495. Абдуллоҳ ибн Шиххир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келсам, «Алҳаакумут-такаасур» сурасини ўқиётган эканлар. У зот: «Одамзот «Молим, молим», дейди. Эй одамзот, мол-мулкингдан еб тугатганинг ёки кийиб адо қилганинг ёки садақа қилиб (охиратга) захира қилганинггина сеники, холос», дедилар».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Одам боласи қанча кўп мол тўпламасин унга ҳақиқий фойда берадиган мол жуда ҳам оз бўлади. Унга тўплаган молидан уч нарсадагина фойда бўлиши мумкин.
1. Одам боласи ўзи егани.
2. Одам боласи ўзи кийгани.
3. Одам боласи ўзи хайри садақа қилгани.
Албатта, биринчи иккиси ҳақида ҳам охиратда сўроқ савол бўлади. Буни ҳам унутмаслик керак.
Бошқа молу мулк ўзини тўплаган шахсга ҳеч ҳам вафо қилмайди. Балки беҳуда кетган бўлади. Ёки у ўлганидан кейин бошқа шахсларга қолган бўлади.
Бас, шундоқ экан молу дунёга қул бўлиб яшашнинг нима кераги бор?! Унинг ўрнига молу мулкни ўзига қул қилиб уни Аллоҳ таоло.нинг рози қиладиган йўлда сарфлаб ўтган яхши эмасми?!
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Кимингизга меросхўрининг моли унинг ўзининг молидан кўра маҳбуброқ?» дедилар.
«Э-и, ҳар биримизга ўзининг моли меросхўрининг молидан кўра маҳбубдир», дейишди. «Албатта, унинг моли тақдим қилганидир. Меросхўрининг моли тўплаб қўйганидир», дедилар». (Имом Бухорий ривояти).
Бас, шундоқ бўлгандан кейин банда ўзига Аллоҳ таоло. томонидан берилган молни Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида тақдим қилгани маъқул эмасми?!
Банда молу дунёни ҳалол пок йўл билан топса уни ҳақ билан олган бўлади. Банда молу дунёни Аллоҳ таолонинг рози қиладиган йўлда сарфласа, уни ҳақ билан қўйган бўлади. Шунда молу дунё бандага яхши ёрдамчи бўлади. «Ким уни ноҳақлик ила олса, худди еб тўмайдиганга ўхшайдир». Банда молу дунёни ҳаром йўл билан олса худди еб тўймайдиган очкўз ҳайвонга ўхшаб қолади. Худди ўша ҳайвон қорни шишиб ҳалок бўлганидек ҳаром мол топадиган ҳам ўзи билмаган ҳолда ҳалок бўлади.
495 - وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ الشِّخِّيرِ - بِكَسْرِ الشِّينِ وَالخَاءِ الْمُشَدَّدَةِ الْمُعْجَمَتَينِ - رَضِيَ الله عَنْهُ، أَنَّهُ قَالَ: أَتَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ وهُوَ يَقْرَأُ: {أَلهَاكُمُ التَّكَاثُرُ} قَالَ: «يَقُولُ ابْنُ آدَمَ: مَالِي، مَالِي، وَهَلْ لَكَ يَا ابْنَ آدَمَ مِنْ مَالِكَ إِلَّا مَا أَكَلْتَ فَأَفْنَيْتَ، أَوْ لَبِسْتَ فَأَبْلَيْتَ، أَوْ تَصَدَّقْتَ فَأَمْضيْتَ؟!» رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2958].