512. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Араблардан биринчи бўлиб Аллоҳ йўлида ўқ узган одам менман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга жанг қилар эдик. Ҳубланинг барги ва мана бу самурдан бошқа таомимиз йўқ эди.* Ҳаттоки худди қўйнинг қумалоғидек қотган ҳожат чиқарар эдик».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Ҳадиснинг давомида қуйидаги сўзлар бор:
«Энди Бану Асад мени динда айблаяптими?! Ундай бўлса, ноумид бўлибман, амалим зое кетибди-да?».
* Ҳубла – саҳрода ўсадиган дуккакли ўсимлик. Самур – барги кичкина, майда тиканли ўсимлик.
Саъд ибн Абу Вақоснинг тўлиқ исмлари Саъд ибн Молик ибн Уҳайб ибн Абдуманоф ибн Зуҳра ибн Килоб ибн Муррадир.
Саъд ибн Абу Ваққоснинг насаблари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари билан Килоб ибн Муррада бирлашади.
Саъд ибн Абу Ваққоснинг оталарининг исми Молик бўлган, Моликнинг куняси Абу Ваққос бўлган Саъд ибн Абу Ваққоснинг номларига оталарининг исми эмас, куняси қўшилиб айтиш одат бўлган.
Саъд ибн Абу Ваққос биринчи бўлиб Исломга кирганлар гуруҳидан ҳисобланадилар. Маълумки, ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг дастлабки даъвати самараси ўлароқ ўша пайтда Қурайшнинг ашрофларидан бўлган, кейинчалик саҳобаларнинг улуғларига айланган ва жаннатга киришларига башорат берилган ўн кишининг бешталари; Усмон ибн Аффон, Зубайр ибн ал-Аввом, Абдурроҳман ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос ва Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳумлар иймонга келдилар.
Шу билан бирга Саъд ибн Абу Ваққос ўзларини учинчи бўлиб Исломга келган шахс ҳисоблар юрар эдилар.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Исломга кирган кунимдан аввал биров Исломга кирмаган эди. Таъкидки, етти кунгача Исломнинг учдан бири бўлиб турдим». (Бухорий ривоят қилган).
Албатта, Саъд ибн Абу Ваққос ўзларига маълум гапни айтмоқдалар. Чунки ўша вақтда ҳамма нарса ўта махфий равишда тутилган. Ҳатто мусулмонлар ҳам бир-бирларини билмаганлар. Шунинг учун ҳам Саъд ибн Абу Ваққос Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида Исломга келган шахслардан бехабар бўлганлар. У кишини Абу Бакр розияллоҳу анҳу бошлаб олиб келганлар ва Исломга келганларидан кейин мен учинчи мусулмон бўлдим деб ўйлаганлар. Етти кундан кейин бошқа кишиларни ҳам Исломга кирганига гувоҳ бўлганлар.
Уламоларимиз бу ҳақидаги маълумотларнинг ҳаммасини диққат билан ўрганиб чиқиб, Саъд ибн Абу Ваққос еттинчи рақамли мусулмонлар деган хулосага келганлар.
Буларнинг ҳаммаси Саъд ибн Абу Ваққоснинг Исломга илк бор кирган улуғ зотлардан эканликларини кўрсатади ва у киши учун улуғ фазл манбаси ҳисобланади.
Тарихчиларимиз қилган ривоятларда Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг ўзлари Исломга қандоқ кирганларини қуйидагича васф қиладилар:
«Исломга киришимдан уч кун илгари тушимда ўзимни қатма-қат зулматларнинг ичида қолганимни, унинг тўфони ичида типирчилаб турганимда бирдан менга ой нур сочиб қолди. Мен у томон юрдим. Ўз олдимда у ойга мендан олдин борганларни кўрдим. Зайд ибн Ҳориса, Али ибн Абу Толиб ва Абу Бакр Сиддиқларни кўрдим. Уларга:
«Бу ерга қачон келдингиз?» дедим. «Бу соатда», дедилар. Эрта билан менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яширин равишда Исломга даъват қилаётганлари хабари етди. Шунда Аллоҳ менга яхшиликни ирода қилганини, мени зулматлардан нурга чиқаришни ирода қилганини билдим. Бас, у зот томон шошилиб бордим. Жиёд дарасида учратдим. Намоз ўқиб турган эканлар. Мусулмон бўлдим. Тушимда кўрганларимдан бошқа менинг олдимга туша олмаган.
Онам Исломга кирганимни эшитиши билан тўполон қилишни бошлади. Мен унга яхшилик қиладиган ва муҳбуб йигит эдим. У менинг олдимга келиб: «Эй Саъд! Сен қандоқ динга кирдинг ўзи! У сени ота-онангнинг динидан чалғитибди!? Аллоҳга қасамки, ёки янги динингни тарк қиласан, ёки ўлгунимча еб ичмайман! Менга маҳзун бўлганингдан юрагинг парчаланиб кетади! Қилган ишингдан надомат қилиб ўлиб кетасан! Одамлар сени абадий айблашиб юрадилар!» деди.
«Эй она, ундоқ қилманг. Мен барибир ўз динимдан қайтмайман» дедим.
Ҳа, бошқа барча янги мусулмонлар каби Саъд ибн Абу Ваққос ўз Исломларини эълон қилишлари билан дин йўлида синовга дучор бўлдилар.
Саъд ибн Абу Ваққос: «Албатта, араблардан Аллоҳнинг йўлида биринчи ўқ отган одам менман!» дедилар.
Бу тарихий ҳодиса қуйидагича содир бўлган эди. Биринчи ҳижрий санада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Убайда ибн ал-Ҳорис ибн Абдулмуттолиб бошлиқ сарийяни Робиғ тарафга юбордилар. Улар биринчи сарийя ҳисобланар эдилар. Сарийя Қурайшнинг карвони билан йўлиқиши керак эди. Мушрикларга Абу Суфён бошлиқ эди. Мусулмонларнинг сарийяси олтмишта муҳожир саҳобалардан иборат эди. Мусулмонларнинг бу биринчи чиқишларида, биринчи байроқ ҳам тикилган эди. Биринчи байроқдорликка Саъд ибн Абу Ваққос ихтиёр қилинган эдилар. Икки тараф тўқнашди. Мушриклар билан мусулмонлар орасида биринчи қуролли тўқнашув содир бўлди. Ана шунда Саъд ибн Абу Ваққос биринчи бўлиб камондан ўқ отдилар.
Албатта, бу ишларнинг ҳаммасига муяссар бўлган зот Саъд ибн Абу Ваққос катта бахт-саодат ва фазлга эга бўлганлар. Бунчалик нарсалар ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.
Учинчи сарийяни Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳу раҳбарликларида Ҳижознинг ал-Хироз номли ерига юборилган.
Демак, Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳу энг аввалги мусулмон қўмондонлардан ҳам ҳисобланадилар.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломга: «Эй Аллоҳнинг Расули, дуо қилинг, Аллоҳ мени дуоси қабул бўладиганлардан қилсин», дедилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Эй Саъд, таомингни ҳалол қил, дуоси қабул бўладиган бўласан. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зот билан қасамки, бир одам ҳаром луқмани қорнига ташласа, Аллоҳ унинг дуосини қирқ кунгача қабул қилмайди. Қайси банданинг гўшти ҳаромдан ва рибодан ўсса, унга дўзах муносибдир», дедилар.
Сўнгра эса қуйидаги ривоятда келадиган дуони қилидлар.
Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Аллоҳим, Саъд Сенга қачон жуо қилса, қабуд айлагин!» дедилар». (Термизий ривоят қилган).
Албатта, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларини ижобатсиз қўймайди. Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққос ҳақларидаги бу дуоарини ҳам қабул қилди. Саъд ибн Абу Ваққоснинг қиличлари, найзалари ва ўқлари каби дуолари ҳам ўткир бўлди. У киши қачон дуо қилсалар Аллоҳ таоло дуоларини қабул қиладиган бўлди.
Бу ҳақда келан кўплаб ривоятлардан бирини келтириш билан кифояланамиз.
Омир ибн Саъддани қуйидагилар ривоят қилинади: «Саъд Али, Толҳа ва Зубайрни сўқаётган бир одамни кўрди ва уни бу ишдан қайтарди. У қайтмади. Шунда у: «Ундоқ бўлса сени дуои бад қиламан!» деди.
«Сен мени худди ўзингни набийдек тутиб таҳдид қиласана! деди ҳалиги киши.
Саъд бориб таҳорат қилди. Икки ракъат намоз ўқиди ва: «Эй Аллоҳим! Агар манашу одамнинг Сен томондан яхшилик ироданг кетган кишиларни сўкканини билагн бўлсанг, уларни сўккани Сенинг ғазабингни қўзиган бўлса, уни бир белги ва ибрат қилгин!» деб дуо қилди.
Озгина вақт ўтмай туриб ҳовлилардан биридан бир туя қочиб чиқди. Уни ҳеч нарса тўса олмади. У одамлар тўпини ёриб кирди. У бир нарсани қидираётганга ўхшар эди. Сўнгра ҳалиги одамни оқлари остига олиб тепсай бошлади. Уни ўлганича тепалади».
Бу ривоятдан кўплаб ибратлар оламиз. Жумладан, Саъд ибн Абу Ваққоснинг дуолари қабул экани ва Али, Зубайр ва Толҳа розияллоҳу анҳумларнинг Аллоҳ таолога муқарраб бандалар эканликларини билиб оламиз.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ғазотларида мусулмон лашкарининг биринчи сафида туриб мардонавор жанг қилдилар.
Абу Салама ибн Абдурроҳман розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Саъд ибн Абу Ваққос вафот этганда Оиша: «Уни масжидга олиб киринглар, мен ҳам унга жаноза ўқийин», деди. Унинг бу гапи инкор қилинди. Шунда у: «Одамлар қандоқ ҳам тез унитадилар-а! Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Байзоънинг ўғиллари, Суҳайл ва унинг укасига масжидда жаноза ўқиганлар»-деди».
Саъд ибн Абу Ваққоснинг жанозаларига Марвон ибн Ҳакам ўтди. У кишининг пок жасадлари Жаннатул Бақийъга дафн этилди.
Жаннат башорти берилган ўнликдан охири вафот этганлари Саъд ибн Абу Ваққос эдилар. Баъзи уламоларимиз, муҳожирлардан охири вафот этганлари ҳам Саъд ибн Абу Ваққосдир, дейдилар.
Аллоҳ таоло Саъд ибн Абу Ваққосдан Ўзи рози бўлсин!
Ҳадисдан олинадиган хулосалар:
– Аллоҳ ато қилган неъматларни гапиришни ҳамда тоат-ибодатларни зикр қилиш жоизлиги. Агар унинг ортидан фахр, риё ва такаббурлик келиб чиқмаса.
– Фаол уммат овқат ва ичимлик истеъмолини кўпайтирмайди. Дунё гўзаллиги ва лаззатлари хусусида ҳам кенгаймайди. Чунки бу каби нарсаларга муккасидан кетиш орқали танбаллик ва лоқайдлик юзага келади. Албатта манзилга етиб олиш ва динни тарқатишга керакли нарса билан кифояланилади.
– Саҳобаларнинг оз егулик ва оддий ҳаётга рози бўлишлари сабаби, тавҳид ақидаси байроғини кўтариш ва Ислом рисолатини ёйиш мақсадида бўлган.
512 - وَعَنْ سَعْدِ بْنِ أَبِي وَقَّاصٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: إِنِّي لَأَوَّلُ العَرَبِ رَمَى بِسَهْمٍ فِي سَبِيلِ اللهِ، وَلَقَدْ كُنَّا نَغْزُو مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ مَا لَنَا طَعَامٌ إِلَّا وَرَقُ الحُبْلَةِ، وَهَذَا السَّمَرُ، حَتَّى إِنْ كَانَ أَحَدُنَا لَيَضَعُ كَمَا تَضَعُ الشَّاةُ، مَالَهُ خِلْطٌ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 6453، م 2966].
«الحُبْلَةِ» بِضَمِّ الحَاءِ الْمُهْمَلَةِ وَإِسْكَانِ البَاءِ الْمُوَحَّدَةِ: وَهِيَ وَ(السَّمُرُ)، نَوْعَانِ مَعْرُوفَانِ مِنْ شَجَرِ البَادِيَةِ.