476. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бозорнинг олдидан ўтдилар. У зотнинг икки ёнларида одамлар бор эди. Шу пайт у зот қулоғи кесилган ўлик улоқчани кўриб қолдилар. Бориб, унинг қулоғидан тутиб, «Қай бирингиз мана шуни бир дирҳамга олади?» дедилар. «Текинга ҳам олмаймиз. Уни нима ҳам қиламиз?» дейишди. «Бунинг сизники бўлишини истайсизларми?» дедилар. «Йўқ! Аллоҳга қасамки, агар у тирик бўлганда ҳам айбли бўлар эди, чунки қулоғи кесик экан. Ўлик бўлгач, нима ҳам қилардик?» дейишди. Шунда у зот: «Аллоҳга қасамки, у сизлар учун қанчалик қадрсиз бўлса, Аллоҳ учун дунё бундан ҳам қадрсизроқдир», дедилар».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан Аллоҳ таолонинг наздида бу дунё қай даражада қадрсиз, қийматсиз нарса эканини билиб оламиз. Албатта, буни ҳар бир мўмин-мусулмон билиши, яхши тушуниб олиши керак.
Албатта, бу каби набавий тарбия саҳобаларнинг зоҳид зотлар бўлиб етишишларига катта таъсир кўрсатган. Шунинг учун ҳам улар бутун дунёни яхшилик ишларига тўлдирганлар.
Ҳар бир мўмин банда қалбнинг ҳис-туйғулар, хоҳиш-истаклар, рағбат ва қўрқувлар макони эканини яхши англаб етмоғи ва бутун вужудига сингдирмоғи зарурдир. Шу билан бирга, мўмин инсон қалбнинг бутун вужудни эгаллаб турган истакларни йўлга бошловчи эканини, сергакликка чорлаб турувчи қўрқув ва бошқа маънавий ҳолатларнинг ҳаракатларига сабаблигини ҳам яхши билиши лозим. Ана ўша қалб зоҳид бўладиган бўлса, бошқача қилиб айтганда, турли дунёвий рағбатлардан фориғ бўлиб, ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзига интилган бўлса, ундан доимо яхшиликлар чиқади.
Ана ўшандай зоҳид қалбдан чиқадиган ибодатлар, солиҳ амаллар бандани Аллоҳ таолога яқинлаштиради. Мазкур зоҳид қалб ила адо этиладиган амалларнинг сифати олий даражада бўлади. Чунки зоҳид қалб ила қилинган ибодатга дунёнинг муҳаббати тўсқинлик қилмайди. Чунки бундай қалбда Аллоҳ таолонинг муҳаббатидан бошқа муҳаббатга жой қолмаган бўлади. Шунинг учун зоҳид қалб билан қилинган ибодатнинг сони оз бўлса ҳам, савоби кўп бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларини зоҳидлик асосида тарбиялаш билан бирга, уларнинг қалблари дунёга роғиб қалб бўлмаслигига ҳам катта эътибор берганлар.
476 - وَعَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ مَرَّ بِالسُّوقِ وَالنَّاسُ كَنَفَتَيْهِ، فَمَرَّ بِجَدْيٍ أَسَكَّ مَيِّتٍ، فَتَنَاوَلَهُ، فَأَخَذَ بَأُذُنِهِ، ثُمَّ قَالَ: «أَيُّكُمْ يُحِبُّ أَنَّ هَذَا لَهُ بِدِرْهَمٍ؟» فَقَالُوا: مَا نُحِبُّ أَنَّهُ لَنَا بِشَيْءٍ، وَمَا نَصْنَعُ بِهِ؟! قَالَ: «تُحِبُّونَ أَنَّهُ لَكُمْ؟ قَالُوا: وَاللهِ؛ لَوْ كَانَ حَيّاً كَانَ عَيْباً، إِنَّهُ أَسَكُّ، فَكَيْفَ وَهُوَ مَيِّتٌ؟! فَقَالَ: «فَوَ اللهِ؛ لَلدُّنْيَا أَهْوَنُ عَلَى اللهِ مِنْ هَذَا عَلَيْكُمْ» رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2957].
قَولُهُ «كَنَفَتَيهِ» أَيْ: عَنْ جَانِبَيهِ، وَ«الأَسَكُّ»: الصَّغِيرُ الأُذُنِ.