481. Яна у кишидан ривоят қилинади:
«Суффа аҳлидан етмиш нафарини кўрдим. Уларнинг ичида ридоли киши йўқ эди. Ё битта изори, ёки биргина кийими бўлиб, бўйинларига боғлаб олган бўлишарди. Баъзи кийим болдирнинг ярмига, баъзиси тўпиққача етадиган бўлар эди. Аврат кўриниб қолишини хоҳламай, кийимни қўл билан ушлаб олишарди».
Имом Бухорий ривояти.
Шарҳ: Асҳабус-суффа луғатда: Тепаси соябонли қилинган жой эгалари маъносини англатади.
Истилоҳда эса асҳобус-суффа деганда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари ёнидаги тепаси соябонли қилинган жойда тунаб қоладиган бирор бошпанаси ҳам, мол-мулки ҳам бўлмаган фақир саҳобалар тушунилган.
“Асҳабус-суффа” баъзи ривоятларда “Аҳли суффа” деб ҳам аталган. “Асҳабус-суффа” ва уларнинг яшаш тарзлари ҳақида жуда кўплаб ривоятлар келган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши: «Ундан ўзга илоҳи маъбуд йўқ. Аллоҳ ила қасамки, очликдан жигарим ила ерга қадалиб қолар эдим. Очликдан қорнимга тошни боғлаб олар эдим. Бир куни улар чиқадиган йўлга ўтирдим.
Бас, Абу Бакр ўтиб қолди. Мен ундан Аллоҳнинг Китобидаги бир оят ҳақида сўрадим. Фақатгина у мени тўйғазиб қолса ажаб эрмас, деб сўрадим. У буни қилмай, ўтиб кетди.
Сўнгра олдимдан Умар ўтиб қолди. Мен ундан Аллоҳнинг Китобидаги бир оят ҳақида сўрадим. Фақатгина у мени тўйғазиб қолса ажаб эрмас, деб сўрадим. У буни қилмай ўтиб кетди.
Сўнгра олдимдан Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтиб қолдилар. У зот мени кўрганларида табассум қилдилар. Менинг ичимда нима борлигини ҳам, юзимда нима борлигини ҳам билдилар. Кейин у зот:
«Эй Абу Ҳирр!» дедилар.
«Лаббай, эй Аллоҳнинг Расули!» дедим.
«Эргаш!» дедилар.
У зот юрдилар. Мен эргашдим. У зот ичкарига кирдилар. Изн сўрадилар. Менга изн бердилар. Мен кирдим. У зот бир қадаҳда сутни кўрдилар ва:
«Бу сут қаердан?» дедилар.
«Уни сизга фалончи киши ёки фалончи аёл ҳадя қилди», дейишди.
«Эй Абу Ҳирр!» дедилар.
«Лаббай, эй Аллоҳнинг Расули!» дедим.
«Аҳли суффанинг олдига бориб, уларни менга чақириб кел», дедилар.
Аҳли суффа Исломнинг меҳмонлари бўлиб, аҳлга ҳам, молга ҳам, бирор кишига ҳам эга эмасдилар. У зотга садақа келса, ўзлари ҳеч нарсага тегмай, уларга юборар эдилар. Қачон У зотга ҳадя келса, уларга ҳам юборар, ўзлари ҳам олар, уларни ўзларига шерик қилар эдилар.
Ҳалиги гап менга оғир ботиб, ичимда: «Бу сут аҳли суффага нима бўлар эди. Бу сутдан бирор ҳўплам ичишга мен ҳақли эдим. Ўшанда бир оз қувват топармидим. Улар келганларида менга амр қиладилар. Сутни уларга тутаман. Ўзимга етмай қолади», дедим.
Аммо Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилиш лозим эди. Бориб, уларни чақириб келдим. Улар келиб, изн сўрадилар. У зот уларга изн бердилар. Улар уйга жойлашдилар. У зот:
«Эй Абу Ҳирр!» дедилар.
Мен: «Лаббай, эй Аллоҳнинг Расули», дедим.
«Ол! Уни уларга бер», дедилар.
Қадаҳни олдим. Уни бир кишига берсам, у тўйгунича ичиб, қадаҳни менга қайтарар эди. Кейин бошқа одамга берар эдим. У ҳам тўйгунича ичиб, қадаҳни менга қайтарар эди. Қавмнинг ҳаммаси тўйиб бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдим. У зот қадаҳни олиб, қўлларига қўйдилар ва менга назар солиб, табассум қилдилар ва:
«Эй Абу Ҳирр!» дедилар.
«Лаббай, эй Аллоҳнинг Расули!» дедим.
«Мен билан сен қолдикми?» дедилар.
«Рост айтдингиз, эй Аллоҳнинг Расули», дедим.
«Утир! Ич!» дедилар.
Ўтириб, ичдим.
«Ич!» дедилар.
Ичдим. У зот «Ич!» дейишда давом этдилар. Охири:
«Сизни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, бошқа жой қолмади», дедим.
«Менга кўрсат-чи», дедилар.
У зотга қадаҳни бердим. Бас, Аллоҳга ҳамд айтдилар ва бисмиллаҳни айтиб, ортиб қолганни ичдилар».
(Имом Бухорий, Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган).
Бадриддин Айний “Умдатул Қорий шарҳу Саҳиҳил Бухорий” асарида шундай ёзган:
“Баъзилар “Асҳабус-суффа” деб номланиш сабаби ҳақида шундай дейишган: Бошпаналари йўқ ғариб кишилар масжид эшиги ёнида саф бўлиб туришар эди. Шу сабабли улар “Асҳабус-суффа” (сафланиб турувчилар) деб номланган”.
Имом Нававий “Шарҳу саҳиҳи Муслим” асарида қуйидагиларни ёзган: “Асҳабус-суффа Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларидан бошпана топган фақир кишилар бўлиб, улар масжид ёнидаги тепаси соябонли қилинган жойда тунаб қолишар эди”.
Имом Термизий “Сунану Термизий”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг: “Аҳли суффа Ислом аҳлининг меҳмонлари эдилар” деган қавлини ривоят қилган.
Имом Байҳақий Усмон ибн Ямон розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилган: “Мадинада муҳожирлар кўпайиб кетди. Уларнинг туришлари учун бирор ҳовли жой ҳам, бошпана ҳам йўқ эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни масжидга жойлаштирдилар ва “Асҳабус-суффа” деб атадилар. У зот улар билан бирга ўтирар ва уларга дўстона муносабатда бўлар эдилар”.
Муҳаммад Абдурраҳмон Муборакфурий «Туҳфатул Аҳвазий би шарҳи жомеит-Термизий» асарида қуйидагиларни ёзган: “Асҳабус-суффа етмиш нафар атрофидаги уй-жойи ҳам, мол-мулки ҳам, бола-чақаси ҳам бўлмаган фақир зоҳид саҳобалар бўлган. Уларнинг сони гоҳ камайиб гоҳ ортиб турган. Улар асосан ўзларига садақа қилинган нарсалар билан кун кечиришган”.
Муновий «Файзул Қодийр шарҳу Жомеис-соғир»да қуйидагиларни ёзган: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга намоз ўқиб берганларида очликдан намозда тик тура олмай қоладиган кишилар ҳам бўларди. Улар «Асҳабус-суффа» эдилар. Ҳаттоки араблар: “Анавилар мажнунлардир”, дейишарди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб бўлганларидан сўнг уларга юзланиб шундай деган эдилар: “Агар Аллоҳ ҳузурида сизларга қандай яхши нарсалар борлигини билганларингизда, албатта янада фақир ва эҳтиёжманд бўлишни яхши кўрган бўлар эдиларингиз”.
481 - وَعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: لَقَدْ رَأَيْتُ سَبْعِينَ مِنْ أَهْلِ الصُّفَّةِ، مَا مِنْهُمْ رَجُلٌ عَلَيهِ رِدَاءٌ، إِمَّا إِزَارٌ، وَإِمَّا كِسَاءٌ، قَدْ رَبَطُوا فِي أَعْنَاقِهِمْ، فَمِنْهَا مَا يبْلُغُ نِصْفَ السَّاقَيْنِ، وَمِنْهَا مَا يَبْلُغُ الكَعْبَينِ، فَيَجْمَعُهُ بِيَدِهِ كَرَاهِيَةَ أَنْ تُرَى عَوْرتُهُ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ [442].