«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этгунларича хонтахтада овқатланмадилар. У зот вафот этгунларича юмшоқ нон ҳам емадилар».
Имом Бухорий ривояти.
Имом Бухорийнинг бошқа ривоятида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам териси билан пиширилган қўйни кўзлари билан кўрганларини билмайман», деб айтилган.
Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунё аҳллари қиладиган ишлардан юз ўгириб зоҳидликнинг энг чиройли намунасини кўрсатдилар. Бу ишлари билан камбағал ва мискинларни ўкситмаслик эди. Лекин бундай қилиш одамларга вожиб эмас.
Бу каби кичик қўйни жунини юлиб, уни бутунича пишириш исрофгар ва ҳаддан ошувчиларнинг амали бўлгани учун Расулуллоҳ с.а.в. бу каби амаллардан йироқ бўлганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари учун ҳам, оилалари учун ҳам жуда содда ва камтарона ҳаёт тарзини ихтиёр қилганлар. У Зот дабдабали ҳаёт кечириш имкони йўқлигидан эмас, ноилож қолиб ҳам эмас, агар бутун дунё бор зийнатлари билан оёқлари остида турганида ҳам фақирона кун кўришни афзал билардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оддий кун кўрар, дунё ва унинг зийнатларидан ўзларини юқори тутар эдилар. Пайғамбаримиз билан бир ёстиққа бош қўйган оналаримиз эса ана шу бутун оғирликларни бўйнига олиб, ҳамма муслима аёлларга ўрнак бўлиб, ҳаёт кечирар эдилар. Улар ер юзидаги энг улуғ Зот билан бирга оила қуриб яшаётганларини жуда яхши билар эдилар. Уларнинг уйларида инсониятга қиёматгача икки дунё саодатини кўрсатиб берувчи илоҳий дастур–Қуръони Каримнинг оятлари нозил бўлиб турар эди. Оналаримиз бошқалардан молу дунё, айшу ишратдагина эмас, масъулиятни сезишда ва охиратни бу дунёдан устун қўйишда ҳам фарқ қилишлари лозим эди. Оятда Аллоҳ таоло оналаримизга ана шу маънода алоҳида хитоб этади: «Эй Набийнинг аёллари! Сизлар аёллардан бирортаси каби эмассиз». Яъни эй Набийнинг аёллари! Сизларнинг бошқа ҳамма аёллардан фарқланасиз, сизлар Пайғамбарнинг аёлларисиз, мўминларнинг оналарисиз, ҳамма мўминалар учун ўрнаксизлар, сизлар бу мақомга эришишларингиз учун Пайғамбарга жуфти ҳалол бўлганингизнинг ўзи етмайди, тақво ҳам қилишларингиз керак, деб амр этилди.
506 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: لَمْ يَأْكُلِ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ عَلَى خِوَانٍ حَتَّى مَاتَ، وَمَا أَكَلَ خُبْزاً مُرَقَّقاً حَتَّى مَاتَ. رَوَاهُ البُخَارِيُّ [6450].
وَفِي رِوَايَةٍ لَهُ: وَلَا رَأَى شَاةً سَمِيطاً بِعَيْنِهِ قَطُّ [5421].