500. Ибн Аббос ва Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жаннатга боқдим, кўрдимки, у ер аҳлининг аксарияти камбағаллар экан. Ҳамда дўзахга боқдим, кўрдимки, у ер аҳлининг аксарияти аёллар экан», дедилар.
Муттафақун алайҳ.
Имом Бухорий ва Муслим иттифоқ қилиб ривоят қилганлари Ибн Аббосдан ривоят қилинган. Яна Бухорий Имрон ибн Ҳусойндан ҳам ривоят қилганлар.
Шарҳ: Имом Бухорийдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда нима сабабдан аёлларнинг кўпи дўзахга тутиши баён қилинган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қуёш тутилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан бирга намоз ўқидилар. Бақара сурасича узоқ қиём қилдилар. Кейин узоқ рукуъ қилдилар. Кейин рукуъдан туриб, узоқ қиём қилдилар. Бу биринчи қиёмдан қисқароқ бўлди. Кейин узоқ рукуъ қилдилар. Бу биринчи рукуъдан қисқароқ бўлди. Кейин рукуъдан туриб, яна узоқ қиём қилдилар. Бу биринчи қиёмдан қисқароқ бўлди. Кейин узоқ рукуъ қилдилар. Бу ҳам биринчи рукуъдан қисқароқ бўлди. Кейин туриб, сажда қилдилар. Сўнгра (намоздан) чиқдилар. Қуёш очилиб бўлган эди. Шунда у зот: «Қуёш ва ой Аллоҳнинг оятларидан (белгиларидан) иккисидир. Улар на бировнинг ўлими, на ҳаёти туфайли тутилади. Қачон шуни кўрсангиз, Аллоҳни зикр қилинглар», дедилар.
Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизни мана шу турган жойингизда бир нарсани ушлаганингизни, сўнгра чўчиб орқага тисарилганингизни кўрдик», дейишди. У зот: «Шубҳасиз, мен жаннатни кўрдим [ёки менга жаннат кўрсатилди]. Бир шингил (узум) ушладим. Агар уни олганимда, дунё тургунча ундан ер эдингиз. Дўзахни кўрдим. Бугунгидек манзарани асло кўрмаганман. Унинг аҳли аксар аёллар эканини кўрдим», дедилар. «Нима учун, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди. «Ношукрликлари учун», дедилар. «Аллоҳга куфр келтиришадими?» дейишди. «Эрларига ношукрлик қилишади. Яхшиликка ношукрлик қилишади. Бирортасига умр бўйи яхшилик қилсанг‑у, кейин сендан бирор (ёмон) нарса кўрса, «Сендан ҳеч яхшилик кўрганим йўқ», дейди», дедилар» (Имом Бухорий ривояти.).
Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг жаннатга эмаклаб кириши ҳақида баъзи ривоятларга дуч келинади.
Жумладан: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни Оиша розияллоҳу анҳо уйларидан Мадинадаги шовқинни эшитиб, “Бу қандай шовқин?” деб сўрадилар. Шунда: “Абдураҳмон ибн Авфнинг етти юзта туядан иборат карвони Шомдан юкларни олиб келяпти”, дейишди. Мадина шаҳри карвон овозидан ларзага келди. Шунда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Абдураҳмон ибн Авфни жаннатга эмаклаб кираётганини кўрдим”, деганларини эшитганман”, дедилар. Бу гап Абдураҳмон ибн Авфга етиб борди. У: “Қодир бўлсам тик турган ҳолда кираман”, деди-да, карвонни устидаги моллари билан Аллоҳ йўлида тарқатиб юборди”.
Ушбу ҳадисни Имом Аҳмад ва Имом Табароний ривоят қилган бўлиб, муҳаддис уламолар унинг тўқима ҳадис эканини айтганлар. Жумладан Имом Аҳмад “ушбу ривоят ёлғон ва мункардир. Унинг ровийларидан Аммора ибн Розон мункар ҳадисларни ривоят қилади”, деган. Имом Ибн Жавзий ва аллома Мулла Али Қори “тўқима ривоят”, дейишган (манба: Асрорул марфуа фил-ахбарил мавзуа).
Имом Баззор Абдуллоҳ ибн Шабийб санади ила мазкур ривоятга ўхшаш бошқа ҳадис ривоят қилган бўлса-да Имом Насоий, Имом Дорақутний ва бошқа муҳаддис уламолар уни ҳам заиф ва ҳужжатга яроқсиз эканини айтишган (манба: Мажмауз-завоид ва манбаул-фавоид).
Ибнул Имод Ҳанбалий бу борада бундай дейди:
“Абдурраҳмон ибн Авф бойлиги сабабли жаннатга эмаклаб киради деган ривоятларнинг асоси йўқ. Шундай зот жаннатга эмаклаб кирса, бойлиги сабабли жаннатга кириши кечикса, унда ким пешқадам ва тўғри юриб жаннатга киради?!” (Шазаротуз заҳаб).
500 - وَعَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ وَعِمْرَانَ بْنَ الحُصَيْنِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمْ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «اطَّلَعْتُ فِي الجَنَّةِ فَرَأَيْتُ أَكْثَرَ أَهْلِهَا الفُقَرَاءَ، وَاطَّلَعْتُ فِي النَّارِ فَرَأَيْتُ أَكْثَرَ أَهْلِهَا النِّسَاءَ» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ مِنْ رِوَايَةِ ابْنِ عَبَّاسٍ [خ 6449، م 2737].
وَرَوَاهُ البُخَارِيُّ أَيْضاً مِنْ رِوَايَةِ عِمْرَانَ بْنِ الحُصَينِ [3241].