465-ҳадис

465. «Оишадан қилинган ривоятда:

«Абу Бакр ўрнингизга турса, йиғидан одамларга (қироатни) эшиттира олмайди», дейилган.

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Ҳадиснинг тўла шакли қуйидагичадир:

Мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бетобликларида: «Абу Бакрга буюринглар, одамларга намоз ўқиб берсин!» дедилар. «Абу Бакр ўрнингизга турса, йиғидан одамларга (қироатни) эшиттира олмайди. Умарга буюринг, намозни у ўқиб берсин», дедим. «Абу Бакрга буюринглар, одамларга намозни ўқиб берсин!» дедилар».

Оиша Ҳафсага: «У зотга: «Абу Бакр ўрнингизга турса, йиғидан одамларга (қироатни) эшиттира олмайди. Умарга буюринг, одамларга намоз ўқиб берсин», денг», деди. Ҳафса шундай қилди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Етар! Албатта сиз(аёл)лар, айнан сизлар Юсуфнинг соҳибалари(каби)сиз. Абу Бакрга буюринглар, одамларга намоз ўқиб берсин», дедилар.

Ҳафса Оишага: «Сендан ҳеч яхшилик кўрмадим-да!» деди».

(Имом Бухорий ривояти).

 

Ушбу ҳадисда ривоят қилинаётган ҳодисалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан олдинги беморликларида содир бўлган. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам касаллари оғирлашиб, ўзлари намозга ўтишга қодир бўлмай қолганларида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни ўринларига имомликка тайинлаганлар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу эса, кўнгли юмшоқ, намозда кўп йиғлайдиган киши эдилар. Буни яхши билган қизлари Оиша онамиз оталари ҳазрати Абу Бакрнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мақомларида туриб намозга ўтишлари  қандай бўларкан, деган мулоҳазага бориб, бу мулоҳазани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизнинг гапларини эшитмагандек, яна аввалги гапларини такрорлаганлар. Оиша онамиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам беморлик туфайли гапимни яхши эшитмадилар шекилли, деб ўйлаб, яна ўша гапни айтадилар. Шунда Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни Оиша онамизнинг ўзларига топшириб, сен Абу         Бакрга айт, одамларга намоз ўқиб берсин, дейдилар. Шу билан бирга, аёлларда шунга ўхшаш тасарруф олдиндан борлигини эслатиб, «Албатта, сиз (аёл)лар Юсуфнинг соҳибаларисиз», дейдилар.

Юсуф алайҳиссаломнинг қиссаларида аёлларнинг турли тасарруфлари ҳақида сўз юритилган. Жумладан, Миср Азизининг хотини ва унинг тасарруфлари баён қилинган. Чунки ўша аёл зоҳирда бир ишни қилиб, ботинда бошқа нарсани кўзлаган эди. У зоҳирда уйига аёлларни чақириб меҳмон қилади. Аммо аслида уларга Юсуф алайҳиссаломни кўрсатиб ҳайрон қолдирмоқчи бўлади.

Оиша онамиз ҳам бу мақомда, Абу Бакр юмшоқ кўнгил, демоқдалар, аммо аслида у имом бўлса, одамлар тарқаб кетмасмикан, деган гап бор эди.

465 - وَفِي رِوَايَةٍ عَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ: قُلْتُ: إِنَّ أَبَا بَكْرٍ إِذَا قَامَ مَقَامَكَ لَم يُسْمِعِ النَّاسَ مِنَ البُكَاءِ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 682، م 418].


Улашиш
|
|
Нусха олиш