалаган тақсимловчиларнинг қўллари қавариб кетган экан.

 Буларнинг ҳаммаси Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари баракотидир.

Аммо дунё бойликлари у зотни ўзига мафтун этолмаган. Одамлар уйларига киришганда Абдураҳмон ибн Авфни қуллардан ажрата олишмаган. Қўл остидагиларга ҳам ўзи егандан ва ўзи кийганидан берар эди.

Абдураҳмон ибн Авфга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!

У киши оламдан ўтганларида жаноза намозини икки нур соҳиби Усмон ибн Аффон ўқиди. Бу сафда қайғу ичида турган Али ибн Абу Толиб:

- «Сен бу умматнинг улуғларидан бири эдинг, Аллоҳ сени раҳматига олсин», дея дуо қилганлар.

466 - وَعَنْ إِبْرَاهِيمَ بْنِ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَوفٍ: أَنَّ عَبْدَ الرَّحْمَنِ بْنَ عَوْفٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أُتِيَ بِطَعَامٍ وَكَانَ صَائِماً، فَقَالَ: قُتِلَ مُصْعَبُ بنُ عُمَيرٍ رَضِيَ اللهِ عَنْهُ، وَهُوَ خَيْرٌ مِنِّي، فَلَمْ يُوجَدْ لَهُ مَا يُكَفَّنُ فِيْهِ إِلَّا بُرْدَةٌ؛ إِنْ غُطِّيَ بِهَا رَأْسُهُ بَدَتْ رِجْلَاهُ، وَإِنْ غُطِّيَ رِجْلَاهُ بَدَا رَأْسُهُ، ثُمَّ بُسِطَ لَنَا مِنَ الدُّنْيَا مَا بُسِطَ - أَوْ قَالَ: أُعْطِينَا مِنَ الدُّنْيَا مَا أُعْطِينَا - قَدْ خَشِينَا أَنْ تَكُونَ حَسَنَاتُنَا عُجِّلَتْ لَنَا. ثُمَّ جَعَلَ يَبْكِي حَتَّى تَرَكَ الطَّعَامَ. رَوَاهُ البُخَارِيُّ [1275].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

467. Абу Умома Судай ибн Ажлон ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ таолога икки томчи ва икки қадам изидан маҳбуброқ нарса йўқдир. Улар: Аллоҳдан қўрқиб тўкилган ёш томчиси ва Аллоҳ таоло йўлида тўкилган қон томчиси. Икки қадам изи: Аллоҳ йўлида босилган қадам изи ва Аллоҳ фарзларидан бир фарзни адо этиш учун босилган қадам изи», дедилар.

Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан ҳадис, дедилар.

 Бу бобга тааллуқли ҳадислар кўпдир. Улардан:

467 - وَعَنْ أَبِي أُمَامَةَ صُدَيِّ بْنِ عَجْلَانَ البَاهِليِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَيْسَ شَيءٌ أَحَبَّ إِلَى اللهِ تَعَالَى مِنْ قَطْرَتَينِ وَأَثَرَيْنِ: قَطْرَةُ دُمُوعٍ مِنْ خَشيَةِ اللهِ، وَقَطْرَةُ دَمٍ تُهْرَاقُ فِي سَبِيلِ اللهِ، وَأَمَّا الأَثَرَانِ: فَأَثَرٌ فِي سَبِيلِ اللهِ تَعَـالَى، وَأَثَرٌ فِي فَرِيضَةٍ مِنْ فَرَائِضِ اللهِ تَعَالَى». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [ت 1669].

وَفِي البَابِ أَحَادِيثُ كَثِيرةٌ، مِنْهَا:


Улашиш
|
|
Нусха олиш
468. Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисдир:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ваъз қилдилар, бундан (таъсирланиб) қалблар титроққа тушди ва кўзлардан ёш тўкилди...».

Ушбу ҳадис «Бидъат боб»ида ўтди. 


468 - حَدِيثُ العِرْبَاضِ بْنِ سَارِيَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: وَعَظَنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ مَوْعِظَةً وَجِلَتْ مِنْهَا القُلُوبُ، وَذَرَفَتْ مِنْهَا الْعُيُونُ. [د 4607، ت 2676].

وَقَدْ سَبَقَ فِي «بَابِ البِدَعِ» [برقم 164].


Улашиш
|
|
Нусха олиш