511. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Оиша бизга бир қалин кийим билан изор олиб чиқиб: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу икковида қабзи руҳ қилинганлар», деди».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Барча соҳалардаги каби кийинишда ҳам мўътадиллик зарур. Одамларнинг кимўзарга камёб ва қимматбаҳо кийим кийиб, бу билан фахрланиши ҳам, бир жинснинг ўзга жинсга тақлид қилиши ҳам қораланади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эҳтимол, жулдур кийимли, тупроққа беланган бир кимсанинг дуоларини Аллоҳ ижобат этиб, уни аброрлардан қилар”, деганлар (Термизий ривояти).
Ёш йигит-қизларнинг кўча-кўйда одамлар нигоҳини ўзига қаратиб, қоматини кийимлар кўргазмасига айлантириб юриши айни ҳамоқатдир. Баъзи бекорчи ёшлар уйларида соатлаб вақтларини қиёфаларини янада жозибадорроқ қилишга, хушбичимли эканларига ўзларини ишонтиришга сарфлашади. Улар кийимларни жисмларига монанд қилишни айни камолот нишонаси, деб ҳисоблашади. Шу вақтларини илм олиш ёки ҳунар ўрганишга бағишлашса, ўзларига ҳам, жамиятга ҳам фойдалироқ бўлармиди?
Динимиз бу каби енгилтакликни қоралайди ва мусулмонларни бундан холи бўлишга ундайди...
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким дунёда шуҳрат либосини кийса, қиёмат куни Аллоҳ унга хорлик кийимини кийдиради ва унга ўт қўяди”, деганлар (Ибн Можа ривояти).
Кийиниш одобларидан хабарсиз, ўзига бино қўйган эр ёки аёл қимматбаҳо кийим нуқсонларимизни беркитади деб ўйлашади...
Қани эди шундай бўлса!
Жобир розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Али билан Фотиманинг розийллоҳу анҳумо тўйларида бўлдик, бундан яхши тўйни кўрмадик. Уларнинг тўшакларини хурмо толалари билан тўлдириб бердик ва майиз еб зиёфат қилдик. Фотиманинг ўша кунги тўшаклари қўй терисидан эди”.
Ортиқча нарсага қизиқмаслик ва зарурига қаноат қилиш хулқ камолотининг аломатларидандир. Кишининг ҳожатига яраша нарсага қаноат қилиши яхши ном чиқаришига, ҳаётда ортиқчаликка интилиши эса, руҳий безовталикка сабаб бўлади. Бундан динимиз эски-туски кийимлар кийишни, одамлар ёқтирмаган кўринишни маъқуллаб, жоҳил кимсалар каби йиртиқ-ямоқ кийим кийишга, жулдур либосда юришга чақирар экан-да, деган фикр келиб чиқмайди.
Бир киши Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳудан: “Қанақа кийим кияй?” деб сўради. У зот: “Жоҳиллар масхараламайдиган ва ҳокимлар айбламайдиганини”, деб жавоб қилди. “У қандай кийим, нархи қанча бўлиши керак?” деди у. “Беш дирҳам билан йигирма дирҳам ўртасида”, деди Ибн Умар (Табароний ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига бир киши келди. Кийими жуда эски эди. У зот: “Молинг борми?” деб сўрадилар. “Бор”, деди у. “Қандай мол?” деб сўрадилар ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссалом. “Менга Аллоҳ таоло турли моллардан ато қилган”, деди у. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар Аллоҳ сенга мол ато қилган бўлса, Унинг неъмати ва карамининг асари сенда кўриниб турсин”, деб марҳамат қилдилар (Насаий ривояти).
Яна бир ҳадисда: “Қайси бирингизнинг имконияти бўлса, жума кунига кундалик кийимидан бошқа кийим кийсин”, дейилади (Абу Довуд ривояти).
Динимиз мусулмонларга безанишни ва чиройли қиёфани маъқул куради. Лекин бунда ташини бўяб, ичини хароб қиладиган, қимматбаҳо вақтини ва молини жисмини бежаш учун сарфлайдиган одам билан эътиборини ўзлигини сақлаш, олижаноб хислатларини такомиллаштиришга қаратган ва меҳнат заҳматлари билан бирга ўзига ярашган кийим кийишни унутмаган киши ўртасида катта фарқ борлигини уқтиради. Камтарлик фақат қўл қовуштириш ё хароб кийиниш эмас, балки ҳаддан ошмаслик, қўпол булмаслик, манмансирамаслик, кучи етса ҳам кечиримли бўлиш, ўзига эътиборни қаратавермаслик, кўп гапирмасликдир.
Бугун инсон йилнинг ҳар фаслини кети узилмайдиган кийимлар оламидаги янгиликлар билан кутиб олади. Кийимларининг буниси ёзги, униси кузги, учинчиси қишга, тўртинчиси фақат баҳорга мўлжалланган. Буниси ҳам майли, куннинг турли пайтлари учун турли кийим танлайди. Бундай иллат узини билганлар учун ётдир.
Ислом аёлларга тилла, кумуш тақинчоқлар тақишга рухсат берган. Аммо тилла тақинчоқларга ҳирс қўйган ва кийиму безакларга қул бўлиб, муқаддас мақом ва бурчларини унутган аёлларнинг хатти-ҳаракатларини ёмон сифат деб қоралайди.
Аёллар учун тилла ва ипак ҳалол. Лекин уларнинг кўп вақт ва маблағни исроф қилиб, безаниш ва ўзгаларни йўлдан уришни асосий машғулотга айлантириб олишлари мақбул эмас.
Маълумки инсоннинг кийиб олган кийими унинг дунё қараши ва маънавиятини номоён қилиб турадиган воситадир. Инсоннинг кийиниши унинг ички-маънавий дунёсининг сиртда акс этишидир, дейишимиз мумкин. Қайси инсонда уят, ҳаё, ор-номус каби тушунчалар бўлса, ўша инсон ўз обрўсини сақлайдиган, бошқаларнинг нафратини қўзитмайдиган ҳолатда кийинади. Инсоннинг кийган кийими унинг ички оламига яни маънавияти ва хулқ атворига ҳам тасир қилади. Мисол учун аскарнинг кийимини кийган киши ҳудди аскарлардек қадам ташлаши ва ўзини тутишидаги ўзгаришларни келтиришимиз мумкин. Исломнинг инсонни мукаррам қилиш бўйича кўрган чоралари ичида либос масаласи ҳам бор. Бу масалада инсоннинг кийиниш маданиятига риоя қилиши ўзи учун обрў ва мартабалиги, гўзаллик ва зийнатлиги, жамиятнинг бошқа аъзоларини эса ҳурматлаш экани тушунтирилди.
Аллоҳ таоло “Аъроф” сурасида марҳамат қилади:
«Эй Одам болалари! Батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини туширдик. Тақво либоси – ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят(белги)ларидандир. Шоядки, эслатма олсалар» (26-оят).
Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган аломатлардан бири ҳам либосдир. Одамнинг аврати – айбини беркитиб туриши учун Аллоҳ таоло унга либос ато қилган. Либоснинг зарурияти киши авратини ўзгалардан пинҳон тутишидадир. Лекин Аллоҳ инсоннинг авратдан бошқа аъзоларини ҳам тўсиш эҳтиёжи борлигини инобатга олиб, либосни зийнат тарзида нозил қилди. Шу боис либосни ўз ўрнида, яъни шариатга мувофиқ кийган инсонгина зийнатли ҳисобланади. Аммо энг асосий либос, асл либос тақво либосидир. Юқорида айтганимиздек, Аллоҳ таоло кийим-бошни инсонга авратини тўссин, ўзини тузатсин, деб берган. Аммо бошқа соҳаларда ҳаддида турмаган одам бу ўринда ҳам турли бузуқликларга йўл қўйди. Баъзилари кийим-бошни фахр ва ғурур воситаси, иккинчилари уни ҳаётдаги асосий мақсад қилиб олди. Қадр-қийматни ҳам кийим-бош билан ўлчай бошлашди. Учинчилари кийимни тор ва юпқа кийиб, ундан кўзланган асосий мақсадни суиистеъмол қилишга киришди. Хусусан, тарбиясиз аёллар либосни айни авратни бўрттириб кўрсатиш учунгина кийдилар. Бу ҳол юксак инсоний шарафни ерга уради. Шунинг учун ҳам Ислом бу ишларда ўз таълимотларини жорий қилди.
Шайх Шаъбий айтади: «Аҳмоқлар устингдан кулмайдиган ва фақиҳлар (шариат билимдонлари) айбламайдиган кийимни кий».
Муҳаммад ибн Сирийн: «Шуҳрат олдин кийимни узун кийишда эди, сўнг уни янгилашга ўтди», деган.
Умар ибн Хаттоб: «Кийимнинг дағал ва эскирганини кийинглар», деганлар. Бу зот масжид минбарида хутба ўқиётганларида, устиларида еттита ямоқ солинган кўйлак бор эди.
511 - وَعَنْ أَبِي بُرْدَةَ وَأَبِي مُوسَى الأَشْعَريِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَخْرَجَتْ لَنَا عَائِشَةُ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا كِسَاءً وَإِزَاراً غَلِيظاً قَالَتْ: قُبِضَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فِي هَذَينِ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 5818، م 2080].