513-ҳадис

513. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳим, Муҳаммад оиласининг ризқини қут* (лоямут) қилгин!» дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: * «Қут лоямут» – кундалик тирикчиликка етарли егулик. Ёки очдан ўлмасликка етарли емиш, таом.

Бу ҳадисдан кишига, Аллоҳ ризқини кифоя этгудек даражада қилишини сўрашнинг жоизлиги келиб чиқади.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ансорийлардан бир қанча одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (мол) сўрадилар. Бас, у зот уларга бердилар. Сўнгра яна сўрадилар. Яна бердилар. ҳаттоки, ҳузурларидаги нарса қолмади. Шунда у зот:

«Ҳузуримда не яхшилик бўлса, сизларга бермай олиб қолмасман. Ким иффатталаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким сабр талаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилур. ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган», дедилар».

(Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаийлар ривоят қилишган).

Икки шайх ва Термизийнинг ривоятида:

«Ким мусулмон бўлиб, етарлича ризқлантирилса ва Аллоҳ уни Ўзи берган нарсага қаноатлантирса, батаҳқиқ, нажот топган бўлур», дейилган.

Бошқа бир ривоятда эса:

«Бойлик ориз(мол)нинг кўплигида эмас, лекин бойлик нафснинг беҳожатлигидадир», дейилган.

Ушбу ривоятларнинг барчасида мусулмон ўзига берилган ризқ қанча бўлса, ўшанга чидаб, қаноат ҳосил қилиб юриши яхши экани ҳақида сўз кетмоқда. Мусулмон инсон турмуши яхши бўлиши учун имкониятидаги барча ҳалол воситаларни ишга солиб, ҳаракат қилаверади. Аммо ризқ бериш Аллоҳдан эканини ҳеч қачон унутмайди. Шунинг учун ўзига берилган ризқ-насиба Аллоҳнинг иродаси ила келмоқда, деб билади. Оз бўлса, норози бўлмайди, кўп бўлса, ҳовлиқиб кетмайди. Чунки Аллоҳнинг иродасига қарши чиқиш мусулмон одам учун тўғри эмас.

Мазкур ривоятларда мусулмон киши ўзига берилган ва берилмаган ризққа нисбатан ўзини қандоқ тутмоқлиги ҳақида бир неча кўрсатмалар бермоқда:

1. Иффатли бўлиш.

«Иффат» сўзи ҳаром, номақбул ишлардан ўзини тийишни англатади. Бу ўринда ҳаромдан ҳамда бировнинг қўлидаги нарсани сўрашдан ўзини тийиш, тамасиз бўлиш назарда тутилмоқда. Бу ерда ҳозирги ўзбек тилида асосан аёлларга нисбатан ишлатиладиган ҳаё, уятчанликдан кўра кенгроқ маънолар кўзда тутилган.

Ўзи учун бировнинг молидан умидвор бўлишни ор деб, билиш. Ким ўзини иффатли тутишга уринса, Аллоҳ таоло уни иффатли қилиб қўйиши турган гап.

2. Бировнинг сариқ чақасига ҳам эҳтиёжи йўқлигини изҳор қилиш.

Бундай одамни Аллоҳ таоло кўзини тўқ қилиб қўйса, ундан ҳеч бир очкўзлик содир бўлмайди.

3. Кам бўлса ҳам ўзига берилган ризққа сабр қилиш.

Сабр Аллоҳ таоло томонидан бандага инъом этилган энг катта неъмат ҳисобланади. Сабрли киши ризқнинг озига ҳам, йўқчиликка ҳам чидаб ўзини хор қилмай, бошини тик тутиб кун кўради. Сабр неъматидан бебаҳра банда эса дунёнинг ярмига эга бўлса ҳам, қаноат қилмай, ўзини хор қилади, очкўз­лигини билдириб қўяди.

4. Мусулмон одам Аллоҳ таоло томонидан берилган ризққа сабр қилиб, қаноатли бўлиб ўтса, дунёдаги энг катта нажотга эришади.

5. Пайғамбар алайҳиссалом оли байтларига ўлмагудек миқдорда қут беришнигина сўраган эканлар.

6. Ҳақиқий бойлик молу дунёнинг кўплигида эмас, нафснинг тўқлигидадир.

Ушбу таълимотларни ҳар бир мусулмон яхшилаб ўрганиб, ўзига сингдириб олиши ва ҳаётга татбиқ қилиши лозим. Ана шундагина орамизда молу дунё деб одам ўлдирадиганлар, ўғрилик, порахўрлик, рибохўрлик қиладиганлар, фирибгарлик, алдамчилик, ёлғончилик ва бошқа разолатларни қиладиганлар қолмайди. 

 

513 - وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «اللَّهُمَّ؛ اجْعَلْ رِزْقَ آلِ مُحَمَّدٍ قُوتاً». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 6460، م 1055].

قَالَ أَهْلُ اللُّغَةِ وَالْغَرِيبِ: مَعْنَى «قُوتاً» أَيْ مَا يَسُدُّ الرَّمَقَ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш