479. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ўзингиздан қуйидагиларга қаранглар, ўзингиздан юқоридагиларга қараманглар! Бу Аллоҳнинг сизларга берган неъматларини оз санамаслигингиз учун фойдалидир»
Муттафақун алайҳ. Бу имом Муслим ривоятидаги лафз.
Аммо имом Бухорий ривоятида: «Қачон бирортангиз мол-дунё ва хилқатда ўзидан афзалроқ кишини кўрса, ўзидан пастроққа қарасин», дейилган.
Шарҳ: Чунки, аввалгини кўриб ўксиган бўлса, кейингини кўриб шукр қилади.
Динимиз бирон нарсадан қайтарса, ундан қандай қайтиш ҳақида ҳам керакли кўрсатмаларни берган. Масалан, ҳасад қилмаслик лозимлигини таъкидлангач, ундан қандай сақланиш, ҳасаднинг зарарларидан йироқ юриш борасида йўл-йўриқ кўрсатилган. Жумладан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги ҳадиси шарифларида бунга ишора қилинмоқда.
«Қачон бирортангиз мол-дунё ва хилқатда ўзидан афзалроқ кишини кўрса, ўзидан пастроққа қарасин».
Мол-дунё, деганда бойлик, тижорат, савдо-сотиқ, ҳисоб рақамидаги пуллар, ер-мулк, уй-жой, чорва ҳайвонлари тушунилади.
Тана тузилиши деганда кўз, қош, лаб, оёқ-қўлларнинг умумий кўриниши тушунилади.
Ушбу ҳадисда ҳасад иллатининг давоси нимада экани очиқ баён этилмоқда. Зеро, агар банда ўзидан устунроқ одамни кўрса, унда ҳасад пайдо бўлади. Бунинг давоси ўзидан пастдагиларга қарашдир. Шунда ўзидаги неъматларга шукр қилади.
Амр ибн Шуайб отасидан, отаси бобосидан марфуъ тарзда ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган:
«Кимда икки хислат бўлса, Аллоҳ уни шукрли ва сабрли банда сифатида ёзади: Ким дунёсида ўзидан пастдагиларга қараб, Аллоҳ у сабабидан афзал қилиб қўйган тасарруфидаги бор нарсаларга шукр қилса, ким динида ўзидан юқоридагиларга қараб, унга иқтидо қилса (эргашса, ана ўша сабрли-шукрли бандадир)” (Манба: Ибн Ҳажар, “Фатҳул борий”).
Демак, бир одам ўзидан бойроқ, фаровон ҳаёт эгасини кўриб қолса, унга ҳавас ёки ҳасад кўзи билан қарамайди, ўзининг ҳолидан нолимайди, балки иқтисодий жиҳатдан ўзидан анча пастроқ, камбағалроқ, қашшоқроқ одамлар ҳам борлигини ўйлайди, борига шукр қилади. Бу борада баландга қараган сари одамнинг боши айланади, кўзи тиниб кетади.
Бойлик, мол-дунё тўплашда нуқул тепага қараган одам ношукр бўлади, доим бировдан ортда қолишдан қўрқиб, хавотир ичида яшайди. Бундай одам ўзидан бойроқ кишини кўриб қолса, хаёли бузилади, икки қаватли уйга эга бўла туриб, уч қаватли қаср қургиси келиб қолади. Иккита машинаси бўлса, 3-4 та қилгиси келади. Орзу-ҳаваснинг охири йўқ. Инсон умри тугаши мумкин, лекин ҳойи ҳаваслар сира тугамайди, дунё шаҳватларининг, ўткинчи лаззатларнинг чеки йўқ. Бирини қондирсангиз, ортидан бошқаси чиқиб келаверади, энг сўнгги русум деб машина олсангиз, эртага ундан янгиси чиқаверади. Хуллас, бу борада ўзидан пастдагиларга қараган, ўз ҳолидан шукр қилган, борига қаноат қилган инсонгина ўзи истаган хотиржамликка эриша олади, қалби безовталикдан йироқ бўлади.
Тана тузилиши ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Аллоҳ таоло бандаларини турлича шакл-шамойилда яратган: бирини оқ, бирини қора, кимнидир буғдойранг қилиб халқ этган. Кимнидир чиройли, кимнидир кўримсизроқ қилиб яратган. Бу – Аллоҳ таолонинг ҳикмати. Тана тузилишини ҳеч ким ўзгартиролмайди, кўз-қош, бурун, бош, қўл-оёқларнинг умумий кўринишини пардоз билан қисман ўзгартириш, чиройлироқ қилиш мумкиндир, бироқ Аллоҳ яратган асл хилқатни таг-туги билан ўзгартиришнинг имкони йўқ. Шундай экан, инсон ўзининг қиёфасидан рози бўлиши, шариат рухсат берган тарзда покликка, чиройли бўлишга ҳаракат қилиши керак. Шунингдек, ўзидан чиройлироқ, кўркамроқ одамларни кўрганда, ўзидан хунуқроқ, кўримсизроқ одамлар ҳам борлигини эслаб туриши лозим. Шунда Аллоҳнинг тақдирига рози бўлади, кўнгли таскин топади. Агар фақат тепага, чиройли одамларга қараб, ўзини камситилгандек ҳис этаверса, ҳаёти рисоладагидек ўтмайди, доим ғам-ғуссада юради. Етмаганига бировларга ҳасад қилиб гуноҳга ҳам ботади.
Эътибор берсангиз, ҳасадчи Аллоҳнинг тақдирига қарши чиқмоқчи бўлади, қазои қадардан нолийди, «Эй Аллоҳ, фалончига нега бу неъматни бердинг, уни бой қилиб қўйдинг, тан-жонини саломат қилдинг, илм-маърифат бердинг», деб Аллоҳга «арз» қилади. Қалбидан ҳасад иллати бор одамнинг дили сиқилади, кўнгли безовта бўлади. Чунки бировларнинг муваффақияти унинг оромини ўғирлайди, тинчини бузади. Қалбдаги ҳасадни чиқариб ташламагунча инсон комил мўмин бўлолмайди, тинч-хотиржам яшолмайди. Ҳасадни қалбдан чиқариш учун набавий кўрсатмаларга амал қилиш талаб этилади.
Имом Ҳоким – Абдуллоҳ ибн Шиххирдан – марфуъ тарзда ривоят қилган ҳадисда: «Бойларнинг олдига камроқ киринглар! Зеро, бу Аллоҳ сизларга (ато этган) неъматларни паст санамаслигингиз учун муносиброқдир», дейилган.
Ҳадисдан олинадиган хулосалар:
1. Инсон мол-дунёда, моддий неъматлар билан таъминланганлик жиҳатидан ўзидан пастдагиларга қараши кераклиги.
2. Ўзидан бойроқ, мансаби улуғроқ, чиройлироқ одамларга қараб, уларга ғайрлик қилиш дуруст эмаслиги.
3. Аллоҳнинг неъматларини кичик санаш номаъқул иш экани.
4. Одам ўзидан юқоридагиларга қараса, қалбида мол-дунёга, мансаб-мартаба ва дунёвий ашёларга ҳирс уйғониб, қўлидаги неъматларни паст санаши, ўз ҳолидан нолиши ва кимгадир ҳасад қилиши.
5. Агар ўзидан камбағалроқ одамларга ибрат билан назар солса, Аллоҳ унга берган неъматларни улуғ билиб, борига шукр қилади, Аллоҳга ҳамду санолар айтади, ҳолидан норози бўлмайди. Бу шокир бандаларнинг хусусиятидир.
Хуллас, ҳар бир инсон бошқа маънавий жиноятлардан халос бўлиш баробарида, ҳасад каби катта иллатдан ҳам қутулиши шарт. Ўшандагина хайр-барака кўпайишидан умид қилсак бўлади.
479 - وَعَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «انْظُرُوا إِلَى مَنْ هَوَ أَسفَلَ منْكُمْ، وَلَا تَنْظُرُوا إِلَى مَنْ هُوَ فَوقَكُمْ؛ فَهُوَ أَجْدَرُ أَلَّا تَزْدَرُوا نِعْمَةَ اللهِ عَلَيْكُمْ» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ، وَهَذَا لَفْظُ مُسْلِمٍ، وَفِي رِوَايَةِ البُخَارِيِّ: «إِذَا نَظَرَ أَحَدُكُمْ إِلَى مَنْ فُضِّلَ عَلَيهِ فِي الْمَالِ وَالخَلْقِ فَلْيَنْظُرْ إِلَى مَنْ هُوَ أَسْفَلُ مِنْهُ» [خ 6490، م 2963/9].